Чархий қачон вафот этган?


   Энциклопедик луғатларда, бу борада маълумот берган айрим сайтларда Ўзбекистон халқ шоири Асқарали Ҳамроалиев Чархийнинг вафот этган санаси нотўғри берилмоқда. Бу кимгадир аҳамиятли эмасдир, лекин тарих учун, шоир ижодини ўрганувчи тадқиқотчилар учун муҳим саналарнинг тўғри ёзилиши муҳимдир. Шу боис, ушбу мақолани ёзишга қарор қилдим.
   А. Ҳ. Чархийлар оиласи Қўқоннинг Муқимий, Ҳамза каби шоирлар яшаган Исфара гузари маҳалласида истиқомат қилган. Менинг қайнотам Усмонжон Ҳусаинов шу маҳаллада ўз ҳурмат-эътиборига эга, дунёқараши кенг савдогар киши бўлганлар. Улар Асқарали Чархий билан дўст бўлиб, якшанба кунлари қайнотамнинг деҳқон бозоридаги дўконида йиғилиб суҳбат қуришар экан. Ўша вақтларда ўспирин йигит бўлган турмуш ўртоғим Солижон Ҳусаинов уларга чой ташиб, қизиқарли гурунгларига гувоҳ бўлган экан. (Бу ҳақдаги тўлиқ маълумотлар " Шарқ юлдузи" журналининг 2004 йил 1-сонидаги " Чархийдек бир дўстинг бўлса..." номли илмий-публицистик мақоламизда ва Қўқон давлат педагогика институтининг Чархий юбилейига бағишланган илмий-амалий анжуман материалларида берилган).
   Биз 1979 йили 14 декабрда жума куни никоҳдан ўтдик. У вақтда никоҳлар бир кун олдин рўйхатга қайд этилар эди. Ҳаётда тўй ҳам, аза ҳам ёнма-ён деганларидек, бизнинг безатилган енгил машиналаримиз катта кўчага бурилганда тумонат одам Чархий домлани жойларига қўйгани олиб кетишаётган экан. Никоҳ куни киши ҳаётидаги муҳим воқеа бўлгани учун бу сана яхши ёдимда қолган.
   Интернет сайтларида эса, Чархийнинг вафот этган санаси 18-декабрь деб берилмоқда. Шоирнинг қабрига бу сана қандай ёзилган экан?-деган бир ҳақли савол туғилиб, бунга аниқлик киритиш учун шоирнинг сингиллари Азиза опа Асқарова билан боғландик. У киши акаларининг 14-декабрда вафот этгани, қабртошига ҳам шундай ёзилгани ҳақида маълумот берди. Азиза опа яна бир муҳим маълумотни ёдга олди. Дадалари Асқарали акага "Сиз ҳаволар исиб, айвонга чиққанимизда туғилгансиз", -деган эканлар. Демак, туғилган саналари ҳам март ойларига тўғри келади асли. Лекин ўша даврда баъзи сабабларга кўра ҳужжатлар кейинроқ расмийлаштирилиб, туғилиш саналари ҳам 23-февраль ёзилган экан.

   Фарида Ҳусаинова - Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Қўқон бўлими раҳбари, "Ҳўқанди латиф" ёш ижодкорлар тўгараги раҳбари, шоира.