ХАЙРИЯ КОНЦЕРТИ


     15 ва 16 декабрь кунлари "Халқлар дўстлиги" санъат саройида биринчи гуруҳ ногирони, хушовоз хонанда Дилдора Кунузоқованинг яккахон концерти намойиш этилди.
     Шу кунлари соат 2:00 да муваффақиятли ўтган хайрия концерти мазмунли ва таъсирчанлиги билан мухлислар қалбини ром этди.
Концерт меҳмонлари бўлган Ҳулкар Абдуллаева, Севинч Мўминова, Шароф Муқимов, Жўрабек, Воҳиджон Исоқов, Феруза Жуманиёзова, Нодирбек Ниёзов ва "Қаҳ-қаҳа" гуруҳларининг ранг-баранг чиқишлари томошабинларга манзур бўлди.
     Айниқса, Дилдора Кунузоқованинг қаламига мансуб машаққатли ҳаёт йўли, ота-онаси ҳақида ёзилган ва куй басталаниб, айтилган қўшиқлари томошабинларни қалбини титратиб, кўзларида ёш жилваланди.
     Концертнинг иккинчи кунидаги 19:00 да бўлиб ўтган якуний концертда концерт ташкилотчилари - Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Маданият вазирлиги ва Ўзбекконцер Давлат муассаси вакиллари саҳнага таклиф этилди. Шунингдек концерт иштирокчиларига ва концертни ташкил қилишда фаол иштирок этган санъаткорларга фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар топширилди.
     Айтиш жоизки, биринчи куни 2:00 да бўлиб ўтган концертда таниқли санъаткор Обид Асомовнинг вафоти муносабати билан баъзи концерт меҳмонлари иштирок эта олмадилар.
     Иккинчи куни концерт меҳмонларининг иштироки тўлиқ таъминланиши таъкидланди.
     Янги йилолди меҳр-мурувват ойида концертнинг ташкил этилиши ногиронлиги бўлган инсонларнинг ҳамда мухлисларнинг қалбига эзгулик ва ибрат намуналарини кўрсатибгина қолмай, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган бир миллионга яқин инсонларни соғлом инсонлар қаторида тенг ҳуқуқли эканлигини ҳамда уларни давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланиши, ғамхўрлик кўрсатиш ва ижтимоий ҳимоясининг таъминланганининг яққол исботидир.

 

Марям АҲМЕДОВА, 
ҚАДРИЯТ газетаси мухбири.