Уйқусиз тунлар маҳсули


     Исломхўжа фильмининг журналистлар учун ташкил этилган махсус намойишида мен ҳам иштирок этдим. Картина ҳақидаги, фикр-мулоҳазаларимни атайлаб, катта премъера ўтгунга қадар асраб ўтирмоқчи эдим. Чунки, "спойлер"га йўл қўйиш ниятим йўқ эди. Яъни, томошабиннинг ҳаққига хиёнат қилиб, кўрган-билганларимни ўз қаричимда ўлчаб, фикр билдириб, киномухлисларни чалғитмоқчи эмасдим. Лекин, ижтимоий тармоқларни кузата туриб, кўпчилик бу чегараларни аллақачон бузиб ўтганини, энди жим туриш бефойда эканлигини англадим. Айниқса, фильм режиссёри Жаҳонгир Ахмедовнинг уйқусиз тунлари, сермашаққат изланишлари, меҳнатлари маҳсули бўлмиш, "кенжатой фарзанди" мисол азиз ва қадрли фильми учун "кўксини қалқон қилаётганини" кўриб, жим тура олмадим. Биласизми, мен таниган жуда оз сонли киночилар фильмининг кейинги тақдири учун бу қадар қайғуради. Фильми катта экранга чиқдими, уни ўз тақдири билан қолдиради...унутади. Балки ўзбек киноларининг бугунги аҳволга тушиб қолганининг асосий сабабларидан бири ҳам шу бўлса ажаб эмас... Мен бугун Жаҳонгирни агар ўхшатиш жоиз бўлса, (узр сўраган ҳолда) минглаб тиш-тирноғигача қуролланган рақиби билан битта ўзи жангга шайланган аскарга ўхшатдим. Чунки у фильмининг келажагига, умуман ўзбек киносининг янги тарихи балки ана шу картина билан бошланишига ишонади. Биласизми, олдинда катта имтиҳон турганида, миллионлаб томошабин ўзбек киносидан ўша ўзи кутаётган фильмга талабгор бўлиб, кўз тикиб турганида биринчи бўлиш қийин иш. Лекин Жаҳонгир ўзида ана шу кучни топа олди. Бу билан уни табрикласак бўлади. Бу фильмни майда деталларигача таҳлил қилиш фикридан йироқман. (Лекин катта премъерадан кейин таҳлил бўлади албатта) Картина шахсан мен учун, тарихнинг чанг босган қатларидан Исломхўжадек маърифатли, ислоҳотчи, янгича фикрлашга қодир, янгиликларни тез қабул қила оладиган ва ўз ҳақиқати йўлида ҳатто ўлимга ҳам тик қараб бора оладиган арбобни халқимизга қайтариб бергани билан қадрли. Қолаверса, бундан-да катта лойиҳаларни бемалол ишониб топширса бўладиган яна бир кинорежиссёр ўсиб келаётганини ҳам тан олиш керак. Улуғбек Қодиров, Алишер Узоқов каби истеъдодларимизнинг ижодий потенциали катта эканлигини, фақат бу қирраларни очишга салоҳияти етадиган асарлар, роллар, режиссёрлар керак эканлигини англатгани билан ҳам қадрли бу фильм."Кино"дегани фақат сўздан иборат эмаслигини, бунинг учун кино санъатида ҳолатлар, қарашлар, йирик планлар, актёрлик ижролари ҳам борлигини эсга солгани билан ҳам кўришга арзийди бу картина. Публицистика ва бадиийлик, услуб ва ўзига хослик уйғунлашган бу фильм катта экранга ҳам, томошабин эътиборига ҳам муносиб. Ҳурматли мухлислар, битта бадиий-публицистик фильмдан кутсак, шунча нарса кутармиз-да ахир.. Миллионлаб доллар сарфланадиган Ҳолливуд фильмларидан ҳам астойдил ўтириб изласак, анча-мунча камчилик топиб қўямиз-ку.. Бошқа гапларни эса премъерадан сўнг гаплашамиз деган умиддаман.