АЛВИДО, ОДАМЛАРНИНГ ЯХШИСИ!


ЎЗБЕК САНЪАТИДА ЯНА БИР ЙЎҚОТИШ

    Ўзбек санъати оғир жудоликка учради. Эл севган санъаткор, Ўзбекистон  халқ артисти, Халқаро Чингиз Айтматов номидаги мукофот, “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони совриндори, Муқимий номли Ўзбекистон Давлат мусиқали театри директори Мирза Азизов шу йилнинг 16 апрел куни оғир хасталикдан сўнг 58 ёшида вафот этди. Кўпчиликни бу хабар гангитиб қўйганлиги рост. Чунки забардаст, айни куч-қувват ва ижодий салоҳиятга тўлган, кино ва театрда янги-янги образлар яратиш иштиёқида елиб-югуриб юрган актёрнинг тўсатдан вафот этиши ақлга сиғмайдиган ҳодисадек эди. “Бўлиши мумкин эмас, балки ёлғон хабардир” деган илинжнинг рост бўлиб чиқишига қанчалар ишондик. Аммо ҳукми Олий ҳақ экан. Аллоҳ яратган бандасини қайси пайт ҳузурига чорлашни ўзи билади. Биз эса Мирза Азизов каби инсонларнинг авлодларга қолдирган бой маънавий мероси ва ёрқин хотирасини ёд этиш билан овунамиз холос...

Зулфия МЎМИНОВА:

АЛВИДО, ОДАМЛАРНИНГ ЯХШИСИ!

    Мирзабек, қалби дарёдек тошқин укам, дарё каби атрофга яшиллик, яхшилик улашувчи беғуборим. Сиз вафот этишингиз мумкин эмас. Сиз давраларимиз кўрки, тадбирларимиз салобати, телекўрсатувларимиз мазмуни эдингиз. Сизчалик шеърларни маромига етказиб айтгувчи, шоирлар дилига малҳам бўлгувчи бўлмас. Қисқа умр ичида халқ қалбидан ўрин олдингиз, элники бўлдингиз, ватанники бўлдингиз. Сизнинг ўрнингиз юракларимизда мангу яшайди. Алвидо, саҳна қироли! Алвидо кино юлдузи! Алвидо бир сўзли султон! Алвидо одамларнинг яхшиси! Жойингиз фирдавс жаннатларидан бўлсин!


  Раъно ЗОКИРОВА - Ўзбекистон ва Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист, актриса:

“ҲАЙБАТИ ФИЛДЕК, ТАБИАТИ БОЛАДЕК ИНСОН ЭДИ”

- Яхши касбдош, яхши раҳбар ва фарзандларига меҳрибон яхши ота эдилар. Кино ва спектаклларда салбий ролларни кўп ижро этган бўлсалар-да, табиати бу образларга мутлақо қарама-қарши бўлган инсон эдилар. Ҳеч ишонгим келмайди, ишонолмаяпман ҳалиям. Ўзлари гавдали, салобатли ва ҳайбатлари кишини чўчитадиган даражада бўлсалар-да, ички оламлари худди кичкина бола каби содда, беғубор ва самимий эди. Меҳридарё, меҳрибон ва жудаям оқибатли, ҳар томонлдама намуна бўладиган инсон эдилар. Одамлар билан муомала қилганда доимо қўллари кўксида бўларди. Бир куни ўғлим билан қисқа метражли кинолар фестивалига боргандик. Ўшанда Мирза акага дуч келиб қолдик. Ҳатто ўғлим билан ҳам қўлларини кўксига қўйиб саломлашганларини кўриб, ниҳоятда таъсирланганман. Чунки юксак маданиятли инсон эдилар. Кино ва спектаклларда кибрли, жоҳил ва шафқатсиз образларни гавдалантисалар-да шунга мослашиб қолмагандилар... Мен учун энг яхши партнёр эдилар. Кўзёшларимни тиёлмай қолдим. Фатхулла вафот этганда ҳам шундай аҳволга тушгандим. Иккита забардаст театр раҳбари бирин-кетин бу оламни тарк этди. Ҳеч ўзимга келолмаётганим учунки, турмуш ўртоғим “Қара, Мирза ака шу қадар яхши инсон эканларки, шаҳид бўлдилар яъни ҳамманинг бошига бало бўлиб ёғилган тождор вирусдан ажал топдилар. Муқаддас ой ва муборак жума куни вафот этдилар. Аллоҳ ҳам яхши ой ва яхши кунларда бежизга даргоҳига чақирмагандир”, - дедилар. 
    Мирза ака билан “Гулхан атрофидагилар” номли сериалда ва Мавлуда Асалхўжаевнинг “Хиёнат” ҳамда  “Кет юрагимдан” номли  клипларида партнёр бўлиб ўйнадик. Съёмка жараёнларида Мирза аканинг ишлари жуда кўплиги учун бирозгина кечикиб келардилар. Шундан хижолат бўлардиларми, қўйни-қўнжиларини тўлдириб, бизга егуликлар олиб келардилар. Қулупнайми ёки бошқа бирор тансиқ егуликними, бизга тутқазиб, қайта-қайта узр сўардилар. Лекин биз Мирза аканинг кеч қолишларидан ҳечам хафа бўлмасдик. Чунки шунчалик банд одам эдиларки, кечикишга арзигулик ишлари кўп эди. Ҳамманинг кўнглини олишга ҳаракат қилардилар, ҳеч кимга йўқ дейишни билмасдилар. Бир пайтлар Мирза ака экранларда бироз кўринмай қолгандек туюлганди менга. Лекин кейинги пайтда жудаям фаоллашгандилар. Ҳам директорлик, ҳам тадбирлар, ҳам иш билан яна роллар ижро этишга ҳам улгураяптилар-а, деб ҳавас қилгандим. Мен Мирза ака билан дубляжда иштирок этишдан ёки бирга рол ўйнашдан жуда завқланардим. Ролларини шу қадар қойилмақом қилиб ўйнардиларки, томошабин чиппа-чин ишонарди. Бир куни Чорсу бозорига тушганида ролидан таъсирланган бир  аёл сабзавот тўла пакетини у кишига отибди... Мириза ака ана шундай маҳоратли актёр эди. Бу касаллик нега яхши одамларни олиб кетяпти, деб алам қилади одамга. Энг забардаст, ишлаб чарчамайдиган ёшда орамизда йўқ энди. Тожибар опа билан бир-бирига жуда  муносиб жуфтлик эди. Шаҳид кетдилар, жаннатий бўлсинлар. Қалбимизда мангу қоладилар. 

Мавлудахон АҲМЕДОВА - Олий тоифали сухандон, актриса:

“МИРЗА АКА БИЛАН БИРГА ЎҚИГАНДИК”

- Мирза ака билан 1982 йилдан буён таниш эдик. Институтга бир вақтда ўқишга  кирганмиз. Мен актёрлик факультетига кирганман, у киши мусиқали драмага. Бизга актёрлик маҳорати дарслари бошқа-бошқа ўтилса-да, аммо лекцияларда битта аудиторияда ўтирардик. Институтни тамомлагач, мени кинода ўйнашимга турмуш ўртоғим рухсат бермади. Бу давр ичида фақат сухандонлик фаолияти билан банд бўлдим. Орадан анча йиллар ўтгач, Мирза ака билан телевидениеда кўришиб қолдик. Шунда Мирза ака “Мавлудахон, кинода рол ўйнайсизми, фильмларда ҳеч рол ижро этмагансиз”, - деб қолдилар. Бу пайтда оналар ролини ўйнайдиган ёшда эдим. Рози бўлдим. Шунда у киши Соҳиб Аббосхоннинг  “Сен мени севасанми?” номли фильмига мени таклиф қилдилар. Бу фильмда биз эр-хотин ролини ўйнадик. Бундан ташқари, Сарваранинг клипида ҳам ота-она ролини бирга ижро этганмиз. Теленовеллаларда ҳам бирга иштирок этганмиз. Жуда жонкуяр, қўли очиқ, кўп эҳсонлар қиладиган инсон эдилар. “Халқ артисти” унвонини  олганларида жуда хурсанд бўлгандилар. Бола каби беғубор, меҳридарё инсон эдилар. Афсус... 


Озодбек НАЗАРБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири:

“ХАЛҚИМИЗНИНГ СУЮКЛИ АКТЁРИ ЭДИ”

  Шафқатсиз ўлим Ўзбекистон санъати фидойиларидан яна бирини орамиздан олиб кетди. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов айни ижодий фаолиятининг гуллаган чоғида 58 ёшида бизни тарк этди. 
  Ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида ўзининг фидокорона меҳнати, бетакрор роллари, саҳналаштирган спектакллари билан мухлислар меҳрини қозонган, театр санъати соҳасида ўзига хос ўринга эга бўлган Мирза Азизовнинг бевақт ўлими яқинларини, театр жамоасини оғир қайғуга солди. 
  Унинг санъат соҳасидаги илк қадамлари шу қутлуғ даргоҳда бошланган. Ўтган қисқа вақт ичида “Юсуф ва Зулайҳо”, “Фарҳод ва Ширин”,  “Нодирабегим”, “ Алпомишнинг қайтиши”, “Топталган туйғу”, “Медея”каби қизиқарли спектакллардаги роллари билан эътиборга тушди. 
  Парижда намойиш этилган “Темур салтанатида шоир ва шоиралар”, “Ипак йўли” каби спектакллардаги юксак даражадаги ижроси олқишларга сазовор бўлган эди. У нафақат театрдаги актёрлик, режиссёрлик фаолияти, балки қатор кинофильмлардаги маҳоратли ижролари билан ҳам халқимиз қалбидан чуқур жой олди.  Мирза Азизов 2014 йилда “Йилнинг энг фаол киноактёри”, “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси”  сифатида ҳам  эътироф этилган.
  2017 йилдан эътиборан театрнинг жонкуяр раҳбари, жамоа аъзоларининг яқин дўсти сифатида ҳурмат, эътибор қозонди. Афсус, у бошлаган кўпгина хайрли ишлар энди шогирдлари томонидан давом эттирилади.
  Ардоқли санъаткоримиз Мирза Азизовнинг вафоти муносабати билан унинг оиласи ва яқинларига, жамоасига чуқур таъзия изҳор этамиз. Унинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу яшайди.
  
  Турғун БЕКНАЗАРОВ - Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театрининг актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

“БИЗ УЧУН ОҒИР ЙЎҚОТИШ БЎЛДИ”

    Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театри жамоаси учун жуда катта йўқотиш бўлди. Мирза Азизов жуда яхши инсон эди. Оиласи, ҳамкасблари, ёру-дўст ва қадрдонларининг қалбидан жуда чуқур жой олган эди. Менга ҳозирда Ўрта Осиё давлатларидан дўстлари, ҳамкасблари таъзия билдирмоқда. У жамоада ҳаммага бирдай меҳрибон ва самимий раҳбар эди. Укажоним, жойинг жаннатда бўлсин, охиратинг обод бўлсин, илоҳим.

Нигора УМАРОВА - санъатшунос:

“ЖУДА ДАНГАЛ  ЭДИЛАР” 

   Ишонгим келмайди. Наҳотки, шундай инсон орамизда йўқ энди. Мирза ака жуда дангал ва жонкуяр инсон эди. Ҳали орзу ва мақсадлари кўп эди. Тожик режиссёри Барзу Абраззоқовни Муқимий театрига Алишер Навоийнинг "Фарҳод ва Ширин" асарини саҳналаштиришга чақиртирган ва кейинги босқичда Муқимий театрининг фаолиятини янгича босқичга олиб чиқиш учун хориждан режиссёрларни чақиришни режалаштиргандилар. Эссиз, режалари амалга ошмай қолди.. Оила аъзолари, яқинлари, Тожибар опага ҳамдардлигимни билдираман.

  Шуҳрат ВОҲИДОВ - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда:

“ЧИН ДЎСТ ВА ОЛИЖАНОБ ИНСОН ЭДИ”

  Мирза Азизов чинакам инсон эди. Унинг халқ орасида ҳурмат қозониши, кишилар ўртасида обрў-эътибор топишида ўзининг гўзал хулқ-атвори, ширинсуханлиги, катталарга ҳурмат, кичикларга иззатда бўла олиш фазилатлари борлиги туфайли эди. Афсус, шундай олижаноб инсон, устоз санъаткор Мирза ака Азизов энди орамизда йўқ...
  Мирза ака дадажоним Хуршид Воҳидов билан бирга Муқимий театрида узоқ йиллар давомида бирга ишлаб, уларни сўнгги манзилга кузатиш чоғида хотира сўзлари билан кузатиб қўйганди. Энди эса....  Ўзлари ҳам бу дунёни тарк этдилар. Мирза ака, сизга ва сизни гўзал хулқли қилиб тарбиялаган инсонларга раҳмат. Оила ва якинларингизга сабр тилашдан ўзга чорам йўқ, афсус...Жойингиз жаннатда бўлсин, акажон.

Адиба УМИРОВА, шоира:

ИЖОДКОРЛАРГА ҲУРМАТИ БАЛАНД ЭДИ

- Анча йиллар олдин Мирза Азизов билан телевидениедаги бир кўрсатувда иштирок этгандик. Роса баҳс-мунозарали кўрсатув бўлганди ўшанда. Мен “театрларда ўзбек адибларининг асарлари кам қўйилади. Репертуарлар эски, аксарияти чет эл драматургларининг асарлари”, дея танқидий фикр билдиргандим. Шунда Мирза ака “Қани ўша ҳозирги янги ўзбек адиблари? Қани ўша яхши асар? Ўзбек театри ҳозир йиғлайдиган аҳволда. Биз бирор янги асар саҳналаштирмоқчи бўлсак, ўзбек адибларига илтимос қилиб ёздиряпмиз. Ўз хоҳиш-истаги ёки юрак амри билан драматик асар ёзиб берадиган ёзувчи йўқ. Мана оддий мисол, нега театрлар ҳанузгача Уйғун ёзган “Навоий” асарини саҳналаштиради? Бизда Навоий ҳақида ёзадиган ёш дараматурглар йўқми? Қачон ёзасизлар? Мана сиз ёш ижодкорлардан экансиз, нега ёзмайсиз? Агар сиз қойилмақом асар ёзиб келсангиз биз жон деб саҳналаштирамиз”, - дедилар. Мирза аканинг гапларида жон бор эди. У киши шунчаки бир раҳбар ёки истеъдодли актёргина эмас, балки ўз касбининг ҳақиқий фидойиси эди. Яна бир суҳбат чоғида у кишига “Мирза ака, сиз кино ва театрда янада ёрқин образлар яратишингиз керак. Биз сизнинг қиёфангида Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Камолидин Беҳзодларни кўргимиз келади”, деганимда “Янгича руҳдаги ана шундай асарлар ёзинглар. Мен жон деб ўйнайман”, - деган эдилар. У киши ёзувчи ва шоирларни жуда қадрлар ва қалам аҳлига ҳурмати баланд эди. Турли тадбир ва тантаналарда шоирларнинг шеърларини жудаям чиройли ўқирдилар. Бир сафар Қозоғистондаги ана шундай тадбирда Зулфия Мўминованинг шеърини ўқиганда ҳамма олқишлар билан кутиб олган экан. Шу ҳақда тўлқинланиб, сўзнинг кучи ва қудрати ҳақида гапирган эдилар... Мирза аканинг вафотини эшитиб, жудаям афсусландим. Шундай инсон орамизда йўқ энди...

Гулруҳ ЁРМАТОВА - журналист.
Muzaffar.uz сайти билан ҳамкорликда тайёрланди.
Манба: "Бекажон" газетасининг 22.04.2021 йилги №16 (2009) сони.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот