Жиноят очилиши тайин


 
 
  "Жиноят очилиши тайин”
Янги сериал: буниси бошқача бўлиши кутилмоқда

     Ушбу сарлавҳанинг ўзиёқ детектив жанри ишқибозларини ўзига жалб этса ажаб эмас. Куз ойларида эфирга узатилиши кутилаётган ушбу сериални суратга олиш ишлари деярли тугаган. "Қисмат битиги” сериали билан кўпгина томошабинлар эътирофига сазовор бўлган режиссёр Акмал Иброҳимов янги картинаси ҳақида сўзларкан шундай деди: 
Томошабинлар мелодрама жанридан чарчаганлиги боис детектив жанрига қўл урдим, - дейди режиссёр А.Иброҳимов. – Хориж телеканалларини томоша қилсангиз, детектив бирламчи ўринга чиққан. Томошабинга жиноятнинг қай ҳолатда рўй берганлиги, ким жабрланувчи, ким қотил эканлиги жуда қизиқ. Ушбу лойиҳамга тайёргарликни бундан 3 йил муқаддам бошлаган эдим. Сценарий муаллифи Салоҳиддин Сирожиддинов. Суратга олиш ва монтаж ишлари баравар олиб борилмоқда.
     Сериал Бош прокуратура билан ҳамкорликда суратга олинмоқда. Ҳар бир воқелик ҳаётда юз берган ҳақиқий ҳодисаларга асосланган. 5 та фильм 20 қисмга жам бўлади. Бош қаҳрамон терговчи, изқувар ролини Хуршид Тўхтаев ижро этмоқда. Фильмдаги қолган қаҳрамонлар алмашади. Насиб этса, 250 дан зиёд санъаткорлар турли образларни жонлантиришади. Шу боис барча санъаткорларни бир жойга жамлашда бироз қийинчилик туғилмоқда. Кейин театр актёрларини кино оламига олиб кириш ҳам бироз қийин кечяпти. Воқеликлар реал ҳаётдан олингани боис сериалда биронта хориж фильмидан "ўғирламадик”. Фақат компьютер графикасига тақлид қилишга уринганмиз. Яъни ўқ отилиши, юракни ёриб юбориши каби тасвирлар. Актёрлар ҳақида сўз очилгудай бўлса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гавҳар Зокированинг ижроси мени жуда тўлқинлантириб юборди. Улар ўз образларни жуда маҳорат билан гавдалантирдилар. Картинага Анвархон Қосимов операторлик қилди. Бу ижодкор билан 10 йилдан зиёд ҳамкорлик қилиб келяпман. Сериалда "Жиноят қилдингизми, жазо муқаррар. Бу ҳаётда жазо олсанг, бу сени бахтинг, Ҳеч қачон қинғир иш жазосиз қолмайди, шуни унутманг!” ғоясини ёритишга интилганмиз.
     Демак, биз янги фильмларни кутиб қоламиз ва киноижодкорларга омад тилаймиз.
 
Маъпура НАБИЕВА.