Чемпион


“Яширган ҳикоям”

   Марҳамат, уруш ҳақидаги ҳикояларим жамланган китобимга ҳам киритмай, “яшириб ўтирган” ҳикоям. Тайёр кино. Режиссёрлар оламан деса, киносценарийсини ўзим ёзиб бераман. Ҳатто Спилберг аканинг ҳам ёзишига қаршиман!

Чемпион
1.
− Рингга биринчи Ўзбекистон чемпионатининг финалчилари таклиф этиладилар! Қизил бурчакда Самарқанд бокс мактабининг тарбияланувчиси Ашурали Жабборов! Кўк бурчакда Тошкент бокс мактаби вакили Олимжон Қобилов!
   Шаҳар истироҳат боғига ўрнатилган ринг атрофини ўраб олган томошабинлар ўз ҳамшаҳарларининг исми шарифини эшитиб, ҳайқириб юбордилар.
− Яша, Ашурали!
− Кучингни кўрсат, Ашурали!
   Ашурали рингга кўтарилар экан, тўрт йиллик заҳматлари бир-бир кўз ўнгидан ўтди. Раҳбарларнинг аввалига бокс капиталистларнинг спорти, деб қаршилик қилганлари, айниқса, мураббийнинг Америкадан келганлиги уларнинг боксга ўгай кўз билан қарашига сабаб бўлгани, аммо марказдагиларнинг кўрсатмаси билан аскарларнинг умумий жанговар тайёргарлигини оширишга хизмат қилиши уқдирилгандан кейингина бокс ҳарбий қисмларда йўлга қўйилгани, бокс бошқа спорт турларига қўшиб ўргатилгани, сўнгги икки йилдагина алоҳида спорт сифатида шакллангани, бу йил илк марта республика биринчилиги ўтказилаётганини эслади.
   Ашуралини бокс тўгарагига олишганида эндигина ҳарбий хизматга келган, унгача тўйларда курашиб юрган чайиргина ўсмир эди. Уч йил ҳарбий хизмат чоғида бокс билан мунтазам шуғулланди. Бокс сирларини пухта ўрганиш учун устозлари бошчилигида бу спорт яхши ривожланган Москва, Ленинград, Одесса, Рига каби қатор шаҳарларга бориб келди. Ўша ерлардаги боксчилар билан ўтказилган учрашувларда боксга тушди. Бирда ютиб, бирда енгилди. Аммо яхшигина тажриба тўплади. Ҳарбий хизматни тугатганидан сўнг ҳам ҳарбий спорт клубида қолиб, ҳам устози Игорь Николаевичга ёрдамчи сифатида ишлаб, ҳам машғулотларни давом эттирди. Мана, меҳнатларининг самараси ўлароқ, чемпионат финалига чиқди. Рақибининг кучини, имкониятларини яхши билади. Кўпгина мусобақаларда, байрамлардаги кўргазмали чиқишларда бирга иштирок этишган.
   Биринчи раундда Ашурали рақиби уч-тўрт зарба йўллашига қўйиб берди. Олимжон Қобилов ҳам бундан руҳланиб, ҳужумга зўр берди. Аммо иккинчи раундда Ашурали рақибининг кўз очишига ҳам қўймай, иккилик, учлик зарбаларини йўллайверди. Раунд сўнгида у берган апперкот усулидаги зарбадан кейин Олимжон Қобилов рингга қулади. Ўнгача санаган ҳакам унинг жангни давом эттира олмаслигини эълон қилди.
− Жанг ғолиби бўлган Ашурали Жабборов ўз вазн тоифасида Ўзбекистоннинг илк чемпиони, деган унвонни қўлга киритди. Табриклаймиз!
   Боғни ишқибозларнинг ҳайқириқлари тутиб кетди:
− Қандингни ур, Ашурали!
− Отангга раҳмат, Ашурали!
2.
   Ашурали июль ойида Москвада ўтадиган СССР чемпионатига борадиган бўлди. Устози Игорь Николаевич бошчилигида чемпионатга жиддий тайёргарлик кўра бошлади. Ашуралидан ташқари яхши натижаларга эришган яна етти боксчи саралаб олинган, мураббий улар билан кунига ўн соат машғулот ўтказар эди. Эрталаб уч соат, тушликдан кейин уч соат, кечқурун, раҳбарлар келиб, томоша қиладиган пайтда эса тўрт соат қаттиқ шуғулланишарди. Раҳбарларнинг талаби билан республика терма жамоасига олинган боксчилар кечқурунлари бошқа боксчилар билан жангларда ҳам иштирок этишарди. Ана шу машғулотларга баъзан республика раҳбарлари ҳам келишарди. Улар Иттифоқ биринчилигида Ўзбекистонлик боксчилар нималарга қодирлигини кўрсатиб келишлари шартлигини такрор-такрор таъкидлашарди. Машғулотларни Ўзбекистон терма жамоасининг бош мураббийси, бокс афсонаси Сидей Жаксоннинг назорат қилиб борарди.
Дам олиш кунлари Самарқандга бориб келган Ашурали устозининг ҳузурига кирди.
− Игорь Николаевич, уйдагилар бир қизни менга унаштириб қўйибдилар, − деди Ашурали хижолат бўлиб. – Кейинги ҳафта тўй экан, устозларингни, дўстларингни ҳам олиб кел, дейишди.
− Тўй? – ўрнидан туриб кетди Игорь Николаевич. – Ўйлаб гапираяпсанми? Икки ҳафтадан кейин Москвага жўнаб кетамиз-ку?
   Игорь Николаевич хона бўйлаб у ёқдан бу ёққа асабий бориб келар экан, Ашуралининг рўпарасида тўхтади.
− Ҳеч қанақа тўй-пўй бўлмайди! Менга СССР чемпионлигини олиб берасан, кейин уйланасан, билдингми?
− Билдим, Игорь Николаевич, аммо...
− Ҳеч қанақа аммо йўқ. Машғулотга марш!
   Ашурали Москвага ҳам боролмади, уйланишга ҳам улгурмади. Ҳамма иш чала қолди.
   Мамлакатда уруш бошланди.
3.
   Немис фашист босқинчилари шунчалик шиддат билан бостириб келдиларки, ҳадемай, улар Совет Иттифоқининг каттагина ҳудудини босиб олдилар. Мамлакатда ялпи сафарбарлик эълон қилинди. Спортчилар ҳам бу сафарбарликдан четда қолмади. Спортчиларнинг ўзлари ҳарбий комиссариатга гуруҳ-гуруҳ бўлиб бориб, урушга жўнатишлари ҳақида ариза бердилар.
   Ашурали эса ҳарбий эди. Ҳарбий одам уруш шароитида мен спортчиман ёки менинг тўйим бўлиши керак эди, деб ўтирмайди. Ашурали биринчилардан бўлиб, фронтга отланди.
   Лейтенант Ашурали Жабборов командир бўлган бўлинма Киев шаҳри яқинида жангга кирди. Уруш жуда аёвсиз борар, кучлар тенг эмасди. Немислар жуда яхши қуролланган, жанговар техникаси ҳам қудратли эди. Совет аскарларига эса, оддий милтиқлар ҳам етишмас, милтиқ топилганда ўқ-дори топилмай қоларди. Қўмондонлик жангчиларни озиқ-овқат билан ҳам етарли таъминлай олмасди. Устма-уст шаҳарлар душманга ташлаб чиқилар, жангчиларнинг руҳи тушиб кетган эди. Қўмондонлик буйруғи билан Киев ҳам ташлаб чиқилди.
   Ашурали Жабборов бошлиқ бўлинма ҳам бошқалар қатори тинимсиз чекиниб борарди. Ана шундай чекинишларнинг бирида Ашуралининг бўлинмаси қуршовга тушиб қолди. Фашистлар уларни ҳар тарафдан ўраб олишди. Ўзларидан тўрт баравар кўп душманлар билан сўнгги ўқлари қолгунча отишган аскарлар охирида қўл жангига ўтишди. Ашурали рўпарсидан келган беш-олти фашистни уриб, нокаут қилди. Афсуски, оёғига келиб теккан ўқ уни қулатди...
4.
   Ашурали ҳаммаларини ўрмон ичида қурилган асирлар лагерига олиб келишгандагина бўлинмасидан бор-йўғи тўрт киши омон қолганини билди.
   Бир неча кун ичида ҳарбий асирлар лагери асирга олинган совет аскарлари билан тўлиб кетди. Олдин келган асирларнинг кейин келган асирлардан сўрайдиган саволлари деярли бир хил эди:
− Қаердан келдиларинг?
− Қайси шаҳар қўлдан кетди?
− Қайси қўшиндансан?
− Қаерликсан?
   Олиб келинаётган асирлар ичида ўзбеклар ҳам оз эмас эди. Асирлар орасидаги бир врач оёғидаги ўқни олиб ташлаган, ярасига ҳеч қандай дори, малҳам қўйилмаган, ич кўйлагининг бир қисми билан маҳкам боғлаб қўйилган Ашурали ҳамюртларини топиб, улар билан суҳбатлашар, уларнинг қаерлик эканини суриштирар, имкон бўлиши билан биргаликда қочишларини айтиб, ҳушёр туришларини тайинлар эди.
   Икки марта қочишга уриниб кўришди, афсуски, уддасидан чиқа олишмади. Кўп йигитлар отилиб кетди.
   Ашуралини ҳам ҳарбий асирлар учун қурилаётган янги лагерга ўтказишди. Бу ерда эртадан кечгача улар ёғочларни ерга кўмиш, уларга тиконли симларни тортиш билан банд бўлишарди.
   Иш пайтида қочиш имконияти кўпроқ бўлади, деб ҳисоблаган Ашурали қочиш режасини туза бошлади. У бир неча йигитларга ишора берилгандан соқчиларга ҳужум қилишни, қолганлар дарё томонга уюшган ҳолда қочишини тайинлади. У қочиш режасини пухта тузиб, ҳаммасини ипидан игнасигача қайта-қайта ўрганиб чиқди. Ҳаммаси кўнглидагидек бўлгач, назорат сал бўшашадиган ишнинг тугаш пайтини қочиш учун энг қулай фурст, деб ҳисоблади. Ҳамма йигитларга тегишли кўрсатмаларни етказган Ашуралини тайинланган вақтда бир соат олдин бошлиқлар ҳузурига чақиришди.
− Лейтенант, ҳаммасини ҳисобга олибсан-у, мана буни назардан қочирибсан, − деди лагер бошлиғи тиржайиб турган бир аскарни кўрсатиб.
   Ашурали қочиш режасини тузганларида доимо маслаҳатлари билан қатнашиб турган аскарни дарров таниди.
− Сотқин! – тишларини ғижирлатди Ашурали.
− Мен тирик қолсам бўлди, − деди сотқин. – Сенинг советларинг бизнинг ерларимизни босиб олган, коммунистларинг ота-онамни отиб ташлаган. Сизлар учун зиғирча ичим ачимайди.
− Ҳали шошмай тур, лагерда сени топиб олсам, нима қилишни ўзим биламан, − деди Ашурали.
− Энди лагерда кўришмайсан, сени ҳам, шерикларингини ҳам ўлим лагерига жўнатаман, − деди унинг олдига қоғоз ва қалам қўйган лагер бошлиғи. – Энди шошмасдан ҳамма шерикларингнинг исми шарифларини ёз!
− Ҳеч нима ёзмайман! – деди Ашурали. – Истасанг, отиб ташла!
− Сени отмаймиз, сен бизга кераксан, − кулди лагер бошлиғи. – Мана бу шеригинг рўйхатни ёзиб бўлган, тўғрилигини тасдиқлаб беришинг керак.
5.
   Ашурали фашистларнинг шафқатсизлиги билан ном чиқарган Бухенвальд ўлим лагерига юборилди. Бу ерда ҳар куни юзлаб одамлар очликдан, калтаклар зарбидан, қийноқларга дош бера олмасликдан вафот этишарди. Фашистлар инсон боласининг ақлига келмайдиган азоблаш усулларини айнан шу ўлим лагерида синаб кўришарди. Отиш, осиш, электр стулига ўтқизиш бу ердаги инсонийлик қиёфасини йўқотган жаллодларга ҳузурланиш ҳиссини бермай қўйганига анча бўлган эди. Улар асирларнинг тириклай терисини шилар, тирноқлари орасига игна санчар, гуруҳ-гуруҳ қилиб, газ камераларига тиқишарди.
   Ашурали бу ердан қутулишнинг иложи йўқлигига амин бўлиб, тақдирига тан берди. Аммо бир куни урушда ўз мамлакати ғолиб бўлишига, уларни албатта қутқаришларига Ашурали ишонар эди. Ана шу кунгача яшаши, ўлмаслиги, жаллодларнинг назарига тушиб қолмаслиги керак эди.
   Ашурали ҳар қанча эҳтиёт бўлмасин, жаллодлар эътиборига тушди.
   Уни лагер бошлиқларидан бирининг ҳузурига олиб боришди.
− Сен боксчи экансан, нега буни айтмадинг? Яна Ўзбекистон чемпиони бўлган экансан, сен менинг бокс ишқибози эканимни билмасмидинг? – сўради майор Шульц. – Бу Ўзбекистон дегани қаерда ўзи? Кавказдами?
− Ўзбекистон Ўрта Осиёда, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон деган республикалар билан қўшни, − деди Ашурали. – Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива деган шаҳарлари бор.
− О, Тошкентни эшитганман, биз албатта Тошкентни ҳам оламиз, − деди майор Шульц. – Бокс бўйича чемпионлигинг ростми?
− Ҳа, мен боксчиман, Ўзбекистон чемпиони бўлганман, − деди Ашурали. – Сизлар халақит бермаганларингда СССР чемпиони ҳам бўлардим.
− О, ажойиб! Мураббийинг ким, таниқли мураббийми? – сўради майор Шульц.
− Агар ростдан бокс ишқибози бўлсангиз мураббийимни яхши танийсиз, − деди Ашурали. – Устозим Сидней Жаксон.
− О, Жаксон! Уни Америкадан кетиб қолганини, СССРга борганини эшитгандим, − деди майор Шульц. – Сизларда ишладими?
− Ҳа, Жаксон Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийси. Бокс федерацияси раҳбари.
− Жуда яхши, Клаус Ҳайне деган боксчи ҳақида эшитганмисан? – сўради майор Шульц.
− Албатта, у бизнинг вазнда Германия чемпиони, − деди Ашурали ва кулиб қўйди. – Энди мен анча кичик вазндаман.
− Бунинг аҳамияти йўқ, − деди майор Шульц. – Сен Клаус Ҳайне билан рингга чиқасан. Кўрамиз, Германиянинг боксчилари зўрмикан ёки Жаксон тарбиялаган Ўзбекистонингнинг боксчилари зўрмикан?
   Майор Шульц телефон рақамларини терди ва кимгадир ҳаяжон билан гапира бошлади:
− Ҳер генерал, сизга битта хушхабар айтмоқчиман. Менда битта бокс бўйича чемпион бор экан. Ўзбекистон деган давлатнинг чемпиони экан. Биласизми, унинг мураббийи ким экан? Жаксон. Ҳа-ҳа, ўша, сиз билган Жаксон. Мен бир ажойиб жанг ўтказишни мўлжаллаб қўйдим. Умид қиламанки, бу жанг сизга манзур бўлади. Уни Генрих Ҳайне билан рингга чиқарамиз. Қани, кўрамиз, кимнинг боксчиси зўр экан, советларникими, Фюреримизникими?
   Шульц бироз қулоқ солиб тургач, давом этди:
− Албатта, ҳер генерал, сиз айтган муддатга тайёрлайман. Бўпти, янги йил оқшомига бўлса, янги йил оқшомига-да.
   Шульц телефонни қўйгач, Ашуралига юзланди.
− Эшитдингми? 31-декабрда рингга чиқасан. Ичинг ўтиб кетмадими?
− Пешонада ёзилганини кўраверамиз, − деди Ашурали.
− Менимча, пешонангга “Клаус Ҳайне нокаут қилади, кейин уни майор Шульц отиб ташлайди”, деб ёзилган бўлса керак, − кулди майор. – Бор, ихтиёрингда йигирма кун бор, жангга тайёрлан. Бу сен учун Жаҳон чемпионати бўлади. Ҳа, нима, рост-да, Германия чемпионини енга олсанг, жаҳон чемпиони бўлдим, деявер! Ҳадемай, бутун дунёни босиб оламиз ва дунёнинг оти Германия бўлади! Аммо ютқизиб қўйсанг, сени ўзим отиб ташлайман. Генерал гаровга минг марка тикди. “Асиринг енгадиган бўлса минг марка бераман”, деди. Сен ютқизиб қўйсанг, генералга минг маркани мен беришим керак. Айтаман, сенга юз граммдан нон беришади, энди бор!
6.
   Совет боксчиси, Ўзбекистон чемпиони немис боксчиси билан, Германия чемпиони билан бокс тушиши, 31 декабрь куни икки мамлакат боксчилари ўртасида ҳаёт-мамот жанги уюштирилиши лагерга бир зумда тарқалди.
   Ашурали Жабборовнинг жанги икки мамлакат ўртасидаги жангга айланди. Бу хабар барча маҳбусларни Ашуралининг атрофида жипслаштирди. Ҳамма унга хайрихоҳ бўлди.
− Аскар, сен шу мусобақада енгсанг, билки, СССР Германия устидан ғалаба қозонади! – деди унга яқин келган Демидов деган зобит.
− Энди ўлсанг ҳам фашистни уришинг керак, − деди Сергеев деган бошқа зобит. – Солдат, улар бизнинг устимиздан кулишларига йўл қўйма!
− Оғайнилар, энг яхши клубларда машқ қиладиган боқувдаги ҳўкиздек немис боксчисига қарши бизнинг ярадор бўлган, оч ётган, машқ қилишга ҳеч қанақа шароити бўлмаган боксчимиз қандай жанг қилади? – деди кимдир. – Ундан ғалаба талаб қилиш жинниликдан бошқа нарса эмас. Барибир немис енгади.
− Оғзингни юм! Ашуралида бошқа нарса бор. Унда алам бор, ўч олиш иштиёқи бор, қолаверса, орият бор, – ўшқирди Демидов. – Уни жангга ўзимиз тайёрлаймиз.
− Бир бурдадан нон бўлса ҳам Ашуралига берасизлар, янги йил кечасигача у куч тўплаши керак, − деди Сергеев.
− Менга қара, лейтенант, − деди Демидов. – Бир нарсани унутма, фашистлар қанча шаҳар ва қишлоқларимизни вайрон қилди, бутун бошли қишлоқларимизнинг аҳолисини тириклай ёқди, қизларимизни, опа-сингилларимизни зўрлади, кекса ота-оналаримизни таҳқирлади. Биз жанг қила олмаймиз. Бу имконият сенга берилди. Фақатгина сенга. Сен ҳаммамиз учун қасос олишинг керак. Ҳалок бўлган миллионлаб аксарларимиз учун қасос ол! Ҳалок бўлган ўз бўлинманг аскарлари учун қасос ол!
− Сен енгсанг, биз енгамиз! – деди Сергеев. – Сен енгсанг, Совет армияси енгади! Сен енгсанг, ўртоқ Сталин енгади. Енгилишга ҳақинг йўқ!
   Ашуралини бошқа маҳбуслар “боқишди”. Ким нон келтирди, ким топса “тушонка”, ким топса консерва келтирди.
   Кундузлари рухсат йўқ, кечалари Ашуралини машқ қилдиришди. Кечалари Ашурали икки кишини елкасига миндириб, баракнинг ичида югуриб, машқ қилди.
   Овқатдан ҳам, машқдан ҳам кўра, лагердаги зобитларнинг, айниқса, ҳамюртларнинг далдаси, ишончи унга куч берди, шижоат берди.
− Ашурали ака, ўзбекнинг мушти қанақа бўлишини кўрсатиб қўйинг, бу фашистларга, − деди қўқонлик бир йигит.
− Ашурали ака, ғалаба қозонинг, ғалабангиз ҳақида юртимизда қўшиқлар куйлансин! – деди асакалик бошқа бир йигит.
− Мен енгаман! – деди Ашурали мусобақага озгина қолганда. – Енгила олмайман мен!
7.
   Бухенвальд ўлим лагерининг ҳовлисига ринг ўрнатилди. Рингнинг икки томонига немис қўмондонлари учун жой ҳозирланди. Уларга стол-стуллар қўйиб берилиб, немис боксчисининг ғалабасини нишонлаш учун столларга шампан винолари, немис ароқлари қўйиб қўйилди.
   Рингнинг қолган икки томони ҳарбий асирлар учун бўш қолдирилди. Асирларга ҳам боксни тик туриб бўлса-да, томоша қилишга рухсат беришди.
− Совет боксчиси мағлуб бўлишини ўз кўзларинг билан кўришларинг, дунёда ким зўр эканини билиб қўйишларинг учун сизларга ҳам томоша қилишга рухсат бердик! – дейишда лагер бошлиқлари.
   Кечга томон лагер ҳовлисига ярақлаб турган машиналарда зодагонлар, генераллар, уларнинг рафиқалари кириб келишди. Улар ўзларига ажратилган ўринларга жойлашишди. Шундан сўнг бараклардан маҳбуслар ҳам олиб келиниб, ринг атрофига жойлаштирилди. Маҳбуслар ва немислар орасига автоматлар билан қуролланган аскарлар жойлаштирилди.
   Ниҳоят, ўртага чиққан, ҳакамлик вазифасини бажараётган майор Шульц боксчиларни рингга таклиф қилди:
− Қизил бурчакда Германия чемпиони, Фюрер зобити, обер лейтенант Клаус Ҳайне!
Немислар қордек оппоқ бокс либосида чиқиб келган, келишган қадду қоматли Клаус Ҳайнени қарсак ва олқишлар билан кутиб олишди.
− Кўк бурчакда Ўзбекистон чемпиони, Совет армияси зобити, лейтенант Ашурали Жабборов.
   Немис генераллари ва уларнинг хонимлари маҳбусларнинг кийимида ялангоёқ ҳолда турган, Генрих Ҳайненинг ярмича келадиган Ашуралини кўриб кулиб юбордилар. Асирлар эса, тишларини тишларига қўйганча қарсак чалдилар. Аммо назоратчиларнинг бақириғи билан қарсаклари ҳам узоққа чўзилмади.
− Бокс!
   Жанг бошланди. Клаус Ҳайне Ашуралини писанд қилмай, мағрурлик билан рингни айлана бошлади. Бир-икки зарба бергач, “Кўраяпсизларми?” дегандек, томошабинларга кибр билан қараб қўйди. Томошабинлар эса, унинг ҳар бир зарбасини қийқириқлар билан олқишлаб туришарди.
   Ашурали унинг жанг олиб бориш усулини ўрганиб олгунча ҳужум қилмай туришга қарор қилди. У рақиб зарбаларига чап берганча, рингнинг у бурчагидан бу бурчагига ўзини олиб қочарди.
   Биринчи раунд тугади. Боксчиларга ярим дақиқа танаффус берилди. Клаус Ҳайненинг мураббийлари оппоқ сочиқлар билан унинг терларини артганча, кулиб, кўрсатмалар бера боршладилар. Ашурали Жабборовнинг бурчагида эса ҳеч қанақа воситаларсиз Демидов ва Сергеев унга кўрсатмалар беришарди:
− Лейтенант, иккинчи раундда разведка қилиб ўтирма, сол, фашистни! – деди Сергеев.
− Шошма, ҳовлиқма, − деди Демидов. – Майли, фриц бироз чарчасин. Балки учинчи раундда ҳужумга ўтарсан.
   Иккинчи раундда ҳам Ашурали ҳужумга ўтмади, аммо рақибининг зарбаларини ҳам ўзига етказмади. Зарбалари ҳавога кетаётганини кўрган Клаус Ҳайне асабийлаша бошлади. Энди у чаққонликда Ашурали ўзидан устунлигини кўриб, аччиқ билан бетартиб зарбалар бера бошлади. У Ашуралини ринг бурчагига қисиб бориб, ҳал қилувчи зарбага шайланганда раунд вақти ниҳоясига етди.
   Танаффус пайти Ашуралининг бурчагига келган Демидов Ашуралининг қулоғига пичирлади:
− Жабборов, фриц пишди, қара, ҳансираб қолди, энди бошла!
   Учинчи раун бошланди. Ашурали майор Шульцнинг буйруғини эшитиши билан шиддатли ҳужумга ўтди. У гоҳ ўнгдан, гоҳ чапдан аямай зарбалар бера бошлади. Клаус Ҳайне очликда сақланган, бир оёғи оқсаётган ярадор бир боксчи бунча кучни, ғайратни қаердан олаётганига тушунмасди. У зўр бериб, рақиби зарбаларини қайтаришга ҳаракат қилар, аммо биттасини қайтарса, иккитаси келиб, жағига, пешонасига тушарди.
   Майор Шульц ўз боксчиси калтак еётганини кўриб, бир неча марта жангни тўхтатиб, генералга хижолат бўлиб тикилди. Генералнинг имоси билан майор Шульц Ашуралини чеккага тортиб, секингина, аммо дона-дона қилиб гапирди:
− Ўзбек, сен жангда ютқизишинг керак, билиб қўй, яна зарба берсанг, Худо кўрсатмасин, Клаус Ҳайнени ютиб қўйсанг, сени аяб ўтирмайман, ўзим отиб ташлайман.
– Кеча ютқизсанг отаман, дегандингиз, бугун ютсанг отаман, деяпсиз, барибир отар экансиз-да! − зўрға табассум қилди Ашурали. – Шундай экан, енгиб ўла қолганим яхши.
− Бокс! – ғазаб билан буйруқ берди майор Шульц.
   Ашурали бор кучини тўплаб, рақибига яна устма-уст зарбаларни ёғдирди. Унинг муштларидан юзини тўсиб, энгашиб олган Клаус Ҳайне бир дам ҳушёрликни йўқотди. Бундан фойдаланган Ашурали бор кучини тўплаб, апперкот усулида кучли зарба берди.
   Клаус Ҳайне немис генераллари ва уларнинг хонимлари кўз ўнгида олдин тикка бўлди, кейин оёқлари ерда узилди, охирида бор бўйи билан полга ағдарилди.
   Гурс!
   Немис соқчилари ҳар қанча бостиришга уринмасин, асирларнинг ҳайқириғи кўкни тутди:
− Яша, ўзбек!
− Қойил совет зобити!
− Кимнинг ўрни қаерда эканини кўрсатиб қўйдинг!
   Майор Шульц Клаус Ҳайне ўрнидан турар деган умидда ўнгача санади. Клаус Ҳайне бирор ҳаракат қилмаётганини кўриб, унинг қовоғини очиб қаради. Клаус Ҳайненинг қорачиқлари тепага қараб қотиб қолганини кўриб, ўзи ишонган Германия чемпиони нокаутга учрагани эълон қилди.
   Майор Шульц ноилож қолиб, Ашурали Жабборовнинг қўлини тепага қилар экан, генерал Мюллернинг ўзи томонга юриб келаётганини кўриб, қора терга тушди.
   Генерал Мюллер кармонини олиб, бир даста пулни майор Шульцга тутди.
− Майор Шульц, асирингизни жангга яхши тайёрлабсиз, кўрдик, табриклайман, гаровда сиз ютдингиз, − деди генерал. – Аммо сизни эртага Фюрернинг қабулига ёздириб қўйдим.
   Майор Шульц қўлида гаровда ютган пулини тутганча, томошани ташлаб чиқиб кетаётган зодагонларнинг ортидан тикилиб қолди. Эртага Фюрернинг қабулига кириш, бугунги томоша ҳақида ҳисобот бериш нима билан тугашини ўйлар экан, ота-онаси, болалиги, ёшлиги, оиласи, хотини, болалари бир-бир кўзидан ўтди.
− Хонамга олиб киринг!
   Майор Шульц ёрдамчига шу кўрсатмани бериб, тез-тез юрганча, ўз хонасига қараб кетди.
Ёрдамчиси Ашурали Жабборовни унинг хонасига олиб кирганда майор Шульц коньяк тўлдирилган қадаҳни сипқормоқда эди.
− Бизни ёлғиз қолдир!
   Майор Шульц Ашурали билан ёлғиз қолганидан сўнг яна икки марта қадаҳни тўлдириб-тўлдириб ичди.
− Сен менинг ҳаётимни барбод қилдинг, ўзбек, − деди майор Шульц. – Бугун мени нафақат мансабимдан, лавозимимдан, Фюрер олдидаги мавқеимдан, балки бор-йўғимдан жудо қилдинг!
− Мен боксга тушдим, бошқа ҳеч нарса қилганим йўқ, − деди Ашурали. – Қолаверса, жангни мен эмас, ўртоқ Сталин эмас, сиз ташкил қилган эдингиз.
− Овозингни ўчир! – ёнидан тўппончасини чиқарди майор. – Сен, ... сен битга таланиб ётган оч маҳбус қандай қилиб, Германия чемпионини нокаут қилдинг? Қаердан олдинг бу кучни? Менга шуни айт!
− Мен ўзбекман! – деди Ашурали. – Қаердан олганимни айтганим билан тушунмайсиз. Биз, ўзбекларда орият деган нарса бор. Мен ўзбек халқимни деб, оримни, номусимни деб рингга чиқдим. Клаус Ҳайнега ўхшаб, ўзимни кўрсатиб қўйгани чиққаним йўқ. Жангларда ҳалок бўлган минг-минглаб жангчиларнинг, менинг қўл остимда бўлган, аммо ҳаммаси ҳалок бўлган ёшгина аскарларимнинг қасосини олдим!
− Бас қил!
   Кетма-кет узилган ўқ овозларини эшитган майор Шульцнинг ёрдамчиси ҳовлиқиб хонага кирганда чаккасидан қон сизиб турган, кўзлари очиқ қолган майор Шульц эшик олдида ётарди.
   Полда эса мағлуб бўлмаган, Германия чемпионини ҳалол жангда енгган, майор Шульц айтганидек, Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Ашурали Жабборов ётарди...
   Тамом.

Ҳикоя муаллифи - Каримберди Тўрамурод.

     Кўчириб босганда муаллифни тушириб қолдирманг!
   Ҳикоя бўлиб ўтган воқеалар асосида ёзилган. Сидней Жаксоннинг шогирди, Ўзбекистон чемпиони бўлган боксчимиз Бухенвальд ўлим лагерида қурилган рингда чўчқадай немис боксчисини енгиб, томоша кўрамиз, деган фашист зобитларига ўзбекона орият, номус нималигини кўрсатиб қўйган.
   Эслатма: суратлар ҳақиқий ва улар немис зобитлари томонидан олинган.