Сенинг кўнглинг кимдадир?


ҲЕЧ КИМ УСТУН БЎЛГАН ЭМАС

Олам ичра бир тирик жон ҳеч устун бўлган эмас,
Дунё ҳам бир кам эрурким, бус-бутун бўлган эмас.
Жон элим меҳри баланд, ўт билан қалб барҳаёт,
Кулга сажда айламас, кул чўғ, учқун бўлган эмас.

Дарёлар дарё бўлурму оқмаса ирмоқлари,
Сен кўпикка учмайин қўй, шўх тўлқин бўлган эмас.
Доно инсон ҳокисору камсуқум, камтар бўлур,
Беақл, бебурд гапида маън-мазмун бўлган эмас.

Ой кулур, офтоб ёнур, тунлараро сайёралар,
Ким кўрибди отганин тонг, кунсиз тун бўлган эмас.
Бор имонли, пок ҳалоллар, қалблари — мулк давлати,
Дунёга ўч, молпарастдай, қул, тутқун бўлган эмас.

Ошнолар қадрига етгин, ёқла дўстлар бахтини,
Битта тордан чиқмас садо, тилсиз ун бўлган эмас.
Қани Фарҳод, қани Ширин, Тоҳиру Зуҳро қани?
Лайлисин ҳажрида ёнмай Қайс Мажнун бўлган эмас.

Ўтар кетар амал, дунё, қилмас вафо умр ҳам,
Барчадан қолган бино бу, хос очун бўлган эмас.
Оқибатнинг бағри тормас, меҳр қолур, кўнгил яшар,
Кин, адоват бошга бало, дўст малъун бўлган эмас.

Ақл ила ечгин тугун, ул ҳаёт жумбоғидир,
Эртани эрта, деюрлар, у — бугун бўлган эмас.
Яхшидан қолгай ҳамиша яхши от, англа, Нарзий,
Бад киши бадбахт бўлур, ҳақ, шод, мамнун бўлган эмас.

4.X.1989 йил.


КЎНГЛИМ СЕНДАДИР

Ғунча очилмай қолмас,
Тугун ечилмай қолмас,
Маржон сочилмай қолмас,
Менинг кўнглим сендадур,
Сенинг кўнглинг кимдадир!

Шамол бўлиб тинмасман,
Ниҳол бўлиб синмасман,
Юрагингни билмасман,
Менинг кўнглим сендадур,
Сенинг кўнглинг кимдадир!

Қуёш кулиб боқади,
Дарё бўлиб оқади,
Ишқинг қалбим ёқади, 
Менинг кўнглим сендадур,
Сенинг кўнглинг кимдадир?

Муҳаббат бир тилсимдир, 
Юрак ишққа таслимдир,
Ишққа совчи кўнглимдир,
Менинг кўнглим сендадир,
Сенинг кўнглинг кимдадир?

Юрак тори — созингми,
Ўт қарашинг нозингми,
Табассуминг розингми,
Менинг кўнглим сендадир, 
Сенинг кўнглинг кимдадир?

Қайдан сени учратдим, 
Ўзимни ўтга отдим, 
Оромимни йўқотдим,
Менинг кўнглим сендадир, 
Сенинг кўнглинг кимдадир?

Дерлар: — ноумид шайтон, 
Жавобин бергин, жонон, 
Ишқингда Нарзий сарсон, 
Менинг кўнглим сендадир, 
Сенинг кўнглинг кимдадир?

1.XII.1989


МЕНГА ЁҚАСАН

Ё биласан, билдирмайсан ё,
Эй дилрабо, менга ёқасан, 
Кўзга балки, илмайдирсан ё, 
Гули раъно, менга ёқасан.

Сабабини қалбимдан сўра, 
Яхши билар у мендан кўра, 
Кулги ёнган лабимдан сўра, 
Ишон, зебо, менга ёқасан.

Шафақимсан, наҳоримсан сен, 
Қалб боғида баҳоримсан сен, 
Муҳаббатим, ёдгоримсан сен, 
Умри бақо, менга ёқасан.

Севги бахти — вафоданмасми, 
Ҳаёт завқи — наводанмасми,
Рашк азоби — хатоданмасми,
Изла даво, менга ёқасан.

Ишқим мулки — дурдонадирсан, 
Беҳаёга бегонадирсан,
Назокатда ягонадирсан,
Сен бебаҳо менга ёқасан.

Сен ўйнасанг, сайрайди созлар, 
Рақсинг куриб яйрайди кўзлар, 
«Ёрингми?» деб сўрайди дўстлар, 
Ўзинг танҳо, менга ёқасан.

ОШИҚ ЮРАКЛАР КЕРАК!

Англай десак чин ҳақиқатни. 
Афсоналар, эртаклар керак.
Асрай десак пок муҳаббатни 
Мард ошиқлар — юраклар керак.

Бўлсин десак, баҳор, ёз меҳмон, 
Қалдирғочлар, лайлаклар керак. 
Десак эл тинч, тип-тиниқ осмон, 
Ҳушёр посбон — сергаклар керак,

Бўлсин десак ҳаётда шодлик, 
Ширин-шакар гўдаклар керак. 
Кулсин десак ерда болалик, 
Осмон узра варраклар керак.

Пойдевор бор — уйлар сервиқор, 
Бутун устун — тиргаклар керак. 
Ютсин десак парвозда шунқор, 
Учқур қанот — кўмаклар керак.

Фарқлаш учун зарни кесакдан, 
Тилло бошлар, билаклар керак. 
Ажратмоқ-чун унни кепакдан, 
Нозик тўрли элаклар. керак.

Чиқсин инсон толе тахтига, 
Орзу, армон, истаклар керак. 
Саодатманд аёл бахтига, 
Садоқатли эркаклар керак!


10. VI. 1989


ҒАЗАЛ ЁЗСАМ...

Инсон бир бор келар дунёга, 
Умид билан боқдим самога, 
Сиғингандай қуёш зиёга, 
Таваллудинг бўлсин муборак!

Дер улуғлар: дил дилга тутқун, 
Майлига тун, майли бўлсин кун, 
Севгига ким бўлмайди мафтун, 
Таваллудинг бўлсин муборак!

Босган излар гулбаҳор бўлгай, 
Гул умрга дил нисор бўлгай, 
Ишқ боғига шеър ёдгор бўлгай, 
Таваллудинг бўлсин муборак!

Гул баргида шабнамим менинг, 
Кашфиётим — оламим менинг, 
Ғазал ёзсам қаламим менинг, 
Таваллудинг бўлсин муборак!


3. 1. 1988


МУҲАББАТ СОҒИНЧИ

Бошим кўкларга етар,
Сиз бўлсангиз ёнма-ён, 
Қуёш гулдаста тутар,
Сиз бўлсангиз ёнма-ён.

Дарёнинг мавжи бўлак, 
Ашулам авжи бўлак, 
Севгим билан тонг отар, 
Сиз бўлсангиз ёнма-ён.

Уфқ бети алвондир.
Дилга дил таржимондир, 
Олам ёришиб кетар,
Сиз бўлсангиз ёнма-ён.

Қуш учарми қанотсиз, 
Ҳаёт йўқ муҳаббатсиз.
Ишқ қўшиғин қалб битар, 
Сиз бўлсангиз ёнма-ён.

Пойгада тулпорим бор, 
Чавандоз хушторим бор, 
Оти манзилга элтар,
Сиз бўлсангиз ёнма-ён.

Юлдузлар маржон-маржон, 
Ишқингизга садқа жон, 
Нарзий муродга етар,
Сиз бўлсангиз ёнма-ён.


6. X. 1987.

Нормурод Нарзуллаев - Ўзбекистон халқ шоири.