Ўктам Усмонов (1938 - 1990)


   Истеъдодли адиб ва журналист - Ўктам Усмонов 1938 йилнинг 21 Октябрь куни Тошкент вилоятининг Қибрай тумани Байтқўрғон қишлоғида боғбон оиласида туғилган.
   Ўрта мактабни тугатгандан сўнг Тошкент педагогика институтига кириб ўқиган. Ўқишни муваффақиятли тугатгач, аввал республика газеталарида хизмат қилган.

  1972-1982 йилларда республика партия Марказий Қўмитасида масъул вазифада, сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб ҳамда «Ўзбекистон овози» газетасида бош муҳаррир вазифаларида иш олиб борган.
   Ўктам Усмоновнинг биринчи ҳикоялар тўплами 1964 йилда «Гулдаста» номи билан чоп этилган. 1965 йилда «Баҳс бойлашган бола», 1970 йилда эса «Баҳор чақмоқлари» номли ҳикоялари ва илк қиссаси нашр этилади. Сўнгра адибнинг «Нотинч кеча» (1976), «Сирли соҳил» (1981) каби ҳикоялар тўплами ўқувчига тақдим этилади. Ушбу ҳикояларда адибнинг инсон ва инсонийлик ҳақидаги мушоҳадалари ранг-баранг образлар, ҳаётий деталларда умумлаштирилади.
   У қиссанавис сифатида «Баҳор чақмоқлари», «Кишан», «Қисмат» каби бир қатор жиддий асарлар ҳам яратган. Сўнгги икки асар адабий танқидчилик томонидан яхши баҳоланган. Ўктам Усмонов ижодида «Гирдоб» (1979) романи алоҳида ўрин тутади. Асарда адолат билан ноҳақлик, садоқат билан хиёнат ўртасидаги кураш маҳорат билан тасвирланган.
   Ўктам Усмонов мазкур романи учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ойбек номидаги мукофотига сазовор бўлган.
   Ўктам Усмонов қисқа умр кўрган бўлса-да, адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин оладиган «Гирдоб» каби ажойиб роман қолдириб кетган ижодкордир.
   Адиб 1990 йил 3 январда вафот этган.










Изоҳлар 1
  1. Бу ерда хам телевидение қудратини тан олиб ўтмасак бўлмайди. Бошқа асарлари каби “Гирдоб” романларини ҳам кўпчилик билмай қолмши мумкин эди. Сеҳргар режиссёр Мақсуд Юнусов бўлмаганида шундоқ яхши асар ҳам сояда қолиб кетган бўларди. Эркин Комиловлардай театр актёрлари ҳам шу спектаклдаги роли бўлмаса танилиши, севимли бўлиши мумкин бўлмасди.
    Ўктам акани Оллоҳ раҳмат қилган бўлсин. Аслида асар яхши ёзилмаган бўлса ундан яхши спектакль ҳам чиқмас эди. Шу ишга қўл урган ва орамиздан кетганларнинг ҳаммасини Худо раҳмат қилсин.

Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот