Раҳматилла Мирзаев (1954 - 2015)


 

   Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Олий тоифали сухандон - Раҳматилла Мирзаев 1954 йилнинг  22 Сентябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1972-1976 йилларда Тошкент Давлат театр ва рассомлик санъати институтининг "Драматик театр ва кино актёрлиги" йўналиши бўйича таҳсил олган. 

    1979 йили Раиса Мирзаева билан турмуш қуришиб, 1980 йили қизи - Зарифа, 1992 йилда ўғли - Умид туғилган. 

   Раҳматилла Мирзаев Ўзбекистон телевидениесида "Ассалом, Ўзбекистон", "Дилдаги гаплар", "Ахборот", "Дув-дув гап" ва бошқа кўплаб кўрсатувлар орқали мухлислар қалбидан чуқур ўрин эгаллаган. 

    Таниқли сухандон ва актёр - 2015 йил фожиали тарзда оламдан ўтган.  

 

САНЪАТ   ВА   ТИЖОРАТ

 

    Севимли сухандонимиз – Раҳматилла ака Мирзаев барчамизга таниш ва манзур бўлган актёр ҳамда қизиқчи – Ботир Муҳаммадхўжаев билан девор-дармиён қўшни. Раҳматилла ака мезбон сифатида менинг қаршимга пешвоз чиқиб, меҳмондек кутиб олар эканлар, Ботир ака билан ҳам суҳбатлашмоқчи эканлигимни эшитиб, ҳовлидан туриб овоз берганча: “Ҳой Ботир, Ботир бўлсанг ҳам ўзингни кўрсат, шотир бўлсанг ҳам ўзингни кўрсат!”, – дея ҳазиллашиб, Б. Муҳаммадхўжаевни чақирдилар. Деворнинг нариги тарафидан Ботир аканинг овози келди: — Дарвозангиздан кирайми ёки девордан ошиб тушайми?, – деганча, ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтариб, чиқаётганликларини билдирдилар. Ботир ака келгунларига қадар вақтни зое кетказмаслик учун, Раҳматилла акага саволлар билан мурожаат қилдим:

— Раҳматилла ака, ҳозир сухандонлик қилиш билан бир қаторда, тез орада ўз шинавандаларини топишга улгурган “Дув-дув гап” кўрсатувига ҳам бошчилик қилаяпсиз ва талай фильмларга дубляжда овоз бераяпсиз. Сиз бугунги кунда эришган муваффақиятларингиз учун, энг аввало, кимдан миннатдорсиз? Сизнинг бу даражага эришишингизга кимлар салмоқли улуш қўшишган?

   — Энг аввало, аммам, навоийшунос олима — Суйима Ғаниевадан миннатдорман! Аммам касб танлашимга ёрдам берганлар. Кўп нарсани, асосан, улардан ўрганганман. Аммам: “Машаққатли бўлса-да, тинимсиз меҳнат қилгин, меҳнат одамни улуғлайди”, – деб бот-бот такрорлар эдилар. Қачон уларнинг уйларига борсам, аммамнинг дам олиб ўтирганларини ҳеч кўрмасдим. Доимо қандайдир китобларни мутолаа қилганча, ёзув-чизувларга кўмилиб ўтирардилар. Бундан ташқари, аммам уй юмушларини бажаришга ҳам улгурардилар. Уларни кўпинча ёзув столининг ёнида учратардим. Шу боис, яъни тинимсиз меҳнатлари туфайли Беруний мукофотига ҳам сазовор бўлдилар.

   Аммамни бир бошдан таърифлайдиган бўлсам, бисотимдаги сўзлар озлик қилади. Суйима опа ўта ҳалол, ростгўй, нафақат ўз фарзандлари ва қариндошларига, балки ҳаммага бирдек жуда меҳрибон, ҳамиша тўғри фикр билдирадиган аёл. У кишидан ҳар қанча ўргансак арзийди!

  Айни вақтда профессор, филология фанлари доктори бўлган аммам 23 ёшларида номзодлик диссертациясини Ленинград (собиқ, ҳозирги Петербург)да ёқлаганлар. Ҳаётимда аммамнинг тутган ўрнилари шу қадар юксакки, бирор бир иш бошламоқчи бўлсам ёки қандайдир муаммога тўқнаш келиб қолсам, ўз-ўзимга савол бераман: “Аммам бундай вазиятда нима қилган бўлар эдилар?”. Шунинг учун ҳар бир ишда дастлаб аммам билан маслаҳатлашаман. Чунки, Суйима аммамиз – бизнинг доно маслаҳатгўйимиз!

  Ҳаётда нохушликларга дуч келиб, руҳан тушкунликка тушсам – маънавий кўмак ахтариб, яна аммамнинг олдиларига бораман. У киши қаерда хатога йўл қўйганлигимни тушунтирадилар ва мен бундан тегишли хулоса чиқариб, у хатоларни тузатишга киришаман. Аммамнинг обрў-эътиборлари олима сифатида жуда баланд: халқаро анжуманлар, конференция, йиғинларга бориб, қатнашиб келадилар. Чет элликлар аммамни кўп ишларга таклиф қилиб, ҳатто катта маблағ тўлашликларини айтиб, ваъда беришса-да, аммам юртимизни ташлаб, хорижга кетишни истамайдилар. Негаки, у киши ватанпарвар, фидойи, халқпарвар олима!

   Аммамдан ташқари, яна тоғамдан ҳам миннатдорман. Тоғам – Олим Эшонхўжаев Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи. Кўча чангитиб, шўхлик қилиб, копток тепиб ўйнаганимизда, бизни меҳнат қилишга ундардилар. Ҳозир мен ҳам ўғлим Умиднинг бирор дақиқаси бўш ўтмаслигига ҳаракат қиламан. Зеро, ҳар бир ота-она болаларини меҳнат қилишга ўргатса, у эртага қийналиб қолмайди.

— Раҳматилла ака, ёдингизда бўлса, “Кўнгилдаги гаплар” кўрсатувини олиб борган пайтларингиз, қизиқчи Обид Асомов билан суҳбатлашганингизда, у акаси Собит Асомов вафот этганда, кўнглига қил сиғмай турган бир маҳалда ҳам айрим кишилар унинг уйига келиб, уни тўйга чақиришгани, боролмаслигини айтса, ранжишганини ўкиниб гапирганди. Ўшанда Сиз  ҳатто энг яқин кишиси вафот этса ҳам, саҳнага чиқадиган санъаткорлар борлигини айтиб ўтгандингиз. Агар сир бўлмаса, ўшанда айнан кимни назарда тутганингизни билсак бўладими?

— Ҳа, эсладим. Мен у санъаткорни ранжитиб қўймаслик учун атай исмини тилга олмагандим. У артистни санъаткор, ажойиб актёр сифатида жуда қаттиқ ҳурмат қиламан ва қадрлайман! Аммо у кишининг қизлари вафот этган куни, яъни ўша кун саҳнага чиқиб, роль ижро этганлар... Мен буни тушунмайман. Кишининг энг яқин жигарбанди, пуштикамари жон берса-ю, шундай мусибатли кунда томошабинларга томоша кўрсатишни тасаввуримга сиғдира олмайман!!! Кечирасизу, буни кимларгадир ўхшаб “жасорат” деб ҳам атай олмайман! Бу шўровий тузумнинг сарқити, собиқ иттифоқчиларнинг тарғиб-ташвиқи натижасида ўша даврларда юзага келган салбий ҳолат, деб ҳисоблайман. Менинг назаримда, бу ўта бемаъни ва нотўғри ташвиқ. Баъзи газеталар бу ҳодисани қаҳрамонлик даражасига кўтаришади. Лекин менинг назаримда, бу инсонийликка ҳам, мусулмончиликка ҳам тўғри келмайди. Театрдаги 400 та одам 1 кун саҳнада унинг томошасини кўрмаса кўрмас. Ўрнига бошқа одам ўйнар. Мабодо, усиз ўша кун намойиш бекор қилинса, қилинар. Одамлар ҳам азадорни, бошига оғир мусибат тушган одамни тўғри тушунишган бўлишарди, деб ўйлайман. Ўша куни томошабинлар ичида бугун боласи ўлиб, кечқурун томоша кўргани чиққани бўлганмикан?!.

— Раҳматилла ака, авваллари санъаткорларнинг тўйма-тўй юришига бошқача кўз билан қараларди.

— “Отарчи” дейишарди, демоқчисиз-да.

— Ҳа, аммо бугунги кунга келиб, тўйларда санъаткорларнинг хизмат қилишлари, қолаверса, очиқ-ойдин савдолашишлари одатий ҳолга айланди. Ҳар ҳолда, бу ёғи бозор иқтисодиёти. Саволим малол келмаса, айтинг-чи, ўзингиз тўйларга неча пулга борасиз?

—  “Тўйга неча пулга борасиз?”, деб сўрашмагану, лекин “Тўйга нега пулга борасиз?”, деган саволни беришган. Мен уларга шундай жавоб берганман: “Сизлар тўйда мазза қилиб, қўшиқ эшитиб, рақс тушиб, қорин тўйдириб, ичиб ўтирасизлар, мен эса тўйнинг бошидан охиригача қоққан қозиқдай, симёғочдай тик туриб, овозим бўғилгудек сухандонлик қилганим учун тўйга пулга бораман”. Ҳа, халқимиз, модомики, ихлос ёки ният қилиб, тўйга айтиб кетса, хизмат қилишдан бош тортмайман, нархини ҳам айтаман. Тўйингизга мени чақирсангиз, қанчага боришимни ўшанда билиб оласиз. Ҳозирча эса, буни Сизга айтолмайман. Негаки, Сиз буни дарров газетага катта ҳарфлар билан ёзиб, сарлавҳада ҳам “Раҳматилла Мирзаев фалон пулга тўйга боради!”, деб овоза қилишдан ҳам тап тортмайсиз. Мен эса буни истамайман.  Бу тижоратга оид касбий сир!

— Қўшиқчилар дангал айтишади-ку?

— Ҳа, энди мен қўшиқчи эмасман-да.

  Шу топ Ботир ака Муҳаммадхўжаев кириб келиб, суҳбатимизга қўшилдилар: – Воҳай, воҳай, қўшиқчилар кимга керак ва қанча керак? Қанақа қўшиқ эшитмоқчисиз? Қўшиқчилар деганда, мабодо “санъат юлдузлари”ни назарда тутаётган бўлсангиз, Сиз мендан улар ҳақидаги фикримни сўранг!

— Хўш, улар тўғрисидаги фикрингиз қанақа экан?

— Назаримда, бу албатта шахсий фикрим, осмон пасайиб кетди. Шунинг учун ҳам юлдузлар кўпайиб кетди. Саволингиздан келиб чиқиб, бир латифа ёдимга тушди. Афанди бир куни мунажжимнинг олдига келиб, сўрабди: “Юлдузни фақат кечқурун кўрса бўлади, аммо кундузи кўришнинг ҳам иложи борми?”.   — Бор, дебди мунажжим, – фақат бунинг учун бир ой овқат емасанг, кундузиям кўрасан. 

 15 кундан кейин Афандининг мазаси қочиб, мунажжимнинг олдига борибди. Мунажжим: – Қалай? Бирор ўзгариш борми? – деса, Афанди: – Роса қизиқ ишлар бўлаяпти, тақсир, – дебди. – Бир нарса “милт” этиб чиқади-ю ботади. Лекин нимагадир офтоб кўринмай қолди, – деган экан.

— Ҳозирги кундаги қизиқчилик санъати борасида нима дея оласиз?

— Ўзбекистонда ўзи қизиқчи борми? Сиз қизиқчи деганда, айнан кимни назарда тутасиз ва қўлингиз билан кимни кўрсата оласиз? Дунёда энг зўр қизиқчи – Сиз билан бизни яратган Оллоҳ! Ишонмаганлар бориб ойнага қарасин. Тўғри, шу кунларда қўлдан келганча, баҳоли қудрат, кичик бир кўламда ўзини “қизиқчиман” деган одамлар бордир... (шахсий фикри), аммо мен буларнинг ҳеч бирини тўлақонли қизиқчи дея олмайман. Юсуфжон қизиқ, Муҳиддин Дарвешов, Хасан Йўлдошевлар қани?!!

— Дастлабки мавзуга қайтсак. Қўшиқчиларимиз ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингиз чала қолиб кетди...

— Бунча кўп-ей булар?! Ҳар иккита одамдан биттаси бир думалаб қўшиқчи бўлиб қолаяпти. Наздимда, туғруқхоналарда туғилаётган чақалоқларнинг тепасида кимдир чилдирма чалиб турганга ўхшайди.

— Бундай фикрни нимага асосланиб айтаяпсиз? Қўшиқчиларнинг тўйга қанча пулга боришини гапираётгандик, шекилли? Мавзудан чалғиб кетмадингизми?

— Бунинг ҳозирги мавзумизга жудаям дахли бор! Чунки, қистир-қистир худди ўша ердан бошланади-да! Туғруқхоналарда дояларга ва бошқаларга қилинаётган “қистир-қистир”ни, пулларни кўрган чақалоқлар қўшиқчи бўлиб, “қистир-қистир”га боришаяпти-да!

— Ботир ака, ҳазил албатта яхши нарса. Ҳар бир ҳазилнинг замирида маълум бир маънода аччиқ ҳақиқат ётади. Ҳозирча ҳазил-ҳузилдан бироз чекинсак-да, мухлисларимизга ўзингиз ҳақингизда сўзлаб берсангиз.

— Мен 1963 йилнинг 26 март куни “Қўй” буржи остида, Тошкентнинг қоқ маркази – Себзорда таваллуд топганман. Ота-онам ишчи, бувам ишчи, бобом ишчи, ўзим эса деҳқонман.

 1980 йили Тошкентдаги Маннон Уйғур номидаги театр ва санъат олийгоҳини тугатганман.

— Кинодаги ролларингиз?

— Бахтга қарши, уч-тўрт кинода, хусусан, “Тоғлик куёв”, “Ҳай-ҳай ўлан” каби фильмларда роль ўйнаш шарафига муяссар бўлдим. Актёрлар бир умр орзу қилиб яшайди, аммо ўзбек актёрлари Ҳолливудга боришни истайдилар. Чунки, кинони ҳам қўшиқчилар эгаллаб олди. Афсуски, Ҳолливудда Сизга, менга ўхшаганлар тиқилиб ётибди. “Ҳай-ҳай ўлан” фильмидаги бош роль – Ҳаким бойвачча тимсолини кўрдингизми? Раҳматли Муҳриддин Ҳолиқов ҳам ўша фильмда охирги марта роль ижро этган. Томошабинларнинг савияси “зўр”лигидан, шу фильмни кўрган айрим кишилар менга савол билан мурожаат қилишди: – Кинонгизни кўрдигу бир жойига ҳеч тушунмадик. Муҳриддин Ҳолиқов қайси пайт кинога тушди? Вафотидан олдинми ёки кейинми?

 — Мен ҳам тўғрисини айтдим: – Гўрковга 1000 доллар бериб, уни бир кунга қабридан чиқардик, – деб ҳазиллашдим.

  Ўзи кино санъати — жуда қизиқ санъат! Агар Сиз олган фильмга одам ёғилиб, аншлаг бўлиб кетса – яхшигина мўмай даромад оласиз – бизнес! Агар ҳеч ким кирмаса – бу энди чинакам санъат!!!

— Айни вақтда нималар билан машғулсиз? Ижод қилаётган бўлсангиз керак, ҳойнаҳой?

— Ҳозирги кунда қилаётган ишларим – мавсумда тўйма-тўй юриб, отарчилик қилаяпмиз. Ҳадемай, қиш ҳам эшик қоқмоқда. Ўшанда ижодга ҳам ўтириб қолармиз.

— Билишимча, Сиз қалам тебратиб, драматургия соҳасида ҳам ижод қилиб турасиз.

— Ҳаваскор сифатида.

— Обид Асомов Сизни зўр, маҳоратли, қалами ўткир драматург, Баҳодир Йўлдошев ҳам тан берган, дея таърифлаганди. Бунчалик “камтарсиз”?

— Камтарлик – манманлик белгиси бўладиган бўлса, манманлик қилгандан кўра, камтарлик қилиб, жимгина ўтирган ҳам яхши. Сиз бола, боядан бери менинг қитиқ патимга тегаяпсиз! Агар дард дафтарим очилиб кетса, қоғоз тополмай, дўконга югуриб қоласиз. Айнан мени шу драматургия соҳасида шахсий фикрим бор. Афсуски, бизда драматург йўқ! Илгари бўлгандир. Бу соҳада теран ижод қилганлар кўп бўлган. Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода. Ўзи бу ёзувчилик ҳам қизиқ нарса. Дунёда икки хил ёзувчи бўлади: яхши ёзувчи ҳамда ёмон ёзувчи. Ёмони – бўлар-бўлмас нарсани ёзаверади. Яхши ёзувчи ҳеч нарса ёзмайди. Одамларни қийнамайди ҳам.

— Газетхонларга тилакларингиз?

— Тилак билдиришга ҳам қўрқиб қолдим. Сабаби – бизда газет ўқийдиган одам камайиб кетди. Истардимки, мутолаа қиладиган кишилар кўпайса. Газеталарнинг адади ошса. Газеталар киоскаларда осилиб ётмасдан, қўлма-қўл бўлса.

— Фикрингизни тушундим: Сиз журналистларга шаъма қилаяпсиз.

— Ўзи Ўзбекистонимизда мана-ман деган чинакам журналист борми?  Демоқчиманки, журналистлар долзарб мавзулар устида бош қотиришса, бадиий ҳаваскорликдан йироқ бўлишса.

— Сиз нафақат қизиқчи, танқидчи ҳам экансиз-ку!

— Ҳайвоннинг гўркови бўлмаганидек, нафснинг терговчиси бўлмайди-да, ука!

— Суҳбатингиз учун раҳмат! Раҳматилла ака, Сизни ҳамкасбларимиз ва мухлисларимиз номидан яқинлашиб келаётган таваллуд айёмингиз билан табриклаб, Сизга дунёдаги жамики энг юксак истакларимни билдирмоқчиман!!!

— Раҳмат! Мен ҳам “Оила тилсими” газетасининг ижодкорлари ва мухлисларига бисотимдаги эзгу тилакларни тилайман!

 

Музаффар Муҳаммадназар суҳбатлашди. 2004 йил.  










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот