ИЛЛАТНИНГ ҚОРА ЗАРБАСИ


 

 

ИЛЛАТНИНГ ҚОРА ЗАРБАСИ

ҳақида янги фильм суратга олинмоқда

 

      Постановкачи-режиссёр Самиддин Лутфуллаев  ўзининг илк «Қора зарба» деб номланган трагедия жанридаги фильмини суратга олиш ишларини бошлаб юборди. Фильмни суратга олиш ишлари жорий йилнинг август ойида  бошланган. Картина кадрлари Тошкент шаҳрида олинмоқда.

Фильм ўзига тўқ хонадонда вояга етган фарзанднинг айш-ишратга берилиб, гиёҳванд моддаларга ружу қўйиши ва унинг оғир оқибатларига бағишланади. Картинанинг асосий ғояси бу – ёшларни турли ёт ғоялардан асраш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тўғри тарбиялашга қаратилган.  Қатор ҳамкор ташкилотлар билан ишланаётган фильм мистик, трагик жанрларда суратга олинмоқда. Гиёҳвандлик ва  унинг аянчли оқибатлари ва ечими ҳақидаги ушбу кино томошабинни яна бир бор фарзанд тарбиясига эътиборли бўлишга ундайди.

Картина сценарийси Ўзбекистон давлат санъат институти  4-босқич талабаси Сардор Ҳамроев қаламига мансуб. Ёш ва умидли драматургнинг шу кунга қадар пьесалари мамлакатимиздаги бир нечта театрларда саҳналаштирилган.  «Қора зарба» пьесаси эса унинг кинодаги илк иши бўлди.

— Юртимизда биз ёшларнинг таълим олишимиз, касб-ҳунар эгаллашимиз учун барча имкониятлар яратилган — дейди сценарий муаллифи, — дейди сценарий муаллифи Сардор Ҳамроев. — Бундан оқилона фойдаланган тенгдошларимиз катта марраларни эгалламоқдалар. Шу ўринда улар мамлакатимиз шарафини ўз соҳаларида муносиб ҳимоя қилишаётганини айтиб ўтиш жоиз. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, ёшлар орасида фақат бугунки кун билан яшаётган, келажагини ўйламайдиганлари ҳам афсуски  йўқ эмас. Картинадаги қаҳрамонимиз анашундай ўз йўлидан адашганлардан бири.  Жамиятда ҳеч кимдан кам бўлмаган қаҳрамонимиз кўчада-куйда бемақсад юриб, ҳар хил одамлар билан оға-ини тутуниб ўз ҳаётини «жаҳаннам»га айлантиради.      

     Фильмда бош ролларни Нурулло Шаропов, Хуршида Араббоева, Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ҳошим Арслонов, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Муяссар Бердиқулова ҳамда ёш эстрада хонандаси Малика Эгамбердиева гавдалантирган.

Оператор Рустам Йўлдошев,  рассом Холдор Рўзиматов, картина бадиий раҳбари   Шуҳрат Ризаев, муҳаррир Абдуқаюм Йўлдошиев.  Айни вақтда фильмнинг сўнгги эпизодларини  суратга олиш ишлари якунланмоқда. Картина премьераси 2018 йил январь ойига  бўлиб ўтиши режалаштирилган.

 

     Мазкур фильм ижодимда илк йирик, мустақил иш бўлади. Қайсидир маънода синов, энг асосийси масъулият, — дейди пастановкачи-режиссёр Самиддин Лутфуллаев. —Фильмнинг ёшлар тарбиясига таъсири катта бўлиши керак. Фильмга тайёрланишга олти ойдан зиёдроқ вақт кетади. Мазкур фильмда мураккаб саҳналар жуда кўп. Албатта уларни табиий равишда томошабинга етказиш  тажриба ва маҳорат талаб этади. Фильм гиёҳвандликка берилишнинг аянчли оқибатлари ва унга қарши кураш ҳақида бўлади. Юртимизда гиёҳвандликка қарши курашишда барча бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилса, ёшларни унинг жирканч домидан қутқарган бўламиз. Бу иллат нафақат Ўзбекистонни  балки бутун дунё жамоатчилигининг оғриқли нуқтаси бўлиб қолмоқда. Ушбу кино орқали ёшларга бу йўл нотўғри эканини тушунтира олсак, демак биз ўз олдимизга қўйган мақсадга эришган бўламиз. Картина атрофида катта жамоа жам бўлган. Тажрибали узтозлар маслаҳатларига таянаяпмиз. Ўйлайманки, томошабинларга фильм маъқул бўлади.

 

Абдуқаюм Йўлдошев