Саттор Ярашев (1915-1991 й.)


    Ўзбекистон  халқ  артисти, таниқли опера артисти ва хонанда - Саттор Ярашев 1915 йил 26 февральда Бухоро вилоятининг Вобкент тумани, Муғиён қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топган. 
     1947 йилда актёр маҳоратини ошириш учун Москвага жўнаб кетади. У Чайковский номли Москва Давлат консерваторияси қошидаги Ўзбек опера студияси талабаси бўлиб, 1952 йилда битирган. 1972 йилда эса Тошкент давлат консерваторияси (ҳозирда Ўзбекистон Давлат консерваторияси)ни тугатган.
  Ижодий фаолиятини 1937 йили Вобкент тумани колхоз-совхоз театрида  бошлаган санъаткор кейинги йилларда Бухоро вилоят театри (1940-1943), Янгийўл мусиқали драма ва комедия театри (1943-45)ларда меҳнат қилган. Бу даврда баркамол артист Тоҳир (“Тоҳир ва Зуҳра”) Муқанна (“Муқанна”), Фарҳод (“Фарҳод ва Ширин”) ва бошқа спектаклларда бош ролларни муваффақият билан ўйнади.
    1940 йил уни Бухоро вилоят мусиқа драма театрига таклиф этишган. Мазкур театр саҳнасида ҳали ёш Ярашев хизмат кўрсатган артист, режиссёр Миробид Мусаев раҳбарлиги остида ҳақиқий артист бўлиб етишди. Бу театрда Саттор Ярашев асосий ролларни ижро этди.
    С. Ярашев опера ижрочилигини халқ ашулачилик услублари билан уйғунлаштира олган санъаткор эди. Бу услуб у ижро этган Қайс (Т. Содиқов, Р. Глиэр, “Лайли  ва  Мажнун”), Чўпон (С. Юдаков, “Майсаранинг иши”), Моний (М. Ашрафий, “Дилором”), Фурқат (И. Султон, М. Ашрафий, “Шоир қалби”), Йўлчи (Р. Ҳамроев ,”Зулматдан зиё”) ва бошқаларда кўзга ташланади.
   С. Ярашев моҳир хонанда ҳам эди. Унинг концерт дастурида мақом йўлларидаги “Ушшоқ”, “Дугоҳ”, Сегоҳ”, Феруз”, ”Эй, сабо”, ўзбек халқ қўшиқларидан “Ўйнасин”, “Қалб оташи”, “Марказий Фарғонага”, “Айрилиб” каби тароналар мустаҳкам ўрин олган эди.
     С. Ярашевнинг ижодий меҳнати муносиб тақдирланиб, 1959 йилда  унга  “Ўзбекистон  халқ  артисти” фахрий  унвони берилган. 1967 йилдан Тошкент театр-рассомлик институти доценти унвони берилган. У Меҳнат байроғи, “Ҳурмат белгиси” орденлари, медаллар, мақтов ёрлиқлари билан тақдирланган.
   С. Ярашев 1991 йилда Тошкентда вафот этган. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот