ДИВЬЯ БХАРТИ. МАШҲУРЛИК ВА ДАҲШАТЛИ ЎЛИМ!


Болливуд чеҳралари

ДИВЬЯ БХАРТИ. МАШҲУРЛИК ВА ДАҲШАТЛИ ЎЛИМ!

     У қисқа умри давомида бетакрор роллар яратди. Иштирокидаги фильмлар хитга айланди. Ёш актриса миллионлаб мухлислар орттириб, ҳинд киноси суперюлдузи мақомига эришди. У биринчи фильмидаги роли билан тилга тушган ва ўз даврининг ёшлари орасида яна ўн тўртта фильми намойиш этилмай қўлида турган ягона актриса эди. Дивя Бхарти Ҳиндистонда нуфузли саналган "Filmfare Awards” мукофотининг "Янги чеҳра” номинацияси совриндори ҳам бўлган. Унинг ижро этган ёрқин роллари бугунги кунда ҳам оҳорини йўқотгани йўқ...

"Мен хоҳламадим, онам эса...”

Дивя Бхарти 1974 йилнинг 25 февралида Ҳиндистоннинг Махараштра штати Мумбай шаҳрида Мита ва Ом Пракаш Бхарти оиласида туғилган. Болалиги Ҳайдарободда ўтди. Кинога таклиф қилишганида Дивя ҳали 9-синфда ўқирди. У ташқи томондан машҳур актриса Шридевига ўхшаб кетар, буни режиссёр ва продюсерларнинг илғамасликлари мумкин эмасди. Режиссёр Нанду Толани "Жиноят олами қироли” жангари фильмига таклиф қилгунига қадар Дивянинг ота-онаси роса иккиланишди.
Дастлаб Дивя Говинда билан жуфтликда "Radha Ka Sangam” фильмида роль ўйнаши керак эди. Бироқ кейинроқ у негадир лойиҳадан четлаштирилиб, ўрнини Жухи Чавла эгаллади. Шундан сўнг Бхарти дўсти орқали Далил Шанкарнинг "Aatank Hi Aatank” ва "Rudra Avtaar” фильмларига янги актриса излаётгани ҳақида эшитиб қолди. Ота-онаси рухсат бергач, Дивя мазкур киноасарларда ўйнаш учун шартнома имзолади. Бироқ орадан саккиз кун ўтар-ўтмас, Дивя бу лойиҳадан ҳам четлатилиб, ўрнини актриса Табу эгаллади. Кейинроқ эса режиссёр Субхаш Гхай Амир Хон иштирокидаги "Савдогар” фильмига Дивяни қабул қилди. Аммо йигирма кундан сўнг роллар Маниша Койрала ва Вивек Мушранга алмаштирилди.
Йирик лойиҳалардан учиб кетган, тушкунликка тушган Дивя Мумбайни тарк этди. Бу ҳақда эшитган "Bobbili Raja” фильми продюсери у билан дарҳол боғланиб, янги картинасига таклиф қилди. Дивя жаноб Д.Рам Найдунинг телугу тилидаги фильмида қатнашди. Мазкур киноасарда бош эркак қаҳрамонни продюсер (Д.Рам Найду)нинг ўғли, телугу киносидаги машҳур юлдуз Виктор Венкатеш ижро этганди. Фильм хитга айланиб, Андхра Прадеш штатида янги рекорд ўрнатди. Аввал киноижодкорлар, энди эса томошабинлар жажжи Дивя тимсолида ўша замондаги Болливуднинг 1-рақамли юлдузи Шри Деви нусхасини кўрдилар.
1991 йили актриса "Movie” журналига берган интервьюсида шундай деган: "Мен суратга тушишни хоҳламасдим. Шунинг учун "йўқ” деб жавоб бердим, ойим эса ўйнайсан деб туриб олди. Тасаввур қиляпсизми, фильм суперхитга, мен эса суперюлдузга айландим”.
Мазкур хитдан сўнг у телугу киносига бир неча таклифлар олди. "Assembly Rowdy” (бош ролда Мохан Бабу), "Dharma Kshetram” роса кассабоп бўлди. Дивя Бхарти мегаюлдуз бўлмиш Андхра Прадеш Чиранживи билан "Rowdy Alludu” фильмида бош қаҳрамон қиз ролини ўйнашдек ажойиб имкониятни қўлга киритди. Мазкур киноасар ҳам телугу ва тамиль кинематографиясида суперхитга эришди. Шу тарзда Дивянинг шуҳрати ортган-ортди. Манаман деган продюсерлар унга роллар таклиф қила бошлашди.

Омад тулпоридаги қиз

Актриса телегу томошабинлари учун танилган эди. У Ражив Райнинг Санни Деол иштирокида ҳинд тилидаги "Уч дарғазаб эркак – 2” фильми учун янги чеҳра излаётганини эшитиб қолди. Тўппа-тўғри Райнинг офисига боришга журъат топди. Бхарти ўша куниёқ киношартнома имзолади. Мазкур фильм релиз ва Бхарти ижросида куйланган "Saat Samundar Paar” қўшиғидан сўнг таклифлар ёмғирдек ёғилиб кетди. У бирваракайига 14 та фильмда роль ўйнаш учун шартнома тузди.
"Dil Ka Kya Kasoor” киномюзикли чиққанида омадсизликка учради. Буни ҳеч ким кутмаганди. "Filmfare” киножурнали унда ўйнаган Бхартини энг омадсиз ўн нафар актриса сафига қўшиб қўйди. Гарчанд мазкур киноасар муваффақиятсизликка учраган бўлса-да, ёш актриса кўзга ярқ этиб ташланиб бўлганди. Дивя муваффақиятсизликка учраган лойиҳа ҳақида шундай деди: "Мен ўзимни намоён этмоқчи эдим. Бироқ чалқанчасига йиқилдим. Энди чўққига кўтарилишни қайтадан бошлашим мумкин. Ишонаманки, қачонлардир муваффақият меники бўлади”.
Ҳақиқатан ҳам, "Шабнам ва олов” экранларга чиққач, Бхарти яна омад тулпорига ўтирди. Фильм хитга айланди. Қолаверса, мазкур картина актёр Говинда ва режиссёр Давид Дхаваннинг мавқеи ўсишига туртки берди. Тўрт ой ўтгач эса Дивя иштирокида режиссёр Ражив Канварнинг муҳаббат тарихи бўлмиш "Девона” экранларга чиқиб, у ҳам хит бўлди. Дивянинг суперютуғи бошловчи актрисалар сафидан биринчи актрисалар доирасига ўтишига ёрдам берди.

Ҳаммаси яхши эди...

Дивяни киносаноатда меҳнаткаш актриса сифатида билишса-да, кайфияти кескин тушиб кетиши туфайли ёқтирмасдилар. У ҳақда турли миш-мишлар юрарди. Масалан, "Radha Ka Sangam” фильмидан четлаштиришгани учун Дивя томирини кесган эмиш ва ҳоказо...
Гўзал Бхарти билан кўплаб режиссёрлар, жумладан, Бони Капур, Шабнам Капур, Шекхар Капур ва Субхаш Гхайлар биргаликда ишламоқчи эдилар. Бироқ унинг ножўя хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ гап-сўзлар бунга монелик қиларди. Журналларда Дивянинг ақлга сиғмас ва ёввойи феъл-атвори тўғрисида хабарлар пайдо бўларди.
Аслида Дивя очқкўнгил, тоза қалб соҳибаси эди. Уни Каришма рад қилган Камол Саданах билан жуфтликда ўйналадиган "Ранг” фильмига таклиф қилишди. Агар бошқа актриса бўлганида ҳамкасбига мўлжалланган либосни кўздан йўқотишни талаб қиларди. Дивя эса янги кўйлак учун пул сарфлашдан кўра, шунинг ўзини мос тарзда тайёрлашни сўради. У баъи ҳамкасблари каби сарф-харажат қилишни хобби деб билмас, пулни бирламчи омил деб ҳисобламасди. Ражив Рай Сунил Шетти билан жуфтликда ўйналадиган "Пиёда”га таклиф қилганида бир чақа ҳам олмади, чунки Дивяни айнан у "Олам қалби” сифатида кашф этганди.
Афсуски, "Пиёда”, "Қора кўзойнакли йигит” ва "Азизам” охиригача суратга олинмай қолди. Бунга Дивянинг бевақт ўлими сабаб бўлди. Режиссёр "Азизам” фильмидаги Дивя ўйнаган лавҳалар ва унинг вафотидан сўнг ўрнига суратга тушган Шридевини кўрсатганида томошабинлар айрим саҳналарда Дивянинг устунлигини пайқашди.
Дивя Бхарти катта юлдуз бўлиши мумкин эди, бироқ тақдир инсон режаларини ҳисобга олмай, ўз ҳукмини ўтказаверади.

Мудҳиш кечадаги фарёд

1993 йилнинг 7 апрелида юзлаб одамлар кузатувида тўй либоси кийдирилган ёшгина гўзал келинчакни эрининг хонадонига юбориш ўрнига дафн этиш учун олиб боришарди. Икки кун олдин бешинчи қаватдаги уйи деразасидан ҳатлаган 19 ёшли Дивя Бхарти ҳаётининг фожиали якуни эди бу. Афсуски, ўшанда Дивя ҳушёр эмасди. Ўзининг қисқа умри давомида миллионлаб мухлис орттирган ва Болливуд чўққисини эгаллаши кутилган истиқболли актриса ўз жонига қасд қилганми ёки бахтсиз ҳодиса қурбони бўлганми, ҳали номаълум эди.
Дивя 1992 йилнинг май ойида Дивя Сажид Надьядвалга турмушга чиққан, бироқ уларнинг никоҳи узоқ вақт сир тутиларди. Унинг фаолиятига путур етади, деб ўйлашди. Аслида бунинг учун ташвишланишга ҳожат йўқ эди: у 1992 йили "Йилнинг мислсиз машҳур чеҳраси” мукофоти билан тақдирланган эди.
5 апрель кечаси 19 ёшли аёл ўз қисматидан нолиб, дод-фарёд қилганини қўшнилар эшитишган. Бир неча сониядан сўнг эса у 5-қават деразасидан ҳатлаб, ерга гурсиллаб тушди. Ёш аёлнинг абжағи чиққан танаси полиция тергов гуруҳи етиб келмагунча эрталабгача ўша жойда қолиб кетди. Қонун посбонлари унинг кимсан, машҳур актриса Дивя Бхарти эканлигини аниқлашди. Матбуот дарҳол унинг ўзини-ўзи ўлдиргани, бахтсиз ҳодиса ва, ҳатто ўлдирилгани ҳақида тахминларни олға сурди.
Хўш, ўз фаолияти дебочасида омадга эришган юлдузнинг бундай чорасиз йўлни танлашига сабаб нима? Бу саволга жавоб Дивянинг умр йўлдоши Сажид Надьядвалга бориб тақалади. У таниқли продюсер бўлиб, бир неча марта уйланган ва янги чеҳралардан илҳом олувчи шахс эди.
Дивя нима сабабдан бу хотинбозга теккан? Бу саволга даҳшатли, бироқ кутилмаган жавоб топиш мумкин. Дивяни дўқ-пўписа ва алдов йўли билан Надьядвалнинг никоҳига тортишган. Сажид бу ёш актриса тимсолида олтин тухум берувчи товуқни кўрган эди. У билан ҳар қандай шартномани имзолар, даромадни ўзининг чўнтагига урарди. Дивя никоҳи ҳақида бутун дунёга овоза қилишини айтиб зорланганида эса Надьядвал уни қўрқитди. Гўё Дивя оила қургани боис мухлислар қизиқишини йўқотиши мумкин эди, бунга Сажид йўл қўймасди.
У тобора кўп даромадга эга бўлиш учун Дивянинг янада серқирра фаолият кўрсатишини хоҳларди. Ёш хотини норози бўлавергач эса яхшилаб дўппослади. Қалби яраланган, алданган Дивя қисматидан қочиб қутулмаслигини англаб етди. Натижада кўп ичадиган бўлди, қўрқинчли руҳий зарбадан халос бўлиш учун, ҳатто гиёҳвандликка берилди. Надьядвал эса фақат хурсанд эди — хотини ишни давом эттираётганди.
Яна матбуот, яна гап-сўзлар
1993 йилнинг ўша мудҳиш 5 апрель кечасида Дивя Бхарти жуда кўп ичди. У ёвузлик ва умидсизлик билан бас кела олмасди — ахир Дивяни совуқ ва тадбирли одам бошқарар, ҳар куни озор берарди. Дивянинг довруғи ошар, Надьядвал эса уни ишдаги ҳамкорлари билан кўнгилхушлик қилишга мажбурлай бошлади. Актрисанинг тоқати тоқ бўлди. У бақириб эрига ташланди, энг хунук сўзлар билан ҳақоратлади. Ҳатто, қўшнилар ҳам бундай сўзарни эшитмаслик учун бошларига кўрпа буркаб олишганди. Кейин эса узоқ титратувчи зарба бўлди. Навбатдаги босқичда эса ҳинд киноси юлдузининг жасади қон ҳалқоб бўлган ерда ётар, суяклари синган эди. Эр аллақачон ётоққа — бошқа маъшуқасининг олдига қайтган эди...
Орадан икки кун ўтгач, Дивянинг жасадига тўй либосларини кийдириб, минглаб дардманд мухлислар иштирокида дафн маросими ўтказилди. Сажид Надьядвалал шу қадар дод солиб йиғладики, бир неча марта ҳушидан кетди. Маросимда Болливуднинг бир неча юзлаб вакиллари ҳам қатнашдилар. Уларнинг ҳар бири Дивя Бхарти ўлимининг асл сабабини биларди. Телеинтервьюларда ёш актриса "ақл-идрокининг ўтмаслашуви” ҳақида гапирилиб, "мунтазам ичкиликбозлик” ўз жонига қасд қилишга олиб келгани таъкидланди. Бу вақтда эса Дивя Бхарти тўй либосида абадий уйқуда ётар, унинг орзуси ушалганди гўё. Тақдир раво кўрган кунни қаранг.
Дивя иштирокидаги "Ранг” ва "Шахмат” фильмлари ўлимидан бир неча ой ўтгач, экранларга чиқди. Ҳар иккала фильм ҳам Болливуд актрисаси хотирасига бағишланди.
Бхарти ўлимига алоқадор тергов ишлари 1998 йили тўхтатилди. Соҳибжамол актриса вафоти сабаблари охиригача очилмай қолаверди.

 

Анвар Намозов тайёрлади