Чакки бўлди, адашди


   Қўчқор НОРҚОБИЛ

Чакки бўлди, адашди 
Ҳикоя

  Қўлтелефонимга хат келди. Сарви деган ходимамиз ёзаяпти. Қизиқ, у менга телефонхат ёзишга қандай журъат этдийкин? Нигоҳини узса замин зириллайдигандай, залворли боши эгик, шу чоққача ҳеч кимга тик боқмайдиган аёлгинанинг хат битиши ғалати эди-да, чиндан. Ҳе-е-ей, замонгинангизга зормонда бўлай, ажабтовур кунларда яшаяпмизда.
  Ишга кўмилиб ўтирган пайтим, қўлтелефоннинг чинғиллаб, компьютер экранида Сарвининг шиқрайиб табассум ҳадя этган гулгун суврати порлаб қолиши кутилмаган ҳол. Қўлтелефонни компьютерга “боғлаб” қўйиб яхши қилган эканман, унинг чақалоқнинг кафтидек ойнасига термулиб, кўз нурини ҳайф этгандан кўра, кенг-мўл экранга нигоҳ урган яхши-да.
   Экранда ёзув пайдо бўлди:
— Қалайсиз? (Ё, тавбангдан, умримда менга тик боқмаган ходиманинг шаҳди-шиддатини кўринг. Электрон хат ҳиссиёт-писсиёт деб ўтирмайди-да).
     Сарви жавоб кутаяпти. Ёзишим керак.
— Яхшиман (Қани энди нима деб ёзаркин?).
— Яхшига ўхшамаяпти-ку. (Оббо, тирилиб қолибдими, жувонгулгина?)
— Нега?
— Совуқ. Совуқ қотмаяпсизми? Хоналар совуқ-ку.
— Ҳим.м.м. Эрта-индин иссиқлик ҳам бериб қолишар. Ҳа... чиндан ҳам совуқ. Чидаймизда. (Шароит расво бўлгач тошга ҳам забон битади. Бу ахир одамови бўлса ҳам одам-ку).
— Мен чидай олмайман. Бас. Жонга тегди.
— Эрта-индин иссиқликни қўшишади, қувурларга ҳовур инади.
— Гап совуқ ёки иссиқда эмас...
— Нимада унда?
— Анавинда.
— Анави ким у?
— Ўзингизни гўлликка олманг. Гап бошда. Анави, адашингизда.
— Қайси бошда? Қайси адашимда?
— Сизнинг бошингизда. (Мен ҳеч нарса тушунмайман. Кўнглим ғалати бўлиб кетади. Чиндан ҳам шуни Сарви ёзаяптими? Ҳа, Сарви ёзаяпти. Ана, экранда ишшайиб турган суврати).
— Ҳамма нарсага шу “бош” туфайли йўлдан адашамиз. Ҳаммамизни шайтоннинг йўриғига йўртанглатади, бу.
— Ўлманг. Гапни ҳам топасиз. Анавингга яқин бўлиб қолибсиз-да-а? Гапларингиз бошона гаплар. Шоирона!
— А-а-а? Нима деганингиз бу?
— Нима деганим? Шу деганим, бошни энди шартиллатиб кесиш пайти келди. Кеча менга ҳужум қилиб қолса, денг. Бу ифлосни тийиб қўйиш керак. Сиз тийиб қўймасангиз, мен тийиб қўяман...
— Қандай қилиб. (Оббо, Сарви ўлгурни жин чалдимикин?).
— Бош-бош, дейверманг. Одамнинг хаёлини остин-устин қилиб ташладингиз-ку...
— Нима дей бўлмаса... Шу қирилиб кетгур бошлиқни айтаяпман. Ўзингиз ҳам бош деб айтасиз-ку, Сизга мумкину, менга мумкинмасми, хуллас, менга қўшиласизми? Шу бошни, э-е-ей, бошлиқни ағдариш керак, вассалом. Ишламайсан, ҳа деб касал бўлдим деб қоғоз олиб келавериб жонга тегдинглар, пешин оқмай думингни деворга уриб жўнаб қоласанлар, деди ҳаммага эшиттириб. Точна, менга теккизиб айтди.
— А-а-а? (Мен гангиб қоламан. Ахир, бу идорада менман-ку, бошлиқ. Кеча йўлакда думингни ўйнатиб, ишдан барвақт кетасанлар деб чиндан ҳам ходимларни яниган эдим).
Бошимга гурзи тушгандай, оний ҳолатда хаёлимда чақмоқ чаққандай бўлади.
— Хуллас, Тоҳиржон, сиз уни юқорига ёзиб тўғри қилгансиз. Биз, хонадошлар сиз томон. Қўрқманг, гарчанд, сиз ноҳақ бўлсангиз ҳам биз сизни қўллаб-қувватлаймиз. Бутун ишхонада тарафдорларингизни кўпайтирамиз. Буни кеткизмасак, кўз очирмайди. Мен ҳам юқори идорага битта хат ташлаб қўйдим.
— Қандай хат? (Титроққа тушаман, пешонамни тер босади).
— Ишга ичиб келади, деб. Хонадошлар ҳам қўл қўйишди. Жамоанинг номидан хат ёзувдингиз, ҳисобхонадан ишхона муҳрини ўғирлаб олиб чиқиб берувдим, муҳр босилган шу умумхатни текширишмади-я?
— А-а-а, ҳалиги... (эсанкираб қоламан) энди текширишади.
— Қўрқманг, ходимларнинг исми-шарифи қўйилмагани билан, зато, муҳр бор. Бош прокуратура анойи эмас, текширади.
— Тасдиғини топмаса-чи? (Менинг оғзим қуруқшаб, бошим ғувуллайди).
— Топадими, йўқми, бир силкитиб олади. Ҳеч кимнинг имзоси йўқ, ёзган одам ҳам йўқ, лекин аноним ҳам қилишолмайди, ахир, ишхонанинг муҳри турибди. “Жамоа аъзолари номидан...” деб ёзиб қўйилган, вассалом. Текширишади.
— Тўғри. Текширишади. Зўр бўлади. (Мен энди ўзимни қўлга оламан). Сиз сафимизни кенгайтириш учун тарафкашларимизни кўпроқ тўпламоқчимисиз?
— Бу нима деганингиз? Ахир кеча ўзингиз шундай девдингиз-ку.
— Ҳа. Айтувдим. (Энди мен ўзимни мутлақ ўнглаб олдим).
— Уни ичиб келади дебсиз, исботлай олмасак-чи?
— Ахир саккизинчи март куни байрамда, ишхонада ўзининг ўйнашлари шарафига икки-уч қадаҳ шампан ичди-ку. Ичаётган пайтини алоҳида расмга олганман-ку... Сизга ҳам берувдим-ку.
— Ҳа-я, Шундай.
— Хуллас, бошни “кесишимиз” керак. Биз сиз билан. Нима қил десангиз, тайёрмиз. Яна икки-уч бор юқорига ёзсак, ким бўлишидан қатъий назар ўзи кетиб қолади, ишни ташлаб кетади, ариза ёзишга мажбур бўлади... Сиз янаям хоналарга кириб манави овсар ходимларга уни ёмонлаб тураверинг. Айримлар сизга ишонишаяпти, иккиланиб турганлар ҳам бор.
— Айтганингиздай бўлади. Бутун жамоани қўзғайман, заҳарлайман, ҳа, бутун дунёга ўт қўяман, ғийбат қиламан, олам муҳитини бузаман, сен каби чаёнлар ҳам бу дунёда хурсанд бўлишга ҳақлисизлар-ку-а? Уят керак одамга, нонкўрлик ҳам эви билан. (Мен ўзимни тутолмадим... Кўз олдимда ҳасадгўй ва ғурбатвоз Тоҳир ҳамда Сарвининг тиржайган башараси намоён бўлди, нигоҳим хира тортиб юрагимда оғриқ турди).
— ...
— ...
   Сарвидан жавоб йўқ. Мен қабулхона эшигини очиб қўйдим, йўлакда тасур-тусур қилиб кимдир ҳаллослаб ўтганини пайқадим — Сарви, Сарви ўқ еган илондай ўзини Тоҳирнинг хонасига урди, нимадир шарақлаб кетди. Лаҳзада яна эшик забт билан очилганини эшитдим, гурса-гурс қадам товушлари энди зинапояларда садо берарди.
Хона деразасидан пастга қарадим, йўл четида бошини эгиб, пилдираб кетаётган Сарвини кўрдим, унинг оёқлари чалкаш-чулкаш, иш вақти тугашига эса анча бор эди.
   Очиғи, Сарвига раҳмим келди, ўзимни ич-ичимдан койидим, бировни, айниқса, аёл кишини мазах қилиш яхши эмас. Исмим Тоҳир бўлгани учун хафа ҳам бўлдим, келиб-келиб анавингга адашман-а... Эртага нима бўлади? Сарви энди нима қилади? Адашим Тоҳир-чи?
  Мен энди қандай йўл тутаман? Дунё кўзимга жуда кичрайиб бораяпти, ўзим ҳам майдалашиб, уваланиб бораётгандекман. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот