Бахтсиз севги қиссалари


     Болливуд фильмлари ўзининг ҳис-туйғуга бойлиги, кўтаринки кайфият улашиши билан ажралиб туради. Буни қарангки ижодкорлар ҳаётида ҳам худди кинодагидек ишқ-муҳаббат “қиссалари” кўплаб содир бўлиб турарган.

  1. Дев Ананд ва Сурайё

     Ёқимли овоз соҳибаси Сурайё ва қувноқфеъл Дев Ананд жуда эрта танишиб қолишган. Бу пайтда Сурайёнинг машҳурлик, Девнинг фаолияти эса энди бошланган кезлари эди. Улар бир-бирини қанчалик қаттиқ севишмасин, Сурайёнинг оиласидагилар қарши бўлишади. Шу сабабли уларнинг севгиси қайғули якунланади. Шундан сўнг Сурайё оиласидагилар қарши бўлганига қарамай Девни қўрқоқликда айблайди. 1972 йили Stardust журналига берган интервьюсида Дев юрагида сақлаб келганларини баён этган: “Бизнинг улкан муҳаббатимиз бор. Ўзгалар юрак ҳукмингга таъсир этишларига йўл қўймагин” дегандим. Бироқ қўшиқчи ўз муҳаббати учун кураша олмади. Қўшиқчи эса Девга турмушга чиқмаганидан бир умр афсусланиб яшаган.

  1. Раж Капур ва Наргис.

     Раж Капурнинг номи актриса Наргис исми билан бирга кўп марта дуч келади. Уларнинг илк фильми “Ғазаб” фильми бўлган. Уларнинг муносабати орадан бир йил ўтиб “Ёмғирлар мавсуми” фильмидан кейин бошланган. Икки ижодкор биргаликда кўплаб муваффақиятли картиналар яратишган. Бироқ уларнинг севгиси узоққа чўзилмайди. Раж Наргисни учратганида уйланиб бўлганди. Наргис Ражга турмушга чиқишни хоҳласа-да, у рафиқаси Кришнадан ажрашмайди. Актриса уни қарийб 10 йил кутган. Бир неча йил ўтгач Наргис “Она Ҳиндистон” фильмидаги партнёри Сунил Датт билан турмуш қурган. Шундай қилиб, Раж ва Наргис иккиси ўз тақдир йўлларидан кетишади. Бу муҳаббат тарихи Ҳиндистон киносининг энг унутилмас “роман”ларидан бири бўлиб қолди.

  1. Дилип Кумар ва Мадхубала

     Мадхубала ва афсонавий актёр Дилип Кумарнинг муносабатлари ҳақиқатан ҳам жуда жиддий бўлган. Бошқаларникидан фарқли тарзда бу икки “юлдуз”нинг муҳаббати ОАВдан сир тутилмайди. Журналистлар биринчи марта уларни “Инсоният” фильми тақдимотида бир-бирига бўлган илиқ муносабатини пайқашган. Уларнинг ҳар бир қадами матбуотда эълон қилиниб борилган. Бироқ нима учун улар турмуш қуришмаган деган ҳақли савол туғилади? Сабаб оддий. Мадхубаланинг отаси Атауллоҳ Хон қизининг Дилип Кумар билан турмуш қуришига қарши бўлган. Атауллох Хон қаттиққўл ота бўлган, қизи унинг айтганини икки қилолмаган. “Янги аср” фильмидаги суд саҳнасида Дилип: “Мен Мадхубалани бир умр севиб қоламан” дейди. Актриса эса 36 ёшида вафот этган.

  1. Санжив Кумар ва Хема Малини

     Санжив Кумар энг талабгор актёрлардан бири эди. Унинг муҳаббатига сазовор бўлишни барча қизлар орзу қилишган. Санжив эса кўпгина йигитлар юрагини забт қилган актриса Хема Малинига кўнгил қўйган.

Актрисага турмуш қуришни таклиф қилганида эса Хема Малини Дхармендрага турмушга чиқиб бўлганди. Бу Санжив Кумарга катта зарба бўлади. Хема актёрнинг ягона кўнгил қўйган инсони бўлиб қолди. Шу туфайли бир умр бўйдоқ ўтишга қарор қилган.

  1. Амитабх Баччан ва Рекха

     Болливуднинг энг бахтсиз муҳаббат тарихидан яна бири “Икки нотаниш” фильмида бошланади. Бу тез орада кўпчиликнинг эътиборига тушади. Ҳатто ОАВ да уларнинг сирли равишда турмуш қуришгани ҳақида хабар ҳам тарқалади. Рекха Риши Капур ва Ниту Сингхнинг тўйига ташриф буюрганида унинг пешонасида синдур ва сочларида мангалсутра (аёлнинг турмушга чиққани белгиси) билан келади. Одатда Рекха муносабатларини матбуотдан яширмаган. Амитабх эса уни ошкора тан олишни истамаган. Уларнинг муносабати шундай давом этиши мумкин эмаслигини билгач, Рекха актёр ҳаётидаги “иккинчи аёл” бўлиб қолишни истамайди. Шундай бўлса-да, Рекханинг кўнглини бутун ҳаёти давомида бошқа бирор инсон забт этолмаган. 

  1. Митхун Чакраборти ва Шридеви.

     Уларнинг севгиси “Етуклик” (“Прозрение”) фильмидан кейин куртак ота бошлади. Бироқ Митхун актриса Йогита Балига уйланиб бўлганди. Миш-мишларга кўра Митхун Шридевига яширинча уйланиб, уйидан бош олиб кетган. Шридеви ундан Йогитадан расман ажралишини талаб қилганида эса Митхун бунга ҳали тайёр эмаслигини айтади. Йогита бу миш-мишлардан хабар топгач, Митхун оиласига қайтишга мажбур бўлади. Орадан кўп ўтмай Шридеви продюсер Бони Капурга турмушга чиқаётгани ҳақида хабар тарқалади.

Анора тайёрлади.