Фариданинг икки минг қўшиғи


     Муаллиф ва постановкачи режиссёр – Ёлқин Тўйчиев суратга олаётган шу фильмнинг сценарийсини худди фильм кўраётгандек ўқиганим ёдимда. Сценарийда ёзилганларнинг кино бўлишини узоқ кутдим, ижодкорнинг ўзи мендан ҳам узоқ кутгани рост. Ва ниҳоят Ёлқин Тўйчиев бир муддат танаффусдан сўнг, ушбу сценарийни кино тилига кўчиришни бошлади. Бугун қўлимга суратга олиш жараёнлари қизғин кетаётган картинанинг илк суратлари келиб тушди.(Ёлқинга қолса-ку, бу ҳақда фақат фильм тайёр бўлганда хабар топган бўлар эдик. Лекин менинг «хуфияларим» бу масалада ёрдамларини аяшмади. Баъзи-бир маълумотларни қўлга киритдик уларнинг ёрдамида! Мен уларни сизлар билан бажону-дил бўлишаяпман. Фильм ҳақидаги тўлиқ маълумотни кейинги битикларимда ўқийсизлар! Ҳозирча айтадиган хушхабарим шундан иборатки, ўзбек киносидаги энг истеъдодли, камгап, ўзига хос йўналиш ва характерга эга кинорежиссёр - Ёлқин Тўйчиев олис Сурхон воҳасида бир гуруҳ ҳамфикрлари - оператор Баҳодир Йўлдошев, продюссер - Дониёр Агзамов, рассом - Бектош Ражабов ва бошқалар билан бирга «Фариданинг икки минг қўшиғи» деб номланган картинани суратга олаяпти! Оммавий саҳналарнинг ўзига икки мингдан зиёд одам жалб қилинган! Воқеаларни кузатишда давом этамиз!

"Ўзбекистон тарихи" телеканалининг Бош муҳаррир ўринбосари, киножурналист - Шоира Рауфбоева.