ЎЗБЕК КОМЕДИЯСИ ОЗАРБАЙЖОНДА


    Жаъфар Жаббарли номидаги Озарбайжон давлат драма театри жамоаси бу йилги театр мавсумини ўзбек драматурги  Қўчқор Норқобилнинг “Беш бева вак бир бошлиқ “ комедияси намойиши билан  қарши олишди.
     Рашид Беҳбудов номидаги мусиқали  театр томоша залида бўлиб ўтган ушбу  комедия премьераси ўзбек адибининг Озарбайжонда чоп этилган “Бахтнинг бозори борми?” китоби асосида саҳналаштирилди.  Бу галги томошанинг ўзига хослиги ва янада байрамона тус олгани  шундаки,   театр залида қардош Ўзбекистондан келган меҳмонлар, жумладан, асар муаллифи ҳам иштирок этди.
    Дастлаб премьера тадбирини театр бош директори, Озарбайжон  Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Ифтихор Пириев очиб, мазкур тадбирда иштирок этаётган меҳмонларлар, ўзбекистонлик шоир-ёзувчи ва адабиётшунослар билан таништирди. Озарбайжон республикаси Миллий Мажлиси қўмита раиси Ганира Пашаева озар ва қардош ўзбек халқлари орасида тобора ривожланиб бораётган адабий-маданий ҳамкорликлар, икки халқнинг уйғун ва муштарак қадриятлари борасида сўзлади ва бугун намойиш этилаётган саҳна асари ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси эканлигини таъкидлади. Асар муаллифи эса комедиянинг саҳналаштирилишида  ўз ижодий кучи ва салоҳиятини намоён этган режессёр — Озарбайжонда хизмат кўрсатган артист Сарвар Алиев, бастакор — Озарбайжон Халқ артисти Сардор Фаражов, саҳна безаги устаси Нармина Агеева ҳамда таниқли актёр ва актрисаларга миннатдорлик билдирди. 
     Асарни ўзбекчадан озар тилига филология фанлари доктори Алмаз Улви  (Биннатова) таржима қилган. Қўшиқлар муаллифи —  таниқли озар шоираси Расмия Сабир.
  Томошанинг дастлабки лаҳзалариданоқ саҳна безакларининг ранг-тасвирга уйғунлиги, асар иштирокчилари ҳатти – ҳаракати, айниқса, истеъдодли актриса  Хадича Маммадованинг ўзига хос ижроси билан бошланган воқейлик, актрисанинг ўз қаҳрамони характерини тўлиқ намоён этиш салоҳияти, ижродаги табиийлик томошобинларга  кўтаринки руҳ ва қувноқлик бахшида этди.
   Сюжетнинг ривожланиши билан боғлиқ манзаралар чиндан ҳам комедияда ўта кулгули тарзда ифодаланади. Корхонага янги раҳбар тайинланиши туфайли қаттиқ қайғурган аёллар унинг “юрагига йўл топиш” учун барча  чора-тадбирлар, макру найрангларни ишга солишади ва беваларнинг “бошлиқ учун жанг қилиши”,  уни маҳв этишиб, ўзларига оғдириб олиш учун курашиши  бошланади. Бу аснода турли хил йўл  излаш ва уринишлар воқеаси томошабинга  кучли таъсир қилади. 
     Асарнинг  юксак бадиий ифодаси ва ҳаётийлиги,  актёрларнинг профессионал маҳорати комедиянинг  муваффаққиятли намойиш этилишига замин яратган. Энг муҳими, режессёр Сарвар Алиев ҳар бир персонажга ўзига хос характер юклаган. Ижрочиларнинг ҳатти-ҳаракати уларнинг ҳарактеридан келиб чиқиб янада жонли ва таъсирли намойиш этилган.
      Фолбин хола ролини ижро этган актриса Элнора Ҳайдарова ўзига юкланган ролни моҳирлик билан уддалаган. Айниқса, жануб шевасининг  қўлланиши асар қизиқарлилигини орттирган.   Бизнингча, бу режиссёрнинг спектаклни янада томошабоп бўлиши учун қўллаган ўзига хос усулидир.  Актриса режиссёрнинг томошабинлар билан мулоқот қилиш вазифасини уддалай олди.
    Комедия фақат кулги уйғотибгина қолмади, балки жамиятдаги нуқсон ва камчиллик, муаммолар қизиқарли воқейликлар  гирдобида намойиш этилди. Асар  одамларни нафақат кулдириш, жамиятдаги муаммоларга кузгу қаратиш, балки уларнинг ечимини топиш масаласини ҳам ўз зиммасига олган.  Фаррош ва фолбин образлари орқали ижтимоий воқейликдаги оғриқли масалалар саҳнага олиб чиқилган. 
     Хуллас, комедиядаги ҳар бир образ биз кундалик ҳаётимизда дуч келадиган масалалар юкини елкасига олганлиги, ҳар бирининг ўзига хос дарду ташвиши борлиги билан ҳам аҳамиятли. Саҳнада кулги қобиғига ўралган инсоний қалб оғриқлари ҳам сезилиб туради.
     Мазкур саҳна асари ўзбек-озарбайжон адабий–маданий  алоқаларини мустаҳкамлаш борасида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидламоқ керак. Озар халқи қалбидан чуқур жой олиши мумкин бўлган ушбу  мусиқали комедия бошқа туркий халқлар театр саҳналарида ҳам мустаҳкам ўрин олишига тилакдошмиз. 

Асмар ҲУСЕЙНОВА,
Озарбайжон Фанлар Миллий Академиясига қарашли Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти
Адабий танқид бўлими ходими.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот