«Устозга эҳтиром» ва «Она диёр куйчиси»


     Ўзбекистон Республикаси Президенти - Ш. М. Мирзиёевнинг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи даврида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 сентябрдаги «Ўзбекистон халқ артисти - Отажон Худойшукуров таваллудининг 75 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги мажлис баёни ижросини таъминлаш, таниқли хонанда қолдирган ижодий меросни ўрганиш орқали ёшларни миллий санъатимизга бўлган қизиқишларини янада ошириш, иқтидорли ёш ижодкорларни излаб топиш ва улар фаолиятини кенг тарғиб этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани Отажон Худойшукуров маданият марказида «Устозга эҳтиром» номли бадиий кеча ҳамда Элликқалъа туманида «Она диёр куйчиси» республика кўрик-танлови ўтказилди.
     Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий–методик маркази, Тўрткўл ва Элликқалъа туман ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
     Тўрткўл тумани Маданият саройи олдида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариев, Тошкент шаҳридаги Ўзбек Миллий академик драма театри ва Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театридан ташриф буюрган таниқли устоз санъаткорлар: Ўзбекистон халқ артисти - Ёқуб Ахмедов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти - Ёдгор Саъдиев, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори, Ўзбекистон халқ артисти - Мирза Азизов, Ўзбек Миллий академик драма театрининг раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Фатхулла Маъсудов ва Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятлардан келган меҳмонлар, тегишли ташкилот вакиллари, нуронийлар ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олинди.
     Меҳмонлар қисқа муддат ичида таъмирланган маданият саройи олдида қад ростлаган устоз санъаткор, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон ва Татаристон халқ артисти - Отажон Худойшукуров ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар.
     Қайта таъмирланган О.Худойшукуров номидаги маданият саройининг тантанали очилиши ўтказилди.  Маданият марказида ташкил қилинган музейда меҳмонлар бетакрор овоз соҳибининг ҳаёти ва ижодидан фото лавҳалар ва экспонатлар билан танишдилар.
     Маданият саройида сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси - Қ.Сариев, устоз санъаткорлар - Ё.Аҳмедов ва Ё.Саъдиев Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон, Татаристон халқ артисти, давлат мукофоти совриндори, миллий қўшиқчилик санъатида ўчмас из қолдирган бетакрор овоз соҳиби, моҳир созанда, етук бастакор ва хонанда - Отажон Худойшукуров ҳақида сўз юритдилар. Тадбир миллий мақомчилик йўналишидаги  куй  ва қўшиқларга уланиб кетди.