Нолиганнинг нони бутун бўлмайди…


    Тирикликнинг оқ ва қора рангларига дуч келганимизда, яхши ва ёмон кунлар бошимизга тушганида,   текис ва нотўкис йўлларда қоқилиб, йиқилганимизда, кўнгилсизликларга дучор бўлганимизда, тақдири азалда бор экан, нима ҳам қила олардик, деган хулосага келишга одатланганмиз.
   Тақдир эса кимларгадир яхши, кимларгадир аччиқ қисматни, синовли кунларни раво кўради. Инсон кутилмаган бир лаҳзада  тўшакка михланиши, бир умрга имконияти чекланганлар қаторига қўшилиб қолиши, тақдирнинг бешафқат ўқларига нишон бўлиши  мумкин. Бу синовли дунё…

Сохта “ногирон”ларга  инсоф берсин!

   Аммо орамизда тақдирни ўз “ўзанига” буриб оладиганлар ҳам афсуски, йўқ эмас… Айниқса тўрт мучаси соғ бўла туриб, пешонасига ёзилмаган сохта “қисмат”ни ўзига раво кўриб, “ногирон бўлиб олган”ларга нима дейсиз?  Бундай фикрларни билдиришимизга  асослар ва сабаблар бор, албатта. Тўғри, бундай ҳолатларга бир  неча йиллар аввал дуч келганмиз. Нафақат соғлиқни сақлаш тизимидагиларнинг, балки айрим нуфузли идораларда ишлайдиган амалдорларнинг ҳам соғлом яқинлари, қариндошлари сал қаттиқроқ йўталса ҳам ногиронлик ёрлиғини  ва ногиронлик нафақасини олишлари,  уларга бериладиган имтиёзлардан фойдаланишлари ўзига хос урф бўлганлигини жуда яхши эслаймиз. Буни сиз ҳам  инкор эта олмайсиз. Айрим нозик раҳбарларнинг ўзлари ҳам “керакли” имтиёзлари учун ҳар эҳтимолга қарши ногиронликни расмийлаштириб қўйганидан таажжубланасиз.
    Энг ачинарлиси, тўшакдан тура олмайдиган ёки бир оёғи, бир қўлидан ажралган одамлар учинчи гуруҳ ногирони-ю, ҳатто улар орасида умуман ногиронлик даражасини ололмаганлар ҳам оз эмас, аммо йигирма йил аввал  арзимас ички касалликка чалинган, бугун эса соғ-саломат кимсаларга  умрбод иккинчи ҳатто биринчи гуруҳ ногиронлиги “берилгани”га ҳайронмиз. Соғлом одамга умрбод ногиронлик имтиёзлари ва нафақалару… давлатнинг, бизнинг, сизнинг ҳимоямизга муҳтож бўлиб,  деразадан  ташқарига термулиб,  кўчага  бир мартагина ўз оёқлари билан чиқишни орзу қилиб, умрини тўшакда ўтказаётган замондошимизга эса “қўли калталиги” учун бу имтиёзлар бегона эди… Бировнинг ҳақига хиёнат қилишга қўрқмайдиган масъул идорадагиларнинг эса “кўзлари кўр, қулоғи кар” эди…ми?

            “Қўлимни соғинаман…”

   Анча йиллар аввал содир бўлган мана бу воқеа юқоридаги барча фикрларимизнинг исботи бўлиши аниқ.  Ўшанда Нодира энди ўн тўққиз ёшда эди. Навоий Пахта тозалаш заводида тунги сменада ишлаётган қизнинг бир қўлини станок кесиб кетгач, унга тез тиббий ёрдам кўрсатилди, барча муолажалар қилинди, афсуски, қўлни сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Унга келгусида ижтимоий ҳимоялашни ўз зиммамизга оламиз, деб катта-катта ваъдалар берилди. Чунки нима бўлса ҳам, бу фожиа хизмат вақтида ишлаб чиқариш корхонасида содир бўлганлигини қайд этмаслик чораларини кўриш ва заводга эса гап тегмаслиги учун шундай “меҳрибонлик” қилишди. Ва орадан бироз вақт ўтиб, қорлар эриб, излар йўқолгач, завод амалдорлари унга бир бегонага қарагандек қарайдиган, ёрдам сўраб борса, кўкрагидан итарадиган, ҳатто ғазабланадиган, қўлидан айрилган гулдек қизнинг тақдирига ва келажагига, изтиробларига беписанд муносабатда бўлишди. Буёғи уларнинг виждонига ҳавола.
   Бу ҳали ҳаммаси эмас… Тақдир чорраҳаларида қўлсиз қолган қиз ногиронликни расмийлаштираётганда, яна бир адолатсизликка учради, елкасидан кесилган қўл энди ўсиб чиқмаслигини кўриб, билиб турган  комиссия аъзолари ҳам қизга нисбатан бешафқатлик қилишди. Унга ногиронлик даражасини пасайтириб беришди, “қўлингиз йўқ бўлса ҳам, оёғингиз бутун-ку…” деган таъналарни эшитган қизнинг кўз ёшлари бағри тошларнинг юрагини юмшата олмади, заррача ташвишга солмади. Завод маъмурияти эса унга ёрдам бериш уёқда турсин, бу адолатсизликка парво ҳам қилмади, ҳатто бу масалага аралашишни ҳам лозим кўрмади. Шафқатсизлардан шафқат кутиш беҳуда эканлигини тушунган қиз тақдирнинг ана шундай синовларидан ўтди…  Бутун умр қўлини соғиниб яшаётган қиз муаммолар билан курашишни ўрганди.
    Энг ачинарлиси, соғ бўла туриб, хасталикни, ногиронликни даъво қилаётганлар қилмишлари Оллоҳга ёқмасдан бир куни тўшакка михланиб қолишлари мумкинлигини ҳис этмасмикан? Ахир Оллоҳдан нимани сўрасанг, шуни беради, деган гап ҳақиқат-ку.
    Сохта “ногирон”лар ҳозир ҳам  йўқ эмас. Аммо аввалгидан сал камайди. Виждонлари қийналгандир-да… дейсизми? Кошкийди, виждонлари қийналган бўлса, виждон эмас, ҳукумат кескин чора кўришга мажбур бўлгач, айрим соғлом “ногирон”лар иложсиз қолди… Аммо ҳалигача бирорта ногиронликка “чиққан” шахснинг “соғлиғим тикланди, мени ногиронлик даражамни бекор қилишингизни сўрайман” деганини эшитмадик… Қайтанга, кўрик вақти келса, соғлар  ҳам “оғир бемор”га айланиб қоладиган ажойиб саҳналарга гувоҳмиз.
    Бундан беш-олти йиллар аввал мамлакатимизда бу борада кескин тафтиш ўтказилди. Ҳукумат қарори билан ногиронлик даражалари қайта кўриб чиқилиб,  минглаб сохта ногиронларнинг даражалари бекор қилинди, давлатимизнинг миллиард-миллиардлаб маблағлари тежаб қолинадиган бўлди.
    Тўғри, ҳаёт бор экан, Оллоҳ узрли қилиб яратганлар ёки бахтсиз тасодифлар туфайли ана шундай имконияти чекланганлар қаторига қўшилиб қолган инсонлар бўлиши  табиий.
    Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда ер юзида 1 миллиарддан зиёд имконияти чекланган фуқаро истиқомат қилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга  ҳозир ҳар қачонгидан кўпроқ  эътибор қаратилмоқда. Айниқса, сўнгги тўрт йилда бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 2017–2020 йилларда Республикамизда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам ва хизмат кўрсатиш, ногиронлиги бўлган шахсларни инклюзив таълим билан қамраб олиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилди.

         Миллий қонунчилигимиз  акс этган имтиёзлар

   Кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқи ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш, пенсия таъминоти ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган бир қатор ҳуқуқий норматив ҳужжатлар, давлат дастурлари қабул қилинди. Айниқса, 2021 йил 16 январдан кучга кирган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида шу даврга қадар амалда бўлган қонунда акс этмаган, миллий қонунчиликда мавжуд бўлмаган қатор имтиёз ва имкониятлар назарда тутилди.
     2008 йилнинг 3 май куни кучга кирган  БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида  имконияти чекланган инсонлар мурувват кўрсатиладиган объект эмас, балки ҳуқуқ ва эркинликларга эга, фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда жамият ҳамда давлатни ривожлантиришнинг тенг ҳуқуқли иштирокчилари ҳисобланган шахс эканлиги қайд этилган.
    Тан олиш керак, бундан қарийб, 13 йил илгари амалиётга жорий этилган қонундаги айрим нормалар бугунги куннинг талабларига жавоб бермас, ногиронликни белгилашдаги тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятидаги камчиликлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг реабилитация ва абилитация қилиш масалалари, уларни реабилитация қилишнинг техник воситаларига ва протез-ортопедия буюмларига бўлган ҳуқуқлари акс этмаган эди. Шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи, уй-жойга бўлган ҳуқуқи, фуқаролик ҳуқуқи борасидаги энг муҳим жиҳатларга у даражада аҳамият қаратилмаган эди.
    Илгари ногиронлиги, имконияти чекланганлиги аниқ, яққол кўриниб турган шахслар ҳам қайта-қайта текширувлардан ўтказиларди. Бу жараён кўплаб эътирозларга сабаб бўларди. Эндиликда, буларга барҳам берилади. Сабаби, ногиронликни белгилашда эскирган тиббий-меҳнат экспертиза қилиш тизими моделидан, жаҳон стандартларига мос тиббий-ижтимоий экспертиза қилиш тизими моделига ўтилади. Ногиронлик аломатлари яққол кўриниб турган, нохуш клиник ташхисга эга фуқароларга ногиронликни бюрократик тўсиқларсиз қисқа муддатларда белгилаш тизими жорий қилинади. Энг аҳамиятлиси, мамлакатимиз бўйича ягона бўлган ногиронликни белгиловчи тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари тизими ташкил этилади. Текширувдан ўтказиш тиббий ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан 10 кун ичида бепул амалга оширилади. 18 ёшгача бўлган болаларни “ногиронлиги бўлган бола”, деб хулоса берувчи педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг фаолияти йўлга қўйилади.
     Ногиронлиги бўлган шахсларга ва ўз таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оилаларга якка тартибда уй-жой қуриш, ёрдамчи хўжаликни, дала ҳовли хўжалигини ва боғдорчиликни юритиш учун имтиёзли шартлар асосида ер участкалари олиш ҳуқуқи берилди.  Меҳмонхоналарнинг мулкдорлари умумий хоналар фондининг камида битта хонасини ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай тарзда жиҳозлаши талаб этилди.
    Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳамда “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳам юртимизда истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга ҳар томонлама кўмак бериш борасидаги ишларни тизимли ташкил этиш, фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган.
    Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва бу йўналишда ягона давлат сиёсатини амалга оширади, ногиронликни белгилашни тўлиқ қамраб олувчи ягона тизимни ташкил этиш, шаффоф, замонавий услуб ва мезонларни жорий этишга хизмат қилади.

Кўнгил гулдан ҳам нозик…

   Бир сўз билан айтганда, ушбу қонун, фармон ва қарорларнинг барчаси инсонларнинг, қолаверса, жамиятнинг ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан муносабатини ўзгартиришга, уларнинг жамиятда тўлиқ ва тенг ҳуқуқли иштирокини таъминлашга, ногиронликни белгилашни такомиллаштиришга хизмат қилади.    Энг муҳими, уларни камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам берилади.
   Бири кам дунёнинг оғриқларини, дардларини сабр билан, бардош билан чекаётганлар, енгаётганларнинг кўнгиллари  гулдан ҳам нозик.  Аммо уларнинг иродаси кучли!  Ўзи ҳимояга муҳтож бўла туриб, Ватан ва юрт шарафини ҳимоя қилаётган замондошларимизнинг жасорати бунга  гувоҳ. Мирзоҳид  Шаропов ана шундайлардан бири. У  жисмоний имконияти чекланган бўлишига қарамасдан жаҳон ареналарида чемпионлик  шоҳсупасига кўтарилганда, бир қўлида ҳассага таяниб, иккинчи қўли билан  Ўзбекистон байроғини баланд кўтарганида  кўнглидан кечган   ифтихор туйғуларини кўзида ёш билан  ифода этади.     Мамлакатимиз паралимпия терма жамоаси таркибида 2016 йилда Бразилиянинг Рио де Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган 15-ёзги паралимпия ўйинларидаги ва Москвада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидаги ғалабалари ва бошқа  яна ўнлаб ғолиблик шоҳсупаларида унинг қўлларида ҳилпираган  Ўзбекистон байроғи  ҳар қандай қалбни тўлқинлантиргани рост.
    Бугун имконияти чекланган, ҳимояга муҳтож инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш билан бир қаторда, уларга адолатли муносабатда бўлиш  ҳам жуда муҳим.   Шундай экан,  соғ бўла туриб, ногиронликни деб даъво қилмайлик, ҳимояга муҳтожларнинг имтиёзларига кўз олайтирмайлик, гулдан ҳам нафис кўнгилларни ўкситмайлик! Ҳаёт эзгулик  қилиш учун инъом этилганлигини унутмайлик!

 Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот