ЭНГ ШИРИН ТАОМ


- Қизим , юмшоққина мастава пишириб бермайсизми? Анчадан буён ичгим келяпти...
   Дарвозахонадаги хужра томондан аранг эшитилган хастаҳол овоз Хамиданинг ғашини келтирди. Хола-хола ўйнамоқчи бўлиб турган қизчасига ўйинчоқ идиш-товоқларни узатар экан, уф тортгач, жавранди:
- Хоп, ойижон! - Сўнг овозини хиёл пасайтириб, киноя билан вишиллади,- Маставамиш?! Ажалнинг уруғи ширинроқ эмасми? Ҳар куни пишириб берардим...
- Бир нима дедингизми, болам?
   Ҳамиданинг энсаси қотди. Бир жойда ётган ўсалу, қулоқ ўлгур локатор. Пичирлаб айтилган гапни ҳам илғаб олади.
   У қайнонаси ётган уй деразасидан ичкари мўралар экан, ясама табассумини қизғонмади:
- Ўғлингиз олиб келган қўй сарпанжасидан бор. Ҳозир, ширингина мастава ташаб қўяман деяпман...
   Кампир маъқул дегандай бош ирғаб, кемшик тишларини кўрсатиб, жилмайганча дуо қилди...
- Қўлингиз ширин-да болам, барака топинг...
   Илхақ қилган хушхўр мастава тез тайёр бўлди. Қайнонасига сузиб, ичкарига ташлаб чиққан Ҳамида айвончага дастурхон тузар экан, болаларини чақирди:
- Ҳулкар. Ҳулкаар, қаттасан? Отабек, бор синглингни топиб кел, овқатланамиз! Ўртоқлари билан ўйнаётгандир.
   Бир пасдан сўнг синглисини топиб келган ака унга ишора қилиб, қовоқ уйди:
- Қизингизнинг афтига қаранг, ойи. Хола-хола ўйнаб, ҳамма жойини расво қилибди. Қўлидаги бир балоларни ҳам ташламади.
   Эндигина бешга тўлган Ҳулкар бир силтаниб аканинг қўлидан чиқар экан, дадилланиб ўзини оқлади:
- Бу, бир бало эмас. Овқат! Атайин ойижонимга пиширдим.
   Ҳамиданинг мижжасига ёш қалқди. Ўйин тарзида бўлса ҳам меҳрини изҳор қилишга уринган Ҳулкарини қучоқлаб, идишчадаги ажабтотовур таомдан тотиб кўрди.
- Бай-бай-бай! Мунча ширин! Ростдан ўзинг пиширдингми?
-Ҳа! - дея бош ирғаган қизининг оғзи қулоғида, ойисига ёқишини биларди-да!
   Онаизор эса қизидан яна ширинроқ изоҳ эшитиш илинжида эди.
- Буниси узум, олмадан ҳам солибсан, анор, ёнғоқ... Ўхўў шафтоли ҳам бор-ку! Овқатингни оти нима?
- Ўзингиз топинг-чи?
   Ҳамида болалигини эслади. Улар ҳам дугоналари билан шунақа ўйинлар ўйнашарди. Турли мевалар, сабзавотларни тўғраб, салатлар тайёрлашар, баъзан қум, тош, гул, барглардан ҳам «овқат» пишираверишарди. У ширин хотираларга берилганча, жавоб қайтарди.
- Бу - мевали салат!
   Ҳулкар кулиб юборди. Соддагина онажонисини қучоқлар экан, қулоғига пичирлади:
- Тополмадингиз, ойижон! Яна еб кўринг-да, бўлмаса шаҳар берасиз!
   Ҳамида илжайди.
- Шаҳар бердим!
   Онаси енгилганини тан олгачгина, у товоқчани юқори кўтариб, тантанавор тарзда эълон қилди:
- Бу таомнинг номи - Ажалнинг уруғи! Энди сизга ҳар куни пишириб бераман....
   Ҳамиданинг оёғи остидаги ер қалқиб, кўз олди қоронгулашди. Ҳозиргина чайнаган луқмасига қўшиб сўнгги нафасини ҳам ютаётгандай хириллаб қолди...
   Ҳужра томондан эса косага урилаётган қошиқ товуши ва кампирнинг дуосигина эшитилиб турарди:
- Мендан қайтмаса, Худодан қайтсин... Худодан қайтсин, болам!


Муаззам Иброҳимова.
2017 йил.