Пўлат Саидқосимовнинг оила аъзоларига таъзия


     "Бошқа давлат театр ижодкорларини қаранг, ҳатто вафот этганида, тобути уйидан эмас, бир умр ўзи хизмат қилган театр биносидан чиқарилади. Нимага бизда бундай эмас?" - деган эди, "Қиёфа" кўрсатувим учун берган интервьюсида Пўлат ака. У сўнгги нафасигача санъаткор деган касбга содиқ қолди. Умрининг охирги дақиқаларигача санъат учун керак бўлди. Кеча кучли оғриқ билан "Тез ёрдам" олиб кетгунга қадар ҳам Пўлат Саидқосимов Қўқонда, кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов суратга олаётган "Ибрат" бадиий фильмини суратга олиш майдончасида бўлган. Гарчи ўзи орзу қилганчалик умрининг сўнггигача театр саҳнасида қолиш насиб этмаган бўлса ҳам, кино унга, у кинога умрининг охиригача вафо қилди. Бугун устоз санъаткор, ўзбек томошабинининг "Мухаммад чатоғи" Ўзбекистон халқ артисти - Пўлат Саидқосимов 88 ёшда вафот этди. Пўлат Саидқосимовнинг оила аъзолари, ҳамкасб ва дўстларига "Маданият ва маърифат" телеканали ҳамда Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси номидан чуқур таъзия билдирамиз. "Маданият ва маърифат" телеканали ва сайт катта муҳаррири - Шоҳира Ҳамро.