ЎН БЕШИНЧИ


 

     Шифокор хузурига навбатга турган Шухратжон инжиқланиб онасига ялинди:
- Илтимос ойижон кетайлик. Одамни қаранг кўпку.
   Одина ўғлининг мўлтиллаб турган кўзларига қарадию, ҳеч нарса демай яна ҳаёлга берилди.
Агар вақтни бир йил орқага қайтаришнинг иложи бўлганидами? Дадасининг гапига кирган, хозирги кўргуликлар ҳам йўқ бўларди. Эх... Тирикчилик қурсин. Иш, иш, иш дебдию, боласига яхшироқ қарамабди. Ўшанда рахматли ойиси ҳам тирик эди.
   «Шухратжоннинг милки ўз- ўзидан қонаб кетяпти. Оёқларида ҳам ғалати қонталаш доғлар пайдо бўляпти» деганидаёқ, онаси дархол уйга қайтишни ёки ўша ердаёқ набирасини яхши шифокорга кўрсатишни кўп марта тайинлаганди.
   У на отаси, на онасининг насиҳатларига кирди. Эрининг гаплари эса жўялироқ туюлди.
- Э, ваҳима қилишмасин. Шухратжоним отдай. Озгина сабр қил онаси. Уйимизи битирдик, ўғлимизнинг қўлини халолладик, энди битта машинага етадиганини йиғайлик, кейин қишлоққа қайтамиз. Ўриснинг юртида ҳавасга юрганимиз йўқку...
Ўшанда эрига индамай, ўзи боласини шифохонага олиб борса бўлар экан. Балки полвон боласи бир бурда бўлиб қолмасмиди...
   Эшик очилиб дарозгина ҳамширанинг калласи кўринди. Навбатда турганларга ғудраниб, чийиллади:
- Ўн бешинчи номер! Ўн бееееш борми?...
   Одамлар чулдираб бири- биридан навбат рақамини сўрай кетишди. Ўн бешни топа олмай, ўн олтига йўл беришгандагина Одина дик этиб ўрнидан туриб, эшик томон интилди.
- Мен, мен ўн беш.Мана қоғозчам. Узр, эшитмабман.
   Ўн олтининг хафсаласи пир бўлди. Навбатдагиларнинг эса энсаси қотди.
-Ухлаётодизми? Олдинроқдан харакат қилмайсизми?
-Беғам оналар кўпда. Ҳаммамиз ҳам бола билан турган бўлсак, имилламанг! Тавба қилдим.
- Киринг! Шалпаймай...
   У ичкарига аранг кириб олгач, дўхтирга мўлтиради.
- Анализ қанақа чиқибди дўхтир?
   Қотмадан келган, гардиши тилла кўзойнагини бурнига қўндирган шифокор дафтарга нималарнидир қайд этар экан, бошини кўтармай савол берди.
- Ўн бешинчи қани мамаша? 
   Шундагина у шошганда боласи ташқарида қолганини тушуниб, эшик томон бурилди.
- Тўхтанг, шарт эмас. Ўзингиз билсангиз етади. Таҳлил натижаси шуни кўрсатдики, унда оқ қон аниқланган. 
   Одинанинг оёғи остидаги ер чирпирак бўлиб, кўзи тиниб кетди. Шунда ҳам ўзини қўлга олиб, «адашяпти, бўлиши мумкин эмас» деган умид билан, оқ халат соҳибининг этагига чўкалади: 
- Дўхтиржон, яхшилаб қаранг! Менинг ўғлимнинг исм шарифи Охунов Шухратжон. Ўн беш эмас... Янглишаётгандирсиз? 
   Дўхтир кўзойнагини ечиб унга бир парча қоғозни узатди ва тахлил натижасини овоз чиқариб ўқиб берди...
   Бир сатрни ҳам тўлдирмаган ташхис уни йиқитди...
   Елкасидан тутиб олиб чиқиб кетишаётганидагина ҳамширанинг навбатдаги ҳукми янгради:
- Ўн олтинчи! Ўн олти борми?..

 

Муаззам Иброҳимова