ШАВКАТ РАҲМОН


   ХХ аср ўзбек шеъриятининг ўзига хос вакили, миллатпарвар шоир - Шавкат Раҳмон (Раҳмонов Шавкат) 1950 йил 12 сентябрда Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Помир маҳалласида хизматчи оиласида туғилган.
   1966 йилда ўрта мактабни тугатгач, қурилишларда, вилоят босмахонаси ва газетасида ишлайди. 1973 йилда Москвадаги М. Горький номидаги Адабиёт институтини битиргач, Тошкентга келиб, Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир ва бўлим бошлиғи (1975-82; 1985-90), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул ходим бўлиб ишлайди (1982-84).
   У шоир сифатида ўзининг такрорланмас овози билан тенгдошларидан ажралиб турарди.
  Унинг «Рангин лаҳзалар» (1978), «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар» (1983), «Гуллаётган тош» (1984), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1988) каби шеърий тўпламлари нашр қилинган. Шоирнинг ўзи тайёрлаган «Сайланма» тўплами вафотидан сўнг 1997 йили нашр этилган.
   Шавкат Раҳмон сўзнинг бадиий имкониятларини кенгайтириш, фикр ва туйғунинг ботиний ҳаракатини ифодалаш усул ва воситаларини топиш мақсадида кутилмаган мажозий образлардан, қиёслардан самарали фойдаланган, бармоқ вазнининг анъанавий ўлчовларини бузиб, ритм ва оҳангга эркин муносабатда бўлган, шеъриятда бадиий фалсафий тасвирга урғу берган. Шоир шеърияти ўтган асрнинг 80-йилларида ўзбек адабиётида кучли оқимни ташкил этган лирик-фалсафий, исёнкорлик руҳидаги асарлар сирасига киради.
   Шавкат Раҳмон испан шоирлари Ф. Г. Лорка, Х. Р. Хименас, Р. Альберти шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
   У узоқ давом этган оғир хасталик туфайли 1996 йил 2 октябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.