Бинафша лабида... кулган хотиралар


  Бинафша лабида... кулган хотиралар ёхуд Зулфияхоним зиммасига олган "давр юки"
 
    Жамалаксоч қизлар бойчечак ишқида қирларга югура бошлаган эрта баҳор кезлари ўша машҳур мисралар тилимизда айлана бошлайди: “Бинафша лабида, ерларда баҳор...” Сарин шаббодалар ҳур-ҳур кеза бошлаган ифорли дамлар Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним таваллуд топган кун билан чамбарчас боғланганлиги ҳам Яратганнинг бир иноятидир балки... Ҳаволар тозариб кўнгиллар байту ўлан сари ошиққан кўклам палласида нафақат вафо ва садоқат куйчиси, балки жамият пўртаналарига “елка тутган” жасоратли қалб эгаси  шарафига мушарраф бўлган шоирамизнинг азиз хотирасини қўмсадик. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, севимли шоирамиз Қутлибека Раҳимбоева билан ўтган асрнинг энг машҳур аёлларидан бири – Зулфия Исроилова яратган ўзига хос руҳият пойдевори, таниқли жамоат арбобининг қатъий мезонлари ҳақида суҳбатлашдик.        
  – Кўнгул жон бирла борди ҳамроҳинг, мен дард ила турдум.
       Сенга жон бирла кўнглумни, сени Тангрига топширдим.
    Навоийшунос олима Суйима Ғаниева: “Учрашувлардан бирида Зулфияхоним ўз ёзувларида ушбу мисралар ёзилган қоғозни қўлимга тутқазган”, дея  эслайди.  Қутлибека опа, суҳбатимиз аввалида устоз шоирамизнинг мумтоз адабиётга бўлган меҳру эътибори ҳақида гаплашсак...
 – Зулфия опам  умрлари давомида жуда катта давраларда юрганлар. Фақат юртимизнинг эмас, қардош республикалар, боз устига, жуда кўп хорижий давлатларнинг олимлари, шоирлари, сиёсатдонлари билан юзма–юз суҳбатлар қурганлар. Опанинг ғурурлари жуда баланд эди. Қайсидир даврада адабиёт, тарих борасидаги баҳсларда кимгадир енгилишни шоира, ношир сифатида кўнгиллари кўтармасди, ўзларига эп билмасдилар. Албатта, мумтоз адабиёт, умуман, Шарқу Ғарб адабиётини, ўзимизнинг, қолаверса, дунё тарихларини ўқишларига шу соҳага қизиқишлари ҳам сабаб бўлганлиги, шубҳасиз. Лекин давраларда тенглар ичра тенг туриш учун ҳам  устозимиз кўп ўқиган бўлишлари керак. У киши мумтоз адабиётимизни яхши билардилар, дея ишонч билан айтишимга бир неча сабаб кўраман. Биринчидан, опа қўлёзмаларини эски ёзувда ёзардилар. Шеърлар ҳам , публицистика, оддий қораламалар ҳам аввал эски ёзувда ёзилиб, сўнг кириллга кўчириларди. Баъзан:
– Кириллда ҳам яхши ёзасиз-у, икки иш қилмай шу ёзувда ёзиб қўя қолсангиз бўлмайдими? – десам,
– Менга эски ёзув қулайроқ, шу ёзувда ёзсам, тез фикрлайман, хаёлим сочилмайди, – дер эдилар.
    Ёзувдаки фикрлари сочилмаса, бу ёзувда битилган асарларни маза қилиб ўқиган бўлсалар керак. Қолаверса, опа Суйима Ғаниева, Фозила Сулаймонова, Сабоҳат Азимжонова каби ўта билимдон аёллар билан яқин эдилар. Агар ўзлари ҳам мумтоз адабиётни кўнгилдагидек билмаса, бу олималар билан яқин бўлишлари мумкин эмасди. Бир-бировлари учун зерикарли суҳбатдош бўлишдан нима нафъ? Бу аёллар “айтди-деди” қиладиган одамлар сирасидан бўлмаса... Зулфия опамнинг-ку ғийбатга умуман тоқатлари йўқ эди. Бировни чайнаб оғизларини кирлатиб ўтирмасдилар. Устознинг ижоди билан яхши таниш бўлган китобхонлар уларнинг Жаҳон отин Увайсий  ғазалига боғлаган “Кўнгил тоғ ўлди, тоғ ўлди” мухаммасини билишади. Опанинг “Уни Фарҳод дер эдилар”( Гарчи бу достон санъаткорга бағишланган бўлса-да) асари ҳам бор. Агар “Хамса”ни, Фарҳод образини яхши билмаганларида бу исмни сарлавҳага чиқармасдилар.
– Бир куни Зулфияхонимдан шогирдлари, “Нега бошқалар каби турмуш ўртоғингиз ҳақида кўпроқ хотираларингизни ёзиб қолдиришга ҳаракат қилмайсиз?” деб сўрашганида улар жилмайиб, “Улар маним, ёлғиз ўзимнинг бойлигим, хотираларимдир. Бу ҳақда бошқаларга гапиришга ҳаё қиламан”, деган эканлар. Шоиранинг шарқона латофати, юзларидаги ибоси, ўзига хос принциплари, яъни ҳаёт мезонлари ҳақида ҳали ҳеч кимга айтмаган хотираларингиз борми? 
– Сиз айтган фикрни шоира Муҳтарама Улуғова устозимиз ҳақида ёзган “Муҳаббат саройида мангу қолганлар” китобида келтирган. Демак, уларнинг ораларида шундай суҳбат бўлган. Лекин яна бир ҳақиқат борки, Зулфия опам “Менинг Ойбегим”,  “Чорак аср ҳамнафас” китоблари ҳақида  доим ҳурмат , ҳавас билан гапирардилар. “Мен  ҳам Ҳамид Олимжон  ҳақида шундай бир китоб ёзишга бурчлиман”, мазмунида гапирганлари эсимда. Айнан шундай демаган бўлишлари мумкин. Лекин  бевақт ҳалок бўлган турмуш ўртоқлари , қолаверса, ўзларига устоз деб билган инсонлари, ниҳоятда мураккаб бир даврда раҳбарлик лавозимларида ишлаган шахс ҳақида асар ёзишни орзу қилганлари рост. Ҳатто саксон ёшлари арафасида Ҳамид Олимжонга бағишлаган достон ҳам ёза бошлаган эдилар. Менга бу достоннинг ҳали ёзувга тушмаган мазмунини сўзлаб берган эдилар. “Бошдан охиригача хаёлий суҳбат бўлади, энг сўнгида шоирни ўзининг ҳайкали қошига бошлаб келаман”, деган эдилар. Озгина қораламалари оддий иш дафтарига ёзилган эди. Мен кейинчалик бу ҳақида  Ойдин опамга айтганман. Улар Ҳулкар опамдан бу ҳақда сўраганларида: “Бундай асар йўқ аямнинг қўлёзмалари ичида, – деган эканлар.
   Зулфия опамнинг бир одатлари бор эди: агар ёзганларидан кўнгли тўлмаса , бошдан бошламоқчи бўлса, аввалгиларини асраб ўтирмасди, йиртиб ташлардилар. Балки, бу достоннинг ҳам тақдири шундай бўлгандир. Яна билмадим, қўлёзмада Ҳамид Олимжоннинг исми бўлса... йиртганларига ҳам ишонгим келмайди. Чунки опа шоирнинг ўзи, исмигагина эмас, у туғилган юртгаям садоқат сақлардилар. Умрларининг охиригача ўзларини Жиззахнинг келини ҳисобладилар. Жиззахдан, Ҳамид Олимжоннинг қариндошларидан бирор  йиғинга хабар келса, ўзлари бора олмаган жойга, ҳеч йўқ қизлари ё ўғилларини юборар эдилар. Агар Ҳамид Олимжон ҳақида асар ёзишга улгура олмаган бўлсалар, бу китоб учун материал етишмаганлиги ё маҳорат масаласи билан боғлиқ эмас, шунчаки Зулфия опамнинг ҳаддан ташқари банд бўлганлиги билан боғлиқ бўлса керак. Бош муҳаррирлик, депутатлик, жамоат ишлари...Саволдан сал чалғидим, шекилли. Аслида Сиз саволни бошқача қўйгансиз. Опадаги шарқона фазилатлар билан боғлиқ ҳеч ким билмаган хотираларимни сўрабсиз. Мен вазият тақозоси билан устознинг уйларида ҳам яшаганман. Аммо у кишини бирор марта тунги кийимда кўрмаганман. Сочларини ювадиган вақтларда уларнинг истаги билан ижара уйимга кетардим. Ботиний ҳаёлари жуда кучли эди. Йигирма йиллар давомида устознинг атрофида юрган бўлсам бирор марта ақл, андиша доирасидан ташқаридаги гапларини эшитмаганман. Ҳатто, бир сабаб билан мендан ранжиб қолиб, бир муддат танаффусдан сўнг учрашганимизда, мен уларни ранжитиш сабабимни изоҳлашни бошлаганимда столга кресть ( ман қилиш белгиси)ни чизганлар, ҳатто “Бу ҳақида бошқа гапиришмаймиз”, ҳам  дегилари келмаган. Буни ранжиш билан боғлиқ сабабни эслаб, ўша ёқимсиз кайфиятга қайтишни истамаслик ҳам деб тушуниш мумкин. Шарқнинг  баланд кўнгилли аёлларига хос улуғворлик, дея изоҳласа ҳам бўлади. Нима бўлганда ҳам шу ҳолатда бир юракни титратиб юборадиган  зарифлик бор эди. Ва мен буни ҳеч қачон унутмадим. Шоира ўз даврида жуда катта имкониятлар майдонида яшаганлар. Рости, кўп нарсага ҳаддилари бор бўлган. Лекин ҳеч қачон “ўзбек аёли”, “шоира бўлган ўзбек аёли” деган чиройли бир чегарадан чиқиб кетмаганлар. Зулфия опа “Саодат “журналига олиб келадиган йўлакдан кўринса, йўлнинг бу бошида турган салобатли эркаклар ҳам чекиб турган сигаретини шоша–пиша ахлат қутисига ташлар, ёқа–енгини тўғрилашар эди. Ҳолбуки, опа бировга баланд овоз билан танбеҳ бермас, ҳатто, хохолаб кулмасдилар ҳам. Баҳор аввалларидан кеч кузларгача Дўрмонда–дала ҳовлиларида яшардик. Биласиз, атроф дов-дарахтли, хушҳаво жой. Аммо  фақат шомдан кейингина айлангани чиқардик. Чунки кундузи баъзи ёзувчиларимиз замонавий ёз кийимида юришарди. “Улар хижолат бўлишмасин”, дердилар.  Мана шу гапнинг ўзиданоқ ўзбекона нафас келиб турмаяптими...
  – Зулфияхонимнинг атрофи ҳамиша ёш ижодкорлар билан гавжум бўлган, дейишади. Шогирдсевар устоз бўлишларининг сабаби нимада деб ўйлайсиз? 
– Опа, “Мен ҳеч қачон ҳеч кимни шогирдим, деб айта олмайман, уларнинг ўзлари мени “устоз”, деса бошқа гап”, дер эдилар. Дарҳақиқат, шоира жуда кўп ёшларни қанотига олганлар. Улар орасида фақат шоиралар эмас, бастакорлар, олимлар ҳам бор эди. Шогирдсеварликларининг асосида фақат битта сабаб кўраман: истеъдодларга йўл очиш, уларга кенгроқ майдонларга чиқишга ёрдам бериш...Устоз бизга, бизнинг тенгдошларимизга фақат “Оқ йўл” берибгина қолмас, қўллаш имкони бўлган жойларнинг ҳаммасида қўлларди. Кимгадир уюшмага кириш учун тавсиянома берган, кимгадир уйли бўлишга ёрдам берган, кимнингдир китобининг чиқиши учун нашриёт билан гапиришган... Лекин биздан уларга ҳаётлигида бирор манфаат бўлган, деб ўйламайман. Тўғриси, кулли ташвиш бўлган бўлсак керак. Чунки улар ўзларини фақат истеъдодимиз учун эмас, ҳаётимиз, турмушимиз учун ҳам жавобгар деб билардилар. Биласиз, ижод аҳлининг ҳаёти  силлиқ кечмайди, гап–сўзларнинг ичида бўламиз. Баъзан бизга айтилиши керак бўлган “ширин” гапларни у киши биздан аввал эшитган бўлишлари керак. Ҳарна бўлгандаям, шогирдларини ҳимоя қилардилар. Ўша пайтларда Опанинг бизга меҳрини оддий, шундай бўлиши керакдай  қабул қилганмиз. Вақтлар ўтиб билдимки, устозлик осон иш эмас экан. Мен бир муддат “Гулчеҳралар” газетаси қошида тўгарак очиб, икки  ҳафтада бир кун машғулотлар ўтдим. Тўғрисини айтиб қўя қолай, меҳнатига чидамадим. Яроқли, яроқсиз тизмаларни ўқиш, тузатиш, маслаҳатлар бериш, нашрларга тавсия қилиш... Бошларим ғовлаб кетди-да, воз кечиб қўя қолдим. Шундан буён фақат олдимга келганларига қўлимдан келган ёрдамимни бериб юраман ва ҳар гал шоирамизни устозлик машаққатларига бардош берганлари учун дуо қиламан. Хотиралар ёзяпмиз, гапиряпмиз, фильмлар яратилди. Садоқатли шогирдлари Муҳтарама китоб ёзди (бундан руҳлари жуда шод бўлган бўлса керак, чунки бу шоиранинг ўзи билан кетган армонларининг ушалгани-да),  лекин барибир, у кишининг олдида қарзларимиз кўп.
 – Улуғ устозларнинг “Оқ йўл”ига сазовор бўлиш бахт. Аммо бу эътирофнинг масъулияти катта бўлади...
  – Шоирага шеърларимни  илк бор 1976 йил август ойида кўрсатганман. “Менга шеърларингдаги ижтимоий  руҳ ёқди, аксарият қизларимиз муҳаббат мавзулари атрофида ўралашиб қолишади, шу йўналишда маҳкам тур”, дедилар. Ва шу йилнинг ноябрь ойида бир туркум шеърларим Опанинг “Оқ йўл”и билан “Саодат “ журналида чоп этилди. Кейинчалик устоз менинг шеърларим ҳақида “Журъатли қизғалдоқ” сарлавҳали мақола ёздилар. Бу мақола шоиранинг “Сайланма” асарларининг 3–томида нашр қилинган. Бу мақолани бир яхши китоб қилсам  сўзбоши сифатида бераман, насиб қилса. Бошқаларни билмадим-ку, менга шеърият борасида ҳам, турмуш борасида ҳам  муносабатларини айтганлар. 
 – “Зулфия истеъдоди ўз даврида умум мамлакат адабиётида алоҳида ҳодиса бўлган”, дея таъкидлаган Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов.  Чиндан ҳам Тарихий қисмат Шарқ аёлининг овозини жаҳон минбарига олиб чиқиш шарафи ва заҳматини Зулфия Исроилова зиммасига қўйди. Бу масъулият унинг ижод уфқини ва ҳаёт тарзини белгилади, таниқли жамоат арбоби сифатидаги, тинчлик ва халқлар дўстлигининг жарчиси сифатидаги ўрнини таъминлади. “Ўғлим, сира бўлмайди уруш” шеъри дунёнинг қайси тилига таржима қилинган бўлса, ўша тилда сўзлаган оналарнинг нидоси бўлди, “Мушоира” эса Осиё ва Африка ёзувчилари бирдамлик ҳаракатининг мадҳиясидек жаранглади. Ўша давр ва муҳитни ёриб шундай вазифани бажариш Зулфияхоним учун қанчалар қийин бўлган? Сиз нима деб ўйлайсиз, қисмат бу вазифага нима учун уни танлади? 
– Биз  кимгадир қараб қад ростлашга, кимдандир куч-қувват олиб илгарилашга ўрганган халқмиз. Шунинг учун ҳамма даврда эргашадиган, тасалли оладиган идеалларимиз бўлган. Бу идеаллар учун тасодифий одамлар танланмаган, лойиқ, муносиб инсонлар танланган. Иккинчи жаҳон уруши деярли барча хонадонлардан қурбонликлар олган. Кимдир отаси, кимдир акаси, кимдир укаси, яна биров жуфти ҳалолларидан айрилиб, бағри ҳувиллаб қолган. Шундай оғир кунларда ҳаёт майдонларида Зулфияхоним “Ҳижрон шеърлари” билан пайдо бўлади. Ҳамма тасалли–таскинга зор эди. Шоиранинг, “Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам...” сатрларини ўқиб, ербағирлаб ётган қанча ҳижронзадалар тикка бўлди экан... Устознинг ўз ғами халқ қайғусига қўшилиб кетган, таскин, тасаллилар  ҳам улканлик касб этган. Назаримда, Зулфия опанинг ўзбек аёли тимсоли бўлиб яшаши ўша лаҳзалардан бошланган. Устоз 1950 йиллардан бошлаб елкаларига жуда катта ижтимоий юкни олганлар. Осиё, Африка минбарлари Зулфияхоним қиёфасида оқила, чиройли, жарангдор шеърлари, дилтортар гаплари билан  омманинг диққатини ўзига торта оладиган, оммани ишонтира оладиган  ўзбек аёлини кўрганлар ва севиб қолганлар. Яна ҳам тушунарлироқ ифода этсам, тарихнинг ўша йиллардаги саҳифасида “ўзбек аёли” деган номни бор кўрки шарафи билан шоира сақлаб қолишга эришган. Бу вазифани бажариш устозга осон бўлган, деб ўйламайман. Тўғри, бу йиллар ҳақида гап кетганида  “Ҳиндистонга борди, Шри-Ланкага борди, Жавоҳарлаъл Неру, Нилуфар мукофотини олди”, деб осонгина санаб ўтамиз. “Зулфияхоним ўзи тийнати тоза, покиза, билимдон, сабр-бардошли аёл эди, унга бундай нуфузли мартабада юриш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмади”, деган фикрлар айтилади. Ҳаммаси тўғри. Лекин бир миллат аёли тимсолида яшаш учун инсон ҳамиша ўзини ўзи назорат қилиши шарт, ҳамиша ақлига қулоқ солиши, яшаётган умрининг барча сонияларида тақдир унга белгилаб берган чегарадан чиқмаслиги керак. Ахир, у киши шоир эди-ку. Шоирнинг кўпириб, тошган лаҳзалари бўлмайдими? Улар ҳам тирик жон, нимадандир   норози бўлган бўлишлари, нимадандир исёнга келган бўлишлари мумкин-ку! Ахир , бекорга умрлари поёнида ёзган “Хотирам синиқлари “достонида  “  Куйганман. Бош-оёқ куюк жисмимнинг Нимасин ёқарди дўзах ўтлари...” демагандирлар... Мана шулар ҳақида ўйлаганимда  Омон Матжоннинг “ Чекинганда мен  фақат чекиндим юраккача..” деган сатрларини эслайман. Аслида саволингизга “Қисмат муносиблиги учун танлади”, деб  қисқа жавоб бериб қўйсам ҳам бўларди-ю , бир тўкилгим келди-да...
  – Зулфияхоним Некрасов, Лермонтов, В. Инбер, Леся Украинка, Эди Огнецвет, М. Дилбозий, Амрита Притам асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. Суҳбатларингиздан бирида опанинг ўзига хос сўз танлаш ва ишлатиш қоидалари борлиги ҳақида айтиб ўтган эдингиз...
 – Ҳа, шоира жуда кўп яхши асарларни таржима қилганлар.Ўзлари Некрасовнинг “Рус аёллари”, Мустай Каримнинг “Ой тутилган тунда” драмасининг таржималарини жуда яхши кўрар эдилар. “Иккови ҳам зўр асар, Декабристларнинг хотинлари ҳақидаги  поэмани қирқ даража иситмада ётиб таржима қилганман, куну тунларим аралашиб кетган”, деган эдилар устоз бир суҳбатлашганимизда.Шоиранинг аксарият таржималари эрмак ё бирор сана муносабати билан заруратдан қилинган нарсалар эмас, аксинча, ижодини тўлдирадиган асарлардир. Ҳа, шоиранинг ўзига хос стилистикаси , ўзига хос сўз танлаш услуби бор. Адабиётшунослар : “Шеъриятнинг ўз сўзи бор, бу наср сўзи, газет тили”, деган фикрларни айтишади. Зулфия опада шундай сўзлар борки, алоҳида олганда  қишлоқ хўжалигининг  ёки касб –ҳунарнинг сўзларига ўхшайди. Шоира уларни шеърларига усталик билан киритадики , оқибатда улар шеър сўзларига айланиб қолади.
Отам боши мисол оқ тоғдан
Отқин сувдан оламан қудрат.
Бу кун каналга зор тупроқдан
Ташналикни оламан пудрат.
     Бу сатрлардаги “пудрат” сўзига эътибор қаратайлик.
Пона мисол ёриб тақдиринг
Мен уйингга кирмайман зинҳор...
     “Пона“ сўзининг ўрнига тушганига қаранг!
     Шоира сўзларни турли шаклларга солиб ишлатиб юбораверади. “Бундай эмас эди-ку”, деб ҳадиксираб ўтирмайди.
У бетакрор,                                           
             Бетенг,
                          Беодат
      Бир умрга кифоя фасл...– дейди шоира муҳаббат ҳақида ёзаётиб. “Нега ҳамма ёзганидай “тенгсиз” демайсиз, дея эътироз билдирмайсиз, билдира олмайсиз. Чунки шу жойдаги мазмун ва оҳангга тушиб турибди.
     Ёки бошқа бир шеърида:
Юлдузнинг тупроққа умтилган
Ё нурли йўлими? – дейди шабада ҳақида ёзаётиб.
     “Нега “интилган” эмас “умтилган?” дея олмайсиз. Назаримда, шоиранинг сўз ишлатишда ўзигагина ярашадиган, ўзигагина берилган имтиёзи бордек.
     Сатрлар келтираман:
Сен бу тутоқ оловдан сақлан...
...Балқир отам изми, онамдаги дош...
Баҳорга шошқинсам жаннат қилган дуч...
     Умуман, Зулфия опамнинг поэтикаси ҳали очилмаган қўриқ...
     Бу қўриққа кириш, уни ўрганиш керак.
– Қутлибека опа, азиз хотираларингизни тинглаб қалбимиз ёришди. Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Соғ бўлинг.     

“Янги Ўзбекистон” мухбири 
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди. 
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот