МАЖРУҲ


   У вақтлар олийгоҳнинг учинчи курсида ўқир эдим. Баъзан стипендияга озгина қолганда озиқ-овқат ва йўлкирада ҳам узилиш бўлиб қоларди. Бўлажак шифокорлар ўқиб, малакасини оширадиган турли шифохоналар шаҳарнинг тўрт томонига сочилган. Жуда эрта уйғониб, ётоқхона ва шифохона ўртасидаги каттагина масофани пиёда босишга тўғри келарди. Ўша куни ҳам азонда йўлга тушдим.
  Ғира-шира ёруғлик. Кўчада деярли ҳеч ким йўқ. Шошиб қаёққадир кетаётган машиналар ҳам саноқли. Бунақа вақтда калима қайтариб, "ёмонга йўлиқтирма", дея пичирлаганча кетаверардим. Талаба зотида-ку ўмаришга арзигулик буюмни ўзи йўқ (Унда хозиргидай телефон, қўл компьютери деган нарсалар бўлмасди). Аммо қиз боламан-да. Олис қишлоқдан кузатиб қолган дадамнинг насиҳатлари қулоғим остида жаранглаб туради. “Шаънимни кўз қорачиғидай асрайман”, - деб сўз берган қиз ҳар қандай бегона одамдан қўрқади.
   Сахарда хали одам зоти билан гавжум бўлмаган кўчаларни онам тенги аёл узун супургисини сермаб тозалаб супурар, уни қораси кўринган замон анча тинчланардим. Бу сафар ҳам унга яқинлашгач, ҳар доимгидек овозимга жон кирди:
- Ассалому алайкум, ҳорманг хола!
   Фаррош хола бирпас ишидан бош кўтариб, алик олди:
- Ҳа, яна пиёдами? Стипендия кечикибди-да.
   Кулиб юбордим.
-Шерлок Холмс бўлиб кетинг-ей, хола. Ҳамма нарсадан хабардорсиза. Шу стипендияга қараб қолмай, деб роса иш қидирдим. Ҳеч бўлмаса сиз каби кўча супурай деб, идораларингга мурожаат ҳам қилдим. Олишмади. Мана, йўлкира йўқлиги учун ўн биринчи трамвайда кетяпман.
   У яйраб кулгач, яна ишини давом этди.
  Мен ҳам шошилишим керак, лекин ҳеч қанча юрмадим. Кимдир чақираётгандай туюлди. Қарасам фаррош аёл, мен томон югуриб келяпти. Ҳаллослаб етиб олгач, қўлидаги қоғозга ўралган алланимани узатди.
- Қизим манавини тушириб кетдинг-ку.
   Ҳайрон бўлдим. Мен ҳеч нарсани туширганим йўқ. Оғир сумкамда халат, китоб ва дафтарлардан бошқа ҳеч вақо йўқ.
- Бу меники эмас!
   У қоғоз ўрамни қўлимга тутқазди.
- Билмадим, сени ортингдан супуриб келяпман. Ма, оч-чи!
   Ноилож қоғоз ўрамни очдиму бақрайиб қолдим... Ўрам ичида бир даста пуллар бор эди... Доллар. Шошиб фаррош холага узатдим.
- Холажон, бу меники эмас. Ўзингизда турсин, эгаси ҳали –замон қидириб қолар. Чунки бунда анчагина маблағ борга ўхшайди.
   Хола ноилож олди-ю, илтижоли термулди.
- Қизим, биламан, дарсга шошяпсан. Аммо мен буни ушлашга ҳам қўрқяпман. Пул йўқотган одам келиб, “кўпроқ эди, қолгани қани?”, - деса нима қиламан? Энг ёмони, у келгунча бирортаси қўлимдан олиб қўйса-чи? Ма, сен ушлаб тур! Бирортаси келса гувоҳсан.
   Бугун шахсан профессор Азимовнинг маърузаси бор. Кеч қолганни аяб ўтирмайди. Аммо аёлни шу ҳолатда ташлаб кетгим келмади. У узун йўлакни супуриб бўлгунга қадар ўтган-кетганни ниманидир қидирмаяптими дея диққат билан кузатиб турдим. Тонг анча ёришиб, одамлар оқими кўпайдики, пул эгаси кўринмади. Ишларини битириб олдимга келган фаррошга омонатни топширдим.
- Холажон, энди мен бормасам бўлмайди. Дарсга кеч колдим. Буни уйингизга олиб кетинг. Эртага ҳам ишга чиқасиз, кимдир сўроқлаб келар. Келмаса, уч марта “кимники?”, деб сўрайсиз-да, бирор камингизга ишлатасиз.
   Жилмайиб турган аёлнинг чеҳраси тундлашди. Қўлида илон ушлаб тургандай қоғоз ўрамни қайтариб ўзимга узатди.
- Эй, йўқ! Мен буни уйга олиб кетмайман. Кўча супураётганимга, жудаям муҳтож деб ўйладингми, қизим. Худога шукур, қора қозоним қайнаб турибди. Рўзғорнинг ғорини тулдиришга қийналсам ҳам, бировники керак эмас. Раҳматли эрим ҳам жуда халол одам бўлган. Оилага бир тийинлик ҳаром аралаштирмасди. “Бировники буюрмайди!” дердилар.
   Анчагина юпун кийинган жимитдаккина аёлнинг тоғдай ғурури борлиги ҳақида ўйламаганимдан уялиб кетдим. Шундай бўлсада яна қисталанг қилдим.
- Эгаси номаълум буюмни уч марта сўроқлагач, топган одамга ҳалол бўлади. Ишлатмасангиз, бирорта муҳтожга берарсиз. Масжидга олиб боринг.
- Болам, - деди у, гапимни чўрт кесиб, - шундай бўлса-да керак эмас! Бунинг ҳам юки бор. Мана сен талабасан. Бу йўлакдан нега ҳар куни пиёда кетишингни билмайманми? Ўзинг нега олмаяпсан? "Раҳмат, пул меники", деб олиб кетсанг, билиб ўтирармидим. Агар бу бизга ўхшаган одамники бўлса-чи, қақшаб қолади-ку. Балки, ўғил-қизининг тўйига, бирорта камини қиламан деб йўлга чиққанда тушириб қўйгандир. Юр, бир бекат пастда мелисахона бор. Кириб бирга топширамиз. Супургимни уйга ташлаб чтқсам бўлди.
   Энди ўн қадамча ташлаган ҳам эдик, ортимиздан кимдир чақиргандай бўлди. Тўхтаб ўгирилдик. Қарасак барвастагина йигит, халлослаб чопиб келарди. Етиб келгач, иккаламизга юзланди:
- Опалар, мабодо шу йўлакдан пул топиб олмадингизми?
   Иккаламизнинг чеҳрамиз ёришиб кетди.
- Пул сизникими? Хайрият-ей!
   Фаррош хола қўлидагини йигитга узатар экан, ҳижолатомуз узр ҳам сўради:
- Кечирасиз, болам. Буни ичида қанчалигини ҳам билмаймиз. Бу қизим билан анчагача эгасини пойладигу, санашга журъат қилмадик. Қаранг, халолингиз экан, топилди. Санаб кўринг!
   Йигитнинг кўзлари ёшланди:
- Керак эмас, хола! Санамайман. Сизларга ишондим. Бу пулни касалхонада ётган ойимнинг операциясига ишлатмоқчи эдим. Отамга пул топиб келаман деб ваъда бергандим. Ҳалол экан, топилди мана...
   У қоғозни очиб, пул тахламидан беш-олтитасини суғуриб узатган эди, иккаламиз ҳам қўлини қайтардик. Хаста ётган онаизорга аталган пулнинг ярим тийинини ҳам олмаслигимизни айтиб ундан узоқлашдик. Иккаламизнинг хам кайфиятимиз чоғ, айниқса мен. Дарсга кеч қолиб "НБ" (Не был, яъни йўқ эди дегани) олган бўлсам ҳам хаёлимдан пули топилиб хурсанд бўлган ўша йигит, энди операцияси ҳам зўр ўтадиган онаси кетмасди.
   Ўқиш якунига етгунга қадар, ўша фаррош холага тез-тез дуч келар, ҳар сафар саломлашиб, ҳазил-хузил билан йўлимда давом этардим.
   Ўшандан буён анча йиллар ўтиб кетди.
   Бу гаплар ёдимдан буткул кўтарилмаган булса-да, давомини эшитиш хаёлимга ҳам келмаган кунларнинг бирида анча кексайиб қолган қадрдон фаррош холам билан яна учрашиб қолиб, севиниб кетдим. У танимаса-да ачомлашиб кўришиб, ўзимни танитгач, чеҳрасига табассум югурди.
   Бир вақтлар узун, оғир супургисини бир сирмаса кўчанинг ярмини тозалаб қўядиган аёл енгил бозор халтани аранг кўтариб турарди. Халтани қўлидан олдим. Бекатда автобус пойлаб тургани учун у ёғ, бу ёғдан суҳбатлашиб, мавзу ўша пул воқеасига бориб тақалди.
- Э, эслатма, болам. Ўша бола ёлғон гапирган экан - деди хола, чуқур хўрсиниб.
- Наҳотки? - оғзимдан отилган сўзга тўғри жавоб олиш истаги қанчалик кучли бўлмасин, кўз ёшлар билан хаста онасини ўртага қўйиб пулни олиб кетган йигит фирибгар эканига ишонгим келмади.
- Ҳа, ўшанда мен ҳам худди сенинг ҳолингга тушгандим. Пул топилган куннинг эртасига бир хотин ва ўғли ниманидир қидириб, анча куймаланишди.  Минг истиҳола билан мендан хам сўрашди.
   Довдираб қолдим.
   Мўлтираб турган аёл, марказдаги яшаб турган тўрт хонали уйини шаҳар четидан икки хонали хонадонга алмашгани, уйларнинг фарқи учун олган пулнинг колганига ўн яшар набирасининг жигарини операция қилдирмоқчи эканини айтишди.
- Пулни шу ўғлим йўқотиб қўйибди. Ўша хаста неварамни отаси... Қаерда туширганини ҳам билмайди. Талабалар ётоқхонаси орқасидаги кўчада турамиз. Неварам Московда операция қилиниши керак. Кеча самолётга чипта олишга чиққанди. Аксига олиб пулни ҳаммасини олган экан. Қўлидаги елим халта илиниб йиртилган экан, кўрмабди. Хуллас, пул тушиб қолган. Қора елим халтачада эди, кўрмадингизми эгачи?
   Нима дейишимни билмай қолдим. Демак кечаги йигит алдаган. Ростини айтсам, ишонишадими?
   Қаршимда турган аёл эса ён-атрофларга алангаганча давом этарди:
- Қидирмаган жойимиз қолмади. Автобус, йўлаклар, маҳалла, ҳовли... Энди нима қиламиз...
   Чидаб тура олмадим. Ўша пулни топиб олганим ва хаста онасини рўкач қилган барваста йигит ҳақида айтиб бергач, аёл йиғлаб юборди. Бирпасдан сўнг афсус билан бош чайқади.
- У яна ўтармикан шу ердан? Агар... агар ростдан онаси хаста бўлса розиман. Агар ёлғон гапирган бўлса буюрмасин! Буюрмасин илоҳим!
   Мен ростини айтишга айтдиму, ишонишмайди деб ўйлагандим, қанчалик оғир ахволда қолишган бўлмасин, ортиқча гапиришмади.
- Шунақа гаплар, болам.
   Асабийлашиб, томоғимга нимадир тиқилди.
- Нега ўшанда менга бир оғиз индамадингиз? Ахир деярли ҳар куни учрашардик.
- Сени тинчингни бузгим келмади. Айтганимда ҳам қўлимиздан нима келарди, қизим. Орадан ярим йилча вақт ўтгач, невараси оғир хаста ўша аёлни яна учратиб қолдим. Айтишича, бировдан қарз кўтариб, набирасини даволатиб келишибди. Ҳозир чопқиллаб юрганмиш. Аллоҳ бошқа томондан бериб, қарздан ҳам қутулишган экан. Шундагина елкамдан оғир тоғ ағдарилди. Бироқ, бировнинг хаққи тугул, Худодан ҳам қўрқмаган ўша йигитни анчагача унута олмадим. У ўшанда суҳбатимизга панароқдан қулоқ тутиб, иккаламизни боплаб лаққа туширган экан, қизим.
- Вой, ростданми? Буни қаёқдан билдингиз? Биров кўрган эканми?
   Саволларни қалаштириб, яна унинг оғзига тикилдим.
- Анча йиллар ўтгач, бир қаримсиқ, абгор киши йўлимни тўсди. У вақтлар сизлар олийгоҳни битириб, юртингизга кетган эдингиз. Аввалига танимадим. Озиб-тўзиб кетган, жулдур кийимдаги девонасифат одам чайқалганча ёнимга яқинлаша бошлади. Қўрқиб қўлимдаги супургини ўқталиб, ҳимояландим.
- Хола, - деди у совуқдан қалтираб, - мени танимадингиз,а?
- Йўқ. Кимсиз?
- Қаердан ҳам танийсиз. Сиз билан учрашганимда тоғни урсам талқон қиладиган, паҳлавон йигит эдим. Фақат тайинли бир ишга бўйин бермай, енгил пул излаб топиш йўлларини қидираётгандим. Раҳматли дадам насиҳат қилавериб, натижасини кўрмагач, бир куни кечаси “сендай текинтомоқнинг баҳридан ўтдим” деб, ҳайдади. Бир кеча кўчада қолиб, тақдирни қарангки эрталаб сизларнинг суҳбатингизга гувоҳ бўлиб қолдим.
- Қанақа суҳбат?
- Э...унга анча бўлди. Ҳозир айтсам, ўзингиз тушунволасиз. Ўшанда каттароқ дарахт панасида биқиниб турган одамни кўрмай, бир қиз билан анча гаплашгансиз. Гап ўша қиз топиб олган пул хақида эканини билгач, қулоқларим динг бўлди. Иккалангиз пулни миршабга бермоқчи бўлганингизда йўлингизни тўсган ўша ҳаромхалқум мен бўламан!
- Нима?!!
- Ҳа... Мен... ўша... ўху-ўху-ўху...
   У бошқа гапира олмади. Қаттиқ йўтал тутди. Ҳар йўталганда тўкилиб кетаётганга ўхшарди.
   Ростини айтсам, мен йиллар давомида бир бечора мусулмонни куйдириб кетган ўша ҳайвон қўлимга тушсаку, деб Худодан тинмай сўрардим. Жазолашга кучим етмаса, супургим билан савалайман, дердим. Унга айтмоқчи бўлган аччиқ гапларимни неча марта такрорлаганим ўзимга аён. Аммо рўпарамда турган одам жазо эмас, яримта гапга ҳам арзимас даражада хароб эди.
- Мен, - деди у аранг, бир оз тин олгач, - ўшанда мўмай пулни олгач, бутун ҳаётим остин-устун бўлиб кетиши хаёлимга ҳам келмаган экан. Туппа-тузук юрган онам оддийгина кўричакдан операция столида жон берди. Сизлардан олган пулни бир корхона раҳбарига пора сифатида узатиб, омбор мудири бўлиб ишлаётган эдим. Тажрибасизлигим панд бериб, раҳбарнинг ноқонуний ишларига аралашиб, у билан ўн йилга кесилиб кетдим. Бу иснодни кўтара олмаган отам ҳам узоққа бормади. Мана, қамоқдан қанақа аҳволда чиқдим, хола. На хотин, на бола-чақа, на уй-жойим бор, дарбадар итдек сарсонман! Тўрт жигарим отамнинг барвақт ўлимида айбдорлигим учун мени кечиришмади. Охиратимни куйдирдим, холаааааа. Кечиринг! Ке-чи-рингггг....
   Ҳаромдан ҳазар килгандай, ортимга тисарилдим. Унга супургимнинг бир дона чўпи тегишини ҳам истамасдим...
   Худобехабарни кечирмадим.
   Ўша воқеадан сўнг уни яна бир неча марта кўрдим. Ўз тили билан айтганда "дарбадар" гоҳ пивохонанинг бетон зинасида, гоҳ ахлат кутилар орасида ухлаб ётарди.
   Унинг ҳолатига заррача ачинмасдим.
   Дунёда турфа одам зоти бор. Қора қозонидаги ёвғонга қаноат қилган ҳам, бировни қақшатган ҳам Ҳақ ҳузурига боради. Ўша нобакор ўзини эркак ҳисоблармикин? Қўшнимиз бор, бир оёқли ногирон. Қизини чиқаришга пул топа олмасди. Бир куни йўқ бўлиб қолди ва йигирма кунлардан сўнг қайтди, икки ойдан сўнг эса қиз узатди. Кейин билсак, интернет орқали харидор топиб, чет элга чиқиб, бир буйрагини сотиб келган экан. Ўша мажруҳ қўшнимчалик ори бўлмаган эркак бир уюм ахлатдай кўчада қолганига раҳмим келмади... Зеро, у шундай якунга муносиб, на соғлиқ, на оила, на бахти, на ҳаловати бор ҳақиқий мажруҳ эди у.
   Холани бир томонга қийшайиб келган тиқилинч автобусга чиқармоқчи эмасдим, аммо у таксида кетишни хоҳламай, елкамга қоқиб, дуо қилганча хайрлашди.
   Тиқилинч автобус салонида тик оёқда кетаётган кекса фаррош аёл фақат ғуруригагина суяниб кетаётганига амин эдим.
Муаззам Иброҳимова.
2014 й.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот