ОЛОВРАНГ НИМЧАЛИ АЁЛ


     "15 октябрь — Халқаро қишлоқ аёллари куни" муносабати билан

     Бугун бир тадбирдан қайтаётган эдим. Қўлимда гул, кўнглим баҳор эди. Йўл четида рўмоли устидан елим халта кийиб олиб, ер юзини очаётган аёлга кўзим тушди. Ёнига бориб бағримга маҳкам босдим. Гулдастамни қўлига тутиб: СИЗ ҲАЗРАТИ АЁЛСИЗ дедим... 

ОЛОВРАНГ НИМЧАЛИ АЁЛ

Рўмолини учирма, шамол,
Қароғига инмасин ғубор.
Топган нони ҳалолдан-ҳалол
Оловранг нимчали аёлнинг.
Уйғонади офтобдан олдин,
Йўлларини ёритар ойдин.
Кафти қадоқ, юзлари сўлғин
Оловранг нимчали аёлнинг.
Этагига ёпишма, хазон,
Қўй, ёнига бўйлама, армон.
Ифоринг-ла овутгин, райҳон,
Оловранг нимчали аёлни.
Ўт пуркайди осмонда қуёш,
Гоҳо жони аёзга талош.
Кўриб қолдим, кўзларида ёш
Оловранг нимчали аёлнинг.
Рухсорини куйдирма, офтоб,
Ер юзини очар бир моҳтоб.
Нигоҳи – бу оламга хитоб
Оловранг нимчали аёлнинг.
Супургисин синмасин банди,
Соб бўлмасин кўнгил пайванди.
Уйда кутиб турар дилбанди
Оловранг нимчали аёлнинг...

АЁЛ

Яратганнинг мўъжизаси эрур аёл,
Ул чароғбон Ватаннинг ҳар жойидадир.
Аёл гоҳи офтоб эрур, гоҳо ҳилол. 
Жаннат асли оналарнинг пойидадир.
У Тўмарис бўлди элнинг достонида,
Жангга кириб, ёвни енгиб ғолиб қайтди.
Ор-номус деб, фидо бўлган ўғлонига,
Фиғон айлаб, кетар чоғда алла айтди.
Олов бўлди, қалов бўлди, жони фидо,
Бир жонини мингга бўлиб, қолди бутун.
Юрагига нурлар ато этди Худо,
Буюк Темур бешигини тебратган кун.
Хоксор аёл, андишага бўлиб тимсол,
Бўстонидан бир ғунчасин олдирмади.
Навоийдек авлиёни туққан аёл,
Тарихларда номини ҳам қолдирмади.
Олис йўллар этса ҳамки ҳолин абгор,
Шоҳ Бобурнинг юрагига бўлди малҳам,
Вафо пеша бўлмаганда Қутлуғнигор,
Ер юзига кўрк бўлмасди Тожмаҳал ҳам.
У Нодира, у Увайсий, Анбар отин,
Самарбону бўлди қўлга қалам олиб.
Гул баргидан яратганми аёл зотин,
Бўстон этди, назми, дардин куйга солиб.
Не синовлар ўтди, сабр суянч бўлди,
Жангга кетган ёрин қирқ йил кутди аёл.
Ёрти кўнгли билан, юртга юпанч бўлди,
Қирқ жон ила, қил кўприкдан ўтди аёл.
Армонлардан орзуларга бериб қанот.
Ғам андуҳин матонат-ла маҳв этолди,
Йўли вафо, ёри эди сабру сабот
У ўзбекнинг Зулфияси бўлиб қолди.
Ҳунармандир, дунё ичра ўз номи бор,
Олтин унар тупроғидан, деҳқон аёл,
Тадбиркордир, муаллимдир, у шифокор, 
У онадир, у бекадир боғбон аёл.
Аёлини сийлаган юрт кам бўлмагай,
Дадил бўлар аҳдларимиз, шаҳдларимиз.
Армон бўлмас, дилда дарду ғам бўлмагай,
Ўз аёлин жондан суйса мардларимиз.

     Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот