Тоҳир Малик таваллуд топган кун (1946-2019)


   Тоҳир Малик (асл исми Ҳобилов Тоҳир Абдумаликович) — таниқли ўзбек ёзувчиси. Ўзбек адабий фантастикасининг асосчиларидан бири, маърифат арбоби. „Дўстлик“ ордени ва „Ўзбекистон халқ ёзувчиси“ фахрий унвони соҳиби.
   1946 йилнинг 27 Декабрь куни Тошкент шаҳрида зиёли оиласида дунёга келган. Тошкент Давлат Университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети)нинг журналистика факультети кечки бўлимида ўқиб, кундузи қурилиш ишларида қатнашган. 1966-йилдан бери Ўзбекистон радиосида, газета ва журналлар таҳририятида, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида, нашриётларда фаолият юритган. 
  Барча тенгдошлари сингари у ҳам урушдан кейинги турмуш қийинчиликларини бошидан кечирган. Оилада беш фарзанд бўлиб Тоҳир Малик энг кенжа фарзанд бўлган. Тоҳир мактабга бормай туриб-оқ, дарс тайёрлаб ўтирган акалари ва опалари ёнида саводни ўзлаштирган. Укасининг китобга бўлган ихлосини сезган акалари унга "Мард йигит" эртаклар тўпламини совға қилишган. Таниқли ўзбек адиби ва таржимони Мирзакалон Исмоилий Тоҳир Маликнинг тоғаси бўлиб, уни 1949-йилда "халқ душмани" деган туҳмат билан қамоққа олишган. Бу ҳақида адибнинг ўзи ушбу сўзларни айтган:
  “Кечаси уйғониб кетиб қарасам, аям раҳматли қора чироқ нурида дўппи тикиб ўтирибдилар. Қўллари ишда-ю, кўзларида ёш. "Нега йиғлаяпсиз?" деб сўрадим. Жавоб бермадилар. Сабабини орадан йиллар ўтиб билдим. Тоғамнинг "халқ душмани" эмаслиги маълум бўлиб, "оқланиб" чиққанларида иккинчи синфда ўқирдим. Дастлабки машқларим ўшанда бошланган. Аммо ёзганларимни талабчан тоғамга кўрсатишга чўчир эдим. ”
   Дастлабки ҳикояси 1960-йилда "Гулхан" журналида чоп этилган. 1963-йилда Тоҳир Малик Тошкент Давлат Универитетининг кечки журналистика бўлимига ўқишга кириб, кундузи қурилишда дурадгор, ғишт терувчи бўлиб ишлай бошлаган. У ижодга доир машқларни давом эттирриб, тоғасининг: "Ўзинг яхши билмаган нарсани ёзма", "Бошқалар юрган йўлдан юрма, ўз йўлингни топ", - деган икки ўгитига ҳамиша амал килган. Болаларга атаб ёзилган ҳикоялари билан бадиий адабиёт сирларини ўрганган Тоҳир Малик кейинчалик ўзбек адабиётида кам эътибор берилган фантастика жанрига қўл уради ва бир қатор асарлари билан китобхонлар эътиборини қозонган. Унинг талабалик йиллари ёзилган Ҳикмат афандининг ўлими асари ўзбек адабиётининг фантастика йўналишида яратилган биринчи қисса ҳисобланади. Ёзувчининг бир қатор асарлари рус ва бошқа тилларга таржима қилинган. "Сўнгги ўқ" асари асосида етти қисмли, "Шайтанат" асари асосида йигирма қисмли бадиий фильм суратга олиниб, намойиш этилган.
  Тоҳир Малик ўнга яқин радиопъесалар, ҳужжатли фильм сценарийлари, бадиалар муаллифи. Бадиий таржима соҳасида ҳам хизмат қилган.
  Тоҳир Малик 1966 йилдан эътиборан матбуот соҳасида ишлаган. "Ленин учқуни" (Ҳозирги "Тонг юлдузи"), Ўзбекистон радиосида, Ғафур ғулом номидаги ва „Чўлпон“ нашриётларида, „Шарқ юлдузи“, „Ёшлик“ журналларида фаолият юритган. У ижодий фаолияти давомида ҳаётни, инсонлар табиатини атрофлича ўргана бошлайди. Ёзувчи инсонларни, уларнинг ички кечинмаларини, руҳиятларини синчиклаб ўрганади ва китобхонни ҳам мана шу руҳият оламига олиб киради. Уни шу ҳолга солган сабабларни таҳлил қилишга ва хулоса чиқаришга йўналтиради. Ёзувчи яратган асарлари асосида кўплаб теле ва бадиий филмлар яратилган. Асарларида турли қиёфадаги замондошларимизнинг образлари ёрқин лавҳаларда катта маҳорат билан акс этган, муҳим маънавий-ахлоқий муаммолар кўтарилган. Рус ёзувчиси Ф.М. Достоевскийнинг "Маъсума" қиссасини, шунингдек, жаҳон адабиёти намояндаларининг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1961–1964 йилларда қурувчи, 1965–1966 йилларда мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган. "Ленин учқуни" газетаси, 1975–1978 йилларда "Гулистон" нашриётида, 1981–1982 йилларда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда муҳаррир, 1982–1985 йилларда "Шарқ юлдузи" журналида, 1985–1987 йилларда Чўлпон нашриётида бош муҳаррир, 1989–91 йилларда „Ёшлик“ журналида адабий ходим, масъул котиб, бош муҳаррир, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасида 1988–90-йиллар давомида котиб бўлиб фаолият олиб борган.

   Асарлари:
   Биринчи йирик асари — „Ҳикмат афандининг ўлими“ (1972). „Заҳарли ғубор“ (1974), „Фалак“ (1975), „Сомон йўли элчилари“ (1978), „Чорраҳада қолган одамлар“ (1982), „Бир кўча, бир кеча“ (1983), „Алвидо, болалик“ (1989), „Сўнгги ўқ“ (1990), „Ов“ (1995) каби илмий-фантастик, саргузашт қиссалари машҳур. „Сўнгги ўқ“ қиссаси асосида 7 қисмли телефилм (1994) яратилган. „Қалдирғоч“ (1987) эпик асари Абдулла Авлоний тақдири мисолида 20-йиллар ўзбек зиёлиларининг шаклланиши ҳақида баҳс юритади. „Меҳмон туйғулар“ (2003) номли хотира, ёднома, адабий мақолалар тўпламида адабий жараёндаги муаммолар акс этган. Тоҳир Маликнинг ёзувчи Мирзакалон Исмоилий ижодий фаолиятини ёритувчи „Ёзувчининг бахти ва бахтсизлиги“ (1988), Асқад Мухтор ижодини таҳлил этувчи „Собир“ (2003), Ўлмас Умарбеков ижодига бағишланган „Қиёмат қарз“ (2002) ҳамда Абдулла Қодирий романлари таҳлил этилган „Ибрат мактаби“ (1993) бадиалари ҳам бор. Тоҳир Малик хужжатли кино соҳасида ҳам фаолият кўрсатган. Унинг „Амир Темур даври адабиёти“ (1998), „Варахша“ (1999), „Унвони инсон“ (1999), „Соҳилсиз денгиз“ (2000), „Зулмат салтанати“, (2001), „Моштабиб“ (2002) сценарийлари асосида ҳужжатли фильмлар ишланган.
   „Шайтанат“ асарида жиноят оламидаги воқеалар фонида асосий эътибор асар қаҳрамонларининг руҳий дунёсини таҳлил этишга қаратилган. Кишиларни жиноятнинг разил оламидан эҳтиёт бўлишга чақирувчи ушбу огоҳлантирувчи асар мазмуни Тоҳир Маликнинг „Жиноятнинг узун йўли“ (2004) илмий-таҳлилий рисоласида давом эттирилган.
  Ёзувчининг 20 дан ортиқ қиссаси чоп этилган. 1971 йилда чоп этилган „Ҳикмат афандининг ўлими“ дан кейин „Фалак“ (1976), „Сомон йўли элчилари“ (1976) таҳайюл, илмий-таҳайюл қиссалари босилди. „Чорраҳада қолган одамлар“ қиссасида таҳайюл ва детектив хусусиятлари сезилади. „Алвидо болалик“ (1989), „Қалдирғоч“ (1987) қиссаларида муҳим мавзулар қаламга олинган. Мустақиллик йилларида Тоҳир Малик „Сўнгги ўқ“ (1990),  „Шайтанат“ (1994–2001), „Одам ови“ (2001), „Чархралак“, „Мурдалар гарирмайдилар“ (1999) қиссаларини чоп эттирган. Ёзувчи 20–асрдаги ҳаётни, кишилар тақдирини гоҳ таҳайюл, гоҳ изчил холис, гоҳ детектив йўсинда тасвирлаган. У қисса жанри имкониятларини узлуксиз бойитган. 2002 йилда ёзувчининг „Меҳмон туйғулар“ ўйлари, „Жиноятнинг узун йўли“ рисоласи чоп этилган. 

   Мукофотлари:
  Ёзувчининг ёшлар тарбиясига оид асарлари инобатга олиниб "Маориф фидойиси" унвони берилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов фармони билан "Дўстлик ордени" ва "Ўзбекистон халқ ёзувчиси" фахрий унвонлари билан тақдирланган.
   Тоҳир Малик 2019 йилнинг 16 май куни устоз адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик 73 ёшида вафот этган. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот