Ғайбулла Ас-Салом (1932 - 2000)


  Ғайбулла Ас-Салом (тахаллуси; асл исми-шарифи - Ғайбулла Тожиддинович Саломов) - таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, Ҳалқаро Бобур мукофоти соҳиби, филология фанлари доктори, профессор.
  Ғайбуллла Ас-Салом 1932 йил 11 декабрь санасида Самарқанд вилояти, Хатирчи тумани (ҳозирги Навоий вилояти)да таваллуд топган. 1956 йили  Самарқанд Давлат Университетининг филология факультетини тамомлаган.
  Ғайбулло Ас-Салом 60 йилларнинг охирларида Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институтида директор муовини бўлиб ишлаб юрган кезларида уни Ўзбек энциклопедияси Бош таҳририятига Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице-президенти этиб ишга таклиф этадилар. Бу таклиф  таҳририят бош муҳаррири академик Иброҳим Мўминов  томонидан  бўлган эди. У бу ишга жуда катта ғайрат билан ёндошди. “ Ўзбек энциклопедиясини”нинг дастлабки жилдларини тайёрлашда иштирок этганидан ўзини ниҳоятда бахтиёр ҳисоблар, ёнидагилар қаторида 12-13 соатлаб ишлар, катта ҳаётий шавқ билан тўлиб-тошган  юрагида миллий ғурури баланд эди. 
Ғайбулло Ас-Саломнинг  маданиятимизга қўшган ҳиссалари ниҳоятда юксак. У сўзнинг профессори, сўзшунос эди. Юртимизда таржимачилик  борасида улкан  ишларни амалга  оширди, таржимонлик  назариясининг  ўзига хос услубини яратди. 
  1974 йилда ҳозирги  Ўзбекистон Миллий Университети журналистика факультетида таржима назарияси кафедраси очилди. У ерда олимнинг ўқув дастурларини тузиш, янги дарсликлар яратиши, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашдаги тинимсиз   изланишлари  билан  кўпнинг  меҳрини қозонди. Факултетда ўқийдиган энг истеъдодли, ўткир фикрли талабалар шу кафедра атрофида жипслашган, ҳатто халқ ёзувчилари, шоирлари ҳам олим яратган ижодий муҳитга шерик, унинг суҳбатларига муштоқ, илмий нафасидан ўзларига олам-олам билим ва тафаккур қудратини олардилар.
    Ғайбулло Ас-Салом оиласида уч фарзанд вояга етган эди. Улар – Хабибулло, Назира ва Гуландом. Ғайбулло Ас-Саломнинг 1954 йилда туғилган фарзанди Хабибулло  Ички Ишлар Вазирлигига ишга киради. Мустақилигимиздан олдинги йилларда бу соҳада фаолият юритишнинг  ўзига яраша қийинчиликлари бор  эди. У ўта муҳим ишлар бўйича тергов бўлимига бошлиқ қилиб тайинланади, иши ниҳоятда хавфли ва жиддий эди. Нима булди-ю ўғли тусатдан йўқолиб қолади. Бундай оғир  фожеани кўтариш Ғайбулло Ас-Салом учун оғирлик қилди. Саккиз-тўққиз йил эшикка қараб, бирор одам хушхабар, илиқ мужда олиб келишини  интиқ кутиб яшади. 
  Ғайбулло Ас-Салом ўз шогирдларини ниҳоятда яхши кўрарди. Унинг раҳбарлигида 50 дан зиёд номзодлик, 20 га яқин докторлик диссертацияси ҳимоя қилинган. Шогирдлари унинг учун фарзандларидек азиз ва қадрдон эди.Уларга иқтисодий ёрдам беришни ҳам қарз ҳам фарз деб биларди. Ўз ўрнида, шогирдлари ҳам уни жуда ҳурмат қилишар, олимнинг яхши кунида ҳам, ёмон кунида ҳам ёнидан кетмасдилар.
    2000 йил 31 январ куни Тошкент Давлат университетига Ўзбекистон Миллий университети мақоми берилиши муносабати билан университет Маданият сароийда тантанали кеча бўлиб ўтаётган  эди. Унда Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Ғайбулло Ас-Саломга ҳам сўз беришди. Устоз истиқлол туфайли маданий ҳаётимизда юз берган ушбу тарихий воқеа ҳақида кўзда ёш билан йиғлаб гапира туриб, бирдан минбардан йиқилиб тушди. Мажлис аҳли тушунолмай қолди. Устозни ичкарига олдилар. У аллақачон, ҳаётдан кўз юмган эди.
  2000 йил 1 феврал тонги. Минглаб одамлар жанозага саф тортишди. Устоз йиллар давомида орзиқиб кутгани – бедарак йўқолган ўғли  Ҳабибулло Саломовнинг жанозасини ҳам ушбу жанозага қушиб ўқиш кераклигини қайта-қайта васият қилиб кетган экан.
   Минглаб одамлар олдида армонли отанинг сўнгги васияти адо этилди.
  Қисқа сатрларда:
     1956-1957 йиллар “Фан ва турмуш” журналида бўлим мудири, Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт институтида аспирант, илмий ходим, директор ўринбосари;
     1967-1969 йиллар Ўзбек совет энциклопедиясида Бош муҳаррир ўринбосари; 
     1969 йилдан Тошкент Давлат Университети таржима назарияси кафедраси мудири;
   1997-2000 йиллар  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида профессор. 
  1961 йил Илмий фаолияти бадиий таржимашунослик, маънавият, маърифат ва маданият масалаларига бағишланган. “Мақол ва идиомалар таржимаси”, 1966 йилда “Тил ва таржима” , 1978 йилда “Таржима назариясига кириш”, 1970 йилда  “Дўстлик кўприклари” (Н. Комилов билан ҳамкорликда), 1980 йилда “Адабий анъана ва бадиий таржима”, 1983 йилда эса “Таржима назарияси асослари” каби китоблар чоп этилган;
    1993 йил - Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот