СОБИҚ МАҲБУС ЭР БЎЛОЛМАДИ...


АЙБИМ БОР ЭКАН

 

   Бу ҳаётда ҳамма нарса содир бўларкан. Чиндан ҳам инсоннинг боши — тегирмоннинг тоши экан.

   Ўттиз бир ёшимда эримдан айрилиб қолдим.

   Қаёқданам уйни ремонт қилишни бошлаган эканмиз.

   Эрталаб туриб:

— Бозордан бир банка бўёқ олиб келаман, — деб чиқиб кетган эди эрим.

   Маст ҳайдовчи бошқариб келаётган баҳайбат “Зил” машинаси бозорга яқинлашиб қолган, пиёдалар йўлагида шошиб кетиб бораётган эримни уриб кетади.

   Эрим бечоранинг чўнтагида ҳужжати ҳам бўлмаган.

   Шу сабабли бир неча кун “шахси аниқланмаган мурдалар” сақланадиган моргда ётган.

   Мен бордим ўша ўликхонага.

   Илойим, ҳеч кимни боргулик қилмасин бундай жойларга!

   Бадбўй ис димоғимга ўрнашиб қолиб, уч кунгача томоғимдан сув ҳам ўтмай юрдим.

   Ўликхонада, мурдалар ётгам музхонада эримни танидим...

   Расм-русумларни бир амаллаб ўтказдик.

   Қайнота-қайнонам, қайноғаларим, қайинопаларим, ҳаттоки қайинукаларим менга ола қарай бошлашганини сезиб турардим.

   Икки хонали уйда вояга етмаган икки болам билан ёлғиз қолдим. Ўғлим етти ёшда, энди мактабга бораётган эди; қизим уч ёшда, ёнимиздаги боқчага қатнайди.

   Ўзбекнинг бошида нима ташвиш — тўй ташвиши, уй ташвиши. Эримнинг яқинлари мен турган икки хонали уйга кўз олайтираётганликлари равшан эди.

   Мен эса... уй-жойни ўйлайдиган аҳволда эмасдим.

   Очиғини айтай, эрим билан Лайли-Мажнун бўлиб, севишиб турмуш қурмаганмиз. Эримнинг онаси топган мени. Шифохонага даволанишга келганида оғритмай укол қилган эканман. Шундан сўнг бўлғуси қайнонам эринмай мени кузатган, уйимдагиларни сўраб-суриштирган, бир баҳона билан келиб ҳовли-жойимизни ҳам кўриб кетган. Хуллас, мени ўғлига роса мақтаган. Шундан кейин икки марта учрашганмиз, холос. Лекин Файзулла акамни жуда ҳурмат қилардим. Оғир-босиқ, вазмин, хотинининг ҳурматини жойига қўядиган, бегона аёлларга ёмон қарамайдиган киши эди шўрлик.

   Умри қисқа экан-да...

   Тан оламан, авввалига довдираб қолдим. Ахир шу кунгача суянганим Файзулла акам эди-да. Рўзғор ташвишларидан тортиб хеш-уруғларнинг тўй-маъракаси қадар — бари-бариси эримнинг йўл-йўриғи билан амалга ошириларди.

   Мана шундай бир пайтда эримнинг яқинларининг айрим висир-висир гаплари суяк-суягимдан ўтиб кетди.

— Келиннинг асли ўзи бехосият, — деган эмиш қайнонам. — Шу келдию, уйимиздан фалокат аримай қолди.

   Ҳолбуки, эрим ҳаёт пайтларида мана шу қайнонам эди мендан айланиб-ўргиладиган, “Суюкли қизим” деб атайдиган.

   Қайнотамнинг дастаги эса бундан ҳам тутуриқсиз эди:

— Шу пайтда ремонтга бало бормиди?! Бунинг бари Ҳалимадан чиққан.  

   Ваҳоланки, Файзулла акамнинг ўзи эди бир куни ишдан сал ҳаяжонланиб қайтган ва:

— Хотин, — деган эди аллақачон тегишли қарор қабул қилиб қўйган одамдек ишчан оҳангда, — болалар катта бўлаяпти. Келар бор, кетар бор. Шунга уйни бир ремонт қилиб қўяйлик.

   Мен дарров ваҳимага тушиб қолган эдим:

— Дадаси, ремонт деганларига фалон пул кетса керак.

   Бунга жавобан эрим бепарво қўл силтаганди:

— Арзон йўлиям бор экан. Аста-аста, бир чеккадан қилаверамиз. Қарабсанки,  бир пасда битади-қолади.

   Албатта, бу гаплардан эримнинг уйидагилар бехабар эдилар. Балки шу сабаблидир, қайнота-қайнонамнинг гапи етмагандай, камига қайним ҳам сасибди:

— Ўзи бозорга бориб, икки кило бўёқ кўтариб келса, янгамнинг бути йирилиб қолармиди?

   Албатта, бу гапларнинг бариси балки атайлабдан, кимлардир орқали менга ошиғи билан, қўшиб-чатиб етказилиб келинарди.

   Нима ҳам дердим? Бориб жанжал қилишга уяламан, орқаворатдан қаттиқроқ гап қилай десам, айтганим қўшилиб-чатилиб, пашшадан фил ясалган ҳолда уларга етказилиб борилишига ҳам имоним комил.

   Аммо индамай ҳам қутулолмадим.

   Менинг сукут сақлаётганимни эшитган қайнонам жанжал кўтарибди:

— Айби бор-да, айби бор. Шунинг учун думини қисиб ўтирибди. Бўлмаса-ку, ҳаммамизнинг бошимизда ёнғоқ чаққан бўларди-я.

   Ўлай агар, ҳали-ҳануз мен нима учун энди ёстиқдош эрим ўлиб, ҳали жасади қабрда совумасдан туриб унинг яқинларининг, демакки менинг ҳам яқинларимнинг бошида ёнғоқ чақишим керак эканлигини тушунолмайман, Ҳатто, қайнотам айтганидек, айбим бўлган тақдирда ҳам.

   Хўш, аслини олганда, менинг айбим нима?

   Айбим, Файзулла акамга турмушга чиққанимдами?

   Айбим, у кишига иккита фарзанд туғиб берганимдами?

   Айбим, у киши билан бирга ишлаб топган пулимизга таниш-билишлардан олинган қарз-ҳаволани қўшиб, беш қаватли уйнинг тўртинчи қаватидаги мана шу икки хонали каталакдай уйни сотиб олганимизми?

   Айбим нима ахир, мусулмонлар...

   Нега бунча тилингизга эрк берасиз, ахир?

   Мақсадингиз мана шу тўрт деворми?

   Ахир бу ёқда энди ўттиз беш ёшга кирган, қирчиллама йигит, сизнинг жигарингиз ўлиб кетди-ку! Ҳеч бўлмаса ўшанинг арвоҳи чирқираб қолишидан чўчимайсизларми, одамлар?.. Сизлар ахир ўлимтик еб кун кўрадиган қузғунлар эмас, одамларсиз-ку, одамлар! Ҳар бирингизнинг Ҳазрати Инсон номингиз бор! Ҳар бирингиз бу тириклик меҳварида бир бора яшайсиз. Қолаверса, мен каби, Файзулла акам каби, ҳар бирингизнинг жонингиз ҳам омонат. Нима, абадий  яшайсизми? Мендек бир муштипар, ёлғиз суянчиғидан айрилиб, эсанкираб-довдираб қолган аёлни ғийбат қилишга, унинг ўзига, турмуш тарзига шубҳа-кин билан қарашга ким сизга ҳуқуқ берди, ким?..

   Таассуфки, бу гапларни очиқ айтолмасдим.

   Олган тарбиям йўл бермасди.

   Шу сабабли бари дардимни ичимга ютардим, бари эътирозларимни овоз чиқармай ўзимга айтардим ва алал-оқибат кучим ҳўнг-ҳўнг йиғлашга етарди, холос.

   Оқшомлари эса беихтиёр муздек болишни қучоқлаганча шивирлаб нолалар қилардим:

— Мени кимларга ташлаб кетдингиз, дадаси...

   Эвоҳ, бу қандай турмушки, ҳатто овоз чиқариб, тўйиб-тўйиб йиғлаб ҳам ололмайсан — қўшни хонада ётган фарзандларинг эшитиб қолишидан чўчийсан...

 

“ҲАММАСИ СИЗЛАРНИКИ!..”

 

   Хуллас, аста-секин бошланган висир-висир гаплар, ғийбатлар охир-оқибат улкан бўронни бошлаб келиши аниққа ўхшаб қолди.

   Эримнинг яқинлари... мени эрга бериб юборишни ҳам режалаштираётганликларини эшитиб қолдим.

— Ўшани эрга берсак — қутуламиз, ҳаммамизга яхши бўлади, ҳатто унинг ўзига ҳам, — деганмиш қайнотам.

   Ишқилиб, нима қилиб бўлса ҳам уларнинг мақсади шу икки хонали уйни ўзлариники қилиб олиш эди.

   Ёраб, Файзулла акамнинг арвоҳи чирқираб қолгандир, эримнинг ўзи эса гўрида тик тургандир!

   Ҳарқалай, осмондан тушмаганман. Асли серфарзанд бўлган қайнота-қайнонам торгина ҳовлида ҳали уй-жой қилишга улгурмаган икки ўғил ва бир қизи билан туришини яхши билардим.

   Шубҳасиз, уларга уй-жой керак. Аммо менга-чи? Ахир ўртада Файзулла акамнинг пушти камаридан бўлган иккита фарзанд бор. Мени ҳурмат қилишмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда норасида гўдакларни ҳурмат қилишса бўлмайдими? Наҳотки “Данагидан мағизи ширин” деган ҳикмат буларга бегона бўлса?

   Яна гап ташувчилар янги “хабар” етказишди: қайнота-қайнонам ўғлим Нодиржонни ўзларига олиб, менга Райҳонимни қолдиришни режалаштириб юришганмиш.

   Ўлай агар, гап ташувчиларнинг қандайдир “прописка”, “уй эгаси”, “уйда истиқомат қилувчи”, деган гапларини тушунмадим. Зеро, ҳаётлик пайтларида ҳаттоки коммунал тўловларга ҳам Файзулла акамнинг ўзлари бориб юрганликлари учун бу нарсалардан бехабар эдим.

   Аммо мен бир нарсани англаб, ҳис қилиб, қўрқувдан дир-дир титраб яшардим: улар мени боламдан, ўғилгинам Нодиржондан айиришмоқчи!

   Бунга эса чидаб бўлмасди.

   Файзулла акамнинг қирқи ўтгандан кейин мен ўз-ўзимга қасам ичдим:

— Нима қилиб бўлса ҳам, жонимни қурбон қилиб бўлса ҳам болаларимни бировга бермайман. Ўлсам-ўламан, лекин биронтасини бировга топширмайман. Мен оч бўлсам улар оч, тўқ бўлсам улар ҳам тўқ! Тамом-вассалом!

   Уйга ҳалиям эримнинг яқинлари тез-тез қадам ранжида қилиб туришар ва хонадаги нарсаларни қайта-қайта, аллақандай шубҳа ва хавотир билан кўздан кечириб чиқишарди. Уларнинг назарида, мен уйдаги барча буюмларни сотиб еяётгандек эдим.

   Ўзим ҳамшира бўлиб ишлаётган шифохонадан катта маош олмайман. Ойлигимни сал кўпайтирай, болалар катта бўлаяпти деган мақсадда бир-икки марта тунги сменага қолгандим.

   Буни эшитган қайнонам жанжалнинг зўрини кўтарибди.

— Биламиз! — дебди у киши худди мени бир неча марта ғарлик устида қўлга тушириб юргандай ишонч билан. — Биламиз келинпошшанинг кўнгиллари нимани тусаб қолганларини! Гулдай болаларини бировларга топшириб, ўзи бўлса кечалари аллақайларда қолиб кетаётганмиш! Биламиз...       Ҳаммасини биламиз!.. Ёш бола эмасмиз! Лекин билиб қўйсин, биз жондай боламизнинг арвоҳини чирқиратиб қўядиганлардан эмасмиз! Ҳали ўхшатиб жазасини берамиз!.. Шармандаи шармисор қиламиз!..

   Ваҳоланки, қайнонам истеҳзо билан “биров” деб атагани менинг ўз онам эди...

   Шунга қарамай, дарҳол тунги сменаларни йиғиштирдим.

   Ўлай агар, эрим тириклигида ҳам, ўлганидан кейин ҳам бирон эркакка кўз сузиб қарамаганман.

   Менинг учун дунёда Файзулла ака бор эди. Шунинг ўзи етарди менга. Энди эса у кишини эслаб, хотиралар билан яшардим... Устига-устак, иккита фарзандим бор. Энди уларни ўйлашим, уларни одам қилишим керак...

   Шунга қарамай, бош устимда, тўғрироғи икки хонали уйимиз устида қора булутлар тобора кўпроқ тўпланиб борарди.

   Ниҳоят эримнинг яқинлари, аниқроғи қайнота-қайнонам мени ўз қишлоқларидаги бир хотини ўлган кишига узатиш тараддудида юрганларини эшитганимда тоқатим тоқ бўлди. Аввалига тун бўйи йиғлаб чиқдим.

   Бироқ сўнгги томчи ҳам куттириб қўймади.

   Хонамга олтмиш ёшлардаги, қоп-қора, юзини ажинлар босиб кетган, биткўз, тор пешона, уккидек кўзлари ёшига номутаносиб равишда ўйнаб турадиган, бундан ташқари, ўнг қўли эгрироқ одам кириб келди.

   Мен укол олишга келган беморлардан деб ўйлаб унчалик эътибор ҳам бермадим.

   Аммо бу одам остонадаёқ менга еб қўйгудай бўлиб тикилиб турди-турди-да, сўнг палағда овозда:

— Мен Михлибойман, — деди.

— Келинг, Михлибой ака, — дедим. — Уколгами?

   Бу саволимга жавобан Михлибой ака деганлари пихиллаб кулди-да, менга безбетларча, ҳаттоки суқатойлик билан тамшаниб бир муддат тикилиб тургач, лабларини ялаб олди-да:

— Уколди ҳали кўп қўясиз, Ҳалимахон, — деди. — Аввал танишиб олайлик. Мен раҳматли эрингизнинг ҳамсояси бўламан. Сиз ёлғиз экансиз, биз ҳам...

   Шундагина қаршимда ким турганини билдим!

   Қон миямга тепди!

   Ҳали қайнота-қайнонам мана шу... чолни менга раво кўришдими?

   Қиличдай ўғилларининг ўрнига-я!

   Чопиб хонадан чиқиб кетдим.

   Кўзларимдан алам ёшлари шашқатор оқарди.

   Ўйлаганимдай, дарвоза ёнида марҳум эримнинг яқинларининг гапларини ташиб туриш вазифасига ўтиб олган аёллардан бири ишшайибгина турган экан.

— Ҳаммаси... — дея олдим мен нафасим бўғилганча, ҳарсиллаб, — ҳаммаси сизларники! Уй ҳам, нарсалар ҳам! Менга битта игна ҳам керакмас. Сизлар тўйинглар. Биз бир кунимизни кўрармиз! Ҳаммасини олинглар! Сизлар тўйинглар!..

 

МАШАҚҚАТЛАР ГИРДОБИ

 

   Уйни ташлаб чиқиб кетдик.

   Ўзимнинг ва болаларимнинг кийимларини олдим, холос.

   Қаёққа ҳам борардим — тўғри онамникига келдим.

   Ахир, тор қорнига сиққанман...

  Аммо тор қоринга безиён чақалоқ пайтида сиққан эканман.

   Кап-катта хотин, бунинг устига иккита боласи билан ҳаттоки онаснинг уйига сиғиши ҳам қийин экан.

Бунга тез орада амин бўлдим.

   Уйимиз яқинидаги шифохонага бир амаллаб ишга жойлашиб олдим.

   Болаларга онам қараб турарди.

   Мен учун оғир кунлар бошланди.

   Ҳовлида онамдан ташқари иккита акам хотинлари ва бир этак болалари билан туришарди.

   Ортиқча нонхўрлар кимга ҳам ёқарди...

   Янгаларим-ку, мени кўрди дегунча ранг-қутлари ўчганча тўрсайиб, қовоқларини солиб олишарди. Гўё биз келиб, уларнинг дастурхонидаги ошни тортиб олаётгандек.

   Акаларим бақириб-чақиришди, ҳатто:

— Судга ариза бер! Улар сендан уйни тортиб олишга ҳақли эмас! — деб туриб ҳам олишди.

Аммо мен бунга кўнмадим.

Бир камим энди икки хонали уй дардида судма-суд изғишим қолувди.

Акаларим яна бақириб-чақиришди, ҳатто мени сўкишди ҳам. Лекин мен кўнмай туриб олдим.

Охири улар қўл силташиб:

— Билганингни қил, — дейишди афсус билан. — Ўзингни-ку, ўйламаяпсан. Аммо сен болаларингнинг келажагини ҳам йўққа чиқааряпсан.

Мен ҳайрон эдим. Наҳотки болаларимнинг келажаги икки хонали каталакдай уйга боғлиқ бўлса?..

Бироқ индамадим.

Кунлар ўтаверди.

Яшаш оғир эди. Ҳам моддий тарафдан, ҳам маънан.

Янгаларим қўлларини бигиз қилиб кўрсатишмасди, холос. Ҳатто улардан бири онамга очиқдан-очиқ:

— Қизингизнинг бир айби борки, икки қўли бўш ҳолда қайтаверган, — дебди.

Буни айтаётган маҳал онам пиқиллаб йиғлаб юборди.

Менинг ҳам кучим кўз ёшимга етди, холос...

Ҳа, мен айбдорман. Безбетлик қилмаганим, аёл бошим билан уйни ташлаб чиқиб кетганим учун айбдорман.

Худо шоҳид, менинг бошқа айбим йўқ...

Бироқ буни қандай қилиб менга очиқ-ошкора шубҳа, мазах билан тикилиб турган хотинларга тушунтириб чиқиш мумкин, қандай қилиб?..

Фурсат жуда секинлик билан, мени азоб-изтироблар гирдобига маҳкум этган кўйи ўта бошлади...

 

“СЕН ҚИЗ ОДАМ БЎЛМАЙСАН...”

 

Ўртада онамга қийин бўлди.

Ахир ҳовлида бирга яшаётган фарзандлари ҳам азиз, мен ҳам азиз. Қайси бармоғини тишласа ҳам оғрийди.

Баъзан онам менга ачиниб қараб қоларкан, кўзларида ёш ҳалқаланар ва изтироб билан:

— Қиз бола борган жойида тош бўлиб қолсин экан, — дерди. Сўнг оғир хўрсиниб, қўшиб қўярди: — Отанг бечора вақтида кетган экан-да. Бу кунларни кўрмаганига шукр...

Бунақа маҳаллари менинг жаҳлим чиқарди.

— Нега унақа дейсиз? — дердим атай қўрслик билан. — Нима, мен атай шундай бўлсин депманми? Ё куёвингизга ўлим тилапманми? Тинчгина яшаб юргандим...

Ахийри онам иккилана-иккилана ўша машъум сўзни тилга оларди:

— Ҳар қалай, уйни ўзингга...

Кейинги пайтларда “уй” деган сўз менга илон чаққанчалик таъсир қиладиган бўлиб қолганди. Шу сабабли бирдан сапчиб кетиб, онамга бақириб беришдан ўзимни тийиб туролмасдим:

— Бўлди! Бас қилинг! Яна бир марта ўша ёниб-куйиб, портлаб кетгур уйни тилга олсангиз уйингиздан ҳам чиқиб кетаман. Елкамнинг чуқури кўрсин бу уйни!

Аммо аёл бошим билан, яна иккита болам билан қаерга ҳам сиғардим?

Албатта, онам буни ғира-шира бўлса-да англаб турса керак. Лекин шунга қарамай бирдан ваҳимага тушиб қорлади. Дарров мендан айланиб-ўргилишга тушади:

— Вой, Ҳалимажон, сенга бир нарса деяпманми? Айтдим-қўйдим-да. Ўзи қаригандан кейин одамнинг эси кирар-чиқар бўлиб қолар экан. Сен эътибор берма...

Оҳ, онажоним-а, қани энди эътибор бермасликнинг иложи бўлса!

Ичимдан зил кетаман, ичимдан.

Акамларнинг, янгамларнинг миннатли бир бурда нони бўғзимни тешиб чиқаётгандек...

Улар менга ўқрайиб қараб қўйишганини сезсам бир эзиламан, бироқ уларнинг болалари менинг жондан азиз фарзандларимни четлаётганини кўрсам минг эзиламан...

Эзилиб адойи тамом бўлаяпман-ку, онажон!..

   Шундай кунларнинг бирида, аниқ эсимда бор, мен дам оладиган якшанба эди,  онам ғалати гап топиб келди.

— Фармон холангнинг боласи қамоқдан қайтипти.

Тўғриси, бунақа холамни эслолмадим.

Менинг иккиланиб туриб қолганимни кўрган онам кўмакка келди.

— Сен танимасанг керак. Отангнинг ўгай синглиси бор эди. Борди-келдимиз йўқ ҳисобидайди. Шунинг боласи туҳмат билан қамалиб кетган экан. Қайтибди.

Онамнинг севиниб турганини кўриб мен ҳам илжайдим:

— Яхши бўпти.

— Шунга озроқ худойи қилаётган экан, — дея хабарини давом эттирди онам.

Мен ҳайрон қолиб сўрадим.

— Нима, қамоқдан қайтган одам худойи қилиб берадими?

Онам тушунтирди:

— Ҳа, энди, келган бало ўша ёқларда қолиб кетсин деган ниятда қилади-да... Эл-юртни чақириб, бир чўқим ош берса ёмонми?

Бу гап менга қизиқ тублди. Шунинг учун пичинг қилишдан ўзимни тийиб туролмадим:

— Ош устида қамоқхона хотираларини гапириб бериб ўтиради-да. Худди армиядан қайтган солдатдай...

Онам менга мушт ўқталди.

— Тилинг қурсин сен боланинг. Ҳаким унақа ёмон бола эмас. Туҳматга учраган-да, туҳматга. У ёғини сўрасанг, — шу ерга келганда онам менга сирли қараш қилди, — бир пайтлар шу холанг қуда бўламиз, ўртада қариндошлик иплари узилиб кетмасин деб роса югурганди. Сени келин қилмоқчийди. Ўша пайтлари отанг нимагадир унчалик рўйхўшлик бермаганди.

— Отам яхши қилган экан, — дедим жиддийлик билан. — Бўлмаса шу пайт эри ўлган бева хотин эмас, эри қамоқда ётган хотин бўлиб юрарканман.

— Тилингни ел олсин сенинг! — яна ўшқириб берди онам. — Бир гап айтиб бўлмайди сенга, чақасан-а, чақасан! Эҳтиёт бўл, бола, бошингга келган ҳар қандай балога аслида тилинг сабаб бўлади.

Энсам қотиб, яна пичинг қилишдан ўзимни тийиб туролмадим:

— Тўппа-тўғри. Ҳаттоки аварияга ҳам...

Онам менга бир пас анграйиб қараб турди-да, сўнг жаҳл билан ўгирилиб кетаркан, тўнғиллади:

— Сен қиз одам бўлмайсан...

Бу даҳанаки жангимиз одатдаги суҳбатлардан бири эсимдан чиқиб кетадигандай эди.

Лекин тез орада бу қамоқдан қайтган узоқ қариндошимиз Ҳаким менинг ҳаётимга кириб келиши мумкинлиги етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди.

Ўша куни эса онам тушга яқин иккала акамни ҳам олиб худойига кетишди.

Улар худойидан жуда кеч, оқшом тушиб, болалар ухлаб қолган маҳал қайтишди.

Аввалига “Майли, хизматда бўлишгандир, онам идиш-товоқ тозалашга қарашгандир”, деб ўйладим. Аммо иккала акамнинг уйга гандираклаб кириб келиши мени ҳушёр торттирди.

Ахир уйдан худойига деб кетишган. Билишимча, худойида ичимлик деган нарса дастурхонга йўлатилмайди.

Ҳориб-чарчаб қайтган онамдан шуни сўрадим. Онам бажонидил изоҳ берди:

— Абедга худойи бўлди, кечқурун базм.

Мен яна тушунмадим.

— Қанақасига? Ҳам худойи, ҳам базм? Худойининг савоби қаёқда қолади унда? Қамоқдан қайтиш тўймидики, дастурхонга ароқ қўйса?

Онам менга ачиниб қаради:

— Боласан-да, боласан. Икки боланг бўла туриб ўзинг ҳалиям боласан.  Майли, вақти келиб тушуниб оларсан.

Ҳа, онам башорат қилган экан, вақти келиб мен кўп нарсани тушуниб олдим. Аммо... аммо унда кеч бўлган эди...

 

“СЕНИ СЎРАБ КЕЛИШМОҚЧИ...”

 

    Орадан икки ҳафталар ўтган эди.

    Бир куни ишдан ҳориб-чарчаб, уйдаги дилхираликларни ўйлаганда эса баттар эзилиб уйга қайтдим.

    Кўнглим бежиз ғаш бўлмаган экан.

    Тўғри, бола бор жойда уриш-жанжал бор. Улар бир пасда уришиб, бир пасда ярашиб ҳам кетаверишади. Лекин катта акамнинг боласи қизчамнинг қўлидаги печенüени тортиб олибди-да: “Бизнинг уйдан кет, етимча! — деб бақирибди. — Кетмасанг, ўзингдан кўр!.. Қонингга ташна қиламан сени!..”

    Ҳар қалай, бу болага хос дўқ эмас эди. Бу пўписа, бу таҳдид ортида ёши каттароқлар тургандай. Эҳтимол, бола онасининг оғзидан эшитгандир бу гапни.

Изиллаб йиғлаётган Райҳонимни бағримга босдиму, ўзим ҳам қўшилишиб йиғладим...

Кучим бундан бошқа нимага ҳам етарди? Енг шимариб борганим билан, янгаларим айтмайдими “Бола тўғрисини айтибди... Сийиғингни бил-да энди” деб...

Карахт аҳволда эдим.

Кўзимга дунё қоронғу кўриниб кетаётганди.

Ўлай агар, мабодо фарзанларим бўлмаганда эди...

Икки болам билан бизга ажратилган эни-бўйи икки метрлик ҳужрада амаллаб тонг оттирдим.

Ўзимча режалар тузиб чиқдим: “Ижара уй топаман... Кенгроқ бўлсин... Болаларимга ҳеч бўлмаса битта алоҳида хонаси бўлсин...”

Шубҳасиз, буни режа қилиш ёқимли эди. Аммо энг асосий саволни эсламасликка уринардим: “Бунинг учун пулни қаердан топаман, қаердан?..”

Эртаси куни туни билан қучоғимда менинг энтикиб қўйишларимни эшитиб, мусичадек титраб-қалтираб чиққан Нодиржоним оч-наҳор ҳолида мактабга кетди. Райҳоним яна шу ҳовлида қолиши керак эди.

Ишга боришим лозим.

Кўзларим қалампир қуйилгандай қизариб кетган.

Мен ҳам нонушта қилмасдан ишга кетмоқчи бўлиб турарканман, Райҳоним ҳам оч қолиши мумкинлиги ўйладиму, дўконга чиқиб бир-икки булочка олиб келсаммикан, дея ўйланиб қолдим. Анча ўйландим. Зеро, мен қандайдир айби бор жувондай, бор маошимни, сўнгги сўмига қадар онамга олиб келиб топширардим. Токи болаларим шу ҳовлида беминнат ўсишсин. Токи мени, жондан азиз фарзандларимни орқаворатдан бўлса ҳам “Текинхўрлар” ёки “Нонхўрлар” деб аташмасин.

Охири ўйлай-ўйлай онамдан уч-тўрт сўм пул сўрамоқчи бўлдим. Худди шу пайт ҳовлида онамнинг йўтали эшитилиб қолди.

Þгуриб ҳовлига чиқиб, онамга салом бердим.

Онам менинг шишган юзимга, қизарган кўзларимга бир муддат тикилиб тургач, вазиятни тушунди шекилли, тўсатдан тўғридан-тўғри мақсадга ўтди:

— Сени сўраб келишмоқчи, қизим.

Бундай гапни кутмаганим учун эсанкираб қолдим.

Онам яна гапида давом этди:

— Ёмон жой эмас. Ўзимиз яхши билган-таниган жой. Қолаверса, қариндош...

Бунақа пайти айтиладиган узоқ мақтовлардан кейин ниҳоят менинг ҳамон жим турганимна кўрган онам талабгорнинг исмини тилга олди:

— Ҳаким ёмон бола эмас... Бир туҳматга учради-да...

Қотиб қолдим. Беихтиёр:

— Ие, анави қамоқдан қайтганми? — деб юбордим.

Онам менга ўқрайиб қаради:

— Нима, қамоқдан қайтган одам одам эмасми? Ё қамоққа фақат жиноятчилар тушадими? Айтдим-ку, туҳматга учраган деб...

Ана шундан кейин онам менинг этимни ўлдириш учун бўлса керак қамоқдан қайтган Ҳакимни яна мақтаб кетди. Қўйиб берсангиз, онам эндигина ўттиз бешга кириб қўйган Ҳакимни (аслида у аллақачон қирқдан ошиб кетганини кейинроқ, бўлар иш бўлиб, бўёғи кўчгандан кейин билдим) қўй оғзидан чўп олмаган, бузоқнинг ҳақи бор деб сигирнинг сутини ичмайдиган одамга чиқариб қўядиган.

Ахийри онамнинг гапини бўлдим:

— Хотини-чи, ўзининг хотини? Қамоққа бўз бола ҳолида кетмагандир унингиз?

Онам дарров изоҳ берди:

— У хотин ўлгур эр қамоққа тушгандан ажрашаман деб судга ариза бериб, ўш пайтиёқ бошини олиб чиқиб кетган якан, яшшамагур.

Кулиб юбордим:

— Нима, сочини тараб, кутиб ўтирсинми туҳматга учраб қамалган эрини? Ўзи неча йилга кесилган экан арзандангиз?

Онамнинг мақтов аралашган гап-сўзларидан, туҳматчиларни қарғаб-қарғаб берган изоҳларидан сўнг тушунганим шу бўлдики, бу Ҳаким деганлари туҳмат билан ўн бир йилга кесилиб кетган экан. Шундан етти йилини ўтаб, амнистияга учраб қайтибди.  Хотин эса ўша эр қамалган йилиёқ кетган экан кўч-кўронини олиб.

Орадан бир фарзанд бўлган экан. Қиз. Аммо собиқ хотин уни ўзи билан олиб кетган. Собиқ хотин аллақачон бошқа эрга тегиб, янги эридан уч-тўрт фарзанд орттириб ҳам улгурган экан.

— Бегона эмас, ўгай бўлса ҳам холангнинг боласи, — тинмай жаврарди онам. — Уй-жойи кенг-мўл. Болаларинг билан бемалол яшайверасан. Аввалига Нодиржонни ўзим тарбия қилиб тураман.

Бу гап шубҳали туюлди ва мен онамга синчиклаб қарадим.

Онам шоша-пиша ўзини оқлашга тушиб кетди:

— Холангга битта боласи бор, деб юборибман. Адашиб... Шунга, уч-тўрт ой Нодиржон биз билан яшаб турса...

Онам шўрлик-а, онам шўрлик, ишқилиб, нима бўлса ҳам мени эрга қўшқўллаб узатиб юбориш учун адашиб эмас, атайлабдан “Биттагина қизчаси бор” деган-да...

Бир нарсани тан олай. Уйдаги жанжаллардан жонимдан тўйиб турган эдим.

Айниқса онам менга мўлтираб қараб:

— Шўрлик меҳрга зор. Сал меҳр кўрсатсанг, бошингга кўтаради, — дегани юрак-бағрим эзилиб кетди.

Назаримда Ҳакимжон деганлари ҳам менга ўхшаб қийналиб, эзилиб юрган бандалардан эди. Меҳр кўрсатиш эса қўлимдан келади...

Ва мен:

— Майли... — деб юбордим.

 

ЯНГИ ЭР

 

Ҳаётимнинг кейинги икки йилини батафсил тасвирлаб ёзай десам, ўнлаб дафтарларни тўлдириб ташлашим аниқ.

Айтиб берай десам, қайғули, мунгли ҳикояларим тонг қадар тугамаслиги ҳам тайин.

Энг асосийси — уларнинг барини эслашга илвираб қолган юрагим дош бермайди, асабларим чидамайди.

Эвоҳ, айбим нима эди, нима учун пешонамга фақат ғам-алам, азоб, изтироб ёзилган?..

Хуллас, барча ишлар ими-жимида ва шу қадар ошиғич суръатда адо этилдики, мен ҳатто йигирма-ўттиз қариндош-уруғ иштирокида ўтган тўйга қадар куёв бола билан учрашолмадим ҳам.

Балки этимни ўлдириш учундир, ишқилиб, Ҳаким аканинг суратини олиб келиб беришди.

Суратда бақувват, тўғрироғи ҳирсдай семиз, картошка бурун, қисиқ кўзли, қошлари йўғон бир йигит объективга ўқрайиб қараб турарди.

Ҳаким акани мен — агар шундай аташ мумкин бўлса — чимилдиқда кўрдим.

Мен тўрда, тўшак устида бошимга катта рўмол ўраб ўтирардим. Кичкинагина хонага тамаки иси ўрнашиб қолгандай эди назаримда. Нимагадир шу ис менга ёқмайди. Бахтимга Файзулла акам чекмас, уйга кашанда меҳмонлар келганида эса уларни чекиш учун айвонга олиб чиқарди.

Бир пайт хона эшиги очилди ва озғингина, ҳаттоки хира чироқ ёруғида ҳам калта  сочлари оқариб кетганлиги билиниб турган эркак... оғзида сигарета билан кириб келди.

Бу одам... менга кўрсатишган суратдаги йигитга асло ўхшамасди. Тўғри, қаерларидир, мисол учун, ўсиқ қоши ўша суратни сал-пал эслатарди.

Кўз қирим билан кузатиб турибман. Ҳаким ака деганлари сигаретасини босиб-босиб чеккач, кулдон излагандай атрофга бир аланглади-да, сўнг сигарета қолдиғини шундоқ остонага ташлагач, уни яланг оёқларида намойишкорона эзғилаб ташлагач, шошилмай менга яқинлашди.

Бир вагон тамаки босиб келаётгандай эди устимга.

Ўша қўланса ис...

Янги эримдан биринчи эшитган сўзим қандайдир беписандроқ, ҳаттоки эҳтимолки мазах оҳангида айтилган:

— Қалайса-ан? — бўлди.

  Мен ҳатто жавоб беришга ҳам улгуролмадим.

Ҳаким ака шундай кўз ўнгимда кўйлаги тугмаларини еча бошлади. 

Шунча яшаб, Файзулла акам бирон марта чироқ ёруғида ечинганини эслай олмайман...

Эркак деганлари ҳам ҳар хил бўларкан.

Мен анграйиб қолдим.

Шимини ечиб, тиззасига қадар етадиган катта, кенг қора трусида қолган, бундан оёқлари чиллашир бўлиб кўринаётган Ҳаким ака тўсатдан устимга ташланди.

Янги эрим эрталабгача мени қийнаб, эзғилаб чиқди.

— Қамоқдан роса голодний бўлиб келганман-да, — деб қўяди у ора-сира.

Ваҳоланки, тез чарчаб қолади, ҳарсиллаб, оғир-оғир нафас ола бошлайди.

Менинг эса нафасим бўғилади. Зеро, Ҳаким аканинг бутун вужуд-вужудига ўша қўланса ис ўрнашиб қолгандай эди. Айниқса лабимдан ўпган маҳаллари ёки тилимни сўришга уринган маҳаллари оғзимга бадбўй ис бостириб киргандай бўлади, беихтиёр ўқчиб юборишдан ўзимни аранг тияман.

Бундай аҳволда на ҳузурни ҳис қиламан, на лаззатни.

Ишқилиб бари тезроқ тугай қолса, бир ютумгина бўлса ҳам тоза ҳаво олсам дея ичимда илтижо қиламан. Охири сулайиб қолган янги эрим кўзи илинган маҳал судралиб бориб деразани ланг очиб юбордим ва ҳовлидан келган тоза ҳавони тўйиб-тўйиб симирдим...

Мен бировга бир нарсани миннат қилмоқчи эмасман. Очиғини тан оламан, миямга соддалил онамнинг “Шўрлик меҳрга зор. Сал меҳр кўрсатсанг, бошига кўтаради” деган гапи ўрнашиб қолган эди.

Худо шоҳид. Мен меҳр кўрсатишга уриндим. Афсуски, бир ғазалда айтилганидай, “Меҳр кўп кўргаздим, аммо...”

 

ЯНГИ АЗОБЛАР

 

Ҳайҳотдай ҳовлида мен, қайнонам ва эрим яшардик.

Қариндош-уруғлар билан алоқалар йўқ ҳисобида эди.

Мен биринчи кундан “Тор жойда гўшт егандан, кенг жойда мушт еган маъқул” деган нақлга амал қилиб, ҳовли юмушларига бошим билан шўнғиб кетдим.

Эрим қамоқдан касалманд бўлиб қайтган экан.

Дарвоқе, ўша суратдаги чиндан ҳам Ҳаким ака экан. Фақат йигит пайтларидаги сурати экан. Қамоққа тушмасидан бурун.

Қамоқдан озиб-тўзиб, жуссаси кичрайиб қайтган эримга дорихонадан дармондорилар олиб келдим, жисмга қувват берувчи уколлар қилдим.

Ўзимни кенг уйнинг бекаси сифатида ҳис қилиб, турли-туман, оғизга ёқадиган овқатлар тайёрлай бошладим.

Қайнонам Фармон хола биринчи кундан бошимда сув айлантириб ича бошлади, десам хато бўлмас. Истараси иссиқ, юзида фариштаси бор кампир эди бечора (Илойим, жойи жаннатда бўлган бўлсин).

Тез орада эса мен асло билишни истамаган ҳақиқатлар маълум бўла бошлади.

Ҳаким ака ҳеч қандай туҳмат-пуҳмат билан қамалмаган экан. У киши катта пул эвазига поездда қўшни давлатлардан бирига наркотик моддани олиб ўтиб бераётган пайтда қўлга тушган экан.

Қамоқда эса бу иродасиз, қўпол, тўнг одам буткул жоҳил бандага айланганди...

Худо шоҳид, мен олти-етти ой уйим-жойим, янги эрим деб астойдил ҳаракат қилдим.

Ахир аёлман, менинг ҳам бахтли, осуда ҳаёт кечиришга ҳаққим бор-ку.

Тез орада эса эримнинг нега баъзан жуда тез чарчаб қолишию, баъзан тонгга қадар мени ухлатмасдан қийнаб чиқиши сабабини илғадим.

Эрим кўкнори чекар экан...

Аввалига мен хоналарга ўрнашиб қолган бу бадбўй исни тамакиники деб ўйлагандим.

Йўқ, бора-бора эрим наша чекишни ташлаб, энди кучлисидан томирига эмлашга ўтганида сезиб қолдим буни.

Ахир ҳамшираман. Эримнинг билагидаги қоп-қорайиб турган ўринлар ниманинг асорати эканлигини тушуниш қийин эмасди...

Ана шундан кейин мен учун азобли кунлар бошланди...

Қайнонам билан роса ҳаракат қилдик, ялиниб-ёлвордик, дўқ-пўписа қилдик, “Кетамиз” деб қўрқитиб ҳам кўрдик, аммо барибир банги Ҳаким акани тўғри йўлга сололмадик.

Тез орада уйдаги буюмлар бирин-кетин йўқола бошлади. Ҳаттоки менинг яккаю ягона тилла сирғамни ҳам яшириб қўйган жойимдан эрим топиб олиб, бозорга олиб чиқиб сотганида ва эвазига томирини эмлатиб келганида чидай олмадим...

Тўғри милицияга бораётгандим. Қайнонам тиз чўкиб ялинди:

— Мен учун шу сафар ҳам кечиринг...

Кечирдим. Қайнонам ҳурматига милицияга бормадим.

Тез орада эса эрим берган тилхатларни кўтарган аллақандай шубҳали-шубҳали одамлар келиб, қарзни тўлашни талаб қила бошлашди.

Уйда пул йўқ эди.

Узлуксиз жанжаллардан қўрқиб, юрак олдириб қўйган Райҳонимни онамникига олиб бориб қўйдим.

Уй энди уй эмас, дўзахга айланганди.

Қайнонам тинмай йиғлар, Ҳаким ака қайлардадир қочиб юрар, қарзни сўраб келувчиларнинг кучи эса менга етарди...

Адойи тамом бўлдим.

Шундай кунларнинг бирида, мен ишга кетганимда Ҳаким ака уйга бировни бошлаб келади ва онасига:

— Уйни сотаман, бу киши харидор, яхши пул тўлайди, — дейди.

Шўрлик қайнонам дод солиб уларнинг йўлини тўсади.

— Уйни сотирмайман! Бу уйда келиним, неварам бор! — деб туриб олади.

Бечора қайнонам Райҳонойимни ўз неварасидай кўрарди.

Жаҳли чиққан Ҳаким ака ўз онасини силтаб, дарвозадан четлаштиради.

Қарим кампирда қанчаям жон бўларди...

Қайнонам орқаси билан гандираклаб бориб бетон йўлакка йиқилади.

Орқа мия бетонга қаттиқ урилган бўлади...

Кампирнинг қонга беланаётганини кўрган харидор жон алфозда қочиб қолади.

Ҳаким ака чопқиллаб менинг олдимга келди.

Шўрлик қайнонамни дарров шифохонага олиб келдик.

Кўп яшамади бечора.

Кечга бориб узилди...

 

АРОСАТДА ҚОЛДИМ

 

Ана энди Ҳаким ака бутунлай қутуриб кетди. Зеро, энди уни бу йўлдан қайтариб турадиган одам қолмаганди.

Эрим мени умр йўлдоши эмас, қандайдир вақтинчалик ўйинчоқ, эрмак сифатида кўрар, ҳеч қандай масалани мен билан маслаҳатлашиб ўтирмасди.

Шундай бўлди ҳам.

Мен ишда пайтим эрим ҳовлини сотиб юборибди...

Ҳали қонуний никоҳдан ҳам ўтмагандик... Ҳовлининг янги эгалари келиб, кўчиб кетишимга уч кун муддат беришди. Зир қидириб ҳам эримни тополмадим.

Тез орада эса Ҳаким ака фоҳишахонада суюқоёқ аёллар билан биргаликда наркотик моддалар истеъмол қилаётган пайти милиция ходимларидан томонидан қўлга олинганини эшитиб қолдим.

Қамоққа бордим.

Аммо Ҳаким ака мен билан учрашувга чиқмади.

Орадан белгиланган уч эмас, саккиз кун ўтиб кетганди. Ҳовлимизнинг янги эгалари кўч-кўронларини кўтариб келишди.

Ноилож ҳовлини бўшатдим.

Судга ҳам бормадим. Ҳаким акани узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилишгани эшитдим.

Яна... онамнинг ҳузурига қйтдим бош эгиб.

Онам мени йиғлаб-сиқтаб қарши олди.

Ҳаётнинг қизиғи қолмагандек эди.

Аммо яшаш керак эди.

Ҳеч бўлмаса болаларим учун.

Яна ишга қатнай бошладим.

Уйимиздаги барча таъна-дашномларга, мазахларга, ошкора пичинг, ҳақоратларга фарзандларим ҳаққи чидашга ўз-ўзимга онт ичдим.

Мана шундай кунларнинг бирида... ҳомиладор эканлигимни ссезиб қолдим.

Энди нима қиламан?

Неча кунки, бошим қотган.

Энди нима қиламан?..

Ҳаким аканинг, ўша нашаванднинг зурёди бу.

Албатта, олдириб ташлашдан осони йўқ.

Аммо бу бир парча этнинг айби нима?..

Ишқилиб, гаранг аҳволдаман. Нима қилишни, қандай йўл тутишни билмайман. Ўзим бундай аҳволда, шароитда бўлсам. Сичқон сиғмас инига, деганларидек...

Хуллас, ўйлай-ўйлай азиз мухлисларга арзи-ҳолим битилган қисқача мактуб билан мурожаат этишга қарор қилдим.

Ёрдам беринг, азизлар. Йўл-йўриқ кўрсатинг.

Мен энди қандай яшашим керак?..

Мактубларингизни кутиб қоламан.

 

Сизларга катта ҳурмат-эҳтиромлар билан, Ҳалима (Самарқанд вилояти)

Оққа кўчирувчи - Абдуқаюм Йўлдошев.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот