Олигархнинг иқрори


Барча шифокор ва ҳамшираларга

Чангалимда қайнарди шўрва,
Гоҳо тушлик хорижда эди...
Бир оёғим Лондонда турса,
Битта қўлим Парижда эди.

Бир гап билан олардим узиб,
Дунёни тик этган банкларни.
Гоҳ ҳовлимга қўярдим тизиб
Самолёту ҳатто танкларни.

Қўлим етиб юлдузгача то
Ерда йўқни йўндирар эдим.
Тоғ ғов турса йўлимда ҳатто
Қоқ белидан синдирар эдим.

Бироқ даврон экан-ку бир пул
Оллоҳ олис кетса ўйингдан...
Бир-биридан қўрқар икки қўл,
Чиқолмайман бугун уйимдан.

Телетасвир ўртайди ваҳм,
Бутун дунё термулар ожиз.
Шифохона йўлагида жим,
Ҳолдан тойиб йиқилар бир қиз...

Илк бор қўрқдим қалбим оҳидан,
Тургин, олам тортмоқда хира.
Ернинг барча Олигархидан
Қудратлисан, ўзинг ҳамшира!

Дунё хаста... Фаришта дўхтир
Ижро этар Оллоҳ амрини.
Оч ажалнинг чангалидан у
Тортиб олар Инсон умрини!

Бир зарб билан уйғотди тақдир,
Сизга таъзим! Илк бор тўкилдим —
Ҳамшира қиз, Фаришта дўхтир
Қаршингизда етти букилдим!

Қўчқор Норқобил 
2020 йил, 28 март.