Ҳаёт ва саҳна кўзгуси


 Инсон маънавий оламини юксалтиришда, онг ва тафаккурини теранлаштиришда театр санъатининг ўрни беқиёс. Зеро, санъат одамларни эзгуликка чорлайди, яхшиликка ундайди, энг гўзал ҳис-туйғуларни инъом этади. Театр шунчаки оддий томошахона эмас, балки тарбия, маданият, маънавият ва маърифат масканидир.
  1961 йилда ЮНЕСКО ҳузуридаги Халқаро театр институти томонидан Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтган IX конгрессда 27 март — Халқаро театр куни деб таъсис этилган бўлиб, бугунги   кунда дунёнинг 100 дан зиёд мамлакатларида ушбу сана, театр санъати ходимларининг касб байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизда ҳам маданият ва санъатни, хусусан театрни ривожлантириш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бирига айланди.
  
Театр  бор экан, ҳаёт мароқли ва гўзалдир

— Театр деганда, авваламбор, санъатнинг катта бир турини тушуниш лозим. Шу билан бирга, театр, бу — томоша, спектаклнинг ўзи, — дейди  Ўзбекистон халқ артисти,  “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси  Рихси ­Иброҳимова. — Ҳаётим театр билан чамбарчас боғланган. Умр йўлларимнинг ҳар бир саҳифаси театр саҳналарида ўтган. Очиғини айтсам, ҳеч бир санъат тури театр ўрнини боса олмайди. Чунки одамийликнинг гўзал фазилатларини тарғиб қилишда саҳна асарларининг таъсири бениҳоя кучли. Театр санъати ҳаётни, воқеа-ҳодисаларни, турли курашлар ва зиддиятларни, ички кечинмаларни драматик хатти-ҳаракатларда, актёр ижроси орқали акс эттиради. Шекспирнинг “Бутун олам — театр, унда ҳар бир одам — актёрдир”, деган жумласини биз кўп ҳолатларда иқтибос келтириб ишлатамиз. Халқаро театр куни муносабати билан барча театр ижодкорларини, фидойиларини, масъулиятли ва машаққатли касб байрамлари билан муборакбод этаман.  Саҳнани бетакрор асарлар, жозибали, ибратли образлар билан тўлдиришда ижодий куч-қувват тилаб қоламан. Театр  бор экан,  ҳаёт мароқли ва гўзалдир!

Ижод аҳли  инсон қалбининг муҳандисларидир

  Дарҳақиқат, театр ҳаёт кўзгуси, муқаддас даргоҳ саналади. Унинг тарбияга йўғрилган сабоқлари эса кишиларни одамийликка чорлаб тураверади. Ўзбек театр асосчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий таъбири билан айтганда, “Театр ибратхонадир”.  У ўзининг “Падаркуш” драмасини саҳналаштириб, халқнинг маънавиятини юксалтиришга чоғланган. Аслида эса бу кўҳна оламнинг  санъатсевар одамлари ибратхона аталмиш тарбия масканини жуда қадимданоқ кашф қилган.

— Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳамда 2020 йил 28 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида театрларни ривожлантириш, жамоатчиликда театр санъатига бўлган қизиқишни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳадаги устувор вазифалар белгилаб берилди, — дейди Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали драма театри директори, Ўзбекистон халқ артисти  Мирза Азизов. —  Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, барча театрларнинг сайтлари янгиланиб, уч тилда юритила бошланди. Ҳар бир ижодий жамоа тасдиқланган режага, асосан, йилига 4 тадан, республикамиз театрлари бўйича жами 150-160 га яқин янги спектакль саҳналаштиради. Ижодий жамоалар репертуарида турли ёш ва қизиқишга эга томошабинларга мўлжалланган трагедия, драма, комедия жанрларида жаҳон ҳамда ўзбек мумтоз асарлари намуналари мавжуд. Президентимиз биз ижодкорларга катта ишонч билдириб, “Ижод аҳли инсон қалбининг муҳандисларидир”, — дея таъкидлаган. Биз ўз ишимизга борлиғимизни бағишлаб ижод қилсак, одамлар кўнглига йўл топамиз.  Театр санъати эса ҳеч қачон эскирмайди. Инсон қанчалар телефон, интернет ва компьютер каби ахборот технологияларига ўрганмасин, барибир маънавият даргоҳи сифатида ўрнак бўладиган театрнинг ўрни бошқа. Шу боис, биз ёшлар маънавиятини юксалтирадиган саҳна асарларини қўйишимиз, уларга халқимизни, айниқса, ёшларни кенг жалб қилишимиз лозим.

Саҳна билан юзма-юз

  Дарҳақиқат, кино ёки концерт томошаларини телевидение ёхуд интернет орқали томоша қилиш, зарур бўлса улардан нусха кўчириб олиш мумкин. Лекин театр шу қадар нозик санъат турларидан саналадики, томошабин роль ижро этаётган актёрларнинг нигоҳи ва нафасини, ҳар бир сўзию хатти-ҳаракатини  жонли тарзда кўриб, ҳис қилиб туради. Кўз олдида саҳна туради, шу ерда актёрлар билан бирга яшайди, йиғлайди, кулади...

— Театрда қўйиладиган ҳар бир спектакль томошабинларга манзур бўлиши, саҳнадан ўрин олган декорациялар жонли, ишонарли тарзда бўлиб,  асарни янада бойитишга хизмат қилиши керак, — дейди Ўзбекистон давлат академик рус драма театри томошабинлар билан ишлаш бўйича директор ўринбосари Алижон Андакулов. — Спектаклдаги жараёнларнинг қизиқарли, жонли чиқишида, шубҳасиз, декорацияларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Шу сабабли  саҳна асарлари томошабинларга намойиш этилаётганида худди имтиҳон топшираётгандек бўламиз. Агар спектакллар томошабинларга манзур бўлса, бу бизнинг ютуғимиз. Бошқа қардош мамлакатлар қатори юртимиз театр режиссёрлари ҳам интернет орқали онлайн томошалар, аудиоспектакллар яратиб, янги асарлар репетицияларини намойиш этмоқда. Актёрлар монолог, шеър, масаллар ўқиб, интернет тармоқларидаги саҳифаларига жойлаштирди. Бироқ театр санъатининг актёр ва томошабин ўртасидаги мулоқоти, ўзаро муносабати сингари “жонли” алоқасини ҳеч қандай восита орқали боғлаб бўлмайди.

Бугунги театр янгича ёндашув ва услубни талаб қилади

  Ҳа, бугунги воқеликлар шиддат билан ўзгараётган даврда театрлар ҳам фақатгина давлат берадиган молиявий кўмакка қараб тура олмаслигини кўрсатяпти. Айниқса, ўтган йили март ойидан бошлаб жорий этилган карантин ва муайян чекловлар диёримиздаги маданият ва санъат муассасалари, музейлар фаолиятига жиддий зарар етказгани барчамизга  аён.  Бугун, театрлар зиммасига халқимизнинг маънавий талабини қондириш баробарида, тақдим этилажак спектакллар эвазига даромад кўришдек мушкул вазифа юкланади.
  Демак, бунинг учун театр-томоша муассасалари замон ва бугунги вазият талабига кўра, янгича ёндашув услубига ўтиши лозим.

— Ҳар бир театр жамоаси, томошабин билан ишлаш тизимини яхши йўлга қўя олиши керак, — дейди Бухоро вилоят мусиқали драма театри директори  Гулнора Бадаловна Хусенова. — Театрлар олдига қўйилган асосий вазифа, ишлаб чиқараётган маҳсулоти (спектакль) жамоавий бадиий ижод маҳсули орқали кишилик жамиятини эзгулик ва яхшиликка эргаштира олиш, инсонларнинг маънавий, маданий ва маърифий тафаккурини  юксалтиришдан иборат.
  Бинобарин, халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланган дунёқараши, урф-одатлари, анъаналари сингари ҳеч қайси миллатникига ўхшамаган гўзал қадриятлари борки, шулар асосида ўлмас саҳна асарларини яратиб, элимизга ҳавола этиш энг асосий вазифамизга киради.
  Дарҳақиқат, йиллар давомида шаклланган бошқарув ва театр асарларини тақдим этиш усуллари эндиликда ўзгариб бормоқда. Зеро, ахборот технологиялари, интернет тизимининг кейинги  йилларда шиддатли ўзгариши ва ривожланиши аксарият соҳаларнинг фаолиятини бутунлай қайта кўриб чиқиш, иш услубларини ўзгартиришга мажбур қилди. Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳриддин Раҳматов бу ҳақда шундай фикр билдирди:

— Ҳозирги давр ва шароитда, биринчи навбатда,  театр жамоасининг тажриба ва малакаси, истеъдоди, замонавий менежмент сирларидан қанчалик воқифлиги, хусусан, интернет тармоғидан унумли, самарали фойдалана олиши, реклама-тарғибот ишларини оқилона юрита билиши сингари қатор вазифа  ҳамда талабларга эътибор қаратиш, зарур ва шарт деб ўйлайман.
  Шу билан бирга, театр ташқи ва ички таъсир воситалари, илгари йўл қўйилган камчиликлар, спектаклларнинг объектив ва субъектив сабабларга кўра, алмаштирилиши ёки бекор қилиниши, маълум бир артистнинг иштирок этмаслиги ёки асар қаҳрамонининг алмаштирилиши каби ҳолатларни чуқур таҳлил қилиб, реал вазиятдан келиб чиқиб маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиши муҳим. Бундай таҳлил, шубҳасиз, театрнинг фаолияти, ютуқ ва камчиликлари сабабларини аниқлаш, актёрлар малакаси, профессионаллигига  баҳо бериш, келажакда эса мавжуд камчиликларни бартараф этиш имконини беради. Театрнинг ривожланиши ва спектаклларни кенг томошабинлар оммасига тақдим этишда муваффақиятли фаолият юритиши учун,  биринчи навбатда, томошабинни жалб эта оладиган янги спектакллар яратиш ва театрлар билан  ўзаро фаолиятни таҳлил қилиб боришга эътибор қаратяпмиз. Халқимизнинг юрагига етиб борадиган, қалбини забт этадиган, эзгу мақсадларга чорлайдиган асарларни саҳналаштиришга ҳаракат қиляпмиз.

Фаолиятда мустаҳкам занжир бўлмоғи лозим

  Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январдаги “2018-2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори театр санъати соҳасидаги томоша ва концерт дастурларини яратишда, халқимиз, айниқса, ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат, инсонпарварлик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга муносиб саҳна асарлари, томошалар ва концерт дастурлари билан ҳисса қўшиб бориш, театр ва томоша санъатини кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий муассасалар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга ошириш каби бир қанча устувор вазифаларни белгилаб берди.
  Бу вазифаларни амалга ошириш жараёнида театр-томоша муассасаларига замонавий ахборот технологиялари, интернет ва электрон  ишлаш тажрибасига эга замонавий менежерларни жалб этишга, ижодий кечалар, экскурсиялар, театр тарихига оид қоғоз ва видео кўринишидаги хабарлар, томошабинлар иштирокида сўровномалар ташкил этишга катта эътибор қаратиляпти.  
  Репертуарни шакллантиришга, томошабинларни жалб этишга янгича ёндашув қарор топган театрларда ижодий барқарорлик мавжуд. Бундай муҳитда ижодкорнинг ўз ишига бўлган ишончи ва шижоати янада ошади. Театр санъати таркибини ҳосил қилувчи занжир мустаҳкам бўлмоғи лозим. Ана шундагина  яхши асар асосида, драматургия, режиссура ва актёрлик санъатининг намунаси бўлган умирбоқий, беқиёс спектакллар яратилаверади.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси.