Сиз оқибатлисиз, Марина


 

   Марина, ўйчан тикилиб турганингизни кўриб, савол беришга ботинаман: “Ёшингиз нечада, қачон, қаерда туғилгансиз? Сиз киприкларингизни оғир пирпиратганча юзингизни дераза томон буриб олдингиз. Мендан юз ўгирдингиз. Чой совуб қолди. Ширинликка қарамайсиз ҳам… Ўрнингиздан турганингизни кўриб маъюс термуламан. Сиз индамай кетиб борасиз.
  Сизга етиб олмоқ илинжида Сиз томон чопиб бораман. Аммо етиб улгурмасимдан дуч келган автобусга чиқиб оласиз. Ойнадан мени кузатаётганингизни кўриб, кўнглим жойига тушади. Қувониб кетаман. Қўлларимни силкитаман. Сиз ҳаволарга нимадир ёзасиз. Ўқишга тутинаман. “1971 йил. ОЛМОС”. Нафасим ичимга тушиб кетади. Нега шундай, Марина? Ёшингиз эсимдан чиқиб кетган. Аниқ биламан, миллатингиз… ўзбек… Сизнинг… Хафа бўлманг, эҳтиётсизлик қилдим: миллатингиз йўқ сизнинг…
 Ҳақиқий шоирнинг миллати бўлмайди, ёши ҳам. Сиз менинг қизимга ҳам тенгдошсиз, набирамнинг набирасига ҳам тенгдошсиз… Мени кечиринг, Марина.
Ўзимни бир жойга йиғиб ҳаёт томон талпинаётган ва бир пайтнинг ўзида нимасидандир айрилаётган, ўлаётган одам каби ортингиздан ўзимни отаман. Сиз йўқ… Автобус кўз илғамас олисликка сингиб борарди…


* * *


 Марина, китоблар ёлғон айтган: Сиз ўзингизни ўзингиз ўлдирмагансиз. Сизни ўлдиришган — Сиз ўлмагансиз. Бу ҳолат қайта-қайта такрорланган ва бунга ўзларининг ҳам кўзлари етгач, индамайгина қўл силтаб қўйишган. Сиз ҳаётдан зериккан вақтларингиз Серёжа ва Алядан мадад оласиз. Дарахтларга суянасиз. Осмонларга чиқиб, ҳаволарга айланасиз. Бутхона ва ҳаттоки эчкиларингиз ҳам эсингиздан чиқмайди.
  Сиз оқибатлисиз, Марина.

Хосият РУСТАМОВА.
                      Кундаликдан, 1996, апрель.