ҚАДР-ҚИММАТ ЎЛЧОВИ
Мактабда ўқийдиган бир болага нисбатан қўпол ҳазил қилишди. Шўх болалардан бири унинг кўйлаги орқасига «Мен аҳмоқман!» деб ёзилган қоғозни ўзига сездирмасдан ёпиштириб қўйди.
Дарс бошланишидан аввал кимдир бошқаларга секингина шивирлади:
– Ўзига айтманглар. Бир яйраб кулайлик! Роса қизиқ бўлади-да, ўзиям!
Болакай ҳеч нарсадан хабарсиз, ким ёнидан ўтса кулги, ўзаро шивир-шивирни кўриб, эшитиб, ҳайрон бўлди. Аммо эътибор бермади.
Математика дарси бошланди. Муаллима ёзув тахтасига бўр билан мураккаб масалани ёзди ва ким еча олишини сўради. Ўқувчилардан ҳеч бири қўл кўтармади... Синфга жимлик чўкди. Ўқувчиларнинг бирортасидан садо чиқмади... шу боладан бошқа.
У қўл кўтариб, устознинг "чиқ" дегандек бош ирғаганини кўриб, ўрнидан бамайлихотир турди ва масалани ечишга киришди.
Ўқувчилар ёзувни кўриб, хахолаб кула бошлашди. У ҳеч кимга парво қилмай, ёзишда давом этди.
Ниҳоят, у вазифани бажариб, ўқитувчига қаради.
Устоз унга табассум билан деди:
– Офарин! Жуда соз! Қани, болалар, қарсак чалиб, уни олқишлаймиз!
Сўнгра у боланинг орқасидаги қоғозни эҳтиёткорлик билан олиб, ўзига кўрсатди.
– Орқангда нима борлигини билмасдинг, тўғрими?
Бола ёзувни ўқиб, қизариб кетди.
Муаллиманинг юзидаги кулги йўқолди. Болалар ҳам жим бўлиб қолишди.
– Ҳозир бу ишни ким қилганини суриштириб, айбдорни жазолаш ё насиҳат қилиш ўрнига, барчангизга иккита ҳаётий сабоқ бермоқчиман.
Устоз бироз сукут сақлаб, ўқувчиларга диққат билан тикилди.
– Биринчиси: ҳаётда ҳар доим сизга ёрлиқ ёпиштиришга, сизни ҳеч нарсага арзимайдиган ёки ҳеч нарсага қодир эмаслигингизга ишонтиришга ҳаракат қиладиган одамлар топилади. Бундай вазиятда уларни енгишнинг ягона сири – ҳеч қачон ўзгалар таъсирига тушманг ва таслим бўлманг. Агар бу бола орқасида нима ёзилганини билганида, эҳтимол, ўрнидан туриб, ўзининг ақлли эканлигини исботлашга журъат эта олмаган бўларди. У кулгиларингни сабабини тушунмади ва ўзига ишонгани учун ҳам масалани тўғри ечди. Хўш, қани, айтинглар-чи, аслида ким аҳмоқ экан? Масалани еча олмаган сизларми ёки уми?
Иккинчиси: ҳеч қайсингиз уни огоҳлантирмадингиз. Уялиш ўрнига, бировнинг устидан мазах қилиб кулдингиз, лекин бирортангиз уни ҳимоя қилмадингиз. Бу шуни исботлайдики, дўстларнинг сони эмас, балки уларнинг садоқати ва жасорати муҳимдир. Ҳақиқий дўст шундай кишики, у ҳамма жим турганда ҳам ҳақиқатни айтади ва дўстини қўллаб-қувватлашга ҳамиша шай туради!
Хулоса: ҳеч қачон бошқаларнинг фикри сизнинг қадр-қимматингизни белгилашига йўл қўйманг. Энг муҳими – ҳамма сиздан юз ўгирса ҳам, ҳақиқатпарвар, адолатли бўлишга интилинг ва маломатга ёки туҳматга, таҳқирга учраган дўстингизни ҳимоя қилишга журъат топишга қодир чинакам дўст бўлинг.
Ўзгаларни камситиб, ўзини бошқалардан устун қўйишга интиладиганлар аслида ўзининг айбини, ожизлигини шу йўсинда яширишга уринадиган разил кимсалардир!
Рус тилидан Музаффар МУҲАММАДНАЗАР таржимаси.