Халқим берган унвон тилим!


Ватан десам зириллайди етмиш томир,
Меҳнат билан топдик шону, топдик қадр,
Мен ўзбекча сўзлаяпман, кўринг ахир,
Ассаломин минг юрт танир она тилим,
Не кунларга қилган сабр жону дилим!

Бобом кетган урушлардан мактуб ўзи,
Момогинам ёшга тўлган қаро кўзи,
Мендан сўранг, тиллога тенг ҳар бир сўзи,
Дунёдаги барча тилдан яхши тилим,
Шоир тилим, доно тилим, бахши тилим!

Фарзандларнинг забонида топган жаранг,
Ҳавас этган Гермон, Япон, ҳатто Фаранг,
Байроқлари осмон ўпган юртмиз, қаранг.
Навоийга ғазал бўлган она тилим,
Яралгани азал бўлган жону дилим!

Ўз тилимга мухаббатдан этмасин кам,
Бизнинг буюк давлатлардан нимамиз кам?
Тожик иним, қозоқ, қирғиз қондош оғам.
Ашъорлари гўзал бўлган она тилим,
Яралгани азал бўлган жону дилим!

Онам айтган аллаларнинг забони у,
Ғуруримнинг, иймонимнинг посбони у,
Ватанкушнинг аччиқ-аччиқ армони у,
Танамга жон билан кирган она тилим,
Томиримда қондек юрган жону дилим!

Душманни дўст қилишга ҳам қодиримсан.
Барча тиллар ичра гўзал, нодиримсан,
Гоҳ ҳокисор, гоҳи туғён, ботиримсан,
Қалдирғочнинг чуғуридек бийрон тилим,
Шоирам деб халқим берган унвон тилим!

Малика Тавфиқ. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот