Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат Шуҳрати” ордени ва "Шуҳрат" медали совриндори, Халқ таълими аълочиси, таниқли шоира - Хосият Бобомуродова билан суҳбат.
- Хосият опа, шеър - шоиранинг кўнгил мулки, юрагининг туб-тубида яширинган дарди. Ҳатто-ки, яқин инсонига ҳам айта олмаган сири, назаримда. Сиз назмни қандай ифодалаган бўлар эдингиз?!
- Назмни ифодалай олмай, қанчадан қанча шоирлар ҳайрон. Аслида, биз буни қонун-қоидасини, аниқ ифодасини билсак, шу дунёдан ё чиқиб кетган ёки ич-ичига сингиб кетган бўлардик. Менимча, бу шундай илоҳий нарса-ки, на бошини, на охирини англай олмайсан, киши.
Ҳамма ҳар хил савол беради. Бировга айтгинг келади-ки, “Ҳа, энди бу юракдан чиққан сўз. Сизга етказиш усули”, - деб. Аммо бу жудаям содда жавоб бўлади. Мен сўз ҳақида жуда кўплаб шеърлар ёзганман. Ёшим улғайган сари билдим-ки, шеър демай, сўз дея қолганим маъқулроқ экан. Аслида, биз сўзни енгсак, у бизни асиримизга айланади. Ўзимиз енга олмаган сўзларга эса асирмиз. Ана ўша асирлик дилга азоб беради. Мана шу азоблаган сўзнинг исканжасида, туйғуларнинг ифодасидан чиқиш учун ҳаракат қиласан, тунлари ухламайсан, атрофингда нималар бўлаётганини билмайсан, киши.
Энди шеър устида ишлайверсанг, сўз мукаммалроқ бўлиб бораверади. У бошқа нарса. Айтмоқчиманки, шеър - илоҳий туйғу. Мен ҳали уни охирига ета олмадим.
- Шеърларингизни ўқиганимда муҳаббатга чанқоқ қалбни кўраман. Кўнгил сирларингизни қоғозга тўкаётганингизда дилингиздан қандай туйғулар кечади?!
- Ёш ва ҳаваскор шоираларда ёзганларимни биров ўқиса, нима деркин, деб истиҳола қилиш ҳоллари кузатилади. Илк шеърларимни ёза бошлаганимда, мен ҳам шу каби ҳаяжонларни бошимдан кечирганман. Китоб жавоним ичидаги 30-40 га яқин шеър дафтарим ичидаги шеърларимнинг кўпи истиҳола қилганим учун чоп этилмаган. У пайтларда компъютер йўқ эди. Шеърларимни дафтарга ёзиб қўярдим.
- 30 га яқин шеърий тўпламларингиз нашрдан чиққан. Гапингиздан маълум бўлдики, тўпламларингиз ичида чоп этилмай қолган шеърларингиз ҳам кўп экан-да.
- Ҳис-туйғуларим ифодаси акс этган уларда. Қачондир, балки биздан кейин, шу дафтарларни варақлаб, лозим топганларини авлодларимиз эълон қилишар.
Ёшлигимда бир-иккита устозлар томонидан танқидий фикрларни эшитгандим. Меъёридан ошган туйғулар ва эҳтирослар дейишган. Ўша пайт кескин чеклашлар, чизиқ тортиб қўйишлар бўлгани боис, жуда кўп туйғуларимизни қоғозга тўкиш имконимиз бўлмаган! Аммо ҳозирги ёшларга бу каби чекловларни қўйгим келмайди. “Кўнглингга нима келса - ёз, қоғозга тушир. Кейин танлаб оларсан. Ошкора "севаман" дема, севги сўзини кўп ишлатма, дилингдаги севгингни бошқа сўзлар орқали ифодалашга интил. Сени қалбинг қандайлигини одамларнинг ўзи англасин”, - дейман.
Биз аёллар аёл бўлганимиз учун ҳадеб "севаман" деявермайлик, дердим. Лекин кўп нарсани айтиб қўйган эдик. Ҳалима Худойбердиева: “Хосият, муҳаббат бобида ҳеч биримиз сизга етиб ёзолмаймиз-да”,- деб айтардилар.
Шу кунга қадар китобларимни таҳлил қилсам, 26 таси чоп этилибди. Ҳозирда навбатдаги шеърий ва публицистик асарларим нашр этилиш арафасида.
- Юртбошимиз томонидан “Меҳнат Шуҳрати” ордени билан мукофотлангансиз. Мукофотни олаётганингизда, қалбингизда қандай ҳислар мавж урган?
- Юртбошимиз худди қариндошимиздек, оиламиз аъзосидек туюларди хаёлимда. Ёшлигимизда каттароқ бир раҳбарни ёнига кирсак, оёқ-қўлимиз қалтираб турадиган ҳолатлар ҳам бўларди. Лекин Президентимиз бизга хайрихоҳдек эди, назаримда. Чунки бизда икки йил вилоят ҳокими бўлиб ишлаган пайтларида ҳам улар билан жуда кўп суҳбатлашганмиз. У киши шеъриятни жуда яхши тушунардилар. Ёзувчилар уюшмаси учун ҳали Республикада қарор қабул қилинмаган бир пайтда Юртбошимиз вилоят ҳокими бўла туриб, мардонавор ҳолда 12 қисмдан иборат қарор қабул қилган.
Мен ўша даврларда Ёзувчилар Уюшмасида ишлардим. У инсон бизга жуда катта ёрдам берган. Моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаганлар, уюшмамиз учун машина ажратганлар. Айниқса, ёш ижодкорларга жуда катта эътибор қаратган.
Тўғри, мен бунгача ҳам бир қанча мукофотларга сазовор бўлганман. Лекин буниси мукофотларим ичида энг катта ва юксак эътироф эди. Юртбошимиз 2001 йилда ҳоким бўлиб келган бўлса, 17-18 йилдан буён танирдим. Юртбошимиз томон яқинлашар эканман, бироз ҳаяжон босди. Шу онда “Раҳмат ҳаммаси учун. Ҳали олдинги қарзларимни узганим йўқ эди”, - дея олдим. Шунда Юртбошимиз: “Биргаликда ҳали кўп ишлаймиз”, - деб кулиб қўйди. Шундай юксак ишонч олдида ўзимни янада қарздор ҳис қилдим Ватаним ва халқим олдида. Ўзбекистонимизни дунёга танитиш ва обод ҳамда озод юртга айлантиришдек буюк ишларга ўз ҳиссамни қўшишим керак, деган фикрлар қалбимни тўлқинлантирди!
- Узоқ йиллар турли идораларда раҳбар лавозимида ишлагансиз! Раҳбарлар, одатда, қаттиққўл бўлишади. Аммо Сизни хушфеъл, кўнгилчан аёл, деб эшитдик. Оилада қандай рафиқа ва онасиз?!
- Раҳбарлик лавозимларида ишлаганим тўғри. Битта тўкилган кўз ёш мени дарров тахтдан тушириб қўйгани, одамларга ачинган вақтларим ҳам бўлган. Одамлар, энг аввало, меҳрингизни ҳис қилиши зарур. Яхши ишламаса бўлмаслигини тушунсин. Мен хоҳ мактабда, хоҳ нашриётда, хоҳ Ёзувчилар уюшмаларида ким билан ишлаган бўлмай, улар ҳали ҳам мен билан қучоқ очиб кўришишади. Худди ўз опаси, синглисидек ё бўлмаса сирдошидек кўриб, қадрдонлардек гапиришади. Айримлар ажабланишади, “Раҳбарлар ишдан кетгач, қўл остида ишлаганлар кўпинча юз ўгириб кетади. Сизлар бунча бир-бирингиз билан яқинсиз”, - деб савол беришади.
Оилада қандайлигимга келсак... Ёшлигимда болаларим бирин-кетин туғилишган. Бундан ташқари, давлат ишларига ўзимни бағишлаган бўлсам, ундан ортиб эса ижодга шўнғиганман. Баъзида жудаям чарчаб кетган пайтларимда фарзандларимга қаттиқ гапирган, ҳатто-ки, ўғилларим гапимни икки қилишса ё тўполон қилишса, тарсаки туширган пайтларим ҳам бўлган. Ҳозир шуларни эсласам, болаларимга ачиниб кетаман. Уларни ширин сўз билан тўғри йўлга солиш мумкин эди-ку, нима учун асабийлашиб, уларга қўл кўтарган эканман, деб ўйлаб қоламан.
“Маданият ва Маърифат” телеканалида Орифжон Тўхташев менга бола тарбияси хусусида савол берган эди. "Болаларимдан хизмат сафарига, ижодга кетган вақтларим, ҳамиша ёнларида бўлолмаганим учун кечирим сўрайман. Етарлича беролмаган меҳрим учун узримни изҳор қиламан” - дегандим. Шунда Орифжон: “Унақа эмас, опажон, болаларингиз учун қанчалар фидойи аёлсиз. Қаранг, ҳаммаси ўқимишли” - деб кўнглимни кўтарган эди. Орифжон ҳам бир пайтлар мен ташкил қилган ва бошқарган “Садоқат” деб номланган адабий тўгарагимизга қатнаганлиги боис, мени яхши биларди.
Аслида, ҳақиқатдан ҳам болаларимга ўта меҳрибонман. Ниҳоятда кўнгилчанлигим сабабли ўзим кўп қийналаман. Қўй, ўзлари мустақил бўлсин дейману... барибир. Шоирлик дегани меҳрдан иборат, наздимда. Улардан меҳримни тийиб, дариғ тутиб тура олмайман.
Турмуш ўртоғимга гап қайтармайман, болаларимга ҳам, келинларимга ҳам қаттиқ гапирмайман. Улар ҳам мени жуда ҳурмат қилишади. Келинларимга ҳам ёзган шеърларим бор. Баъзида мендан сўраб қолишади, “Қандай қилиб сиз яхши қайнона бўласиз?!” - деб. Келинларим ҳам жуда яхши-да. Шунинг учун айтаманки, менинг бирор бир кашф этган фалсафам йўқ, оилада ўрнатган қатъий қонун-қоидаларим йўқ. Бироқ биргина қонуниятга риоя қиламан. Қайтар дунё, деган қонуниятга. Қайнонам менга нимаики қилган бўлса, мен ҳам келинларимга шуни қилишга интиламан.
Раҳматли қайнонам меҳридарё инсон эди. Ўғиллари биттагина фарзанд. Қайнонам шунақанги меҳрибон аёл эди-ки, ҳатто мени айбларимни бошқалардан беркитарди. Бир куни 10 кило ёғни куйдириб юбордим. Газета ўқиб ўтириб, қозонга олов ёқаверибман. Бирдан лов этиб қозондаги ёғ ёна бошлади. “Вой, ёғ куйиб кетди”, деб ҳижолат бўлдим. Шунда қайнонам: “Қани мазасини тотиб кўр-чи”, - дедилар. Ёғни қошиққа олиб, совутиб, унинг таъмини кўрганимда, ёғ аччиқ ва тахир бўлиб қолганини айтсам, қайнонам “Бир четга секин тўк, эҳтиёт бўл, куйиб қолма, фақат қайнотанг кўрмасин”, дегани ҳамон ёдимдан чиқмайди. Бир куни эса 5 кило гўшт қуртлаб кетибди. Ўзим қуртдан қўрқаман. “Гўшт қуртлаб кетибди, энди қандай тозалаймиз?” - десам, “Кўмиб қўй, қайнотанг кўрмасин” - деган. У пайтларда музлаткичлар ҳам йўқ эди. У беназир Зотни Оллоҳ раҳматига олсин!
Келинларимни олдида кўзим кўр, қулоғим кар бўлиб қолади. Оиламизда ғийбатга ўрин йўқ. Уйдаги гап кўчага чиқмайди. Оиламизнинг сирини кўчага олиб чиқмаймиз. Қизларим ҳам шундай тарбия топишган. Оила сир-асрорини ошкор қилишни - оилага нисбатан хиёнат, деб биламан. Қайнона-қайнотам ҳам яхши инсон бўлганлар. Мен ҳеч қачон улар ҳақида ёмон гапирмаганман. Келинларим ҳам кўчада мен ҳақимда ёмон гапиришмаган шекилли, мен ҳали бу ҳақда эшитганим йўқ.
Оила аҳиллик билан юксалади. Аҳил бўлмаса, у ҳолда оила хароб бўлади. Оила ҳам кичик бир мамлакат, деб ўйлайман.
- Шеърларингизда ёшлик даврига қайтиш истагини кўрамиз. Ёшариш имкони бўлганда, нима қилган бўлардингиз?!
- Орифжон ҳам худди шу саволни берганди. Лекин мен қайтмас эдим. Ёшлигимга қайтишим учун бу имконият ҳаммага баравар берилиши керак. Мени бошимда ёш отам-онам, раҳматли акаларим, раҳматли синглим туриши керак ва дугоналарим ҳам ёшариши керак. Битта мен ёшариб, қолганлар ёшармайдиган бўлса, менга бу ҳаётнинг кераги ҳам, қизиғи ҳам йўқ. Шу ёшда туриб ҳам кўнгил ёшлигини сақлаш, ёшликдагидек оташин ва покиза туйғулар билан яшашнинг ўзи қизиқ бу ҳаётда.
- Ёш ижодкорларга қандай маслаҳатлар берасиз?!
- Энг аввало, ўзларига ишонишсин. Менга ўхшаб, танқидчилар шеъримда эҳтирослар кўпайиб кетган, дейишди, дея иккиланиб, кўп вақтларини иккиланишга сарфламай, илҳомларини қочириб юбормасдан, билганларини ёзишсин! Бу - кўнгилнинг иши. Оммага эълон қилаётган пайтларида, албатта, одоб доирасида, миллий анъаналаримиз, ахлоқ чегараласида бўлиши керак. Ҳамма нарсани ҳам шеър экан деб бировга тақдим қилавериш керакмас. Ёш ижодкорларга атаб ёзган шеърларим ҳам кўп. Кўплаб мухлис ва издошларим бор. Улар билан ҳамиша дўстона мулоқотда бўламан.
Навоий вилоятида 8 йил Ёзувчилар уюшмасини бошқарганман. Самарқанд вилоятида эса 10 йил, жами 20 йилдан зиёд Ёзувчилар уюшмасида ишлаган бўлсам, энг яхши шеър ёзган йигит-қиз мени яқин дўстим, болам, деб ҳисоблайман. Гулшан исмли шогирдимни тўйида “Шогирд ҳам болангдек бўларкан асли” деган шеъримни ўқиб бергандим. Уларнинг ютуқларидан жуда қувонаман. Жўқивойларга “Энди қўй, ёзма, деёлмайман-у бир қаторгина яхши шеъри бўлса, шундоқ қилиб ёзсанг бўлмасмиди”, дейман.
Ҳозир ёшларимиз учун жуда кенг имконият мавжуд. Илгари талаба бўла туриб, китоби нашрдан чиққанларга ҳавас қилиб, ҳайратланардик. Уйғун Рўзиев деган қобилиятли университет талабаси талабалик даврида-ёқ "Атиргул" номли романини нашр этишга муваффақ бўлганди. Бугунги кунда ҳаттоки мактаб ўқувчиларининг китоблари чиқишидан ҳам ҳайрон қолмаймиз. Ёшларга журъат, шиддатли ғайрат тилайман. Фақат илҳоми дарду муҳаббатга айлансин. Акс ҳолда ундан яхши ижодкор чиқмайди.
- Афсуски, ҳозирги замонда ёш оилалар ўртасида ажралишлар жуда кўп. Шоира, тажрибали раҳбар, меҳрибон қайнона сифатида бунга муносабатингиз?!
- Ажралишлар сабаби кутилмаганда юзага келади. Икки тарафдаги оиланинг ва йигит-қизнинг дунёқарашидан келиб чиқади. Аммо у мени тушунмайди, мен бошқа оламман, у бошқа олам, деб эркини талаб қилаверса, эркка эмас асирликка эришади. Ажрашган деган тамғаларга болалари бор бўлса, уларнинг олдида тили қисиқ бўлиб қолади. Фарзандларининг кўнглини ўкситади. Оилани сақлаб қолиш ҳам машаққат. Оила қўрғонини сақлай олган инсон бахтли бўлади. Ўз фарзанди учун ўз ота-онасидан бўлак иккинчи турмуш ҳеч қачон курашмайди ва жон куйдирмайди. Бунинг учун сабр талаб қилинади. Индамай, ичидагини қудуққа ташлаб, кўникиб яшаш керак. Баъзилар яхши кўрмаган инсони билан ҳам бахтли ҳаёт кечиради. Бизга динимиз ҳам шуни ўргатади. Шукур билан сабрда ҳикмат кўп. Бу билан албатта, мен тинмай калтаклайдиган, қуюшқондан чиқадиган, майиб қиладиган инсон билан ҳам яшайверсин демайман. Лекин кичик камчиликларни кечириш мумкин. Ҳаётнинг ўзи ҳар бир одамни тарбиялайди.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Ижодингизга юксак парвозлар тилаб қоламиз.
Маъруфа СОЛИЕВА суҳбатлашди.
2019 йил