Шуҳрат Аббосовнинг оила аъзоларига таъзия


 

     Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр - Шуҳрат Аббосов вафот этди. Бутуниттифоқ даражасида таниқли бўлган кинорежиссёр 87 ёшида бу дунёни тарк этди. Бу хабар яшин тезлигида ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларигача етиб борди.
     Шуҳрат Аббосов 1931 йилнинг 16-Март куни Қўқонда туғилган. У 1949 йилда Тошкент медицина техникумини тамомлаб, 1954 йилда А. Н. Островский номидаги Тошкент Давлат театр ва рассомчилик санъъати институти (ҳозирги Ўзбекистон Маданият институти)нинг режиссёрлик факультетини тамомлаган. Шуҳрат Аббосов "Маҳаллада дув-дув гап", "Сен етим эмассан", "Тошкент - нон шаҳри", шунингдек шоир, драматур, бастакор - Ҳамза Хакимзода Ниёзий ҳаётига бағишланган, 17 қисмдан иборат "Оловли йўллар" сериали ҳамда бошқа машҳур фильмлар режиссёри сифатида барчамизга яхши таниш эди. Шухрат Аббосов давлатимизнинг бир қатор мукофотлари билан тақдирланган. Ҳалқимизнинг у олган фильмларга бўлган чексиз муҳаббати эса, ҳаммасидан олий мукофот эди.
     Бугун нафақат ўзбек киноси, балки бутун Ўзбекистон, режиссёрнинг ижодига мухлис бўлган бутун ҳалқ чуқур қайғуда. Шухрат Аббосовни яқиндан таниган, билган ҳамкасблари, шогирдлари, ОАВ ходимлари, журналистларнинг хотиралари ижтимоий тармоқларни тўлдирган.
     Ўзбек ҳалқининг ҳассос фарзанди, ўлмас кинокартиналари билан ўзбек киносининг тамал тошини қўйганлардан бири, кинорежиссёр Шухрат Аббосов бугун , 26 апрель, соат 12 00.да дафн этилади. Бу ҳақда унинг ўғли Эльжон Аббасов фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали маълум қилди.
     Режиссёрнинг оила аъзоларига сайтимизнинг ижодий жамоаси номидан чуқур таъзия билдириб қоламиз!