Ўзбекистон халқ артисти - Рихсивой Авазов


     ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ - РИХСИВОЙ АВАЗОВ - 1942 йил 10-Январьда Жанубий Қозоғистоннинг Турбат қишлоғида туғилган. 1959 йилда Тошкент шаҳридаги 22-ўрта мактабни битириб, Алишер Навоий номли опера ва балет театрида саҳна ишчиси бўлиб ишлайди, айни пайтда А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг "Драма ва кино актёри" факультетининг кечки бўлимида ўқийди — Ўзбекистон халқ артисти Альберт Хачатуров қўлида таҳсил олган. Р. Авазов 1965 йилда институтни тамомлагач, Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрига актёр сифатида ишга бошлади. "Сарвиқомат дилбарим"даги Камол Р.Авазовнинг театр санасидаги биринчи образи бўлди. Ўз устида тинмай ишлаган, устоз санъаткорлардан саҳна сирларини қунт билан ўрганиб борган ёш актёр театр репертуаридаги асосий спектаклларда роллар ижро этиб, томошабинлар эътиборини қозонди. Р.Авазов театрда ишлаш жараёнида Абдураззоқ (М.Шайхзода, "Мирзо Улуғбек"), Матлаб (Э.Воҳидов, "Олтин девор"), Орсини (Дюма, "Нел минораси"), Кимёгар (Уйғун, "Абу Райҳон Беруний"), Шпигельберг (Шиллер, "Қароқчилар"), Анвар (Ибрагимбеков, "Кўк эшик ортидаги аёл"), Маслаҳатчи (Шварц, "Қор маликаси"), Анучкин (Гоголь, "Уйланиш"), Тиреси (Софокл, "Антигона"), Мамарасул (Ў.Умарбеков, "Қиёмат қарз"), Зевс (М.Карим, "Оловни ташлама, Прометей"), Петушков (Л.Толстой, "Тирик мурда"), Адо (Т.Тўла, "Нодирабегим"), Абу Файсал (Уйғун, "Абу Али Ибн Сино"), Прокурор Улин (Абдулин, "Ўн учинчи раис"), Мансур бахши (П.Қодиров, "Юлдузли тунлар"), Норимбет (М.Авезов, "Абай"), Амирхон (Уйғун, "Зебуннисо"), Ҳамдам (Шукрулло, "Ўғрини қароқчи урди"), Ёрмат (Ойбек, "Қутлуғ қон"), Алишер Навоий (А.Навоий, "Сабъаи Сайёр"), Ҳамид (И.Султон, "Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари"), Брут (Шекспир, "Кориолан"), Амир Сайид (А.Самад, "Соҳибқирон Темур"), Муҳаммад овчин (А.Орипов, "Соҳибқирон Амир Темур"), Йўлдош Одамич (Б.Мухаев, "Ҳаётдан тўйган тун"), Дарвешали (О. Ёқубов, "Бир кошона сирлари"), Соқивой (С.Имомов, "Шайтон ва фаришта") каби турли табиатдаги кўплаб ролларни етук маҳорат билан ижро этган. Р.Авазов 20 йилдан бери Ўзбекистон телевидениясида суратга олинган видеофильмлар ва "Оталар сўзи—ақлнинг кўзи" телекўрсатувларида роллар ижро этиб, санъат мухлисларига манзур бўлиб келган. Видеофильмларда актёр томонидан қойилмақом қилиб ижро этилган Қиёсиддин (Ойбек, "Алишер Навоий"), Аҳмад Танбал (П.Қодиров, "Бобур"), Қўшмоқов (Ў.Усмонов, "Гирдоб"), Бобур (Б.Бойқобилов, "Тун ва кун") каби ролларни ҳамон томошабинлар мароқ билан томоша қилишади. Р.Авазов кўп йиллардан бери "Ўзбекфильм" киностудиясининг дубляж гуруҳида фаол қатнашиб, "Ўгай она", "Донишманд Ярослав", "Қирол Лир", "Эртага ярим тунда", "Филипп Марлоу", "Федерал полиция" каби мингдан ортиқ бадиий фильмлар ва киносериалларга овоз берган. Рихсивой Авазовнинг ижодий меҳнати муносиб баҳоланиб, 2000 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони билан тақдирланган.
     Рихсивой Авазов 2013-йил, 26-февраль куни вафот этган.