Қирқ йиллик қадрдоним эди


- Бу – ҳаёт, бу – тақдир. Бу пешонага битилган умр. Ҳаёт турфа хил синовлардан, мукофотлардан, йўқотишлардан, топмоқликлардан иборат. Икки эшик ораси оралиғидаги умрда хайрли амаллар билан чиройли ва мазмунли яшаб ўтмоқлик катта саодатдир. Қирқ йиллик қадрдоним, дўстим, курсдошим, ҳамкасбим, саҳнадошим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов саодатли умр кечирган, баракали ва мазмунли яшаб ўтган инсонлар сирасига киради. Дўстим Абдураимни Оллоҳнинг назарига тушган бандалардан бири деб айта оламан. У болалик давриданоқ, 12-13 ёшида “Шум бола” бўлиб халқга танилди, машҳур бўлди. Абдураим Абдуваҳобов деса, киши кўз олдига биринчи навбатда Шум бола қиёфаси гавдаланиши, ҳамкасбимга насиб этган улкан бахт деб биламан.
    Раҳматли Абдураим Абдуваҳобов актёрлик касбини, Миллий театрни, саҳнани ниҳоятда яхши кўрган, ҳурмат қилган санъаткор эди. Саҳнага отилиб чиқарди. Қаҳрамонининг тақдири билан саҳнада яшаган. Ҳар бир образига ижодий ёндошар эди. Чиройли топилмалар, деталлар билан ижрода қаҳрамонига бадиий безак бериб, саҳнани файзга тўлдирарди. Биргина “Чимилдиқ” комедиясидаги Куёв образини мисол келтирай. Юз ифода, кўз қараш, овоз оҳанги, янги-янги хатти-ҳаракатлар билан қаҳрамони Куёвни бадиий оби-тобига келтириб, томошабинларга гуррос кулгу улашолди.
    Агар дўстим Абдураим Абдуваҳобов ҳақидаги эсдалик, хотираларимни қоғозга туширадиган бўлсам, ҳали-бери нуқта қўёлмайман. Унга олийҳиммат инсон деб таъриф бераман. Инсон кўнглига озор беришдан, қалбни тирнаб, яралаб қўйишдан қўрққан инсон эди. Устоз, ҳамкасблари билан бир қаторда ёшларга, шогирдларга ҳам меҳрибон, ҳимматли инсон бўлган. Имкон қадар ёрдамини аямайдиган, қўли очиқ, сахий, мард инсон бўлиб орамизда яшаб ўтди. Саҳнавий бахти билан биргаликда оилавий бахти ҳам чиройли бўлган. Тинч, аҳил-иноқ оилада уч фарзандни тарбиялаб, элга қўшди. Фарзандлари ота-онасига раҳмат келтирадиган инсонлар бўлиб жамиятга қўшилди. Ҳавас қилгудек оиланинг устуни эди.
    Саҳнадошим Абдураим Абдуваҳобов фоний дунёни тарк этганига бугун бир ҳафта бўлди. У жисман орамизда бўлмаса-да, руҳан, қалбан доимо кўнгилларда яшайди. Миллий театрда чиройли хотиралар, ширин эсдаликлар билан яшайди. Ўзбек халқига қолдирган бой ижодий мерослар билан яшайди. Зеро, инсон азиз – хотира муқаддас. Дўстимни Оллоҳ Шоистаий жаннат қилсин!   

   Ўзбек Миллий Академик драма театрининг директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Фатхулла Масудов.