МУҲАММАД ЮСУФнинг қизига мактуб


 ЯХШИЛАР УМРИ

 

МУҲАММАД ЮСУФнинг қизига мактуб

 

 

Салом, Мадина!


Ёдингдами, «Ўрикли сой», Зомин анжумани? Шеър ёзаман, деган борки, бораверади-да, деб Рамазон Бақо деган буҳоролик ўқитувчини ҳам ўзим билан олиб кетибман, ўша ёққа. Гуруҳларга бўлиниб, баҳс-мунозаралар бошланиб кетди..
Бир пайт, ўша «шоир» ҳафа бўлиб олдимга келиб қолди,« Мен сизнинг гуруҳингизда қатнашаман, Муҳаммад Юсуфникида эмас», -деб.
Орани очиқ қилиш учун, отанг машғулот ўтаётган жойга бордим. Мени кўриб беҳад қувонди ва Рамазонни кўриб тутоқиб ёнди, Муҳаммад.
-Шунақа бўладими, шоирлик, шоир? Танқидга чидаш керак!..
«Шоир» аламзада эди беҳад, аммо аламидан асар ҳам қолмади, шу тоб...
Унингдек устозга йўлиққани - унинг омади!
Мен эса ёшларни бунақа уришиб сўнг осонгина ярашиб олишдан йироқман.
Тўғри, кек сақламайман, аммо хатосини ҳамманинг олдида шартта айтолмайман...
Ҳа, Муҳаммад Юсуф бетакрор шоир эди. Ҳамма нарсага ҳақиқат кўзи билан қарайдиган нодир инсон...
Эрта кетди орамиздан, лекин унинг-ла ўқиб, унинг-ла шеър тўқиб ортида қолганлар унинг даражасига етиб олдимикан? Гап мана шунда!
Яқинда бир ҳазилкаш ижодкор дўстимизни кўриб, «Бормисиз? Кўринмайсиз?» деб кулиб сўрашсам, у жиддий туриб «Одам ўлмаса юраверади экан», деди...
Ҳа, одам ўлмаса юраверади. Пешонада ёзилганини кўраверади.
Аммо ўлса,,,ортидан бораверади кўрсатган «каромат»у, «аломат»ларининг ажри!
Ҳар куни қайта ва қайта раҳматли шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг шеърларига басталанган куй охангларига сел бўламиз.
«Худо ҳоҳламаса учрашармидик?» -деб шивирлаб қўямиз қалбдан кўчган сатрларини қалбимизга жойлаб... Биламизки, шу лаҳзаларда унинг руҳи шод, дунёси обод...
Ҳа, яхшилар умри узунлиги ҳам шу-да!

2.
Ўрикли сойга қўнган кечки сақин, дилларни чўғлатган ижодий ёлқин, тоза ҳаво, дўстлар дийдоридан уйғонган кўтарикилик шогирду устозларни бирдек эркаларди.
Отанг сен ширингина ўсмир қизалоқни етаклаб олганидек, мен ҳам олийгоҳга эндигина ўқишга кирган ўғлимни ҳам ўзим билан олиб боргандим. Меҳмондўст Жиззахликларнинг бағри кенг, раҳбарларининг ижодкорларни хафа қилмаслик шиоридан бўлса керак - да, бу.
Санобар Меҳмонова, Гулжамол Асқарова...шеъриятга илк қадам қўйган шоиралар билан чақчақлашиб ўтирган отанг сени елкангдан тутиб ўғлимга юзланди-да, Абдулҳамид, ол, шу қизимни сенга бераман, деб қолса бўладими?!
- Уйда яна иккитаси бор, ҳоҳлаганингни танлаб ол, асал қизларимдан!
Ўғлим ҳам, сен ҳам, аниқ гап, ғалати аҳволга тушдинглар бу пайт. Аммо Муҳаммаджон ўша овоз, ўша шаҳд билан гапида давом этди:
-Биласанми, мен сенинг онангни оламан деб суратини олти йил ёстиғим тагига қўйиб ётганман.
Отам аълога мактабни битириб, Тошкентга борасан ва шу қизни топиб, бизга келин қилиб келтирасан, - деб топшириқ берганди.
Отам кичик одам эмас, айтгани айтган, дегани деган, Марҳаматнинг «босс»ларидан!
Хўп дедим, айтганимни қилиб ўқишга келдим.Ўқишдан чиқиб, ТошДУга югурганимни!..
Ҳа, хаяжон зўр. Аммо тош бинонинг «лестница»лари остида ўзини кузатиб, бир сўз айтолмай турган қорагина боланиг орзуларини чилпарчин қилишини қайдан билсин, ўшанда учинчи курсдаёқ аммасининг ўғлига тегиб кетган, онанг!...
Бу гапларни айтаётган «қорагина бола» айни дамда Ўзбекистон халқ шоири, арбоб инсон эди!
Хазил ва ҳақиқат ўз йўлига, шу суҳбатдан ҳам билса бўлади отангнинг ОДАМлигини!
Камтарин, камсуқум, дилидагини тили сўйлай оладиган, мансабини кўтара оладиган тантилигини!

3.
Назира Ас Салом устозимнинг қизи. Олим Ғайбулла Ас Салом биз бўлажак журналистларга таржима назариясидан сабоқ берган.
«Бир тилни билмоқ бир одам бўлмоқ, икки тилни билмоқ икки одам бўлмоқ»ликни ўргатган.
Илм ва зиё кишисининг сабоқлари биз талабаларни сира зериктирмасди.
Танаффусми, дарс соатими, англолмай қолардик у азиз устоз билан осон суҳбатга киришиб.
Таржимачиликдаги нўноқлигимизни кўрсатиб, кулдириб дакки ҳам бериб қўярди:
« Юрак-бағрим кабоб бўлди», - деган Машраб бобонинг сатрини бир «тожир» «сердце стало шашликом» деб ўрисчага ўгирибди, деб...
Ҳа, Мадина қизим, шундай билимли, элда машҳур оталаринг ўтишди, сўнмас меҳр чироқларини ёқиб...
Онанг эса шоира Назира Ас Салом!
Инсонмасми, инсон зотига ишонувчан, кўнгли тоза, одамларни қадрлайдиган шоира!
Аммо унинг шоиралиги отангга ёқмади. «Ёш куч» журналида ишлаётганимда Назирахоннинг бир саҳифа шеърларини эълон қилдик. Шеърини чиқишини орзулаб юрган Назира нимагадир шеър чиққач, кўринмай кетди. Кўп вақт ўтгач, уни учратиб қолиб, «Нега таҳририятга бормаяпсиз? Биздан ҳафамисиз? »- деб сўрадим. Очиғи, деди ёлғонни/ очиғи /билмайдиган онанг, Муҳаммад ака ҳоҳламаяптилар ҳозир шеърларимни чиқаришимни!...
Ўзим ва менингдек барча ижодкор аёлларга нотаниш эмас бу холат, демак шу фариштадек гўзал ва беғубор онангни қизғанибти-да, онанг?..
Йиллар ўтди, йўллар босдик, лойли, тиканли...
Яқинда яна ўша мавзуга қайтдим ва Назирага «Қизғангандилар-а, тўғрисини айтинг?» - деган саволни бердим.
Йўқ, деди Назирахон дам уялиб, дам қизариб, келинчакдек узун киприкларини пирпиратиб.
Ўзим китобингизни чиқариб бераман. Ҳозир шеърларингизни чоп этмай туринг,- дегандилар...
Ҳа, энди англаяпман Муҳаммад Юсуфнинг ижод борасида хатто хотинига-да қаттиқ қўллигини!
Чунки у менинг «Севинчим» деган китобимни нашрга тайёрлаганди ва тоза тер тўктирганди!
Мен сени осмонга олиб чиқаман,
Мен сени алвонга олиб чиқаман.
Булутларнинг устида юрасан,
Юлдузларнинг остида турасан.
Тип-тиниқ, тип-тип- тиниқ ҳамма тараф,
Ўзингни кўрасан ўзингга қараб.
Оймомога боқиб ойлашасан сен,
Юлдузлар каби чиройлашасан сен,
Менга қўлин берган ой, кундай бўлсанг,
Қандай ўйлаган бўлсам, сен шундай бўлсанг...
деган шеъримни мақтаб қўйганди, шеърим ёзилган вароққа қизил қаламда плюс ва ундов белгиларини қўйиб.
Аммо биттасини мақтаб, ўнтасини савалаганди:
Мени йўқлаб келибсан кеча,
Лек йўқ эдим афсус, уйимда.
Бундан ҳомуш бўлибсан кеча,.
Келганмишсан ёниб куйимда,
Шундай деди қизлар тушмагур,
деган шеъримдан «шундай деди қизлар тушмагур» сатридаги «тушмагур» сўзингиз ортиқча деб, ўчириб, чизиб!
Ҳа, Муҳаммад Юсуф ўзгалар ёзган шеърларни ҳам ўзиникидек қабул қилиб, қалб призмасидан ўтказиб ўқирди!
Қайнота куёвнинг тупроғини бир ердан олган, - деганларидек, ҳазил қилибми, ёки зил, дилидагини айтиб юбора оларди. Шунинг учун ҳам «йўлбарсларга» эмас, одамларга едириб юрди юрагини, ўзининг муҳаррирлик вазифасини аъло уддалаб!...