ШЕЪРГА, СЎЗГА ОШИҚМАН


ЭСИМНИ ТАНИГАНИМДАН БЕРИ ШЕЪРГА, СЎЗГА ОШИҚМАН
Фўруғ Фаррухзоднинг отасига мактубларидан

     Отажон!
     Сизга анча вақт мактуб ёзмадим. Тўғрироғи ёздим, лекин юбормадим. Айни вақтда столим устида юзига сизнинг манзилингиз ёзилган икки хатжилд турибди. Мактубларни ўзгартириш керак, деб ўйлаганим учун ҳам ҳануз столимда. Сизга нима деб ёзишни ҳам билмайман. Аҳволим яхши. Ҳар замондаги каби киши дарвешона ҳаёт кечирса, яшаш шунчалар енгил бўлади. Борган сари ўзимни ҳаётдан кўп нарса кутмасликка ўргатяп­ман. Мен каби дунёда омадсиз одамлар кўп. Шунинг учун камроқ ўйлаб, ҳаётдан кўп завқланишга ҳаракат қиляпман. Амир укамнинг ҳам аҳволи ёмон эмас. Биз кўп учрашамиз, суҳбатларимиз Теҳрон, болалар, ота-она ҳақида. Биз бу мавзуда кун бўйи зерикмасдан гаплашамиз. Шу суҳбатлар давомида биз ота, она ва болаларни қанчалар яхши кўришимизни тушуниб етамиз. Улар бизнинг ҳаётимизда бўлишини ва уларнинг муҳаббатини ҳис қилишни доим истаймиз. Ёз фаслининг дастлабки кунларида яна Эронга қайтишни режалаштиргандим, лекин Амир кўнмади. У билан бирга қолишимни, кейинроқ бирга қайтишимизни ўйлаяпти. Ҳали бу ҳақда бирор қарорга келмадим.
     Ками боламни жуда соғиндим, бироқ бошқа томони ҳам борки, мен у қадар кучли аёл эмасман. Эронга қайтсам, яна дўзахдаги каби оғир ҳаё­тим қайталанади. Бунга эса дош беролмасликдан қўрқаман.
     Хатингизда менинг ўқишим ва ишларим ҳақда сўрабсиз. Мен ўз олдимга қандай мақсадлар қўйганимни яхши биласиз. Эҳтимол, аҳмоқлик қилгандирман, бироқ бу ерда ўзимдан қониқиш ва бахт ҳиссини туяман. Менинг яхши шоир бўлишдан ортиқ мақсадим бўлмаган. Эсимни таниганимдан бери шеърга, сўзга ошиқман. Нима бўлганда ҳам, билим ва тушунчаларимни кенгайтиришга уринаман. Ҳеч қачон диплом ёки бирор даражага эришиш учун ўқимайман. Билимни ошириш орқали севимли ишим – яхши шеър ёзиш ва бу билан муваффақият қозонишни ўйлайман.
     Италияда 6 ой давомида яшаб, бу тилни ўрганиб олгандим. Айни пайтда иккита шеър китобни таржима қилдим. Ҳозир Амирнинг кўмаги билан олмонча китоб ўгиряпман. Бирини тайёрлаб, нашр қилдириш учун Эронга юбордим. Умид қиламанки, бу менга бирмунча даромад келтиради. Европада яшаган 10 ойимда йиғса бир китоб бўлгулик шеърлар ёздим.
     Шеър – менинг меҳробимдир. Ота, шеърни қанчалар яхши кўришимни тушуняпсизми? Кечаю кундузларим янги ва чиройли – ҳали ҳеч ким қоғозга туширолмаган шеър ёзиш ҳақидаги хаёллар билан ўтади. Кўнглимга қулоқ солмаган ва шеър ҳақида ўйламаган куним бекор ўтган кунларим сирасига киради. Ташқаридан қараганда, шеър мени бахтли қилолмасдек туюлар, аммо бахт мен учун бутунлай бошқа нарсадир. Бахт мен учун... чиройли кўйлак, ўйнаб-кулиб яшамоқ ёки мазали таом эмас. Руҳимнинг бахтиёрлиги менинг бахтимдир. Руҳимни эса фақат шеър бахтли қила олади. Инсонлар эга бўлиш учун уринганлари бу гўзалликни менга берсалар, унинг эвазига шеър ёзиш қобилиятимни олсалар, ҳеч шубҳасиз жонимга қасд қиламан.
     Мендан юз ўгирсангиз, назарингизда бахтсиз бўлишим тайин, бироқ ҳеч қачон ҳаётимдан шикоят қилмайман. Тангри ва фарзандим номи билан онт ичаманки, мен сизни яхши кўраман. Сиз ҳақда ўйласам, кўзларим ўз-ўзидан ёшланади. Худо мени нега бундай яратди ва нега шеърият шайтонини ичимга қамади? Бу ҳақда кўп ўйлайман.
     Сизни ҳеч қачон бахтли қилмадим, мени қанчалар яхши кўришингизни ҳам билмайман. Бироқ бу менинг айбим эмас. Миллионлаб одамлар кўникиб яшаётган ҳаёт тарзини яшашга тоқатим етмайди. Турмуш қурмоқчи эмасман. Мен умр бўйи ўзимга муносиб ҳаётни қуриб, жамиятда кўзга кўринган бир аёл бўлмоқчиман. Ёзганларимни қабул қилмайсиз, деб ўйламайман. Менга ёзинг, чунки хатларингизни яхши кўраман. Сизга нимадир сотиб олишни хоҳлайман, афсуски, нима яхши кўришингизни билмайман. Озроқ пулим бор, отам учун илк дафъа бирор ҳадя олишни жуда-жуда истайман. Менга нималарни яхши кўришингиз ҳақда ёзинг.
Сизни ўпиб қоламан.

ФЎРУҒ
Германия.
Башорат ОТАЖОНОВА таржимаси.
Манба "Китоб дунёси" газетаси