Хотираси сўнмас сиймо


 

Хотираси сўнмас сиймо

 

Биринчи Президентимизнинг ватан ва давлат олдидаги

буюк тарихий хизматлари, сўнмас хотираси

 халқимиз қалбида абадий яшайди.

Шавкат Мирзиёев.

      

     Ўтган асрнинг 90-йиллари. Юртимиз ўта кескин ва оғир сиёсий вазиятга, иқтисодий муаммолар гирдобига тушиб қолган замонлар. Халқимиз қалбида битмас жароҳат қолдирган ўша машъум йилларда шундай бир ёруғ юлдуз пайдо бўлдики, у халқимизнинг зулматга чўмган ҳаётини ёруғлик ибтидосига олиб чиқди. Бу юлдуз, сезиб турганингиздек, Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов эди. Таъбир жоиз бўлса, Ислом Каримов ҳақиқий маънода халқимизнинг ”Соҳибқирони соний”и, яъни иккинчи соҳибқирони бўлди. Агар соҳибқирон Амир Темур ва Ислом Каримовларнинг ҳаёт йўллари, сиёсат майдонига кириб келиши, қудратли давлат тузиши, шахсий сифатлари муқояса қилинадиган бўлса, жуда кўп айни ўхшашликларга дуч келамиз.

      Соҳибқирон Амир Темур Мовароуннаҳрдаги оғир ва тарқоқ шароитда сиёсий кураш майдонига кириб келганидек Биринчи Президентимиз ҳам Ўзбекистондаги оғир сиёсий-иқтисодий таназзул вақтида раҳбар этиб сайланди. Бу даврда “қайта қуриш” сиёсати тамомила барбод бўлган, ҳокимият амалда сохта раҳбарлар қўлига ўтган, “Ўзбек иши”, “пахта иши” деб аталган балолар авж олган еди. Халқимиз камситилиб, маданиятимиз оёқости қилинаётган, тилимиз, миллийлигимиз топталаётган бир даврда Биринчи Президентимиз ўзбек халқини қўрқмасдан ҳимоя қилиб чиқди. Ислом Каримов 1989-йил 23-июн куни Ўзбекистон Компартияси         1-котиби этиб сайлангач, у киши бошчилигидаги янги раҳбарият халқимиз ўзлигини қайтариш, миллий мустақилликка эришиш томон қадам қўя бошлади. 1989-йил май ойида бўлиб ўтган Фарғона, Қувасой воқеаларини ошкора кўриб чиққан Биринчи Президентимиз бошчилигидаги раҳбарият унинг асл сабабларини очиб ташлади. Ваҳоланки, бу воқеалар Ислом Каримовнинг ўзи айтганидек, ўша давр республика раҳбарлари томонидан  “Бу бир тарелка қулупнай устида бўлиб ўтган жанжал, безовта бўлишга ҳам арзимайди”, деган ёлғонлар билан ҳақиқат очилмай қолаверган еди.

      Халқимиз ҳаётида чуқур жароҳат қолдирган, аслида ҳеч қандай асосларсиз тўқиб чиқарилган “пахта иши”, “ўзбек иши” Ислом Каримов даврида барбод этилди. Айбсиз, сохта далиллар билан қамалган ўн минглаб кишиларнинг ишлари қайта кўриб чиқилди ва улар оқланди. Осмонимизга адолат қуёши қайтди. Мен кўплаб оқланган инсонларнинг яқинлари қатори  Биринчи Президентимизнинг бу борадаги ҳаракатлари аҳамияти ва кўламини бугун ҳам қалбим билан ҳис қилиб тураман. Чунки менинг бобом ҳам 1985-йил “пахта иши” билан ноҳақ қамалган. Шукурки, Биринчи Президентимиз туфайли бобом ҳам оқланган ва оиламизга қайтган. Бугун шу ҳақида фикр юритар еканман, мустабид ҳокимиятига бўлган нафратим ошиб боряпти. Айни дамда Биринчи Президентимизга миннатдорлик ҳисси ҳам кучайгандан кучаймоқда.

      1989-йил 21-октабрда ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши Ислом Каримов кўрсатган яна бир улкан жасорат бўлди. Бугун ҳатто мустақил давлатларда шу давлат халқининг она тили Давлат тили эмаслигини ҳисобга оладиган бўлсак, мустамлака шароитда она тилимизни Давлат тилига айлантириш ҳақиқатда Биринчи Президентимизнинг буюк хизмати еди. Бу тарихий воқеа истиқлол сари яна бир одим бўлди.

      1990-йил 24-март куни Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистоннинг Президенти этиб сайланди. 1991-йил 31-август куни эса Биринчи Президентимиз Ислом Каримов халқимиз узоқ йиллар давомида кутган асрий орзусини рўёбга чиқарди – Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллигини эълон қилди.

      Ислом Каримов шошма-шошарликка йўл қўймай, узоқни кўзлаб иш тутди. Фуқароларни “шокка тушириб қўядиган” “шок терапияси” ёхуд “портлаш еффектини” қўлламади. Аксинча, халқимизни босқичма-босқич Совет давлати асоратларидан олиб чиқди. “Мустақилликни эркинлик тўғрисидаги шиорлар билан емас, балки сиёсий, иқтисодий, маънавий мазмун билан тўлдириш керак”, - дея таъкидлаган Биринчи Президентимиз ўз фикрларини амалда ҳам муносиб қўллади. У киши иқтисодий мустақилликка эришмасдан сиёсий мустақилликка эришиб бўлмаслигини билиб, аввало, иқтисодий мустақиллигимизни тиклаш ва мустаҳкамлашга бел боғлади.  Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ишлаб чиқилишига раҳбарлик қилди ва унинг лойиҳасини яратишда улкан ҳисса қўшди. Миллий ифтихоримиз ҳисобланмиш миллий валютамиз – сўмни муомалага киритди. Бутун дунё тан олган ва таҳсин айтган “ўзбек модели”ни яратди. Шу тариқа Биринчи Президентимиз миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкам пойдеворини қурди. Ўзбек халқи Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида бугунги кунда ўзини тўла оқлаб улгурган босқичма-босқич, тадрижий ривожланиш йўлига тушиб олди.

      “Ватан, миллат тақдири ҳал бўладиган қалтис вазиятларда тўғри йўлни танлай олиш учун, аввало, тарихни ва ҳаётнинг аччиқ-чучугини билиш керак”, - деган еди Биринчи Президентимиз “Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан билан қурамиз” китобида. Ўзининг шу гапларига монанд равишда Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ҳаёт йўли ва касбий фаолияти енгил кечган эмас. 1938-йил Самарқанд шаҳрида бутун ўзбекистонликларнинг келгуси тақдири дунёга келди. Бежизга бундай демаяпман. Ахир барчамизнинг бугунги бахтиёр ҳаётимиз Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хизматлари билан қурилди. Бўлғуси раҳбарга туғилишиданоқ илоҳий куч ҳамроҳ еди. Унга муқаддас динимиз номи – Ислом исмининг берилиши ҳам шундан далолатдир. Йиллар сувдек оқиб ўтди. 1960-йилда институтни тамомлаб “Тошсельмаш” заводига ишга кирган Ислом Каримов ўзининг интилувчанлиги, тиришқоқлиги, ҳаракатчанлиги туфайли уста ёрдамчиси, уста, технолог каби вазифаларда ишлади. Ниҳол қуёшга қараб бўй чўзганидек, энди Ислом Каримов ҳам юксакликка кўтарила бошлади. У киши 1961-йилдан 1966-йилгача Тошкент авиация заводида ишлаб, етакчи муҳандис конструктор лавозимигача кўтарилди. 1983-йилда Молия вазири, 1986-йил Ўзбекистон Давлат режа қўмитаси раиси бўлди. Шундан сўнг мамлакатнинг иқтисодий талофат олдида турганини англаган Биринчи Президентимиз Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасига “Ўзбекистон иқтисодий ривожланиши муаммолари ва истиқболлари ҳақида”ги жиддий таҳлилий маълумотнома тайёрлади. Бу ҳолат раҳбариятга маъқул келмади ва Ислом Каримовдан қутулиш, уни иложи борича кучсизлантириш усуллари изланди. Ислом Каримовга қарши бўлиб қолган Республика Марказий Қўмитасининг 2-котиби Анишев Биринчи Президентимизнинг Тошкентда қолиши мумкин эмаслигини ва уни вилоятга жўнатиш фикрини Сиёсий бюрога киритди. Ўшанда ҳатто вилоят партия қўмитасининг 1-котиби лавозимига тайинлаш қоидаларига ҳам амал қилмай, Ислом Каримов Қашқадарё вилояти партия қўмитасининг 1-котиби лавозимига тайинланди. Ислом Каримов   ўша пайтда республикамизнинг энг мураккаб ҳудудига юборилган еди. Марказ бундан Ислом Каримов учун фойдали ниятни кўзламагани аниқ эди. Аммо бу Биринчи Президентимизни зиғирча қўрқитмас, аксинча, тажрибаси ортар, раҳбар сифатидаги характери синовларда тобланар эди. Ислом Каримов Қашқадарёда қарийб 3 йил ишлади ва бу муддатда жар ёқасида турган вилоят тақдирида кескин ижобий бурилиш ясади, халқнинг ишончини қозонди. Унинг қатъият билан қилган фидокорона хизматлари ўша йилларнинг ўзидаёқ қадр топиб, “Меҳнат Қизил Байроқ” ва “Халқлар дўстлиги” орденлари билан тақдирланган эди.

      1991-йил 18-ноябрьда бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг VIII сессиясида 1991-йил 29-декабрь Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни этиб белгиланди. Ушбу сайловда Ислом Абдуғаниевич Каримов  86% овоз олган эди. 1995-йил 26-март куни бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига кўра, Ислом Каримовнинг президентлик ваколати 2000-йилга қадар узайтирилди. 2000-йил 9-январьда ўтказилган сайловда Ислом Каримов яна Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2007-йил 23-декабрда бўлиб ўтган сайловда ҳам Биринчи Президентимиз президентликка сайланди. Ислом Каримов ҳаётидаги охирги – 2015-йил 29-март куни ўтказилган сайловда ҳам ғолиб бўлди. Буларнинг бари Ўзбекистон халқининг Ислом Абдуғаниевич Каримовга бўлган тоғдек ишончи, юксак қадридан далолатдир. Ислом Каримов ҳар бир сайловдан кейин президентлик қасамёдини қабул қилар экан, биз унинг бу қасамёдига бутун умри давомида собит тура олганини ҳар дақиқа ҳис қилиб турдик.

      Асрларга тенг 25 йил. Ана шу давр мобайнида Ислом Каримов халқ отаси сифатида “тош келса кемириб, сув келса симириб”, ҳар қандай балони юртимиздан қувиб чиқарди. Ана шу давр мобайнида Ислом Каримов  ўзбек халқининг халқ сифатидаги ўзлигини тиклади, минг  йилликлар тарихини қайтарди. Ана шу давр мобайнида Ислом Каримов пахта яккаҳокимлигига асосланган енг қолоқ республикани қудратли аграр-индустриал давлатга айлантирди. Ана шу давр мобайнида Ислом Каримов Ўзбекистонни ҳақиқий Ўзбекистон қилди.

      Бугун ўзбек халқи “қолоқ”, “маданиятсиз”, “ўтмишсиз халқ” каби тамғалардан бутунлай озод. Бугун биз аслида бўлганидек бутун дунёга илм-маърифат тарқатган, Европани қутқарган буюкларининг авлодимиз. “Ҳақиқатан ҳам, бир ўйлаб кўрганда – биз кеча ким едигу, бугун ким бўлдик, деган саволни ўзимизга бериб, кечаги ҳаётимизни бугунги ҳаётимиз билан қиёслаганда, содир бўлаётган туб ўзгаришларнинг асл маъно-мазмунига етиб боргандагина кўп нарса бизга яққол намоён бўлади”, - деган эди Ислом Каримов шу ҳақида.

      Бугун биз ҳақ-ҳуқуқимизни билмайдиган, ўзимиз билмаган ҳолда фақат ва фақат собиқ СССР манфаатларига хизмат қиладиган халқ эмасмиз. Бугун ўзбек халқи ўз ҳуқуқлари ва бурчларини англаган, ягона манфаат – ўз ватани -  Ўзбекистон манфаати учун меҳнат қиладиган халқ.

      Бугун биз “Амир Темур – қотил, Қодирий – халқ душмани” деб юрган оми эмасмиз. Бугун биз азал-азалдагидек тарихий хотираси чуқур том саводли миллатмиз. 

     Бугун ўзбек халқи ҳақиқатда ўз-ўзига бек! Шуни ҳар қанча таъкидласак арзийдики, ўзбекни ўзбеклигига қайтарган буюк йўлбошчи эса Ислом Каримовдир.

     2016-йил 2-сентябр. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этди. Биринчи Президентимиз ўзи туғилиб ўсган она шаҳри – Самарқандда мангу макон топди. Бутун Ўзбекистон, ҳатто она табиат бу кун маҳзунгина йиғлади. Бутун дунё бу кун мотамга чўмди. Юрт отасин кўрганда қувончдан йиғлаб юборган миллион қора кўзлар бу кун ҳам маржон-маржон ёш тўкди. Сиёсат ҳам, тиббиёт ҳам, 32 миллион халқ ҳам юртбошини олиб кетган ажал олдида ожиз қолди. Башарият  Ислом Каримовнинг ўзи умрини фидо қилиб қурган мустақил Ўзбекистонининг 25 йиллик тўйини кўролмай, истиқлол шодиёнасида халқни йиғлатиб кетгани алами билан қолди. Аммо барчамиз биламиз – Биринчи Президентимизнинг табаррук номлари мангуга муҳрланган. У кишининг муборак ёдлари ҳеч қачон ўчмайди. Аксинча, йилдан йилга, ойдан ойга, кундан кунга онг-у шууримизда кўпроқ нур сочаверади. Биринчи Президентимизнинг руҳи поки жаннатлардан жой олсин! Ўзбек халқининг муштарак тилагидир - шу!

 

                                                Умида Нуриддинова. НДКИ қошидаги Зарафшон академик лицейи ижтимоий-гуманитар фанлар йўналиши