ИБРАТЛИ ИЖОД ҲИКМАТЛАРИ


 

     Эркин Воҳидов халқнинг дардини, инсоннинг юрагини биладиган шоир. Унинг шеърларида идеал туйғулар ва фазилатлар юксак тараннум этилади. У мумтоз адабиётимиз анъаналарини  давом эттираётган, шеъриятга кўп янгилик олиб кирган, ифода воситаларнинг янги формулсини кашф этган шоир ҳисобланади. Адиб фақатгина шеърлар ёзиб қолмай, жаҳон адабиёти дурдоналарини она тилимизга маҳорат билан таржима қилган. Сергей Есениннинг рус тилида ёзилган шеърларини ўзбек тилига худди шоирнинг ўзи она тилимизда ёзгандай ўгирган. Эркин Воҳидов шеъриятга замонавий тарзда янги мазмун, образлар олиб кирди. “Руҳлар исёни”, “Нидо”, “Ёз ҳарорати”, “Баҳор таровати” каби ноёб асарлар, достонлар, шеър ҳикматларни мерос қолдирди. Унинг сўз бойлиги, хазинаси ниҳоятда бой ва латофатли. Янги шеърларини қайта-қайта ўқир эканман, нечоғли пурмано ҳикматли сўзлари, панду-насиҳатлари ва ҳар бир инсоннинг дардини кўйлаганларни англайман. Қўлимдаги “Янги шеърлар” деб номланган “Шарқ” нашриётидан нашр этилган китоб кичкина ҳажмда бўлишига қарамай, унинг ичидаги мазмунли, ҳикматли, самимий фикрлар баён этилгани мутолаа завқини бахш этади.  “Вафо”, “Дўрмон мушоираси”, “Дафтарларда қолган сатрлар”, “Шогирдлик ҳазиллари” мавзусида шеърлар киритилган. Шоирнинг шеърлари ўзи лутф этганидек, мунис ва муҳталиф бир тарзда намоён бўлади. Шоир юрагидаги азиз меҳр ҳислари халқ қалбига сокин ва илиқ бир нафас олиб кирди. Бу жараён шеър тилида, шеърий кўринишда акс этди.

Бир бевафо ишқида мен ҳам

Поёни йўқ дардга тўлганман

Шу дард менга тутқазган қалам,

Куя-куя шоир бўлганман.

 

“Шоирга мактуб” шеърида шоир бўлиш учун инсоннинг дарди борлиги, ижодкорни қўлида қалам тутқазгани таъкидланади.

Укам, менга қилмагин ҳавас,

Юрагимда юз минг армонлар.

Бахтли бўлсанг, битта шеър эмас,

Ёзиб берай сенга достонлар.

 

Эркин Воҳидовнинг ёшларга қарата айтган шеъри шоирларга ҳавас қилсанг, унинг юрагида армон борлиги, инсоннинг дарди билан яшаши аён этилган. Яна бир шеъри “Шоир” деб номланган. Бу шеъри тўрт қатордан иборат.

 

Элга фақат шодлик ҳадя этарман,

Ғамни ўзим билан олиб кетарман.

Айтсам, кўтаролмай ногоҳ заминнинг

Меҳвари узилиб кетса нетарман.

 

Шоирнинг элга шодлик, хурсандчилик, кулгу-табассум ҳадя этиши, инсоннинг ғамини, ички дардини ўзи билан олиб кетиши ҳақида ва юртнинг тинчлигини ва Ватан ҳақидаги шеърлари инсонни маънавиятини бойитади.

“Ҳазилкашлар қишлоғи” шеъри ҳазил тарзда ёзилган. Шоир ўзининг туғилиб ўсган юртининг манзараларини, қишлоқ ҳаёти, яшаш тарзи, касбига қарата айтилган ҳар бир сўзида аския борлиги сезилади. Водий халқининг феъли аскиячи, меҳмондўст, меҳнаткаш эканлигидан мағрурланиб, тўлқинланиб ёзган тўртликлари бунга ёрқин мисол. 

 

Бизнинг қишлоқ ажойиб ер,

Халқи қувноқ ва дилкаш.

Бунда ҳамма аскиябоз,

Бунда ҳамма ҳазилкаш.

 

Шоирнинг ҳазил мутойиба оҳангидан тўртликлари мавзу жиҳатдан ранг-баранг. Ҳар бир касбга қарата айтилган сўзлар ўхшатиш, ташбеҳ ва муболаға, каби бадиий воситалар билан ифодаланади.

Бари ҳазил, биз хазилсиз

Зерикамиз, озамиз.

Ҳазиллашиб юқорига

Юмалоқ хат ёзамиз.

 

      ***

Биз куламиз, қўшнимиздан,

Дўстимиздан куламиз.

Мазза қилиб ўзимизнинг

Устимиздан куламиз.

 

Шоирнинг ҳар бир сатридан унинг ижоди серқирра эканлигидан далолат беради. Унинг шеърият олами ёш ижодкорларга сабоқ, одоб-ахлоқ ибрат бўлади. Эркин Воҳидовнинг ижоди содда халқоналиги билан инсонлар дардига малҳам бўла олади. Ижодкорнинг шеърлари қалбимизда ўчмас туйғулар уйғотади. Унинг шеърларини такрор-такрор ўқир эканмиз, юрагимизда меҳр-муҳаббат жўш уради. Хайратли ва хаяжонли туйғулар шаклланади. Шоирнинг ижоди келажак авлод тарбияси, маънавий камолот учун ҳам хали кўп хизмат қилади.

 

                              Мунира РАМАЗОНОВА