"Осмон остидаги сир" спектаклининг премьераси


 

     07 октябрь куни Ўзбеккино Миллий агентлиги қошидаги "Киноактёр театр" студиясида адиб ва шоир Қўчқор Норқобил қаламига мансуб "Осмон остидаги сир" спектаклининг премьераси бўлиб ўтди. Театрнинг раҳбари, истеъдодли ва маҳоратли актёр, режиссёр - Сайфиддин Мелиев саҳналаштирган ушбу саҳна асари томошабинлар томонидан қизғин кутиб олинди. Спектакльни актриса - Дилором Эгамбердиева кириш сўзи билан очди. Спектакль жуда моҳирона саҳналаштирилган. Актёр ва актрисалар ҳам томошабинлар қалбини ларзага келтирадиган даражада ролларини зўр маҳорат билан ижро этишганини эътироф этиш жоиз. Спектакльда хониш қилинган қўшиқларда Эркин Воҳидов, Қўчқор Норқобил ва Хосият Рустамоваларнинг шеърларидан фойдаланилди. Спектакль якунида режиссёр Сайфиддин Мелиев сўзга чиқиб, томошабинларга ўз тилакларини, спектакль борасидаги фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтиб, асар муаллифи, ижодий жамоа ва томошабинларга ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.
 
Режиссёр: Сайфиддин Мелиев.
Ролларда: Ориф Ражабқулов, Жамила Ғофурова, Феруза Саидова, Даврон Қаюмбоев, Жамшид Сагатов, Асилбек Эшонов, Элмурод Шодиев, Ойбек Раҳмонов.