ЁЗУВЧИ АСАРГА ЎЗИНИ ҲАМ ҚЎШАДИ


ШАРОФ БОШБЕКОВ: 
“ЁЗУВЧИ  АСАРГА ЎЗИНИ ҲАМ ҚЎШАДИ”

  Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли драматург  Шароф Бошбеков “Темир хотин”, “Тушов узган тулпорлар”, “Тикансиз типратиконлар”, “Тентак фаришталар”, “Эски шаҳар гаврошлари” каби бир қанча пьесалар ёзган, ўнга яқин бадиий фильмлар муаллифи. “Эшик қоққан ким бўлди?” каби драматик асарларидан иборат китоби чоп этилган. Томошабинлар меҳрини қозонган Шароф Бошбеков билан уюштирган суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.
---------------------------------------------------------------------------------------------
- Шароф ака, 80 йилларнинг бошларида адабий муҳит гуркираб яшнаган. Ижодий ҳамкорлик кучли бўлганлигини биламиз. Ўша муҳитда сиз ҳам   кўп  ва  хўб ижод қилгансиз...
- Тўғри айтасиз. Бугун адабиётчилар ва санъатшуносларнинг дийдорлашуви анча пассивлашиб кетди. Мен билган, таниган ижод аҳлининг кўпчилиги оламдан ўтиб кетишди. Машраб Бобоев, Ҳожиакбар Шайхов, Тоғай Мурод... Сиз айтгандек, жуда кўп йиғилишардик, баҳслашардик, адабиёт ва санъат соҳасидаги янгиликлардан бир-биримизни бохабар қилардик. Кўпчилик ёзувчиларимиз нашриётларда ишлашарди. “Ёзганларингизни  китоб шаклида чиқаринг, ёзувчидан  китоб қолади” дерди раҳматли  Машраб Бобоев.  Драмаларимни йиғиб китоб чиқарганмиз. Сафдошлар кетишганидан кейин  китоб чиқариш  анча сусайди.
- Сиз бошқа ёзувчиларнинг асарларини ҳам сценарий ҳолига келтирасиз. Сценарийни  маҳорат билан  ёзиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
- Мен сценарийликка ўқимаганман. Лекин театрга нима кераклигини яхши биламан. Ўзим ёзиб, ёзим гапириб, ўзим ижро этиб ёзаман. “Манаман” деган актёр ҳам менчалик ўйнай олмайди (кулади). Театрда қўйилаётган асарнинг  ва актёрларнинг ижросини кўриб, қанчалик  яхши ва ёмонлигини кўриб тураман.
- Нима учун ёзувчи асарга ўзини қўшади?
- Ўзини қўшмасликнинг сира иложи йўқ. Асардаги шахс профессор бўладими, ундан юқори мансаб эгаси бўладими, ким бўлишидан қатъий назар, ёзувчининг билими улар билан баравар, балки ундан ҳам баландда бўлиши керак. “Ёзувчилик даражаси” деган гап бор. Ҳозирги  кунда кўп фильмларнинг  сценарийларини сценарий  деб бўлмайди. Тассаввур қилинг: физика ўқитувчиси мактабда дарс ўтаяпти. “Ҳой, фалонча жим ўтир, ҳой бола, сенинг ота-онангни эртага мактабга чақиртираман, тўпалон қилма” деб дарсини шу тарзда ўтказиб юборади. Физика дарсини ўтиши учун ўқитувчида билим, ақл бўлиши керак эди. Лекин у дарсини самарасиз ўтказиб юборади. Бугунги сценарийлар асосида ишланаётган кўплаб фильмлар ижодкорларининг ишини худди шу ҳолатга менгзайман.  Ёзилган сценарийда билим, савия бўлиши шарт. Сценарий  йиллаб ёзилади, бугун уч кунда ёзиб ташланаяпти, бир ой ўтар-ўтмас фильм экранга чиқиб кетаяпти. Бояги физика ўқитувчисининг дарсида болалар билим ололмасдан аросатда ўтираверишади. Чиқиб кетай деса,  ўқитувчи йўл қўймайди.Томошабин ҳам шу.
- Эшик  қоққан  ким  бўлди?” драмангиз асосида видеофильм саҳналаштирилган. Унда андропологлик касбини  эгаллаган олим ҳақида гап боради. Сизнинг бу борада билимингиз бор экан-да?
- Билмаган нарсам ҳақида ёзмайман. Андропология қадимги суяклар илмини ўрганадиган фан ҳисобланади. Бу фан ҳақида бир дунё китоблар ўқиганман. Шундан кейингина бу асарга қўл урдим.”Темир хотин”ни ёзганимда ҳам техника ҳақида гаплар бор. Чунки ўзим механизатор бўлиб  далада ишлаганман, техникани ўрганганман.
- Шароф ака, “Темир хотин”нинг протопипи борми, улар кимлар? Асарда ўзингизни ларзага солган жойларини эслайсизми? “Темир хотин”ни ёзаётганингизда комедия жанрида ёзаман деб режа қилганмисиз ёки  жиддий драма  яратиш ниятингиз бормиди?
- Мен ҳеч қачон комедик  жанрда ёзаман деб ўйламаганман. Асарни яратиш жараёнида ўз-ўзидан  бош қаҳрамоннинг қилиқлари, характери очила бошлади. Мен асарни ўз-ўзига қўйиб бердим ва юрагимда нималар туғилган бўлса, шуларни қоғозга туширдим.  Саҳнада Қўчқорвой кўп кўрингани билан бу ерда бош ролда жуда кам кўринган бўлса-да, унинг Аёли, “Темир хотин”нинг протопипи-ўзбек аёли. Турғунлик йилларида ўзбек аёлининг  даладаги ва уйидаги оғир меҳнатини яхшигина кузатганман. Дунёда ер юзида биттагина аёл қолса ҳам, унинг зиммасидаги юклар оғир ва залворли бўлади. Ёзаётганимда ҳам азобланганман, ҳам  роҳатланганман. Бир жойи қаттиқ таъсир қилган. Қўчқорвойга темир хотин “Йиғланг” дейди.  У  йиғламайман, деб тихирлик қилади ва  ўжарлик қила-қила барибир йиғлайди. Шу асарда ҳамма дардимни тўкиб қолганман. Ёзиш жараёнида йиғлаганман ҳам.”Темир хотин” биринчи марта Самарқанд  Давлат драма театрида, иккинчи марта “Сатира ва юмор театри” да, учинчи  марта эса Фарғона давлат драма театрида саҳналаштирилган. Драма саҳналаштирилаётганида Фарғона театрининг меҳмонхонасида  ойлаб ётганман. Тайёрланиш жараёнида жиддий кузатишга сира вақт бўлмаган. Тайёр бўлгандан кейин энг охирги қаторда ўтириб, томошабинларни кузатиб ўтирганман. Томошабинда мен ўйлаган йиғи бўлаяптими, кулги бўлаяптими? Мен ҳис қилган туйғуларни томошабин ҳам ҳис қилаяптими? Хуллас, ўзим кутгандек спектакль бўлган. Оддий томошабин билан спектакль кўриш жуда мароқли-да. Премъерага оилангиз, қариндош-уруғларингиз, таниш-билишларингиз келишади. Дўстлар келади, гуллар тутиб табриклашади, мақташади. Лекин оддий томошабин сизнинг жигарингиз эмас, сиздан қарз ҳам эмас. У-холис одам  ва ҳаққоний баҳосини беради. Кейинчалик бу спектакль Москвада қўйилди.Театр зали тўла одам. Турли миллат вакиллари ўтиришибди. Москвада ўзбеклар ҳам кўп экан. Кўпчилиги заводларда ишлашар экан. Кейинчалик Украинада ва бошқа шаҳарларда ҳам қўйилди, одамлар мазза қилиб кўришганида меҳнатларим зое кетмаганлигидан қувонардим. Мурод Ражабов Қўчқорвойни роса ўйнагиси келди. Иккаламиз пъесани қўлтиқлаб театрма-театр юрганмиз. Охири фильм бўлди ва Мурод Ражабов Қўчқорвойни ўйнади. Орзуси ушалди.
- “Темир хотин”ни учта театр жамоаси қўйди, дедингиз. Барибир Фарғона Давлат драма театри артистлари  ижросини томошабин яхши кўриб қолди-да...
- Мазкур театрда “Темир хотин”ни қўйиш жуда қизиқ кечган. Мен Қўчқорвойни меҳнатдан боши чиқмаган, жиккак, нима деса бўйнини эгиб иш қилиб кетаверадиган, роҳат, фароғат нималигини билмайдиган одам сифатида тасаввур қилиб ёзганман. Унинг гавдаси ҳатто аёлининг гавдасидан ҳам кичик бўлиши керак. Муҳаммадсоли Юсуповни кўрсатишганида режиссёр Олимжон Салимовга “Бу актёр қассобга ўхшайди-ку,   гавдаси анча тўла, завсклад, завхоз бўлиши мумкин, кўзи ҳам тўқ одам, тўғри келмайди.  Қўчқорвой жуда озғин, меҳнат эзиб ташлаган одам-ку” десам, у  “Нима қилай, бошқаси йўқ” деди. Спектаклни тайёрлаш жараёнида Муҳаммадсолига ўрганиб қолдим. У талантли актёр, Қўчқорвойни тушунди, маромига етказиб ижро этди. Бу режиссёрнинг маҳорати эди. Олимжон Салимов қайси ролга қайси актёр мос тушишини яхши билади. Муаллифнинг кўриши бошқа, режиссёрнинг кўриши бошқа эканлигига ўшанда амин бўлдим. Аломат роли ижрочиси уйғур қизи. рус тилида ўқиганлиги учун ўзбек тилига урғу бериб  сўзларди. Акира Шаваева роботга тушди-қолди. Овози ҳам ғалати, узун-юлуқ  эди. Кино қилишганида Дилором Эгамбердиева ролини яхши ўйнади. Лекин томошабинлар “Бу актриса “Келинлар қўзғолони”да кенжа келин Нигорани ўйнаган” деб таниди. Муҳаммадсоли ва Акирани эса  томошабин шу чоққача кўрмаган. Кейинчалик Ҳамза асари асосида “Тошкентга саёҳат” драмасини сценарийлаштирдим. Унда ҳам Муҳаммадсоли Юсупов бош ролни ижро этди ва томошабинларнинг меҳрини қозонди.
- Ёзаётганда нимани энг асосий мақсад қилиб белгилайсиз?
- Ёлғон гапирмасликни! Ўша йилларда ёзган асарларимни агар бугун ёзганимда, ҳозирги билим даражам билан ёзган бўлардим. Бироқ қандай ёзилган бўлса-да, ўзгартириш керак эмас. Шекспир асарлари 17 асрда ёзилган, лекин уни ўзгартириб бўлмайди-ку. Ўзгартириш мумкин эмас. У ўша даврнинг маҳсули.
- Ўзингиз яқин йилларда спектаклларга тушдингизми?
- Таклиф этишса ёки эшитиб қолсам, албатта бораман. Кейинги йилларда “Оҳ!” дейдиган спектакль кўрмадим.
- Айтингчи, “Оҳ!” дейдиган спектакль қандай бўлиши керак ўзи?
- “Оҳ!” дейдиган асар бўлиши керак (кулади).Сценарий ёзаман деган одамда Худо берган иқтидор бўлиши шарт. Қолгани меҳнат ва билим! Одамлар нима учун театрга боради? Яхши кийимларини кийиб, сочларини чиройли турмаклаб, меҳмонлари келса уларни  ҳам олиб бориб спектакль томоша қилади. Томошабин саҳнада ифлосликни кўргани бормайди. У дардидан фориғ бўлмоқни истаб театрга боради агар театрда ҳам ифлосликни кўриб қолса, чиқиб кетиши аниқ. Чет эл киноларида, театрларида жулдур кийинган, исқирт одамларнинг ҳаётини кўрсатишади ва юрагингиз увишиб кўргингиз келмасдан қолади.”Тилла бола” деган фильм сценарийсини ёзганман. Бола ахлат ташийдиган машина ҳайдайди. Лекин унинг машинаси топ-тоза, кабинасида ҳинд артистларининг суратлари, попуклар осилган  ва бола ҳамиша кулиб юради. Бу фильмда бирон бир гардни, ахлатни кўрмайсиз. Ёзувчи ҳамма нарсани санъат йўли билан гапириши шарт, деб ўйлайман. Асарда ижтимоий юк бўлиши энг биринчи ўринда туриши лозим. Бугун шунақа асарлар кам. ”Оҳ” дейдиган асарлар кам  дедим-ку боя...
- Шароф ака, “Чархпалак” асарингизга нега лўли қизни олиб киргансиз? Бу саволга матбуот орқали кўп жавоб бергандирсиз. Яна сўрагим келди.
- Театр институтида ўқиб юрганимда Мерименинг “Кармен” операсини кўрганман. Менга сюжет ёққан. Айрим талабалар театрдан чиқиб кетишган, мен бўлсам нуқул асар сюжети, кулъманицион нуқтаси ва ечими ҳақида ўйлайверардим. Ниҳоятда чиройли қиз бўлган лўли қиз Карменнинг ошиқлари кўп, лекин у озодлигидан воз кечгиси келмайдиган қиз. Нега бизда шундай асар йўқ, деб ўйлардим. Орадан 33 йил ўтгач, “Чархпалак” ка лўли қизни киритдим. Номи Ўзбекча Кармен” эди, кейин ўзгартирилди.
  Суҳбат  давомида:
  Бунисининг тиши оғриса, иккинчиси додлайди 
- Эру-хотин узоқ  йиллар бирга истиқомат қилишади. Лекин эркак умрида бир марта “Мен сени севаман” демайди. Бунисининг тиши оғриса, иккинчиси додлайди. Чол ўтгандан кейин кампири, кампир ўтгандан кейин чоли узоқ яшай олмайди. Бу менталититимизга хос нарса. Бу ўзбекона муҳаббат. Ҳар дақиқада сени севаман, деявериш эси пастлик-ку! Эрталаб ишга кетаётганингда ҳам сени севаман, девдинг, қайтганингда ҳам сени севаман, дединг. Ғарбдаги одатлар бизга ҳам шиддат билан кириб келаяпти. Келинларимиз тўйларда гулдастани орқасига улоқтираяпти  ва дугоналар “менга тегармикан, бахтим очилармикан” деб қий-чув қилиб гулдастани талашяпти.  “Мен эрга тегишим керак” деб жазавага тушиш ўзбеккка хос ишми? Ёки бўлмаса келинларимизнинг кўйлаклари ниҳоятда европача стилда, ҳаддан ташқари очиқ. Ахир келинчак сирлигиги билан гўзал-да. 
- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур, Шароф ака!    
 
Меҳринисо Қурбонова суҳбатлашди.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот