КУЛДИРИШ ШУНЧАЛИК ҚИЙИНМИ?


 

 

Аваз Охун, “Миллион”, “Дизайн”, “Мирзо” ва бошқалар ҳақида

 

     Кулги инсонни яшартиради. Хуш кайфият туфайли қалбни ижобий ҳиссиётлар эгаллайди. Зеро, икки турдаги ҳиссиётлар мавжуд бўлиб, биринчиси ўзимизни яхши ҳис қилганимизда, иккинчиси ёмон ҳис этганимизда намоён бўлади. Биз ўзимизни қанчалик яхши ҳис этсак, ишларимиз шу қадар юришаверади. Ижобий ҳолатлар, вазиятлар ва инсонларни ўзимизга жалб этамиз, кайфиятимиз янада яхшиланади. Ўзимизни ёмон ҳис қилганимизда эса мақсаддан узоқлашаверамиз. Бу илмий жиҳатдан исботланган...

 

Сир нимада?

 

     Кейинги вақтда кулги усталари, ҳазил-мутойибачилар борасида турли фикрлар билдирилмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқда танқидий мулоҳазалар кўпайди. Ҳар бир кулги томошаси ёки унинг концерт диски сотувга чиққач, муҳокама янада кучаяди.

     Аввало, айтиш керакки, кулдиришдан ҳам кўра меъёрни ушлаш муҳим: “дурустроқ” гапирмасанг унча-мунча одам кулмайди, “ортиқча” кулдириб юборсанг, бачканалик, шарм-ҳаё чизиғини босиб ўтган бўласан.

Ҳаммабоп кулгига эришиш росманасига қийин. Сўз устаси айтган латифа фақат унинг ўзига ёки залдаги айрим томошабинларга таниш бўлиши мумкин. Ҳадеганда куладиган одамлар топилавермайди. Айниқса, латифа эски, аввал эшитилган бўлса!

Менимча, бугун одамларни чинакамига кулдираётган сўз устаси Аваз Охун ҳисобланади. Унинг концерт томошаларидан ёзиб олинган дискларни оила даврасида бемалол кўриш мумкин! Шу қадар кулгили гаплар, ҳангомалар, ичакузди ҳангомалар янграйдики, мириқиб куласиз. Дилингиз яйрайди, кайфиятингиз кўтарилади, шодон бўласиз.

Нима учун бошқа ҳамкасбларига нисбатан Аваз Охуннинг ҳангомалари ҲАММАБОП? Бунинг сири жуда оддий: у ҳаётни чуқур билади, одамлар орасида бўлади, сизу бизнинг кўнглимиздаги гапларни кулгига “ботириб” беради. “Ботирган”да ҳам қотириб-қойилмақом қилиб беради! Масалан, “Самимий кулги” номли сўнгги концерт томошасидаги ҳангомаларини эшитган ҳар қандай одамнинг кулмай иложи йўқ. “Сотка”, тўйлар, шифокор ва табиб, дорихона, УЗИ, келин-салом, “кулаётган” сигир, борингки, барча мавзу яйраб кулдиради. Беихтиёр шундай дейсан: “Отасига балли! Мана, ҳалол кулдирсаям бўлар экан-ку! Шу ишдан топгани яхши кунларига буюрсин!”

“Қувноқ кайфиятни юзага келтиришнинг энг осон йўли шахсиятингизга доир ҳазиллардир, – дейди мутахассислар. –Қандайдир кулгили ва чигал аҳволга ўзингиз тушиб қолганингизни гапириб беринг, бу дарров кулгили муҳитни таъминлайди... Биз қанчалик бағри кенг бўлмайлик, шамол учириб кетган шляпасини ушлашга ҳаракат қилаётган ёки банан пўстлоғига тойиб йиқилган кишининг устидан куламиз”. Дарҳақиқат, шундай! Раж Капур иштирокидаги “Дайди” фильмини эсланг! Унда бир неча киши банан пўстига сирпаниб кетиб йиқилади, буни кўрган томошабинлар қотиб-қотиб кулишади.

Назаримда, Аваз Охун худди шу тамойилга амал қилади. “Самимий кулги” дастуридаги Омонхона ҳангомасида унинг муздек сувга тушгани, қалт-қалт титрагани, тишлари такиллагани, умуман, шу ҳолати ҳақида эшитсангиз, албатта куласиз. Аваз Охун шунчалик ролга кириб кетадики, томошабин тасаввурида энг кулгили лаҳзалар пайдо бўлади. Бундай ёндашув Ҳожибой Тожибоевда ҳам бор эди (автобусда бир қизни кўриб қолиб, кўзини қисгани билан боғлиқ ҳангомани бир эсланг).

Эътиборингизга Аваз Охуннинг аввалги ҳангомаларидан бирини келтирамиз:

“Мен санъат олийгоҳида ўқиганман. Ёнимизда рассомларнинг олийгоҳи, рассомчилик институти бўларди. Ўша ерда Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев деган инсон дарс берарди. Соқоллари узун одам. Ўзи рассомлар сал бошқачароқ бўлади-ю...

Бир кун мен ўша одамга савол бердим. Саволнинг бемазалигини қаранг:

— Домла, кечқурун ухлаб ётганингизда соқолингизни кўрпанинг ичига тиқасизми ёки кўрпанинг ташқарисига чиқариб қўясизми?

Саволни қаранг! Сенинг нима ишинг бор? Хоҳласа, бошига қўйиб ётади, тўғрими? Хоҳласа, қўлтиғига қистириб ётади.

Рўзи Чориев бундай қараб:

— Эътибор бермаган эканман, — деди.

Кетди.

Бир ҳафтадан кейин кўришиб қолдик.

— Ҳей, бу ёққа кел, — деди.

— Ҳа, домла, тинчликми?

— Э, саволинг қурсин! Бир ҳафтадан бери ухлай олмайман.

— Нима бўлди, домла?

— Шу саволингни берганингдан бери соқолимни кўрпанинг ичкарисига тиқиб қўйсам ҳам, ташқарисига чиқариб қўйсам ҳам ноқулай бўляпти.

Эътибор бермаган-да!

— Соқолим халақит қиладиган бўп қолди, — дейди.

Билмадим, ўшандан буён кўрмадим ҳали. Олдирвормаган бўлса... Ҳақиқатан қизиқ воқеалар кўп бўларкан”.

Ҳеч қандай фонограммасиз, томошагоҳга келган одамлар устидан кулмай, беҳаё гап-сўзларсиз, саҳнага “пода” бўлиб чиқмай, яъни ортиқча иштирокчиларсиз якка тарзда ҳам қойилмақом кулдирса бўлар экан. Тўғри, Аваз Охун репертуарида рус мутойибачиси Михаил Задорновдан кўчирмалар ҳам учраб туради, бироқ улар бармоқ билан санарли. Қолаверса, менталитетимизга зид гап-сўзлар ҳам эмас. Аслида эса энг кулгили гаплар халқдан халққа, элдан элга кўчиб юради.

 

Монитор, фонограмма ва... қочиримлар нега керак?

 

     “Миллион”. Бу жамоанинг ҳар бир чиқиши алоҳида муҳокама қилинади. Кимлардир танқидий фикрлар билдирса, тарафдорлар ҳам бор. Гўё шундайки, айримлар бу жамоанинг янги дастурини фақат танқид қилиш учун кутиб ўтиргандек! Кейин маломат тошлари отилади.

     Тўғри, “Миллион”чилар одамларни кулдиради, турли топилмалар, қочиримлар орқали табассум улашади. Аммо қай тарзда? Тўғридан-тўғри бўлмаса-да, айрим тагдор гаплар замирида уятсиз мавзу ётади. Исбот керакми, марҳамат: улкан мониторда иккита тепаликдан иборат нотекис йўллар расми кўрсатилади – залда кулги! Нима сабабдан куладилар? Ушбу расм аёллар ички кийимига ўхшаб кетгани учун!  Бошқа пайтда мазкур йўл белгиси кулги уйғотмаслиги мумкин, аммо шу фурсатда, мониторда атайин катта қилиб кўрсатилгач, зукко томошабинлар “шама”ни илғайдилар. Микрофон ушлаган Даврон Кабулов биринчи қатордаги ўриндиқдан жой эгаллаган Шерзод Биндан қайси йўл йўл қоидасини ёқтиришини сўрайди ва унинг жавобидан сўнг шундай дейди: “Менга эса “пэ”! Яна кулги!

“Миллион”нинг яна бир “ўзига хос” жиҳати – кимнингдир устидан кулиш, майна қилиш, масхаралашдир! Айниқса, шоу-бизнес юлдузларининг “шўрига шўрва тўкилади”. Бу эса шусиз ҳам артистлар жонига теккан баъзи томошабинларга мойдай ёқади. Баъзида эса концертга ташриф буюрган томошабинлар устидан ҳам кулишга ҳаракат қилинади. “Миллион” худди шу тарзда ўз аудиториясини топгандек туюлади. Бу эса самимий, беғараз кулги эмас.

Халққа кўнгилни ғашламайдиган, қандайдир малол келмайдиган кулги улашмоқ керак. Томошага келганлар устидан эмас, кимларнингдир шахсиятига тегиб эмас, балки турли иллатлар, камчиликлар, қусурлар – коррупция, лоқайдлик, расмиятчилик, ароқхўрлик, таниш-билишчилик, сансалорлик, эрта турмуш қуриш, қайнона-келин можароси ва ҳоказолар устидан кулинг ва кулдиринг!

Томошабин “қоғозга ўралган” беҳаё гапларга кулар экан, деб шу тарзда давом эттирилса, танқид бундан кейин ҳам бўлаверади. Афсуски, баъзи жамоалар учун бу “бренд”, “имидж”! Наҳотки, баъзи жамоалар уятсиз чиқишларсиз мухлисларни кулдира олмайди? Наҳотки уларнинг шу кунга қолган? Балки бундай “дастур”лардан сира қутула олмаётган жамоаларнинг концерт томошалари ва дискларига “+17”, ҳатто “+12” деб ёзиш керакдир? Начора! Нима сабабдан айрим кинофильмларда ёшни чекловчи шундай рақамлар ёзилади-ю, уят, ҳаёдан йироқ томошаларга нисбатан қўлланилмайди? Бу ҳақда мутасаддилар ҳам ўйлаб кўришса ёмон бўлмасди.

Кулги жамоалари “Бизда аския санъати бор, бу азалий қадрият” дейишлари ҳам мумкин. Дарҳақиқат, шундай. Аммо шуни ёдда тутингки, аския оммабоп томошагоҳларда эмас, фақат эркаклар бўладиган маълум гўшаларда, асосан, чойхоналарда уюштирилган.

“Дизайн” томошалари уятсиз чиқишлардан бирмунча холи, бироқ айтиш керакки, уларда ҳам “қочирим” гаплар учрайди. Ҳатто аёл иштирокчилар “коса тагида коса” қабилида гапирадилар. Худди “Миллион” каби “Дизайн” ҳам, асосан, ёшлар аудиториясини қамраб олган. Гуруҳни бир қадар “кўтариб” турган аъзоси Қобил Каримбоев ҳисобланади. Аммо унинг мавзу кўлами тор, ҳали ўз устида кўп ишлаши керак. Якка чиқишлари асосан бир хил мавзуда: шоу-бизнес юлдузлари ва реклама-эълонлар! Янги-янги мавзуларга қўл уриш талаб қилинади. Бу гап гуруҳнинг бошқа аъзоларига ҳам тегишли. “Дизайн” кўпроқ изланиши зарур.

Умуман, қизиқчи саҳнага кулдириш учун чиқдими, яхшилаб кулдирсин! Вақтни беҳуда ўтказишга ҳожат йўқ. Томошабинлар дам олиш, мириқиб кулиш учун концерт залига келишади. Уларни сафсатабозлик қилиб алдаш, лўттибозлик қилиш, турли мусиқий чиқишлар билан вақтини олиш мақбул иш эмас.

Яхшилаб ўйлаб кўрилса, қизиқчиларга фонограмма, мусиқий чиқишларнинг нима кераги бор ўзи? Ахир сўз устаси қўшиқ куйлаб эмас, гапириб кулдириши керак-ку! Саҳнадаги мониторни айтмайсизми? Ноу-хауми бу? Мини-кинотеатрми? Кулдиришнинг қўшимча, аниқроғи, ёрдамчи воситасими ёки? “ҚВЗ”дан мерос қолган улкан кўчма полотно ҳам бир восита! Шунчаси етмагандек, иштирокчи устига иштирокчи! Унисиям чиқиб келаверади, бунисиям! Саҳна эмас, нақ галограмма!

Тўғри, сўз устаси икки соат мобайнида тинимсиз гапира олмайди, жисмоний жиҳатдан толиқади. Шундай пайтда танаффус қилиши учун ҳофиз керак, холос. Бу Ҳожибой Тожибоевда бор эди, Аваз Охун ҳам қўллаяпти. Аммо гуруҳ бўлиб чиққанда шартми фонограмма? Шу матоҳсиз концерт томошангизни қизиқарли қила олмайсизми? Кулдириш шунчалик қийин бўлса, мутахассисларга мурожаат қилинг (бу ҳақда қуйида тўхталамиз).

Улкан тажрибага эга бўлган “Мирзо” театри томошалари, асосан, катта ёшдагилар аудиториясини қамраб олади. Мазкур жамоа аъзолари қандайдир янгиликлар билан чиқишга интиладилар, бир қадар ибратомуз лавҳалар яратадилар. Хусусан, театр раҳнамоси Мирзабек Холмедов кўпроқ томошабинлар, онахон ва аёллар билан “ишлаш”га, уларни гапиртиришга ҳаракат қилади. Шу тариқа кулгили саҳналар яратишга уринади. Гоҳида буни уддалайди. “Мирзо”нинг қолган аъзолари ҳам интилувчан.

Аммо, очиғини айтиш керак, “Мирзо” театри фаолиятида туб бурилиш сезилмаяпти. Томошабинлар ёдида қоладиган ҳангомалар чиқмаяпти. Бунинг ўрнига яна ўша фонограмма! Етмаганига эса театр аъзоларининг ўзидан мусиқий чиқишлар! “Мирзо” аъзоларининг алоҳида концерт дастури беришларини қутлаш керак. Бироқ улар ҳам томошабинлар қалбидан чуқур жой олмаяпти. Дейлик, мана, неча ўн йилларки, Ҳожибой Тожибоев латифалари халқ оғзидан тушмайди. Ана шундай “ўлмас” ҳангомалар, саҳна чиқишлари билан томошабинлар ёдидан мустаҳкам жой олиш лозим.

 

Такрор, такрор, яна ва яна... такрор!

 

     Бир пайтлар давлат ТВси сўз усталарининг концерт дастурларини эфирга берарди. Ҳозир бундай ёндашув хусусий телеканалларга кўчган. Зангори экранни турли сценарийлар асосида тайёрланган кулгили кўрсатувлар ҳам эгаллади.

Бироқ энг ачинарлиси, юмористик кўрсатувлар қайта-қайта намойиш этилаверади. Айниқса, “Қалпоқ” бот-бот кўрсатилаверади. Ўттиз, балки эллик марта эфирга берилгандир. Наҳотки, янги кўрсатувлар тайёрлаш мумкин эмас? ТВ маъмурияти бунга хоҳламайдими? Эфирни нуқул эски, сийқаси чиқиб кетган кўрсатувлар билан ямаб-ясқашнинг чораси йўқми?

Қорни катта, бесўнақай, гапирганда афтини бужмайтирадиган қаҳрамонлардан қачон батамом қутуламиз? Сохта, сунъий, бачкана ҳангомалардан халос бўладиган кун ҳам келармикан? Ҳадеб бундай қаҳрамонларни, ҳангомаларни телетомошабинга тиқиштираверишдан муддао нима? Ишламасликми? Изланмасликми?

Барака топкур, ТВ мутасаддилари! Янги муаллифлар топинг, эфирни ранг-баранг қилинг! Қидиринг! Сценарийлар ёзишларини илтимос қилинг! Ахир ҳажвчи ижодкорлар йўқ эмас-ку! Қанчадан-қанчадан ҳажвиялар, юмор, ҳазил-мутойибалар газета-журналлар, интернет саҳифаларида қолиб кетяпти. Агар эфирни мароқли янги кўрсатувлар билан бойитиш, мухлисларга хуш кайфият улашиш НИЯТИНГИЗ БЎЛСА, ҳажвчи муаллифлар билан ишлашни режангизга киритинг, экранни бойитинг! Миллионлаб томошабинлар кўрадиган эфирни такрорий кўрсатувлар билан банд қилишнинг нима фойдаси бор?

Шу ўринда муаллифлик ҳақида алоҳида сўз юритмоқчи эдим. Кўрган бўлсангиз, Россия ТВларидаги сўз усталари  ўз чиқишида ҳажвчи муаллифларнинг асарларидан фойдаланишади. Энг эътиборлиси, бу ҳақда албатта айни ижро пайтида ёзилади. Масалан, Евгений Петросян, Юрий Гальцев бўладими, бунга албатта амал қилинади. Айрим ҳажвчилар эса ёзган асарларини ўзлари ўқиб берадилар.

Бизда-чи? Фақат “пиратлик” бор, холос! Сўз усталари муаллифдан сўраб-нетмай, ўзининг репертуарида фойдаланаверади. Муаллифга нисбатан ҳурмат-иззат ўрнига, аксинча уни менсимаслик ҳолатлари учрайди. Ҳамкорлик ўрнатилмаган. Сўз усталари ҳажвчиларни деярли танимайди. Дейлик, улардан иброртаси ҳажвчи Саид Анварнинг ҳажвияларини саҳнада ўқиб бердими? Тўрамурод Каримбердиев қаламига мансуб ажойиб ҳангомалар бор, сўз усталари ўз чиқишларида эълон қилишдими? Бундай савол улар учун ҳатто ғалати туюлиши мумкин. Ваҳоланки, репертуарни ранг-баранг қилиш муаллиф ва санъаткорларнинг ҳамкорлигида амалга ошади.

Бир қизиқчи муаллиф-ижодкорлар ҳақида нолиб қолди. “Ҳажвчилар бизга асарларини олиб келиб беришмайди”, деди. Гапни қаранг! Нима учун улар олиб келиб беришлари керак? Нега унинг ўзи ҳажвчилар ҳузурига бормайди? Илтимос қилмайди? Муаллифлигингизни кўрсатаман деб айтмайди? Гонорарини келишмайди?

Ғалати жиҳати шундаки, бу ҳақда негадир ҳеч ким лом-мим демайди! Муаллифлик ҳуқуқи очиқдан-очиқ “унутилади”. Ҳурмат-эътибор кўрсатиш ўрнига назарга илмаслик ҳолатлари кузатилади.

Нима бўлганда ҳам маънавият ҳамиша ёдда турсин. Айниқса, кулги бобида!

“Бемаъни кулгидан йиғлаган яхши. Кулги самимий бўлиши керак. Ҳазил, кулги оила даврасида, ота-она фарзандлари билан томоша қиладиган тарзда бўлиши лозим”. Бу – Аваз Охуннинг сўзлари ва у юз карра ҳақ.

 

Анвар Намозов