БАҲОР ХАБАРИМ БОР


Менинг не ишим бор бехабар билан?
Баҳор хабарим бор, гул хабарим бор.
Бир қўшним Лайлидир, бир қўшним Ширин,
Юракка борувчи йўл хабарим бор.
Бағритош, тошларинг бошимга тегмас,
Тошларни қайтарар Муқбил хабарим бор.
Гулистон авлодман, нурдан бунёдман,
Гулзодлар наслига сингил хабарим бор.
Менинг не ишим бор бехабар билан?
Парилар юртидан дил хабарим бор.
Бир қўшним Зуҳродир, бир қўшним Узро,
Муҳаббат боғига кел, хабарим бор.
Оловда ёнмасман, сувда чўкмасман,
Қақнус хабарим бор, булбул хабарим бор.
Қачон тарк этасан зимистонингни,
Ғаним, зулматингдан кечгил, хабарим бор.
Менинг не ишим бор шумхабар билан?
Шодлик хабарим бор, шоддил хабарим бор.
Бир қўшним Зуҳалдир, бири Зулайҳо,
Юсуф хабарим бор, Бедил хабарим бор.
Оламнинг гуллари қалбимга кўчмиш,
Фасли ишқ сайлида сумбул хабарим бор.
Бахтим, шу гулларни дилларга элтиш.
Оқилу оруфу одил хабарим бор.
Менинг не ишим бор бехабар билан?

Зулфия МЎМИНОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот