МОЖАРОЛАР МАРКАЗИДАГИ КАПУР


 

 Ҳинд актёри Шакти Капур кўпларга таниш. Унинг чеҳраси томошабинларда нафрат уйғотган бўлса, айрим роллари табассум ҳам бахшида этган. Шакти Капур ёвуз қаҳрамонларни ҳам, содда, гўл ролларни ҳам маромига етказиб ўйнайди. Унинг машҳур Капурлар сулоласи ёки Анил Капурга сира алоқаси бўлмаса-да, 450 дан зиёд фильмда суратга тушган. Бу эса ҳинд киноиндустриясидаги унча-бунча актёрларга насиб этавермайди...

 

     Шакти Капур – ҳақиқий исм-шарифи Сунил Искандерлал Капур 1952 йилнинг 3 сентябрь куни Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида туғилган. Уларнинг оиласи асли худди машҳур актёр Дхармендра каби панжоблик бўлган.

     Сунил (Шакти)нинг отаси С.Л.Капур “Коннот-Плейс” ательеси соҳиби, онаси эса Сушила Капур уй бекаси эди. Сунил оилада тўрт фарзанднинг бири эди. У ўқишни ёмон кўрар, шу сабабли учта мактабдан ҳайдалди.

     У коллежда таҳсил олаётганида модель бўлиб ишлади. Илмгоҳни тугатганидан сўнг “Mercury Travels and Asian Travels” идорасида фаолият юритди. У хусусий сайёҳлик агентлиги очиш иштиёқи билан ёнарди, бироқ сўнгги дақиқаларда отаси шғлига ёрдам беришдан бош тортди. Сунил отасини зиқна ҳисоблаб, жанжаллашиб қолди. Актёрлик тушига ҳам кирмаган бу йигитча оилавий бизнес ўрнига сайёҳлик бобида улкан орзулар қилган эди.

Шундан сўнг Сунил театрга ишга жойлашди. Кейин эса актёр сифатида тажриба орттириш учун Пунага жўнади. У ерда “Film and Television Institute of India”нинг энг яхши талабаларидан бирига айланди.

Аммо кинода муваффақият қозонмади. Иштирокидаги биринчи фильм “Khel Khiladi Ka” эди. Беш йил мобайнида кинода суратга тушиши омадсиз кечди. Сабаби, у ижобий ролларни ўйнашни хоҳларди. Кунларнинг бирида Феруз Хоннинг “Абадий дўстлар” (1980) фильмида ёвуз қаҳрамонни ўйнади-ю, шундан кейин унга яхши актёр сифатида эътибор қарата бошладилар.

Орадан кўп ўтмай Сунил Капур Санжай Датт билан танишди. Санжай уни отаси билан таништириш мақсадида уйга таклиф қилди. Ўша пайтда Сунил Датт режиссёр сифатида биринчи фильмини суратга олиш арафасида эди. У Сунил Капурни “Рокки” фильмидаги салбий қаҳрамонни ўйнашга таклиф қилди, кучли ва ўйланган ролга жавоб бериши учун эса исмини Шакти деб ўзгартиришни маслаҳат берди (С.Датт ўзининг номи салбий жаранглашини хоҳламаган бўлиши ҳам мумкин). Мазкур фильм Шакти Капурнинг салбий қаҳрамонлик “мавқеи”ни тасдиқлади. Режиссёрлар уни жиноятчи, зўравон, босқинчи, мафия сардори, қаллоблар ролига таклиф қила бошладилар. Ора-сирада ижобий қаҳрамонларни ижро этарди, холос.

Кейинроқ у комик роллари билан ҳам танилди. Улардан энг яхши бешта ролини қуйидагилар деб ҳисоблаш мумкин: Прасад (“Baap Numbri Beta Dus Numbri”, 1990), Нанду (“Ража Бабу, 1994”), Чутья (“Гунда”, 1998), ПК Леле (“Sheetal Bhabhi”, 2011).

Шакти Капурнинг номзоди бир неча марта “Filmfare” мукофотининг “Энг яхши комик” номинациясига қўйилди ва бир куни тақдирланди ҳам (1995 йили “Ража Бабу” фильмидаги роли учун).

2005 йили Шакти Капур “India TV” билан боғлиқ тергов ишлари можаросининг асосий шахсларидан бирига айланди. Бу ғавғоли машмаша “кушеткадаги кастинг” деб номланган эди. Спиртли ичимлик таъсирига тушган Шакти Капур ҳинд киносининг таниқли кишилари шаънига оғзига келганини валдираганди. Улар эса буни ҳақорат ва туҳмат деб баҳоладилар. Фақат жамоатчилик олдидаги кечирим сўрашларгина Шактини кино ишлаб чиқарувчиларнинг бойкотидан асраб қолди. Бундан ташқари, кино ва телеиндустрияда ўтказилган текширув ишлари ижобий самара бермади: телебошловчи Омон Верма, продюсерлар Палаж Нихалани ва Ракеш Натх таъмагирлик қилинганини айтиб, полицияга шикоят аризаси билан мурожаат қилдилар.

Ҳар кунги алкоголь истеъмол қилиш одатидан бир ой мобайнида халос бўлишини оила аъзоларига исботлаш мақсадида Шакти Капур “Bigg Boss” реалити-шуосининг бешинчи фасли иштирокчисига айланди. Ўшанда 2011 йил эди. Эътиборли томони, 14 нафар иштирокчи орасида Шакти Капур ягона эркак эди. Қолаверса, иштирокчи қизлардан бири ҳомиладор, бошқаси эса хотин-қизлар ҳуқуқини ёқловчи бўлиб чиқди. Мазкур лойиҳадаги иштироки Шакти Капур ва оиласининг нуфузига ижобий таъсир кўрсатиб, оммавий ахборот воситалари у ҳақида жентльмен сифатида ёза бошлади. Бироқ унинг реалити-шоу бошловчиларидан бири Салмон Хоннинг ахлоқий қиёфаси ҳақидаги салбий гаплари иккала актёрнинг узоқ йиллик дўстлигига путур етказди.

Шакти Капур театрда ҳам роллар ижро этади. 2010 йили у актриса Падмини Кохлапури билан “Aasman Se Gira Khajoor Pe Atka” ҳинд театри спекталида бош роллардан бирини ўйнади. 2012 йили эса улар мазкур саҳна асарини АҚШдаги гастроль чоғида ижро этдилар.

Актёр қандайдир сиёсий партиянинг аъзси эмас, бироқ 2004 йили “Ҳинд миллий конгресси” раҳнамоси Сони Гандини ёқлаб чиққан (Сонининг келиб чиқиши италиялик эканлигини танқид қилинган эди). 2011 йилги муниципал сайлов арафасида эса “Bahujan Samaj Party” номзодларини фаол равишда қўллади.

Шакти Капурнинг рафиқаси Шиванги машҳур актриса Падмини Кохлапурининг синглиси бўлади. Шиванги эридан 13 ёш кичик. Ота-онаси унинг Шакти Капурга тегишига қарши эдилар, шу боис қиз уйдан қочиб кетди. Шакти ва Шиванги ўртасидаги никоҳ ҳам айнан ўша куни – 1982 йил 12 январида тузилди.

Шивангининг ота-онаси фақат набираси туғилганидан кейингина уларнинг никоҳини қабул қилишга мажбур бўлдилар.

Эр-хотин Капурларнинг икки фарзанди бор. Уларнинг ўғли Сиддхант дижей ва режиссёр ёрдамчиси, қизи Шраддха эса киноактриса бўлиб, илк бор 2010 йили “Учта қарта” фильмида ўйнаган. 2013 йили Сиддхант ҳам кинода роль ижро этди (“Вадаладаги отишма”).

Шакти Капур — ғарб рақслари ошуфтаси. У оқ ва қора рангларни ёқтиради. Уйда ҳам, ресторанда ҳам доимо товуқ ва балиққа буюртма беради. Севимли ичимлиги эса “Кока-кола”. Актёр кўплаб ҳинд юртдошлари каби крикет ўйнашни яхши кўради. “Мерседес” машинасида ўзини қулай ҳис қилади. Агар хорижда дам олишига тўғри келса, албатта Европани танлайди. Энг севимли шаҳри эса — Деҳли. Деҳли Шакти қаерда бўлмасин, ҳамиша ўзига тортадиган ва яшашни яхши кўрадиган шаҳар ҳисобланади.

Эътиборли жиҳати шундаки, Шакти Капур совуқ ҳавони хуш кўради. Унинг яна бир одати — чекади.

Шакти саранжом-саришта, урфга мос кийинади.

Актёр ҳеч қандай арвоҳ ва башоратларга ишонмаслигини эътироф этган, фолбинларга мурожаат қилмайди. Унинг шиори: “Ҳаёт қандай бўлса, шунга мутаносиб равишда яшаш керак”. Аммо оилавий муносабатларга халақит берадиган, ОИТС сингари муаммоларини келтириб чиқарадиган жиддий оқибатлардан узоқ юриш шарт деб ҳисоблайди.

Дам олиш кунларида актёр оилавий сайрни маъқул кўради. Олижаноб кишилар билан дўстлашишни хуш кўради, ўзи кўплаб ролларини ижро этган ёлғончи ва иккиюзламачи одамларни кўришга кўзи йўқ.

Дарвоқе, Шакти Капур бир орзуси ушалишига энди ишонмайди — у ўн икки нафар фарзанднинг отаси бўлишни хоҳларди. Унинг энг яқин дўсти — ўғли!

 

А. Намозов