ОҚ ВА ҚОРА


Мастура Абдураим қизи

ОҚ ВА ҚОРА

     Дунё кенг тафаккурмиз сингари, дунё тор кўнглимиз каби...
    (Англамоқ эркдир!)
***
     Агар, бўлажак воқия-ҳодисаларни ҳеч бўлмаганида бир ёки икки дақиқа олдин нима бўлишини билганимизда эди, бутун дунёни ўзгартириб юборишга етадиган битмас - туганмас кучга эга бўла олар эдик. Шундай экан, инсу-жинслар билан тўлиб тошган ковакларида биқиниб олгунича, одамлар келажагини «башорат» қилиб валдираётган фолбинларга ишониб, аҳмоқларча иш кўраётган одамларга ҳечам тушунмайман. 
***
     Бу дунё йўқотишлар ва топишлардан иборат...
     Кўнаман ва иккисини ҳам енгилроқ қабул қиламан. 
***
     Сирни ўзингдан бошқа билдими, сирлиги қолмайди дейишади. Мен бу борада тошметинман. Сирларни ҳаттоки, ўзимга ҳам айтишдан тийиламан. Ўзгаларни сири эса мен билан тупроққа кетади.
     (Бировларни дардларини олиб юриш қийин. Оғир юк! Аксига олиб, менга дардини, ўзгаларга айтолмаган сирларини айтадиган дўстларим кўп! Сабаби, далда бериш бўйича яхши мутахассисман))
***
     Хас бўлайин майли агар эрсанг Жаннат,
     Дўзах бўлсанг лов-лов ёнай АДАБИЁТ!
***
     Ҳамма тузалиши мумкин! Ўғри, худбин ва шаҳватпараст (руҳий бузилиш)дан бошқа...
***
     Сурат ва сийрат бошқа - бошқа нарсалардир, аммо, кўзлар барчасини айтиб туради. Кўзлар алдай олмайди.
***
     Туғилмоқ - ишқ, ўлим - висолдир!
***
     Ҳаётимизда яхши ва ёмон одамлар, воқия-ҳодисаларга дуч келамиз. Бевосита ёки билвосита мулоқот қиламиз, вазият ва ҳолатлар иштирокчисига айланамиз. Гоҳида қувонсак, бошқа пайтда ҳафа бўламиз. Биз ҳам оқимга тушиб ҳаракат қила бошлаймиз. Ё яхшилик, ёки ёмонлик, гоҳ кураш, гоҳида чекиниш...
Нима учун! Ўзимиз ҳам билмаймиз!
     Ўйга ботманг! Биз шунчаки, ҳа шунчаки имтиҳондамиз. Вақти-соати етиб баҳойимизни олгач ҳаммасини тушуниб етамиз...
***
     Айтишларича, одамзод атрофида 40 та ажал тинимсиз айланиб тураркан. Демак, кечаги кунгача омадли кунларим бўлган экан. Бугунни билмадим..???
***
     Агар табиатимда бўлмаганида эди, ҳеч қачон ҳазилни яқинига йўламаган бўлар эдим. Начора, ўзимизга ёқмайдиган, аммо, қонимизда сузиб юрадиган ирсий ахборотларни ўчириб юбора олмаймиз...
      Афсус!
***
     Дардларимни яхши кўраман! Улар бор экан тириклигимни англаб тураман. Инсон эканлигимни унутмайман. Энг асосийси, дардларим бор экан - ЁЗАМАН!
***
     Бир гуруҳ олимларнинг аниқлашларича, мушуклар оламни кулрангда, лекин инсонларга қараганда кенгроқ спектрларда кўрар, ҳис-туйғуларини яширмай очиқ-ойдин юзага чиқарар, садоқат бобида тенгсиз бўлиб, инсонлар оғриқларини яққол кўрар ва дардларига даво бўлишга интилар эканлар. Назаримда, бу қадар ўхшашлик фақат мушук билан менда бўлса керак...(Ореинтерлаш қобилиятини ҳисобга олмаганда))
***
     Одамзоднинг қабиҳликлари, вахшийликлари ошиб кетди. Бир сўз билан айтганда ожиз бандалар ҳаддидан ошди. Ҳар бир ишимизнинг жавоби бор! Аммо, «Ўрмонга ўт кетса ҳулу-қуруқ баравар ёнади»-деган гап ҳам бекорга айтилмаган. Бирга ёнаяпди...
***
     Баҳор яқинлашмоқда! Менимча, бу "ОҚ"қа киради.(Мени бошоғриқ фаслим бўлса-да, барибир ажойиб фасл.)










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот