Нозим Ҳикмат


Турк шоири Нозим Ҳикмат Ран таваллуд топган кун

   Нозим Ҳикмат Ран (Nâzım Hikmet Ran) 1902 йил 20 Январда Салоникида туғилган. Турк шоири ва жамоат арбоби. Турк шеъриятига янги ритм ва эркин шеър жанрини олиб кирган. Ҳарбий-денгиз билим юртида ўқиган. «Қирқ ҳаромилар асири» шеъри (1920) Туркиянинг мустамлакачилик кишанларига тушаётганига қарши ёзилгани учун инглизлар ва султон саройи томонидан таъқиб этилган. Ғарб давлатларининг мустамлакачилик сиёсатига қарши кураш ғоялари таъсирида Москвага келиб (1922), Шарқ халқлари меҳнаткашлари коммунистик университетида ўқийди. Ватанига қайтгач (1924), адабий фаолият билан шуғулланади. 1927 й. она юртидан қувғин қилинган Нозим Ҳикмат яна собиқ иттифоққа келади. Шоирнинг «Қуёш ичганлар қўшиғи» номли дастлабки шеърий тўплами Бокуда чоп этилади (1928). Нозим Ҳикмат бу даврда Маяковский эстетикаси таъсирида интим туйғулар тасвиридан онгли равишда қочиб, минбар шеърият намуналарини яратади. Шу йили Туркияга қайтиб, газета таҳририятида ишлайди, Кўп ўтмай у яна қамоққа ташланади.
   Шоир умрининг аксар қисмини қувғинда ўтказган ва жами 17 йил қамоқда яшаган.
1950 й. озод бўлган Нозим Ҳикмат яна шўролар мамлакатига кўчиб келиб (1951), умрининг охиригача Москвада адабий ва ижтимоий фаолият билан шуғулланади.
   Ўзбекистонда Нозим Ҳикмат ижодига қизиқиш 1928 йилдаёқ бошланган. Ғафур Ғулом, Шайхзода, Миртемир ва бошқалар Нозим Ҳикматнинг кўплаб асарларини ўзбек тилига таржима қилган. «Туркия ҳақида ҳикоя» пьесаси ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрида, «Бир севги афсонаси» пьесаси асосидаги балет эса Навоий номидаги давлат академик катта театрида саҳналаштирилган.
   “Саккиз юзи ўттиз беш сатр” (1929), “Варан-3” (1930), “Сасини йўқотган шаҳар” (1931) шеърий тўпламлари, “Жиоконда ва Си-Я-у” (1929) романи, “Бош чаноғи” (1932), “Унутилган одам” (1935) пьесалари дастлабки ижод намуналаридир.  Шу даврда у 20-асрнинг ўзига хос поэтик тарихи – “Инсон манзаралари” (1941) эпопеяси, “Турмада хатлар” шеърий туркуми, “Бир севги афсонаси” (1965) ҳамда “ Юсуф ва Зулайҳо” пьесаларини ёзган. “Туркияда” (1952), “Аноний” (1955), “ Бекат” (1958), “Тартюф-59” (1959), “Дамокл қиличи” ( хотини С.Тулякова билан ҳамкорликда, 1960) каби пьесалар, шеърлар ва достонлар муаллифи. 1963 йил 3 апрелда Москва шаҳрида вафот этган.