ҚАДИМИЙ ҲИКМАТЛАР


Карим БАҲРИЕВ

ҚАДИМИЙ ҲИКМАТЛАР

 Ортимга қарадим – миннатдор бўлдим,
Олдинга қарадим – талабгор бўлдим,
Атрофга қарадим – босиб келди ғам,
Тепадан – жаннатдан умидвор бўлдим…
 *
 Ишламасак агар – келмас ошу нон,
Ишласак тинимсиз – тўқмиз бегумон.
Агар ишламасак – нени ошаймиз?!
Тинимсиз ишласак –қачон яшаймиз?!
 *
 Қўй, куйган қалбимга қўл солма, ахир -
Ўзимга аёндир асли кимлигим.
Билсанг, хотиржамлик – кучлиликдандир,
Жуда  жарангдордир  асли жимлигим…
 *
 Фурсат топиб керак дам олиш,
Кўнгил ўйин этайлик обод.
Тугамайди бу дунёда Иш,
Аммо тугар бир куни Ҳаёт.
 *
 Поёнсиздир чархи фалак, коинот,
Сайёралар, буржлар, зулмат поёнсиз.
Биламан, заминда қийиндир ҳаёт,
Лекин  бошқа жойда бу ҳам имконсиз…
 *
 Устоз айтар эди: “Сиқилма, бўтам,
Дунёда мардлар – кўп, ахмоқлар кам-да…”
Лекин кам бўлса ҳам, пухта жойлашган,
Нега йўлдан чиқар ҳар бир қадамда.
 *
 Эй биродар, чеҳрангга боқсам,
Юрагимни куйдиради чўғ.
Ахир, нега бунча қашшоқсан –
Пулдан бошқа бирор нарсанг йўқ…
*
Ўртанади кўнгил ўртада,
Улгурмаймиз, иш чала ҳамон.
Қолдирамиз барин эртага... 
Эртагача бормизми омон?!
*
Гоҳ олиб, гоҳ сотиб кетамиз,
Дийда қотар, қотиб кетамиз.
“Вақт ўтяпти”, - деймиз ўксиниб,
Вақт ўтмас, биз ўтиб кетамиз...
*
Кўп қайғурдим, озроқ бўлдим шод,
Ерга қараб кўзим ёшладим-
Ёки эрта тугади ҳаёт,
Ё мен кечроқ яшай бошладим....
*
Бу ҳаётда кўп ҳикмат – тилсим,
Юрак унсиз бўзлаб ётибди –
Тушунганлар ўтирибди жим,
Тушунмаслар сўзлаб ётибди...
*
Ҳамма йўллар гўрга оборар,
Одил бўлмоқ керак ҳар ишда.
Қандай йўлда юришда гапмас,
Бор гап йўлда қандай юришда...
*
Билмаганга ўргат билганинг,
Билганлардан ўрган, дил очгин.
Билишини билмаса – уйғот,
Билмаслигин  билмаса... қочгин.  
*
Инсон бўлиш асло кеч эмас,
Аямасанг бас ширин жонинг.
Ҳар кун эрта сен уйғонган тонг –
Янги ҳаёт бошлаш имконинг...
*
Ололмайсан – гар сўрамасанг,
Ҳаракат қил – кўраверасан.
Агар олға қадам қўймасанг,
Ўз жойингда тураверасан...
*
Ишлар қилдинг элдан панада,
Шодсан, ишинг юриб турибди.
Қилмишингни билмас ҳеч банда,
Лекин Аллоҳ кўриб турибди...
*
Қуёш чиқди – бир тонгим отди,
Дунё ётар қаршимда дуркун...
Юрдим, турдим, ёндим – кун ботди,
Ўтиб кетди умримдан бир кун. 
*
Ёқтирса ким – бўлмагин хурсанд,
Ёқмай қолсанг – берилма оҳга...
Элга бирдай ёқмоқлик қийин,
Етар, ишинг ёқса Аллоҳга.
*
Инсон зоти шундоқ азалдан,
Кўрмагунча асло ишонмас.
Аллоҳ эса иймондир буткул,
Ишонмаганингча кўринмас...
*
Мен кетар кун юртнинг сўнгги кунимас,
Аён бўлса эди элга мардумлик -
Юқорининг зулми қўрқинчли эмас,
Қўрқинчлидир жуда... пастдаги жимлик.
*
Учоқда қуш каби учмоқда инсон,
Балиқдай сузмоқни билди уммонда -
Фаннинг ривожи бу, ўрганса энди –
Заминда яшамоқ илмин инсондай...
*
Дунёни тушундим, энди шошмайман,
Тошмайман, урмайман бошимни дорга...
Секин эшитаман гўдак кулгусин,
Қарайман қуш каби қўнётган қорга.
*
Пайпоғим йўқ, деманг - оёғи йўқ бор,
Боладан нолиманг – бор боласизлар.
Ҳаётдан ўксинманг – ўлганлар қанча,
Тириксиз, шукр этиб – эл бўласизлар...
*
“Келажак” келмайди, дўстим ҳеч қачон,
Ухлайсан, уйғонсанг – бўлади “бугун”.
“Кеча” - йўқ, “эрта” - йўқ, ишинг қолдирма –
Ҳаёт  бугун ўтар - умр ўтар, тушун...
*
Дунё – бир қўрғондир, инсон – бир меҳмон,
Абадий қолмоққа рухсатинг йўқдир.
“Кеча” – ўтди, “эрта”нг борми  – ноаён,
“Бугун” айт, бошқа бир фурсатинг йўқдир...
*
Аллоҳ бериб турса – кўпайтир шукринг,
Бермай қўйса бир вақт – оширгин сабринг.
Шу тахлит яшасанг мўмин, хокисор –
Кенгайиб, гулларга тўлгайдир қабринг.
*
Кучли сабр этадир, заиф сабр этмас,
Бизга кўп синовлар берган ҳаётдир.
Сабр этиш – ҳеч замон енгилмоқ эмас,
Сабр этмоқ - аслида буюк жиҳоддир...
*
Дарвешга дедилар: “Устинга қара,
Йиртиқ-ямоқ кийим, жанда ҳирқатинг!”
Дарвеш деди: “Дилни поклаш-ла бандман,
Устимни безашга йўқдир фурсатим!”
*
Заиф ғазаб этар, жўмард қилар сабр,
Ўзин енгган киши енгар оламни.
Оламда ҳеч кимса қўрқита олмас,
Аллоҳдан қўрқувчи собир одамни...
*
“Кеча” “эрта” бўлган юз берди “бугун”,
“Кеча”га айланар бугунги  иш ҳам.
Ҳаёт шу тахлитда этади давом,
Бу қадар ҳаяжон не керак, ошнам...  
*
Хадикда боқамиз иш бошлай туриб:
“Одамлар бу ишга, эвоҳ, не деркин?!”
Асли ўйлашимиз керак қайғуриб:
“Барини кўрмоқда, Аллоҳ не деркин?!”
*
Бугун ўз юкини тортади ҳар ким,
Инсон дайр чўлида юрган тевадир.
Бандадан сўрасанг – кўради ёмон,
Аллоҳдан тиласанг - кўпроқ севади...
*
Инсон зоти ҳамиша жумбоқ,
Билолмайсан ҳеч афзалини -
Бой оёғин эҳтиёт қилар,
Қашшоқ асрар пойафзалини...
*
Бандалик умрини яшасак мўъмин,
Керилмай кимсага ўз кучимиздан.
Ўйлаймизки, Аллоҳ тепадан кўрар,
Аллоҳ кўриб турар ич-ичимиздан...
*
Ҳаётнинг ҳикмати Тангрига аён,
Ўйлаб ҳеч тагига ета олмайсан.
Эмин-эркин яша, билки, Дунёдан...
Тирик ҳолда чиқиб кета олмайсан.
*
Роббим, дилдан йироқ кетсин ғам,
Иймон сари ҳидоят айла.
Мана шу сатрни ўқиётганнинг ҳам
Тилагини ижобат айла...
*
Ҳақгўй фанода  - хор, бақода - азиз,
Ҳақ йўли аслида осонми- қийин?!
Ёлғон таскин бериб, охир ўлдирар,
Рост сўз оғритару, тузатар кейин...
*
Бу ҳаёт қонуни азалдан комил,
Адолат оқибат енгар беармон.
Аллоҳ дер: “Заифга жабр айлама,
У мендан тиласа – ёрдам берарман...”
*
Ҳаммамизни Аллоҳ яратди,
“Йўқотмайин сизни” – дема, бас -
Йўқотмайди ҳеч ким ҳеч кимни,
Чунки ҳеч ким ҳеч кимникимас. 
*
Воҳ, бунчалар шавққа, шахдга тўлганмиз,
Орзулар кўп, кибр ундан-да кўпроқ - 
Асли бир томчидан пайдо бўлганмиз,
Охир бўлажакмиз бир сиқим тупроқ.
*
Севгилим, мен сени кўрган лаҳзада
Унутилди ўтган умрим маҳзани.
Энди қолган умрим ўтар ғамзада,
Унута олмасдан ўшал лаҳзани...
*
Бирови бошлиқдан тилайди шафқат,
Бирови замондан турибди сўраб,
Бирови фалакдан кутади омад...
Мен фақат Ўзингдан тилайман, ё Раб!
*
Имом Шофеъий дедилар бир он:
“Ҳаётнинг тарзига назар сол ичкин –
Жим туриб ҳаммани қўрқитар арслон,
Ит тинмай вовуллар – қўрқмайди ҳеч ким!”

ЧАРОС, РАЪНО ВА ШАҲЛО 

Бу дунё шу экан – розим қоладир,
Кўпим кетиб борар, озим қоладир.
Бобом шароб ичиб, пиёла қўйган
Токчада мунғайиб созим қоладир.
Вақт отлиғ бешафқат юлиб кетажак –
На кибр, на қадди ғозим қоладир?!
Ҳар тулки қошида турланганим йўқ,
Этим қолмаса ҳам, юзим қоладир.
Бу бўз кўйлагимни эгнимдан ечдим,
Эрта мени ечиб, бўзим қоладир.
Қалбимга етмади васлимга етган,
Дилимда тахланиб сўзим қоладир.
Юрагим ёнадир. Кетар нурларим.
Ёшлар оқиб тугар... Кўзим қоладир.
Тизимда чўкмадим ҳеч бандага тиз,
Товонимда босган изим қоладир.
Изимда ўт унар... Балким, мен оққан –
Ариқлар сувида тузим қоладир.
Агар мендан ҳеч не қолмаганда ҳам,
Шу учта хаёлчан қизим қоладир...
2003
ЧАРОСНИНГ ҚЎЛИДА ЎЙИНЧОҚ КЎРИБ...

Қизим, чарос кўзларинг ҳайрон,
Термуласан ўйинчоқларга –
Гарчанд чиқди забонинг бийрон,
Лол боқасан қўғирчоқларга.
Мана – “бешик”, буниси – “қарға”,
Улари – “от”, “машина”, “жайрон”.
Болаларга ўйинчоқлар ҳам –
Жаҳон ичра бир мўъжаз жаҳон.
Болам, бугун томошагоҳда
Яшамоқни машқ айлагин, бас –
Тепмас ҳали бу “ёғоч от”лар,
Қўғирчоқлар қувликни билмас.
Ҳали ҳаёт синовлари бор,
Ўрган чидаб, туриб, йиқилиб...
Ўрган, токим улғайсанг, дунё –
Ўйнатмасин ўйинчоқ қилиб.
1995
РАЪНО
1.
Раъно, сендан бошқа менинг кимим бор...
Қоғозларни тешган мунглиғ уним бор,
Йўлларда тўкилган синиқ кунларим,
Ялмоғиз ғорида ўтар туним бор -
Раъно, сендан бошқа менинг кимим бор?!
Онам кетган эди... Сенга суяндим.
Ўлиб ётган эдим. Севиб уйғондим.
Юрагимдан бошқа ҳаммадан тондим –
Дилимда сен дея ёнган хуним бор,
Раъно, сендан бошқа менинг кимим бор?!
Гарчанд тўкилса ҳам хазон – шалдироқ,
Оний чечакларда – азалий титроқ.
Борми жаҳон аро мендан ғамгинроқ –
На кечам, на эртам, на бугуним бор...
Раъно, сендан бошқа менинг кимим бор?!
Гуллари очилиб ҳам сўлиб ётган,
Одамлар туғилиб ҳам ўлиб ётган,
Ҳаттоки тоғлари емрилаётган –
Дунёда илиниб турган жоним бор.
Раъно, сендан бошқа менинг кимим бор?!
2.
Қизим, сен ҳадемай учга тўласан,
Йиғлайсан – ёшингда кипригинг сузган,
Куласан, дунёни очиб куласан...
Бир четда ненидир чизганинг чизган.
Қачон қўлларингга тушди ранг, қоғоз –
Ёзувинг гоҳ ҳарфга кетади ўхшаб,
Бир қушча сингари қилади парвоз,
Бир илон сингари буралар, қақшаб.
Ҳали кўзларингда барқ урар ишонч,
Ҳали нигоҳингда олам – фақат боғ.
Кун келар қайғуга қоришар қувонч,
Хазонга айланар яшнаган  япроқ.
Минг турда товланар фикр ва хаёл,
Дилдан жой талашар армон ва ҳасрат.
Болам, ёзувингни тўхтат, қўя қол... 
Ўзингни асра.
Отанг ёзар эди... Жон талошида,
Ўттизга кирмасдан сочлари оппоқ.
Қизим, ёзувингни қўя қол энди,
Ўйна, қизалоқ. 
Кун келар... Англарсан элни ва дилни,
Қалбингда қадимий ўчга тўласан.
Ҳозирча ёзмагин - ўйнагин, кулгин...
Қизим, сен ҳадемай учга тўласан.
3.
Раъно, Раъно, жуда гўзалсан,
жуда ёшсан, қўрқаман, Раъно.
Секин келдинг-у сокин ҳаётим 
бўлди пурмаъно.
Бу дунёнинг тарихи қадим, 
дунё – кўҳна, сен гулсавсан.
Дунё – дағал, сен – жуда инжа, 
кўз ёшимдай тиниқсан, софсан.
Кўзинг – сеҳр, кипригинг ўқдир, 
овозингдан эриб оққанлар – 
гул олиб, пул олиб чопганлар 
ниятидан хабаринг йўқдир.
Олам – гулзор, ҳам олам – саҳро, 
осон эмас яшамоқ, Раъно.
Боғда қайчи ушлаб кезарлар 
ва энг гўзал гулни узарлар.
Одамзодда кўпдир жумбоқлар, 
оҳуларни излар ва отар.
Тўрт томонда изғийди зоғлар, 
сайроқилар қафасда ётар.
Гўзалликка қийиндир аслан, 
мен қошингда ёшдай қалқаман.
Раъно, Раъно, жуда гўзалсан, 
жуда ёшсан, Раъно, қўрқаман...
1994-2003
КУЗ СЕЗИМЛАРИ

Дунё, дунё – кўҳна тегирмон, 
ун каби элайди ҳар биримизни.
Нафасимиз – азон, танимиз – ларзон, 
ёвшангуллар эзар изларимизни.
Рақсга тушади инжа япроқлар, 
ададсиз самога кўзимни тикдим.
Нафармон майсалар титраган чоғлар
осмонга талпиндим. Куйдим... Кўникдим.
Соҳир нигоҳларнинг милтироқ чўғин 
еллардан авайлаб, кўмиб ташладим.
Валийлар фикратин кўнгилга тугиб, 
дарвишлардай сокин яшай бошладим. 
Сокинлик истадим. Хаёлим – ҳамроҳ.
Ерларга эгилдим. Кўклардан қўрқдим.
Ва лекин ҳовуздан термуларди моҳ,
ариқларда осмон аксини кўрдим.
Яшил олам оқди нигоҳга ногоҳ, 
ширин ифорлардан тирилдим чоғи.
Ақиқ товушлардан қулоғим – уйғоқ, 
йилт этиб қошимга тушди бир сочим.
Лабимни ютоқиб босдим шохларга, 
илдизларни силаб ўсди бармоғим.
Кўнглим, кўнглим энди тенгдир тоғларга, 
керак яшамоғим, севмоқ, кўрмоғим...
2002
ШАККОКЛИК
Чилвир сочларингни қўлим топади,
Лабингни қонталаш тилим топади.
Севгилим, оёғим толди ахтариб,
Энди изларингни йўлим топади.
Сен бировга зорсан, мен ҳам – сенга зор,
Кўзларим топмаса, дилим топади.
Ҳамма бир-бирини ахтарар – топмас,
Ҳаммамизни бир-бир... Ўлим топади.
1992
ЧЎЛПОН ДАРДИ

Сен «Ватан» деб туриб овқат ютарсан,
Мен ютарман қон.
Тамаки чекарсан “Элим” деб сўзлаб,
Мен чекдим афғон.
Сен “Халқим” деб тошиб
Осмонга учдинг,
Мен ерга тушдим.
Сен “Юртим” деганда рақсга тушдинг,
Мен терга тушдим.
“Комил Ватаним” деб мақтайсан тинмай,
Безайсан либос.
Туркистонни комил кўрайин дея
Сўзлайвердим рост.
Сен «Ватаним» дея яшардинг шодмон,
Кўзимда -- ёшим.
Сенинг кўкрагингга қадашди нишон,
Менинг кўкрагимда эса...
Қўрғошин.
1987
ЎЛИМ

Хавфли мавзу
Очилади гуллар... Сўлади.
Сувлар тиниб адо бўлади.
Бир кун инграб туғилган одам
Бирор кеча сассиз ўлади.
Ҳамма билар - аниқ келадир!
Ҳеч ким билмас - келадир қачон?
Одамзодга олам тўладир -
Эртагача ким қолар омон?!
Ҳамма унинг қошида тенгдир,
Ҳамма ожиз келганда очқин.
Бемор узра минг киши йиғлар -
Ўлолмайди ўрнига ҳеч ким.
Қарамайди пулинг, молингга,
Даргоҳида тенгдир ҳар бир жон.
Бу дунёда шудир - адолат,
Ҳақиқат шу, қолгани - ёлғон!
Гапирмайди биров бу ҳақда,
Гарчанд ҳеч ким қутулиб қолмас.
Тирик айтмас - ўлиб кўрмаган,
Ўлган билар - аммо айтолмас...
2002
ОДАМ

Бўғиламан, дунёда борми –
Бўғилмаган одам,
Дарду ғамдан сувдай тўкилиб,
Ёғилмаган одам?!
Бойи улкан уйда ториқар,
Гадо саҳро кезиб зўриқар.
Шоир кенг дунёда зерикар.
Борми бир юраги ситилиб,
Соғилмаган одам?!
Дилим, оғриқ хаёлдан чекин,
Аллоҳ раҳмин тилагин ичкин.
Кетарсан, ҳамма кетар бир кун,
Фақат ўлмаслиги мумкин –
Туғилмаган одам...
1996
КУТМОҚ...

Ё Аллоҳ, ҳар нега ўзингсан қодир,
Менинг қисматим шу – кутмоқдир мудом.
Кутаман – нимадир бўлгуси содир,
Кутаман – келгуси илоҳий пайғом.
Тоғларнинг пойидан ўтдим ҳалиқиб,
Дарёлар бўйидан шошиб ўтаман.
Кутаман – келиши керак аллаким,
Изиллаб ненидир мудом кутаман.
Ё Аллоҳ, шу ернинг, шу бир кўчанинг,
Шу овлоқ ерида турибман ғариб:
Ненидир кутаман - сўздан ҳам азиз,
Ненидир кутаман жондан ҳам ширин.
Ненидир кутаман изиллаб, изчил,
Кутаман хокисор, нигорон, абгор...
Саҳро сув кутгандай ташна, қонбағир,
Ошиқ ёр кутгандай қақшаб, интизор.
Бу кутмоқ ёндирар, жондан тўйдирар,
Қибла томонларга юзни тутаман:
Агар айтиб қўйсанг - тилни  куйдирар,
Айтмасанг - дил куяр Сўзни кутаман. 
Кутаман – келмагай, излайман – топмай,
Осмонга чўзилган шу озғин қўлим.
Аллоҳ, жамолингни жонда топсайдим,
Токим мени бунда топмасдан Ўлим...  
1998
ДУНЁ

Дунё, ноаён дунё, ростми ё ёлғон дунё,
Биздан ҳам қолғай охир ҳаммадан қолғон дунё.
Самовот қоп-қорадир, замин кетиб борадир,
Одам шамдай ёнадир, ёнмаган шамдон – дунё.
Айланар чарх-давронлар, келар-кетар инсонлар,
Ҳаммамизни кузатиб қолажак қўрғон – дунё.
Уйғонди дашт-ёбонлар, ер устида – хазонлар,
Ер остида илонлар уйғонди – уйғон, дунё.
Тушимда замон – ўзга, кўз очсам жаҳон – ўзга,
Айт, қай бири - сароб-у, қай бири – аён, дунё.
Майса товоним тилди, сочимга ел осилди,
Жуда яшагим келди, эй бағри ўпқон – дунё.
Кетмоқ бизни қўрқитмас, у дунёга қўл етмас,
Боламизни асрагил, бизларни олғон дунё.
Карим, сенга йўл бўлсин, борар еринг гул бўлсин,
Биз кетсак ҳам юрт қолсин, кўзи ҳаросон дунё.
1992
ОНАМ ХОТИРАСИГА

Йўлларга мунғайиб боқдингиз нотинч:
Эшик ғичирласа: “Болам келдими?!”
Болангиз очмаган эшикдан бир кеч
Ногоҳон мунғайиб Ўлим келдими?!
Хоксорга ёпишар бор барча дардки, 
Куйдингиз, бизларга қўнмай бир гардки –
Мана, сиз совумай мен едим турки,
Юрак – қон, кўзимга жолам келдими?!
Дердингиз гоҳида қувониб дилдан:
“Биз кетмондан – нонли, сен эса – тилдан!”
Сайраб юрган эдим ҳар бир манзилда,
Сиз кетиб бир сўзга тилим келдими?!
Бир куни айтибди Ҳақ Пайғамбари:
“Аёлнинг паноҳи – эри ё қабри!”
Кетганга – раҳмати, қолганга – сабри,
Паноҳингиз – ердир, нолам келдими?!
Сизни Аллоҳ олди бир қиш оқшоми,
Шу кунда қиз берди менга иболи,
“Она қизим!” – дейман энди Раънони,
Онам кетган жойдан болам келдими!?
Дамлар ўтиб борар бир дам кетидан,
Одам кетаверар одам кетидан.
Аввал момом кетди, онам – кетидан,
Секин-секин менинг галим келдими...
1994
КУТИШ

Оқшом тушиб борар. Кимдир билдирмай 
бир-бир териб кетар нурни дунёдан.
Йўллар адашади. Беркинар қирлар. 
Деворга суянар дили хун одам.
Чироқ шуъласини ютар деразам, 
даштларда бўрилар увиллар узун.
Кўзларимни юмиб ичга қарасам – 
оқ-ойдин чеҳрангиз чиқади сузиб.
О, исёнчи кўзлар, 
покиза юзлар, 
ғуборсиз кулгулар... 
Сўзлайин қандай – 
тилимдан дув тушар ожиза сўзлар, 
тутнинг мевасини шамол тўккандай.
Ай, малак, келдингиз қайси замондан, 
жаннат ҳурларидай тиниқ куласиз.
Не учун тушдингиз тоза осмондан, 
бу қаро ерларда нима қиласиз?!
Майда ташвишларга тўладир олам.
Инсонлар югурар 
тинимсиз, 
абгор.
Кўра олармикин бирорта одам – 
Сиз, балким, келдингиз минг йилда бир бор. 
Сизга муносибдир гўзал саройлар, 
хазонлар эзилар изингизга зор...
Саройни талади бугун гадойлар, 
гулзорларни босиб олди пахтазор.
Малагим, 
кўзимни очиб қарасам – 
ўша маҳзун рўзғор. 
Юрак ёрилар – 
чироқ шуъласини ютар деразам, 
қайдадир дштларда увлар бўрилар.
На қилай?! 
Мен сизни  жуда соғиндим. 
Шу узун кечалар... 
Кўргим келади.
Шу узун кечалар чексиз дунёнинг 
қайси четидасиз?! 
Ким ҳам билади...
О, исёнчи кўзлар, 
покиза чирой, 
яширдим эл кўриб қотган кўзимдан.
Мен Сизни бировга кўрмадим раво, 
мен Сизни асрадим...  
ҳатто Ўзимдан.
Мен Сизни севаман. Олисдан. Сўзсиз.
Соғиндим. Айтолмам яқин дўстга ҳам.
Севаман. Қарайман жимгина. Сассиз.
Севаман... 
айтмасдан ўзингизга ҳам.
1994










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот