Зимистон уй


   У базўр уйғонди. Боши хум. Кечаги ичкилик асорати. Дунё қоронғи. Гандираклаб ўрнидан турди. Курси устида астари ағдарилиб ётган шимини бир амаллаб кийди. Чўнтагига қўл урди. Пули йўқ. Айвонда юраги безиллаб турган хотинига ташланди.
— Пул қани?!! То-о-оп. Ўғри-и-и!!!
   Хотинини тепкилади. Аёл шўрлик қорнидаги гумонасини қўллари билан тўсиб, букчайиб ўтириб қолди.
   Орага қайнона қўшилди. Ўғил томон бўлди.
— Бу биринчисимас, аввал ҳам шундай қилувдинг, — дея қайнона захрини сочди. 
— Йўқол!!!
   Келин қимир этмади. Қайнона унинг юзига тарсаки тортди.
   Келин қаппайган қорни билан уйдан чиқди. У бу гал ҳам калтак зарбидан ҳомиласи тушишини истамасди. Унинг ортидан ҳовлидаги ит ҳам эргашди. Бу ҳовлига ит ҳам чидамади.
   Зўр ишни қойил қилган каби ўғил уйга кирди. Яна ўз жойига ғужанак бўлиб чўзилди. Она бўлмиш унинг бошини силади. Ёстиғини тўғриламоқчи бўлди. Ёстиқ остидан... Кеча маст-аласт ҳолатда ўғил яширган бир тахлам пул ерга сирғалиб тушди. 

Малоҳат Мирзаева.